Кейинги йилларда Ватанимизда табиатни тиклаш, атроф-муҳит муҳофазасини юксак даражага кўтариш мақсадида аниқ ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Шулардан бири мустакиллигимизнинг дастлабки кунларида ташкил этилган Ўгам-Чотқол Давлат табиат миллий боғи бўлди.
Тўғри, дастлаб бу даргоҳнинг иши унчалик қовушмади. Табиатни муҳофаза қилиш баҳонасида узоқ муддат ўз билганларича мустақил иш олиб борган, аслида эса тайинли бирор натижага эришмаган қатор ташкилотлар миллий боғ фаолиятига фақат тўсиқ бўлиб келдилар. Кейинроқ бу тўсиқлар бартараф этилди. Аввал раҳбарлари тез-тез алмашиб турган миллий боғда ниҳоят табиатнинг чин фидойиларидан бўлмиш Абдукарим Абдужамилов раҳбар бўлиб келгач, дастлабки ишни жамоага ҳақиқий фидойиларни жалб этиш ва интизомини мустаҳкамлашдан бошлади. Энг аввало, талабчанликни биринчи навбатда у ўзига қўйди. Бошлиқ шахсий намуна кўрсатгач, бошқаларнинг унга эргашишлари шарт, албатта…
Хуллас, йил сайин навқиронлашиб бораётган Ватанимиз сарҳадларида фидойи инсонларнинг ибратомуз фаолиятлари эвазига она табиат ёшариб, унинг жароҳатларига малҳам қўйилмоқда. Аммо, юқорида айтганимиздек, барибир, бу соҳада қўшни давлатлар билан ҳамкорлик қилинмас экан, кўнгилдагидек натижаларга эришиб бўлмайди. Ахир жониворлар, қушлар чегара деган тушунчага эга эмас, хоҳлаган жойига учиб, ўтиб кетаверади. Дарёлардаги жонзотлар ҳам худди шундай. Улар учун барча давлатларда бехатар ҳудудлар керак.
Худди шу мақсадда қўшни уч давлат орасида ўзаро ҳамкорликнинг дастлабки қадамлари қўйилмоқда. 1998 йил март ойида Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари томонидан имзоланган битим она табиатга нисбатан астойдил меҳрнинг амалий натижаси бўлди. Унга кўра, ғарбий Тянь-Шань тоғларидаги кўркам табиат бойликларини асраб-авайлашни юксак даражага кўтариш мақсадида барча кучларни бирлаштиришга келишилди. Эндиликда Ўзбекистоннинг Ўгам-Чотқол Давлат табиат миллий боғи, Қирғизистоннинг Беш-Орол ва Қозоғистоннинг Оксу-Жабағли қўриқхоналарида атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ўзаро ҳамкорликда иш олиб бормоқдалар. 2003 йил март ойида Алмати шаҳрида ташкил этилган семинар қатнашчилари ғарбий Тянь-Шаннинг бепоён ҳудудларида – яхлит битта миллий боғ ташкил этиш таклифини кун тартибига қўйдилар. Айнан шу масалага янада ойдинлик киритиш, қуруқ гаплардан амалий ишга ўтиш ниятида Тошкент вилоятидаги Бўстонлиқ туманининг тоғ ёнбағрида жойлашган Чорвоқ қўрғонида уч давлат мутахассислари иштирокида яқинда махсус йиғин-тренинг ўтказилди. Бу йиғинда амалий ишларга зудлик билан киришиш зарурлиги қайта-қайта таъкидланди. Шундай таклифларнинг амалий исботи сифатида уч давлат таркибида тузилиши лозим бўлган махсус миллий боғга муносиб ном танлаш ва унинг келгусидаги фаолиятини лўнда, қисқа ҳамда мазмунли тарзда ифода этиш юзасидан катта кўрик-танлов эълон қилинди.
Чорвоқ қўрғонида ўтказилган уч давлат вакиллари кенгашидан қайтаётганимизда қоронғи туша бошлаган эди. Чирчиқ дарёсининг чап қирғоғи бўйлаб ғизиллаб бораётган машина Ўгам-Чотқол миллий боғи нозирларининг бошлиғи Абдураҳмон Ғойибов имосига биноан тўхтади.
– Анови милтиқли ноинсофларни кўряпсизми?! – деди у кескин қиёфага кириб. – Қушлар айни болалайдиган пайтда ов қилиб юришибди-я! Орқага бур машинани, тоғ томондан бориб тўсамиз. Барча эҳтиёт чораларини кўринглар, эртага идорада ушбу ҳолатни муҳокамага қўямиз…
Ушбу воқеа ҳам табиат ҳимоячиларининг амалий ишга ўтганларига бир далил, албатта.
“Халқ сўзи” газетаси,
2003 йил 17 июль сони.