Акбар Нурматов. Интернет глобаллашуви (2006)

Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари бу жараёнда қандай иштирок этмоқда?

Минг йиллигимизнинг охирига келиб, инсоният тарихида кузатилмаган ва дунёни умуман бошқа йўналишга буриб юборган “ғайритабиий ҳодиса” (глобаллашув)га гувоҳ бўлдик.
Глобаллашув жараёнининг келиб чиқиши ва унда ОАВнинг роли тўғрисида гапиришдан олдин “глобаллашув” терминига изоҳ берсак. “Глобализатсия” — “глоуб” (инглизчадан “global”, яъни ер шари), “глобал” (“глобал”, яъни бутун дунёга тегишли) ва “глобаллашув” (“globalize”, яъни бутун дунёга тарқалиши) сўзларидан келиб чиққан.

Collins English луғатида (1998) глобаллашув молиявий ва сармоя киритувчи бозорларга давлатлар ва миллатларнинг ўзаро боғланмаганликларидан фойдаланган ҳолда ривожланган ва тартибга солинган алоқалар орқали бошқариш имкониятини беради, деб таъкидланади.
Глобаллашув жараёни 1990 йиллар ўрталарида асрнинг буюк кашфиёти интернет пайдо бўлгач, янада мураккаб табиатга эга бўлди. Москванинг глобаллашув муаммолари институти чоп этган “Глобаллашув амалиёти. Янги аср ўйин қоидалари” тўпламида (2000 йил. 16-бет) глобаллашув жараёни ахборот инқилоби, айниқса, интернетнинг ривожланиши ҳамда молиявий бозорларнинг интегратсия­лашуви билан узвий боғлиқ экани ёзилади.
Глобаллашув жараёнини олимлар “интернационаллаштириш ёки байналминаллаштириш”, “либераллаштириш ёки эркинлаштириш”, “универсаллаштириш” ҳамда “ғарблаштириш”, деб талқин қилишади.
“Интернационаллаштириш” — мамлакатлараро муносабатлар, халқаро савдонинг ўсиши, демократия ва инсон ҳуқуқлари каби ғояларни ўзаро алмашинишидир.
“Либераллаштириш” — мамлакатлараро очиқ савдонинг чегаралашнинг ман этилиши ва жаҳон иқтисодиётини эркинлаштириш.
“Универсаллаштириш” — бу турфа қараш ва тажрибаларнинг ер юзидаги барча инсонлар орасида тарқалиши. Иқтисодий ва маданий алоқаларнинг ўсиши миллий маданият ва қадриятларнинг уйғунлашувига олиб келади. Бошқача айтганда, маданиятларнинг қўшилиб кетиши натижасида ўзгача маданият юзага келади.
Инглиз олими Вотернинг фикрига кўра, “ғарблаштириш” жараёнини “замонавийлаштириш” жараёни деб ҳам айтиш мумкин. Бироқ “замонавийлашувнинг ижтимоий тузилиши” бўлган капитализм, мустамлакачилик, саноатлашув, бюрократизм, имперализм ва ҳоказолар глобаллашув жараёнининг асосий негизини ташкил қилади. Яъни гап “ғарблаштириш” ҳақида кетганда, ғарбий капитализмнинг жаҳон миқёсида устун туриши назарда тутилади. Масалан, 2000 йил маълумотларига кўра, дунёда интернетдан фойдаланувчилар сони 304 миллионни ташкил этган. Лекин бутун дунёни эгаллаб олган мазкур ахборот тармоғидан фойдаланувчилар сони давлатлар ва минтақаларда тенг тақсимланмаган. 1999 йил охирларида интернетдан фойдаланувчиларнинг 88 фоизи ривожланган давлатларда истиқомат қилишган. Бу эса дунё аҳолисининг 15 фоизини ташкил қилади. АҚШ ва Канадада ер юзи аҳолисининг 5 фоизи истиқомат қилади ва мана шу беш фоиз аҳоли интернетдан фойдаланувчиларнинг 50 фоизини ташкил этади. Маълумотлардан кўриниб турибдики, интернетни бутун дунё ахборот тармоғи дея аташ ҳам қайсидир маънода нисбийлик касб этади. Ҳозирги кунда дунё глобаллашувининг янги даври “ахборот асри” ёки “электрон юз йиллик” томон қадам ташламоқда. Сунъий йўлдошлар ва интернет орқали телекоммуникатсияларнинг фаолият юритиши ҳар ким ва ҳар нарса учун ер шарининг хоҳлаган чеккасига бориш ва жойлашиш, яъни дитерриториаллашиш имкониятини яратади.
2001 йил 11 центябр воқеаларидан кейин дунё сиёсати мазмун-моҳият жиҳатидан мутлақо янги ва мураккаб босқичга ўтди, халқаро сиёсатдаги манфаатлар куч ва қутбларининг марказларида ҳам жиддий тузилмавий ўзгаришлар юз берди. Қўпорувчилик ҳаракатлари натижасида халқаро журналистикада мавжуд ҳуқуқий меъёрлар ва касбий этиканинг ОАВ ҳамда журналистлар томонидан суиистеъмол қилиниши, касбий ваколатлар, мажбуриятларнинг қўпол тарзда бузилиши, энг муҳими, мустақил ва холис фикр билдиришга нисбатан масъулиятнинг камайиши ҳоллари бутун дунё миқёсида кучайди. Ҳозирги кунда халқаро муносабатлар, капитал ва молиявий институтларнинг кенгайиши натижасида оммавий ахборот воситалари ҳам жаҳон тарихида мисли кўрилмаган тарз­да глобаллашиб бормоқда. Муайян бир миллат ва давлатга ёки маълум бир сиёсий кучларгагина дахлдор бўлган муносабатлар ва алоқалар ҳамда ҳудудий чегаралардан чиқиб, гибрид характерга эга бўлган ўта мураккаб сиёсий-ижтимоий ва маданий воқеликка айланмоқда. Мазкур жараёнлар Ўзбекистон сиёсий-иқтисодий, маданий-маърифий ва маънавий ҳаётига, хусусан, мамлакат ОАВига жиддий ва кучли таъсир кўрсата бошлади. Негаки, глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган ҳозирги давр­да Ўзбекистон мустақил, очиқ ва демократик тамойиллар асосида ривожланаётган давлат сифатида ушбу воқелик таъсиридан четда қола олмайди. Шунингдек, ХХИ асрнинг бошига келиб дунёда шундай бир сиёсий-иқтисодий вазият юзага келдики, у Ўзбекистонни бевосита халқаро ҳамжамият ва халқаро алмашиш жараёнларига шиддат билан интегратсиялашишини талаб қилмоқда.
Айни пайтда Ўзбекистон ОАВлари таъсир доирасининг чекланганлиги, чуқур иқтисодий асос ва ахборот бозорининг тўла қарор топмаганлиги, жаҳон ахборот тармоқларига кириб боришининг сустлиги мамлакат ОАВларининг глобал ахборот алмашиш жараёнларида фаол иштирок этишига тўсқинлик қилмоқда. Натижада дунё ҳамжамияти Ўзбекистон тўғрисидаги ахборотларни учинчи манбалардан ёки жаҳон журналистикасида катта таъсир доирасига эга бўлган Россия ОАВлари орқали олмоқда. Бу эса ўз навбатида бутун дунёда айрим ҳолларда Ўзбекистон тўғрисидаги нохолис ва нотўғри тасаввурларнинг ҳамда фикрларнинг тарқалишига олиб келмоқда, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрўсига путур етмоқда.
Глобаллашув жараёнининг Ўзбекис­тон журналистикасига кўрсатаётган энг жиддий салбий таъсирларидан бири бу республика ОАВларининг фақатгина истеъмолчига айланиб қолаётганидадир. Мисол учун, Ўзбекистон телевидениэсининг бутун мамлакат бўйлаб эфирга тарқалувчи дас­турларининг 2004 йил 1 январдан 30 июнгача бўлган таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ЎзТВнинг тўртта каналлари ичида фақатгина ЎзТВ1 (“Ўзбекистон” канали) кўрсатувларининг аксариятини ушбу каналнинг ўзи тайёрлаган кўрсатувлар ташкил этади. Яъни, 6 ойлик даврда ушбу каналнинг умумий эфир вақти 2938 соатни ташкил қилган бўлса, шундан 2304,32 соатини, яъни 78,4% кўрсатувлари ўз маҳсулотларининг эфир вақтига тўғри келади. Бу кўрсаткич қолган учта каналда, яъни ТВ2да 51,4%ни, ТВ3да 45% ва ТВ4да 25,7%ни ташкил этади.
“Ўзбекистон” каналида чет эл филм­лари ва кўрсатувлари жами эфир вақти 581,35 соатни ёки 19,7% фоизини ташкил этган. ЎзТВ1 телеканалининг кўрсатувлари эфирида энг кам эътибор қаратилгани чет эл спорти ҳақидаги кўрсатувлардир.
Шунингдек, Ўзтелерадиокомпаниянинг ҳар тўртала каналидаги дунё янгиликларининг деярли 99% чет эл ахборот агентликлари ва телерадиокомпанияларининг дастурларидан ноқонуний тарзда кўчириб олинган ахборотлардан иборатдир. Бунинг устига, ўзбек ОАВларининг таъсир доираси чекланган. Ўзбекистон телеканаллари ва радио стантсияларини фақатгина мамлакат билан чегарадош бўлган Марказий Осиё республикалари аҳолисигина кўриши ва эшитиши мумкин. Бу эса Ўзбекистондаги ахборот макони ва ижтимоий онгнинг тўғридан тўғри Россия ва Ғарб ОАВлари таъсири остида қолишига сабаб бўлмоқда ҳамда Ўзбекистон ОАВларининг халқаро миқёсдаги ўз ўрнига эга бўлишини тобора қийинлаштириб қўймоқда.
Ахборот асри сифатида талқин этилаётган янги юз йилликда ахборот-коммуникатсия технологиялари, хусусан интернетнинг шиддат билан ривожланиб бораётганлиги инсоният тараққиётига янгича мазмун ва моҳият ато қилди. Давлат ва жамият ривожланишининг мазкур янгича шакли “электрон” борлиқ кўринишида характерланиб, унинг келажагини алоқа тармоқлари орқали бутун дунёни ягона ахборот маконига айлантираётган миллионлаб байтлар ва битлар ҳал қилмоқда. Интернет давлат ва халқлар ўртасидаги ахборот алмашишни мисли кўрилмаган даражада тезлаштирди, дунёни инсоният учун том маънодаги ягона глобал маконга айлантирди.
Таъкидлаш керакки, глобаллашув жараёнининг ҳаракат манбаи ҳисобланмиш Ғарбнинг (асосан АҚШ) йирик иқтисодий кучлари бутун дунёни ўзларининг корпоратив манфаатларигагина жавоб берувчи ва хизмат қилувчи “ягона хом ашё, истеъмол, ишлаб чиқариш ва ахборот бозори”га айлантиришга уринмоқдалар. Глобаллашув жараёни Ғарб давлатларининг умумий манфаатлари ҳимоясида ҳам асосий ўрин эгаллади. Ажабланарли томони шундаки, 6,3 миллиард кишидан иборат жаҳон аҳолисининг фақатгина 1 миллиардга яқини истиқомат қилувчи Ғарб давлатлари дунёдаги мавжуд иқтисодий ресурсларнинг 80 фоизини назорат қилмоқда. Сайёрамиз аҳолисининг бор-йўғи 1 фоизи дунё бойликларининг 60 фоизига эга. Бу эса миллий давлатларнинг Ғарбга сиёсий иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан қарамлигига олиб келади.
Шунингдек, мазкур вазият давлатларнинг ОАВга ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. ОАВнинг миллийлигига раҳна солувчи ҳозирда одатий ҳолга айланиб бораётган, кўпроқ Ғарбга хос бўлган порнографик, ваҳшийлик, наркомания, фоҳишабозлик каби иллатларни ўзида акс эттирган дастурларнинг берилиши кучаймоқда. Бу эса, ўз навбатида, миллий ОАВнинг миллий қадрият ва маданият тушунчасидан йироқлашиб, дунё­нинг йирик медиакорпорациялари маҳсулотларига мурожаат қилиб, ахборот соҳасида ишлаб чиқарувчи эмас, балки истеъмолчига айланиб қолишига олиб келади. Миллий ОАВ ва журналистика хорижий (асосан Ғарб) ахборот маҳсулотларига боғланиб қолмоқда. Хусусан, Ўзбекистон ОАВлари ҳам дунё янгиликларига оид ахборотларни узатишда бутунлай чет элнинг йирик корпорацияларига суянади, миллий қадриятларни ўзида акс эттирган кўрсатувлар берилиши ўрнига хориж сериаллари, кинолари, спорт кўрсатувлари ва мусиқий дастурларини ҳаддан ташқари кўп вақт эфирга узатиш жамиятимиз учун бир қатор салбий оқибатларни келтириб чиқаради:
— чет эл мафкураси, дунёқараши ва ҳаёт тарзини омма онгига сингдириб, миллий қадриятлар ва анъаналарга эътиборнинг пасайишига олиб келади;
— хорижий ахборот оқимларида мавжуд бўлган ғарбона эркин жинсий ҳаётни, зўравонлик, уруш ва қотилликлар, худбинлик, бойликпараст­лик, ота-онани ҳурмат қилмаслик, ичкиликбозлик, тамаки маҳсулотлари ва наркотик моддаларни истеъмол қилишга муккасидан кетган шахс­лар ва шунга ўхшаш ҳолатлар ижтимоий онгга, айниқса, ёшлар тафаккурига салбий таъсир кўрсатади;
— Ғарб манфаатларини ҳимоя қилувчи ахборот оқимлари ўзбек жамиятининг миллий эстетикаси, аҳлоқ меъёрларига ва менталитетига, ёшларга миллий мафкурани сингдириш учун қилинаётган кўпгина ишларнинг самарадорлигига путур етказади;
— Миллий ОАВ маҳсулотларига бўлган талабнинг пасайишига олиб келиши;
— Миллий журналистика тараққиётини секинлаштириши мумкин;
— Миллий ахборот маконини ва онгни ахборот хавфсизлиги нуқтаи назаридан чет эл мафкураси таъсирига тушиб қолишига олиб келади;
Глобаллашув жараёнининг бундай салбий таъсирларини камайтириш учун бир қатор муаммолар ечимига эътибор қаратиш лозим. Аввало, сўз ва ОАВ эркинлигини қоғозда эмас, балки амалда таъминланишига эришиш, ОАВ соҳасида ҳам тўлақонли бозор муносабатларига ўтиш ва унинг тартибга солиш тизимларини ишлаб чиқиш, ОАВ ва журналистика соҳасидаги миллий кадрларни тайёрлаш сифатини яхшилаш талаб этилади. Ўзбекистон Республикаси Президенти И. Каримов ҳам Олий Мажлиснинг иккинчи чақириқ тўққизинчи сессиясида қилган маърузасида бугунги кунда республикада сўз эркинлигини таъминлашнинг жамиятимиз ривожи учун ўта муҳимлигини, ОАВ соҳасидаги иқтисодий муносабатларни тартибга солиш лозимлигини, ички ва ташқи сиёсатдаги мураккаб масалаларни чуқур тушунадиган ва таҳлил қила оладиган, ўз касбини чинакам устаси бўлган юқори малакали журналистларга катта эҳтиёж борлигини таъкидлаб ўтган эди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, глобаллашув жараёни инсониятнинг, хусусан, ОАВнинг ривожланиши учун (ўзининг барча таъсир ва оқибатларига қарамасдан) жуда қулай имкониятлар яратиб бермоқда. Хусусан, Ўзбекистон ҳам глобаллашувнинг бундай имкониятларидан фойдаланиб, жаҳон ҳамжамиятига янада тезроқ интегратсиялашмоқда ва халқаро ахборот алмашиш жараёнларида фаол қатнашмоқда. Аммо глобаллашув жараёнида “жабрланувчи”га айланиб қолмаслик учун Ўзбекистон ижтимоий онгни ва миллий ОАВни тезроқ эркинлаштириши, ахборот бўшлиғи юзага келишига йўл қўймаслиги лозим. Негаки, кучли ижтимоий фикр ва ОАВ жамиятни глобаллашувнинг сиёсий-иқтисодий ва мафкуравий тазйиқлардан ҳимоя қилишда энг самарали ҳимоя воситаси бўла олади.

Акбар Нурматов,
ЎзДЖТУ докторанти
“Ҳуррият” газетасидан олинди