Леон Филипе (Felipe Camino Galicia de la Rosa) – Шекспир асарларининг таржимони, шоир. Унинг 1920 йилда чоп этилган биринчи китоби “Сайёҳнинг шеърлари ва ўтинчлари” деб номланган. Мамлакатда Республикачилар инқирозга юз тутгач, унинг изтиробларга тўла “Болта” ҳамда “Адо бўлган испан йиғиси” китоблари ўқувчиларга ҳавола этилган. Мамлакатни тарк этган шоир умрининг охиригача Мексикада муҳожирликда яшаб ижод этган. Унинг оташин ижоди Мексика миллий адабиёти мукофотига сазовор бўлган.
* * *
Тулпорингу уй-у яроғинг
молу мулкинг буюрсин, оға!
Ҳеч вақосиз кўчада қолдим
отамерос қўшиғим билан…
Қишнинг қора кунида қувдинг…
мен-ку, кетсам кетарман бадар.
Сен қўшиқсиз қоларсан мангу!
Тулпорга жим урасан жабдуқ,
гулханга жим боқасан қандай?
Ёки қандай чархлайсан ўроқ…
Қўшиқни ҳам мен олиб кетсам.
Русчадан Ўктам Мирзаёр таржимаси