Яҳё Акенгин (1946)

Яҳё Акенгин (Yahya Akengin) Кумушхона вилоятининг Бойбурт даҳасида 1946 йили туғилган. Арзирум Муаллимлар институгининг адабиёт бўлимини битирган. Анча вақт турли ўқув юртларида дарс берди. Маданият бошқармасида маслаҳатчи бўлиб ишлади. Анқара радиосининг театр эшиттиришлари бўлими мудири вазифасида хизмат қилди.
Илк шеъри 1968 йилда «Ҳисор» журналида чоп этилган. Шунингдек романлари чиққан, пьесалари саҳналаштирилган.
Шеър китоблари: «Орзу» (1969), «Оқшомда келган» (1973), «Навниҳол» (1977), «Соатлар ва чеҳралар» (1982), «Нариги томондан» (1986).

ТОНГГИ САБОДАН

Гуллар шафақ-ла баҳслашган майдон
Еллар-ла муждалар келди саҳардан
Ҳар мавсум жамолинг уфқларга чиздим
Келмадинг деярсан ғамгин хаёлчан

Сенсиз-да бир гўзал саломлар келур
Азобим учун бир кулгу олдим дунёдан
Тирилур олам ўйнар сочинг най саси-ла
Қадимий мақомдир сувлар ҳам энди
тонгги сабодан

Чолғусин қиллари кўринмас куйи
Мени парчаларга бўлиб ташлаган
Сен —
Мен зорлаб чақирган илҳом париси
Қадимий мақомдир йўллар ҳам энди
тонгги сабодан

Ҳижжалардим исмингни мисра мисра бўлди
Гуллар сени мендан аввал чақирган
Бирини қизғансам бошқаси сўлган
Қадимий мақомдир диллар ҳам энди
тонгги сабодан

БАЙРАМ ГУЛЛАРИ

Ғойиб бўлганларнинг дараги менда
Кулгичлар очган гўдак юзлари
Илк қадамлар ҳаяжонлари
Шакар ҳовучлаган қўллар зафари

Битмаган савдо, оқиб кетган замонлар
Васвасалар ичида турли олиш-беришлар
Тирилган маконсиз ватансиз ғамлар
Байрам ҳидли гуллар-ла титрашлар

Шафақ урчиғида севинч иплари
Отар дўст томонга илмоқларини
Дев уйқуларин тарк этган бир шаҳар
Бир дунё ва бир дунё
Такбирлар-ла чиқиб келар

Юлдузлар ва гуллар қадар саноқсиз
Муждалар ичра ястанур
замин ва осмон
Бироз кўрмаганимиз
бироз пайқамаганимиз
Байрамларга
кўнгил рашкимиз-ла уйғотгил
Бизнинг раббимиз
гўдаклардай севинтир

ЎТИНЧИЛАР ОЛОВ ЁҚДИ

Олов ёниб турар
токи тонггача —
Шаҳарда меҳмонми кўчманчи туркман?
Ногаҳон ичимда
сиғинган водиймиз тафти —
Чўпонли
ғамли
ҳасратли тоғлар
Ушбу шаҳардан ҳам гўзалмиш…

Ўтинчилар олов ёқмиш
дея кетмадим —
Саросар бир хаёл бўлдим нурида,
Ичимдан бир саҳро қўшиғи келди –
«Алишмадим совуқ сувга, иссиқ сувлар ичмадим»

Қани сенинг
минг йиллик муҳаббатинг
Ўчоқ бошларида афсоналар сўйланган юртим?
«Яраланганларни севарсиз яратган туфайли»
Қисқа давом этган
гулсиз умримда
Тиканлардан юрдим
ҳасратдан юрдим…

Ўчоқ бошларида афсоналар сўйланган юртим
Қани сенинг
минг йиллик муҳаббатинг?

ЎЗ ВАТАНИМДА

Тоғлар ва юлдузлар каби ўз ватанимда –
Нурларига чўмилдим
елларига соврилдим
Елканларим очдим исмсиз дарёларда —
Тоғлар ва юлдузлар каби ўз ватанимда.

Хаёлан
чарчаб
қудуққа эгилдим чўлда.
Узимга келдиму
ҳасратига қўшиқ куйладим.

Барча оҳларим
бир ҳижодан ҳар дилда,
Яна билдимки
келмас эмишсан
Кетди тасаввур ортидан зорлаб чорлаганим.

Умрим сарҳадларида сеҳрли тушлар –
Уйғониб боқсамки
чексиз бир бўшлиқ.

Ҳорғин юзларимда кулар сокинлик
Тоғлар ва юлдузларнинг ватанларида —
Умид бор,
хабар бор,
Ҳижрон бор.

Ой товланар туннинг бўйнида
Кутаркан қуёшнинг оппоқ сасини.
Алданиб замонга
даргоҳига келдик.

Яшармиз туймасак-да нафасларини
Ер юзида
осмон юзида
юксакларда ва пастликларда
Тоғлар ва юлдузларнинг ватанларида.

СУРИБ КЕТАР

Бир япроқ тушар
кузнинг сокин ҳовузларига —
Жимгина қуршайди инжа ҳалқалар.
Суриб кетар
қаримсиқ елларнинг безовталиги
Тугамас еллар дуоси —
янги хотиралар.

Замон не сўраса олур
уфқларда қонли бир талош.
Ҳадсиз сув тўкилур
Булутларнинг увадасидан,
Чексиз кенгликларда сувлар сен ила сирдош.

Қолурман
бошим узра туманли нигоҳ.
Кузларинг унутмиш
самолар юртидан кетган баҳорни,
Ва сен ушбу
куз айёмида
мени унутдинг.
Овундим кул дея сочимга тушган оқларни
Кенгликлар ипидан
тўқилмади ғам поёндози.
Англадим —
қалбимни сўроқлар фақат чексизлик.

Ҳисоблашмоқ учун йўл олдик
муҳаббатнинг соҳилларига —
Дўст бўлиб чиқди жами
айрилиқ қўшиқлари.
Сочининг ҳар толасидан шамоллар сарин
Боқишидан ой тўлин
бахтлидир юлдузлари.

Ҳар япроқ юзида хаёлларинг риштаси
Руҳларнинг чексиз булоқларидан
тинглатар куйларини
Суриб кетар кўз ёшларинг
ёздан кузга сафари
Сочингда қорлардан йўллар боғланур
У дунёга ҳозирликни сен ҳам бошларсан бир кун
Бўғчасини тугарсан ҳеч келмаган ёзларнинг.

Туркчадан Азиз Саид таржималари