Мустафо Сайид Сутувен (1908-1969)

Мустафо Сайид Сутувен (Mustafa Seyit Sutüven) – турк шоири.
Шеърлари “Юксалиш”, “Сарвати фунун”, “Едилтепа”, “Янги инсон”, “Янги овоз”, “Борлиқ”, “Юрт ва дунё”, “Турк тили” журналларида чоп этилган.

САНЪАТ

Қаламим – мўйқалам, учи игнадек инжа,
Оқ қалбим – сиёҳдон, сиёҳи – бўёқдир қора.
Мўйқалам бўёқдон-ла бағир бериб кўришгач,
Бармоқларим яқинлашур эртанги лавҳаларга.

Гўзаллик-чиркинлик топмоқ, яхши-ёмонни чизмоқ,
Кўлка узра ҳафталаб уринмоқ зорлик ила.
Энг юксагу энг пастни бўйига кўра тизмоқ,
Сўнгра кезинмоқ узун йўлларни ёрлик ила.

Сўнгра толиқур олддан недир излаган кўзлар,
Толиқур қаршисида турганлар қатор-қатор
Мунчоқлар каби ипга тизиб ҳам осмоқ истар
Ўз ақлим-у кўзимни одамларга неча бор.

Асрларча бу ҳовуз рангларим билан тўлмас,
Чашма каби оқса-да қалбимдаги бўёқлар,
Бу йўқсуллик ичра кўкларга чатсам-да оз
Яратган лавҳаларим фақат қалбимни ёқлар.

Турк тилидан Йўлдош Эшбек таржимаси