Асад Асил. Чинорлар (2001)

Ватан остонадан бошланади, деб бежиз айтилмаган. Ҳар бир инсон ўзи туғилиб-ўсган жойни умр бўйи қўмсайди, соғиниб яшайди. Айниқса, ёш ўтинқирай бошлаганда имкон туғилган заҳоти туғилган жойинг бағрига отилгинг келар экан…

Қирқ йилдан зиёд вақт турли томонларда ишлаб-яшаб юрдим. Аммо таваллуд топган қишлоғим ёдимдан бирор зум кўтарилмади, ҳамиша унинг тафтини, мададини ҳис этиб турдим. Қишлоғим ҳақида бирор маълумот учраб қолса, бошим кўкка етар, дарҳол ёндафтарга ёзиб қўярдим. Бир кун, тарихчи олим Ҳамид Зиёев билан суҳбатлашиб ўтириб, гап орасида: “Хондайлиғингиз энг қадимий қишлоқлардан бири эканлигини биласизми?”, дея тарихий маълумотлар битилган бир ҳужжат узатди. Унда қуйидаги сатрлар битилган эди: “Энг қадимий қишлоқлардан бўлмиш Хондайлиқ, Хўжакент, Заркент, Паркент, Сайрам…” Туғилган қишлоғим қадимийлигини билардим-у, катта фан томонидан бу даражада тан олингани, тарихий манбаларда алоҳида қайд этилганидан бехабар эдим.

Кўп йиллар давомида излай-излай, анча-мунча қимматли маълумотлар тўпладим. Ниҳоят, шулар асосида унча тўла бўлмаса-да, Хондайлиқ тарихини ёздим.

Афсуски, бу китобда Хондайлиқнинг узоқ ўтмишдаги бой маданияти, юксак маънавияти ва бу соҳаларнинг чинордай азамат вакиллари ўз аксини тўла топа олмаган эди. Тоғ қишлоқларида забардаст зиёлилар, уламолар яшаб ўтганлар. Туғилиб ўсган қишлоғи номини ўзига тахаллус этиб танлаган таниқли адиб Сирожиддин Мирзоҳид ўғли – Сидқий Хондайлиқий ёзиб қолдирган “Хандақлиқ тарихи” ҳам шундан далолат беради. Шарқшунослик институтида сақланаётган бу қимматли манбада Хондайлиқнинг ибтидосида яшаган бобокалонларимиз санаб ўтилган.

Рамзий маънодаги “чинорлар” хусусида фикр юритилганда Хондайлиқийнинг падари бузруквори Мирзоҳид ота номини алоҳида ҳурмат ва эътибор билан ёдга олмоқ лозим. Бухорои шариф ва азим Тошкент мадрасаларида чуқур билим олиб, Хондайлиққа қайтган Мулла Мирзоҳид, Мулла Султонхўжа, Мулла Мифтаҳ, Мулла Хўжахон, Мулла Имомали каби зукко инсонлар ҳамқишлоқларини тўғри йўлга бошлашган. Ҳашарлар уюштириб, ариқлар қазиш, янги- янги масжид-мадрасалар қуриш, билимдон ва салоҳиятли шогирдлар етиштириш каби савобли ишларга улар алоҳида эътибор билан қараганлар. Улардан таълим олган шогирдлар халқни адолат билан бошқаришган, барча бараварига ҳалол умргузаронлик қилганлар. Имом Аъзам мазҳабида намоз ўқишган, сабр-тоқат билан рўзғор тебратишган, илм аҳлини ҳамма баравар қадрлаган. Шундай йўл тутиб, ул азизлар ҳеч қачон кам бўлмаганлар: ноҳақ қон тўкилмаган, босқинчилик, ўғрилик, хоинлик сингари иллатлардан улар бутунлай холи бўлганлар. Сидқий Хондайлиқийнинг “Маънавият” нашриёти томонидан 1998 йилда чоп этилган “Танланган асарлар” ёки 1992 йилда нашр қилинган “Мезони шариат” китобларини мутолаа қилган инсон бунга яна бир карра ишонч ҳосил қилади.

Лекин айни кунларда хунук бир аҳвол қадим-қадимда маънавияти юксак даражадаги Хондайлиқда ҳам содир бўляпти: бобокалонларимиз минг йиллар аввал кўкартириб кетган чинорлар ҳаёти қил устида турибди, уларни сақлаб қолиш ҳеч кимнинг хаёлига келмаяпти. Бу чинорлар нафақат Хондайлиқда, балки Бўстонлиқ туманида, қолаверса, Ўзбекистонимизда ҳам саноқлидир. Улар ўтмишдаги барча воқеа-ҳодисаларга ягона жонли гувоҳ…

Кўпни кўрган кексаларнинг таъкидлашларича, қадимда бу азим дарахтлар “тўққиз оғайни” экан. Сойдан ҳар йилги баҳорда қутуриб келадиган селлар остини кавлай-кавлай, иккитасини қулатибди. Қолган еттовлон каттакон супа шаклида бир-бирларини маҳкам тутганча яшаётган бўлсалар ҳам, йиллар ўтган сайин сел таҳдиди кучаяр, чинорларнинг умри тугаб бораётгандек эди. Дам олиш ёки байрам кунларида қишлоғимга бориб қолсам, чинорлар омонмикан, деган хавотирда сой бўйига ошиқардим-да, уларнинг атрофидаги ўпқонлар кенгайиб, чуқурлашиб бораётганини кўриб, баттар ташвишга тушардим. Бу азим дарахтлардан айрилсак, гўё қишлоқнинг бағри бутунлай ҳувиллаб қоладигандек эди. Фақат ташвишланиш, бориб-келиб, кузатиб юриш билан тайинли бирор иш битмайди-ку! Шу ҳақда қишлоқ оқсоқоли билан маслаҳатлашдим, чинорлар атрофини бетон девор билан айлантириб чиқиш, очилиб кетган илдизлар устига тупроқ тўкиб маҳкамлаш каби кўнглимда туғилган режаларни тушунтирдим. Оқсоқол ғоят хурсанд бўлиб, бу таклифлар учун раҳмат айтди. Ташвиш тортмай, бемалол ўз ишларимни қилиб юраверишим мумкинлигини қайта-қайта тайинлади-да, ҳашар уюштириб, чинорлар муҳофазасини тез орада “қотириб ташлаш”га сўз берди. Шундан сўнг кўнглим хотиржам бўлди.

Кунлардан бир кун Фазлиддин исмли ҳамқишлоғим Тошкентга – ишхонамга қидириб келиб қолди. Бу йигитнинг шўх-олов эканлигини билардим, бошига бирор ташвиш тушиб, йўл-йўриқ сўраб келдимикан, деб ўйладим.

– Сиз чинорлар ҳақида оқсоқолнинг ваъдасига ишониб юрибсизми, ҳалиям?! – асл мақсадга кўчиб қўя қолди Фазлиддин. – Қишлоғимиз раҳбарларининг ғирт ёлғончи эканликларини билмайсизми?! Улар мениям йил давомида алдаб келишди. Ахири уларга қараб ўтирмай чинорларни сақлаб қолиш учун ўзим киришдим. Фақат шу ишга керакли у-бу нарсалар топишимга ёрдамлашсалар ҳам майли эди, қолган ҳаммасини ўзим бажарар эдим. Яхшиси, қишлоққа чиққанингизда бориб, амалга оширган ишларимни бир кўриб қўйинг! “Шу хушхабарни айтиш учун Тошкентга излаб тушибди-да, бечора. Эртагаёқ бориб кўрганим бўлсин!”

Чинорлар қошига бориб, кўзларимга ишона олмасдим. “Ёпирай, тушимми-ўнгимми! Бу ишларнинг ҳаммасини наҳотки, Фазлиддиннинг бир ўзи амалга оширган бўлса!” Чинорлар атрофига нақ сандиқдек, ҳатто ундан ҳам улкан харсанглар терилиб, шунчалар пишиқ ва кўркам девор барпо этилган эдики, ҳар қандай инсоннинг бунга тасанно айтмай иложи йўқ эди. Шу ерлик хонадонларда яшовчи кексалар офтоблаб ўтиришган экан, ҳайратимни яширолмай, улардан сўрадим:

– Узундан-узоқ мана бу тошдеворни ростданам Фазлиддиннинг бир ўзи тикладими?

– Ҳа, ҳақиқий Алпомиш экан, азамат! – бир овоздан тасдиқлашди қариялар.

Шу пайт қаёқдандир Фазлиддиннинг ўзи келиб қолди. Чайир ва қотма гавдали, ўткир боқувчи бу йигит кексалар билан тез-тез сўрашиб чиқди-да, кетиб қолишимдан қўрққандек, тирсагимдан тутиб, чинорлар салқинига бошлади.

– Қуруқ цемент сўраб раисга тушган эдим, эртага бир-икки қоп обкелтириб берадиган бўлди, — деди у йўл-йўлакай. – Агар яна алдаб пайсалга солса, сизга учрашмоқчи эдим…

Бу йигит озиб-тўзиб кетган бўлса ҳам руҳи анча енгил, юз-кўзларидан ва қилаётган ишларидан мамнун эканлиги шундоққина кўриниб турарди.

– Бир-икки қоп цемент билан қолган ишларинг битадими? – сўрадим мен.

– Қаёқда дейсиз, яна ўн-ўн беш қоп бўлса ҳам етмайди, ҳарна бергани-да. Қанийди, бир-икки машина тайёр бетон бўлса-ю, деворни мустаҳкамлаб олардим. Қаранг, куз қандай яхши келди, худди ёз кунларидай! Агар битира олмасам… биласиз-ку, кўкламги сел балоси деворларимни емириб ташлаши ҳеч гапмас!..

– Иложини қила олсам, мен ҳам ишларингга қарашаман, – дедим Фазлиддиннинг кўнглини кўтариш учун. – Ахир бу шахсий ишинг эмас, аждодларимиздан ўтиб келаётган бебаҳо ёдгорликларни сақлаб қолиш учун кураш демакдир.

– Раҳмат сизга, кўнглимни кўтардингиз, кучимга куч қўшилди! – ёш болалардек самимий ва беғубор жилмайди Фазлиддин. – Бунақа ишларни ўзим амалларман, сиз эса ўзингиз билган мана шу чинорлар ҳақида газета-журналларга яхшилаб ёзинг. Иложини топсангиз, телевизоргаям чиқаринг! Шундайин бебаҳо ёдгорликларимизни бутун халқимиз кўрсин, келиб, зиёрат қилсин…

– Қўлимдан келганича ҳаракат қиламан, – уни юпатдим, – сени, аввало, Аллоҳнинг ўзи қўлласин, бўш келма, укажон!

Хайрлашиш учун чўзган қўлимни Фазлиддин қўйиб юбормай ушлаб турар, ниманидир айтишдан ийманаётгандек эди.

– Яна бирор гапинг борми?

– Агар ёзсангиз-чи, “бу тошдеворни севганига етолмаган Фазлиддин Бобомуродов тиклаган эди”, деган сўзларниям қўшиб қўйсангиз…

– Кимнинг қизи у, ўзимизнинг қишлоқликми?

Фазлиддиннинг кўзларида ёш йилтирагандек бўлди. Бу ҳолни сездирмаслик учунми, бошини қуйи эгиб, шивирлади:

– Йўқ, бошқа томондан, унинг исминиям, жойиниям ҳеч кимга айтмайман. Сиз ёзсангиз бўлди, ўзи топиб ўқийди…

Юрагим бир қалқиб тушди:”Вой бечора-ей, шу пайтгача нега уйланмай юрибди, десам, гап бу ёқда экан-да!..”

… Қиш анча оғир келиб, то баҳорга қадар қалин қор аримади. Ҳар хил юмушлар билан банд бўлиб, қишлоғимга уч-тўрт ой бора олмадим. Баҳор бошланиб қолган кезларда имкон топиб, атайдан Фазлиддиндан хабар олиш учун бордим-у, уни тополмадим. Бошлаган ишлари ҳам чала қолган экан. Йўлда учраганлардан сўрасам, тайинли гап айтишмас, “қамалиб қолди-ёв”, баъзилар эса “руҳий касалликлар шифохонасида даволанаётган бўлса керак”, дейишдан нарига ўтишмасди. Аниқроқ билиш учун Фазлиддиннинг укасини излаб топдим.

– Акам ўзига-ўзи бало орттириб юради! – деди жиғибийрон бўлиб, – армияни битириб келганда Хондайлиқнинг олди йигити эди. Раҳматли дадам билан далада сомон қоплаётса, хўжалик раиси келиб қолиб, бир мушт туширибди. Амалдорлар билан олишиб бўлармиди, акам ҳам унга жавоб мушти қайтарган экан, қаматиб юборди. Оқибатда ёмонотлиқ бўлиб қолди. Қамоқдан чиққандан кейин ҳам, мана. Ўн беш йилга яқин вақт ўтиб кетди-ю, ё уйланмайди, ё ўзига тайинли уй-жой қурмайди, умри мана шу чинорларни қўриқлаш билан ўтиб боряпти. Кошки эди унинг ёнига кирадиган бирор одам топилса! Шу чинорлар масаласида тағин катталар билан жиғиллашиб, ўзига бало сотволди-да!..

Ортиқча гапга ўрин қолмаган эди. Фазлиддиндан узоқ вақт хабар олмаганим, унга тайинли ёрдам кўрсатолмаганим учун бу таъна-дашномлар менга ҳам тегишли эди, албатта. Фазлиддиннинг укасини чинорлар сари бошладим. Сел ювиб кетиши мумкин бўлган тарафларга гир айлантириб ясалган тошдеворларни кузатдик. Уларнинг айрим жойлари нурай бошлабди. Фазлиддиннинг гапларида жон бор эди. Цемент етказа олмай, тошларнинг ораларига лой ёпиштирилган жойлар селга дош бера олмабди.

– Кўрдингми, аканг йиллар даомида бу деворларни тикламаганда эди, чинорлар аллақачон ағдарилиб, йўқ бўлиб кетарди, – дедим ёнимда келаётган ҳамроҳимга, – нима учун сен, мен ва бошқалар деворнинг қолган қисмини тикламаймиз, бузилаётган жойларини тузатмаймиз?!.

– Э, ака, чинор муҳофазаси буёқда турсин, водопровод, катта мактаб биноси қурилишларининг қанчалар вайрон, талон-тарож бўлиб ётганини кўрганингизда эди! – астойдил куйиб-ёниб гапирарди ёнимдаги йигит. – Бу ҳақда гапирсангиз, қишлоғимиз раҳбарлари, туманнинг айрим бошлиқларигаям ёқмайсиз.

Ҳа, гап буёқда экан-да. Ёнимдаги оддийгина қишлоқ йигити юрагининг туб-тубидан чиққан аччиқ-аламли, лекин ҳақ гапларга жавоб тополмай, лол турардим. Чинорлар ҳам бу ҳақиқатни тасдиқлаётгандек, шабадада секин силкинишарди. Назаримда, улар ўз халоскори бўлмиш Фазлиддинни интиқлик билан кутишаётгандек эди…

“Қишлоқ ҳаёти” газетаси,

2001 йил 15 март сони.