Шодмон Отабек. Афандининг адаши (2006)

1. Журналистлик Насриддин Муҳаммадиэвга (матбуотдаги адабий тахаллуси — Носир Муҳаммад) ота касб. Бунақаси камдан кам бўлади. Раҳматли отаси Мисриддин ака Муҳаммадиэв ўттиз беш йил мобайнида туман газетасининг бош муҳаррири вазифасида ишлаган эди. Оиладаги ижодий муҳит Насриддиннинг касб танлашида муҳим рол ўйнади. Мактабни битиргач, сира иккиланмай Тошкент давлат университетининг филология факултетига ўқишга кирди. Университетни тамомлагач, пойтахтдаги газета ва журналларда ўттиз йилдан зиёд хизмат қилди. Биргина “Тошкент оқшоми” газетасида машҳур ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов билан бир хонада ўтириб ўн йил ишлади.

2. Раҳматли Рауф Парфи университетни битириб, газетага ишга келгач, бош муҳаррир “Қўлингдан нима иш келади?” деб сўраганда, шоир “Шеър ёзаман” деса, раҳбар бурнини жийириб: “Шеърни ҳамма ёзаверади, бу ерда мақола ёзишинг керак!” деган экан. Насриддин ҳам аксарият ижодкорлар каби илк машқ­ларини шеър ёзишдан бошлаган бўлса-да, матбуотнинг қора, заҳматли юмушларини бажонидил зиммасига олди. Матбуотда қалами қайралиб, етук ижодкор бўлиб етишди. Шу ўтган йиллар мобайнида “Эстетик идеал ва адабиёт”, “Оз-оз ўрганиб, доно бўлур” (Ш. Зуннун билан бирга), “Салом келажак”, “Баҳор таронаси”, “Ҳикматлар”, “Ўзбекистон жаҳон ҳамжамияти сафида” (ҳаммуаллифликда), “Насаф ва Кеш алломалари”, “Тафаккур уч­қунлари”, “Сумалакдан тош топдим”, “Анқони маҳрам қилдингиз” каби ўндан зиё китоб­лари чоп этилди. Китобларнинг номи ва мундарижасидан ҳам кўриниб турибдики, Насриддиннинг истеъдоди серқирра, билим ва қизиқиш доираси ғоятда ранг-баранг. Ҳам назм ва наср­да, мутаржимликда, тарихий мавзуларда баб-баробар қалам тебратади. Кўплаб шеър­лари қўшиқ бўлган. Унинг мумтоз адабиётга бўлган қизиқиши ва қобилиятини пайқаган раҳматли аллома Эргаш Рустамов (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) илмий иш билан шуғулланишга астойдил даъват қилганди. Дўстимиз мумтоз адабиёт, хусусан, Навоий ижоди ҳақидаги қизиқарли мақола ва китоблари билан устознинг руҳини шод этгандай бўлди.

3. Насриддин форс, турк, немис ва рус тилларини билади, инглиз тилини тушунади. Қобилиятининг бу жиҳати ҳавас қилгулик. Тил билгичлиги (тил билган дил билади) жаҳонга чиқишида, жаҳонга чиққанлиги тилларни яхши ўзлаштиришида қўл келди. Насриддин — жаҳонгашта ижодкор, уч йил Эронда таржимон бўлиб ишлаган, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида икки йил биринчи котиб вазифасида хизмат қилган. Хорижий таассуротлари асосида кўплаб мақолалар, китоблар чиқарган.

4. Айрим ижодкор дўстларимиз бир-иккита асари босилса, буюклик касалига чалиниб, босар-тусарини билмай қолар, гоҳо хизматни ҳам йиғиштириб қўйишар эди. Хайриятки, Насриддин бундай иллатлардан холи. Ҳамма ёзган асарлари масъул хизмат вазифаларида қаттиқ банд бўлиб турганида, гоҳо дам олиш ва уйқу ҳисобига яратилди. Тиришқоқлиги, меҳнаткашлиги қонида бор.

5. Биз ғоят андишали, мурувватли халқмиз. Одамларга баҳо беришда баъзан сал бадфеълроқ кимсалар ҳақида ҳам салбийроқ фикр айтишга истиҳола қиламиз. Аммо яхши одамлар ҳақида гап кетгудай бўлса, яйраб фикр билдирамиз. Турли давраларда Нас­риддин ҳақида албатта “Ҳа, Насриддин — яхши йигит!” деб қўйишади. Имоним комилки, бу гап самимий айтилади.
Қуръони каримда “Феълингиз — тақдирингиз” деган пурҳикмат калом бор. Халқимиз ҳам “Нима топсанг, феълингдан топасан”, деб бежиз айтмайди.
Эсимда, бундан олти-этти йиллар муқаддам Туркиядан самолётда юртга қайтаётиб, тошкентлик ҳамюртлар билан ҳамроҳ бўлиб қолдик. Улар орасида Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасида ишлаётган ходимлари ҳам бор экан. Гурунг асносида “Илгари элчихонада ишлаган Нас­риддин Муҳаммадиэвни танийсизларми?” деб сўрадик. Шунда улар бирдан жонланиб, оғизларидан бол томиб, бир-бирига гал бермай, Нас­риддинни таърифлай кетишди.
Олимларнинг кузатишича, инсоннинг исми охир-оқибат унинг феъл-атворига таъсир этаркан. Дўстимиз Насриддиннинг ўлмас миллий қаҳрамонимиз — Насриддин Афанди билан адаш эканлиги характерига таъсир этган бўлса ажаб эмас.
Муқаддас ҳадисларда айтилади: “Кимнинг хулқи гўзал бўлса, унга жаннатнинг энг тўридан қаср бино қилинади”.
Дарҳақиқат, хулқи гўзал, феъл атвори қувноқ, самимий, хушчақчақ одам ҳамиша, ҳамма ерда ардоқланади. Ҳаётда ҳам иши ўз-ўзидан юришиб кетаверади. Баъзиларга ўхшаб таниш-билишларини орага қўйиб, ўзига иш қидирмайди, балки ишнинг ўзи уни қидиради. Давраларнинг тўри уники бўлади, боши зиёфатдан чиқмайди. Гоҳо Насриддиннинг гурунгини соғиниб ёки шахмат ўйнагим келиб уйига телефон қилиб йўқлаганимда кўпинча “Дадамиз зиёфатда, меҳмондорчиликда!” деган жавоб бўлади. Ўзига ҳазиллашиб “Уйга ҳам келиб турибсизми?” деб қўяман.

6. Насриддин билан университетни кетма-кет битирганмиз. Тақдир тақозоси билан битта уйда яшаяпмиз, дала ҳовлимиз ҳам бир жойда. Дўстимиз қишлоқда ўсган эмасми, ерга ниҳоятда меҳр қўйган, бола-чақаси билан дала ҳовлисида астойдил, тер тўкиб меҳнат қилади. Натижа ҳам заҳматга яраша бўлади. Баҳор ноқулай келиб, кўпчиликнинг меваларини совуқ уриб кетганда ҳам Нас­риддинларнинг дарахт шохларига чирмашиб кетган узуми мўл ҳосил бераверади. Аллоҳ ҳам Худо деган бандасига бераркан-да, деймиз ҳавас билан.

7. Дунёга маш­ҳур ёзувчилардан бири ўғлининг фотосурати орқасига “Менинг энг яхши асарим!” деб ёзиб қўйган экан. Мураккаб ҳаётда гоҳо ижодни рўкач қилиб, оилага бепарво қараши оқибатида боши кулфатдан чиқмайдиган кимсалар ҳам учрайди. Шу ўринда Лев Толс­тойнинг “Оилада бахтли бўлган инсонгина ҳаётда бахт­ли бўлади” деган гапи эсга тушади. Шу жиҳатдан қараганда, болажон, оилапарвар дўстимиз чинакам бахтли инсон. Ўзига муносиб, ҳаётнинг хуш-нохуш кунларида, хорижда кечган узоқ мусофирчилик йилларида елкадош-ҳамнафас бўлган фариштали рафиқаси Машруфахон билан бир қиз, тўрт ўғилни тарбиялаб, вояга етказдилар. Имон-эътиқодли, солиҳ фарзандлар ҳаётдан ўзларини муносиб ўринларини топишди.

8. Ашаддий шахмат ишқибози, ижодкорлар ўртасида ўтказилган Чорвоқ мусобақасининг икки карра ғолиби, устоз Эркин Воҳидов бир куни ҳазиллашиб: “Мен учун одамлар икки тоифага бўлинади — шахматни биладиганлар ва билмайдиганлар!” деган эди. Биз Насриддин билан биринчи тоифага мансубмиз, ҳатто шахмат жиннисимиз. Ўзаро беллашганда бир-биримизни хафа қилмаймиз. Қарангки, одамнинг феъл-атвори шахмат ўйинида ҳам яққол кўринаркан. Табиатан мард, танти, олийҳиммат Насриддин гоҳо ўша Чорвоқ мусобақаларида раҳбарларига мурувват қилиб, хатоларини кўрсатиб ўйнаши оқибатида ютиб турган партиясини ҳам бой бериб қўярди. Бундан ортиқча куйинмасди ҳам. Дарвоқе, унинг бирон марта дарғазаб бўлиб, қовоқ уйганини, бировга ўшқириб зуғум қилганини кўрмаганман.
Насриддиннинг характерини яхши билган водийлик дўстлари унга “Сиз кўпроқ бизнинг одамларга ўхшайсиз!” дейишади. Шу ўринда беихтиёр шоирнинг ушбу пурҳикмат мисралари эсга тушади: “Кошкийди, аҳли юрт туриб тепамда, — У бизники эди, десалар…”

9. Насриддин Муҳаммадиэв ҳозир Ўзбекистон байналмилал маданият марказининг директори лавозимида хизмат қилмоқда. Дўстлик ва қардошлик ришталарини мустаҳкамлайдиган турли фестиваллар, тадбирлар ўтказилишида бош-қош бўлмоқда. Иш билан қаттиқ банд бўлишига қарамай ижод билан ҳам жиддий шуғулланмоқда. Яқиндагина унинг “Насаф ва Кеш алломалари” деган китоби қайта нашр этилди. Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Абдулла Орипов бу асарга шундай юксак баҳо берди: “Носир Муҳаммаднинг бу рисоласи Қарши шаҳрининг ЮНEСКО билан ҳамкорликда ўтказилаётган 2700 йиллиги шодиёналарига муносиб туҳфа бўлади деб ўйлайман”.
Айни чоғда шоир йил охиригача асарларининг салмоқли “Сайланма”сини тайёрлаш ниятида. Унга ижодкорнинг турли йилларда ёзган шеърлари билан бир қаторда форс, турк, немис, рус тилларидан қилган таржималари ҳам киритилади. Шунингдек, юртимизда матбаачилик ва кутубхоначилик тарихига бағишланган китобининг қўлёзмаси ҳам ниҳоясига етиб қолди. Омонлик бўлса, мухлислар, барча китобхонлар дўстимизнинг сермазмун, баракали ижодидан ҳали кўп баҳраманд бўладилар.

10. Юнусободдаги ёзувчилар уйида гоҳо оқшомларда қўшнилар — Ортиқбой Абдуллаэв, Насриддин, Ашурали Жўраэв, камина ҳамроҳликда ташқарини айланамиз, “қудуққа айтиладиган гаплар”ни айтиб гурунглашамиз. Ана шундай кунларнинг бирида суҳбат мавзуси айланиб келиб кимнинг неча ёшга киргани, ким юбилей қилмоқчи эканига тақалди. Шунда Нас­риддин одатдагидай кулимсираб: “Навоий бобо, Навоий бобо деб юриб мана ўзимиз ҳам Навоий ёшига етиб қолибмиз-а! Одамнинг ишонгиси келмайди. Ҳазратдан “Хамса”, “Хазойин-ул маъоний” каби дурдона асарлар қолди. Биздан нима қоларкин?” деди андак афсус-армон билан.
Хом сут эмган бандасининг табиати шундай эканки, у ёши ўтаётганини, қариликка юз тутаётганини сезмас, ҳис этмас экан. Балки бу яхшидир. Донолардан бирининг шундай ҳазил гапи бор: “Ахийри бориб ёш бўлиб қолиш учун кўп йиллар яшаш керак!”
Шундай экан, дўстимиз Насриддин ҳам ўзининг ол­т­миш ёшини кўринишдан қирчиллама йигит ёшида кутиб олаётганига ажабланмасак ҳам бўлади. Зеро, унинг ана ўша “қаримайдиган тоифа”га мансублигига ишора қилиб ёзувчи Хайриддин Султонов бир вақтлар чиройли лутф этганидек, у “ҳамиша ёш ва нав­қирон”дир!

“Ҳуррият” газетасидан олинди.