Сабоҳаддин Али (1907-1948)

Ёзувчи ва шоир Сабоҳаддин Али (Sabahattin Ali) 1907 йил 25 февралда Болгариянинг Карджали шаҳрида туғилган. Бошланғич таълимини Ускударда олгандан сўнг Чаноққалъада ўрта мактабни тамомлаган. Олий таълимини Баликесир муаллимлар мактабида олган.
Сабоҳаддин 1928 йилда Таълим вазирлигининг стипендияси билан Германияга боради. 1930 йили ватанига қайтган адиб Кўнияда адабиёт муаллими сифатида ишлай бошлайди. Илк ҳикояси “Ой” журналида чоп қилинади.
У Туркия Республикасининг асосчиси Мустафо Камол Отатуркни ҳақорат қилганликда абланиб, ҳибсга олинади (1932). Республиканинг ўн йиллиги муносабати билан қамоқдан озод қилинади (1933 йил 29 октябрь). У ўзининг ватанга ва мамлакат асосчисига содиқлигини исботлаш мақсадида “Борлиқ” журналининг 1934 йил 15-январь сонида “Менинг муҳаббатим” номли Мустафо Камол Отатуркка бағишланган шеърини чоп қилдиради. Шундан кейин у халқ таълими тизимида ишлашга рухсат олади.
Дастлаб, Анқара мусиқа мактабида турк тили ўқитувчиси, кейин давлат консерваториясида таржимон, ўқитувчи ва драматург сифатида ишлайди. 1945 йилдан “Янги дунё” газетасида, 1946 йилдан “Марко Пошо” газеталарида сиёсий-танқидий мақолалар ёза бошлайди. 1948 йилда “Занжирланган Ҳуррият” газетасидаги мақоласи учун жиноий жавобгарликка тортилади.
Сабоҳаддин Али доимий таъқиблардан безиб, чет элга чиқиб кетмоқчи бўлади. Чегарада қўлга олиниб, маҳфий равишда ўлдирилади. Унинг жасади ўлдирилганидан икки ярим ой кейин топилади. Адибнинг “Тегирмон”, “Овоз”, “Янги дунё”, “Ойнаванд кўшк” ҳикоялар китоби; “Куюжаклик Юсуф”, “Ичимиздаги шайтон”, “Мўйнали Мадонна” романлари; “Тоғлар ва шамол” номли шеър китоби нашр қилинган.

МАЪЮСЛИК

Мени энг гўзал кунимда
Сабабсиз бир кадар олур.
Бутун умрим қозонида
Аччиқ бир қуйқаси қолур.

Англай олмам кадаримни,
Бир оташ ёқар теримни,
Ичим тор кўрар еримни
Кўнглим тоғларга беланур.

а қиш, на ёзни истарман,
На бир дўст юзни истарман,
Ҳафиф дард созни истарман,
Оғриқлар, санчиқлар келур.

Ёнима тушар қўлларим,
Кўринмас бўлур йўлларим,
Энг севимли амалларим
Олдимда ўлик кўринур…

На бир дўст, на бир севгили
Дунёдан узоқ бир далли…
Мени чулғар ғам, маҳзунлик
Бошимда шод савдо ўлур!

Турк тилидан Йўлдош Эшбек таржимаси