Рамиз Равшан. Ёмғирли куннинг шомида… (ҳикоя)

Ёмғирли куннинг шомида қишлоқ ўртасига бир юк машинаси келиб тўхтади.
Ундан ҳайдовчи тушди.
Изидан аскарларимиз тушди, қолганларни ҳам тушурдилар.
Улар бу қишлоқ бағридан поезд йўли ўтказиш илинжида ташриф буюришганди.
Неча кунлардан буён қишлоққа немис пленларини келтириб ишлатиши ҳақида хабар тарқалганди ва шундан бери одамларнинг тушига ажойиб нарсалар кирарди.
Бироқ юк машинасидан туширилган немис пленларини кўрганда Микайл оғзини тўлдириб туфлади:
— Эҳ, аблаҳлар, одамми шуларам… — деди. — Шуларам ўзини нормалний одам ҳисоблаб юрибдида…
Бу немис пленларини албатта ажойиб инсон дейиш мумкиндир, лекин “нормалний” эмас, уларнинг жинояти ҳам шунда аслида. Бироздан сўнг Микайлнинг кўзи “нормалний” одамлар ичида бир ажойибини топди, бу ажойиб немиснинг соқоли бору мўйлови йўқ эди.
Иброҳим ўша мўйловсиз одамни кўрган заҳоти қаҳқаҳа отиб кулди. Иброҳимнинг онаси эса урушда ўлган эрининг қора, қалин мўйлови эсига тушиб хўнграй бошлади.
Аксига олиб шу маҳалда ёмғир ёғди, одамлар қарашса онаси йиғлаяпти, Иброҳим куляпти. Иброҳимнинг онаси ҳам унинг кулаётганини кўрди, ғазаб отига минди, Иброҳимнинг юз-қулоғи аралаш шапалоқ туширди ва йиғлаб-йиғлаб ўрнидан турди, сўнгра дарғазаб бўлиб мўйловсиз немиснинг устига борди, бир қўли билан соқолидан, бириси билан эса ёқасидан ушлаб, судради, пешонасини ерга қариштирди, муштлай-муштлай, тепа-тепа йиғлади.
Немис деганнинг жони қаттиқ эмасми, дод-фарёдам қилмади, кўзёш ҳам тўкмади. Астағфируллоҳ!.. Бу ишга гувоҳлар ёқа ушлашди.
Агар Микайл бўлмаса, эҳтимол бечоранинг умри-куни битарди.
Микайл бориб зўрлик билан Иброҳимнинг онасини чеккага чиқармоқчи бўлди, роса урунди, барибир уддалай олмади, она эса баттар йиғлашга тушди. Бир маҳал бошқа хотинлар ҳам қўшилишди Иброҳимнинг онасига, йиғлай бошлашди.
Садр Шариф аёлларга йиғламасликни буюрди.
Аввалига “Душман олдида йиғламанглар”, дейишни истади, бироқ бирдан кўзи мўйлвосиз немисга тушди, у сал нарироқда лойга ботганча тиззалаб ўтирар ва Иброҳимнинг онасига қўрқиб боқарди. Садр Шариф “Бу қанақасига душман бўлсин, тиззасигача лойга ботиб, жим ўтирган бўлса…”, деб ўйлади. Сўнгра аёлларга “Душман олдида йиғламанглар”, демади, деёлмади…
Унинг сўзидан кейин аёллар йиғлашдан тўхташди. Йиғлашмайди деганида эҳтимол яна йиғлашарди. Бироқ улар йиғламаган аёлларнинг орқасига ўтиб, шу ерда сас-садо чиқаришмади.
Улар жим қолиши билан мўйловсиз немис ўйладики, бу лойда кўп туриб бўлмайди, тиззалари зирқираб кетяпти, кейин ўгирилиб умид билан садр Шарифга юзланди. Садр Шариф уни тушунди ва ўрнидан туришга ижозат берди. Мўйловсиз немис кўзини аёллардан узмай секин-аста ўрнидан турди, тураётиб қўли билан тиззаларга теккан лойни қоқмоқчи бўлди, бироқ бирдан қўллари ҳавода қолиб кетди.
Чунки аёлларнинг кўзида шундай нарсани кўрдики, агар у тиззасига теккан лойни қоқса, бу аёллар уни парча-парча қилиб ташлашади, ҳеч ким уни аёлларнинг чангалидан қутқара олмайди. Шу туфайли фикридан қайтди…
Пирали бобо аёллар орасида турар, воқеаларни жим кузатарди. Мўйловсиз тамомила ўрнидан тургунича томоша қилди, сўнгра бошқа тарафда турган немис пленларига қаради. Бечоралар ёмғир остида қолиб кетган жўжалардай жунжикишар, аёлларнинг бу ишидан қўрқа-қўрқа ҳамроҳига қараб туришарди.
Пирали бобо юриб келиб аскарларнинг ёнида турди, сўнгра:
— Эй бола, немис-немис дейишарди, шулар эканда-а немис дегани? — деди.
Аскарларнинг каттаси:
— Ҳа, шулар, — деди.
— Майли, унда буларнинг қурол-яроғи қани?
Аскар ўйладики, Пирали бобо ҳазил қиляпти, бирдан кулиб юборди.
Пирали бобо кулмади, чунки у ҳазил қилмаётганди, кулган аскарни ҳам бошқача тушунди, орқага айланди ва оломонга юз тутиб:
— Эй одамлар, — деди. — Кўпам қараб кўзингизни оғритманг. Бу немислар биз билган немислардан эмас экан. Ўша немисларни шундай қиришганки, ҳатто уруғликка ҳам қолмаган бирортаси!..
Пирали бобо шунадй дейиши билан Микайл ахтарганини топди, севинганча:
— Эй одамлар, — деди, — мен нима дегандим, ана?!
Микайл нима деганидан ҳеч кимнинг хабари йўқ эди, ғалати туюлиши мумкину ҳатто ўзининг ҳам, бу немисларнинг ўша немислардан эмаслиги кўрган заҳоти англаган эди.
Шундан кейин ҳақиқатдан бу немисларнинг ўша немислардан эмаслиги маълум бўлди, аёллар яна кўзёш қила бошлашди. Чунки аёлларнинг бу немисларга раҳми келди, бу немисларни ҳам бу балоларга солган ўша немислар эканини ўйлашди.
Садр Шариф қараса чигаллик юзага келаётир, агар шундай давом этадиган бўлса маҳаллий одамлар бу немисларга қариндош ҳам бўлиб чиқишади. У одамларга юзланиб:
— Эй одамлар, — деди, — менга қулоқ солинг! Бу немислар ўша немислардан бўлишмаса ҳам барибир немислар ҳамда ўша немисларнинг авлодидирлар. Бу немислар ўша пайтгача ўша немислардан эдилар, ўша немисларни бу немисларнинг кунига солишмаган…
Садр Шариф жуда кўп ваз ўқиди, ҳаттоки ўзи ҳам адашиб кетди. Бу немислар ўша немисларданми ё ўша немислардан эмасми, ҳеч ким тушунолмади. Бироқ бу немислар ким бўлишидан қатъий назар оддий одам ва камига жуда оч эдилар. Уларнинг очлигини одамлар шунда билишди, яъни болалар оч эдилар, улар ўша жанжал пайтида одамлар орасидан ажраб уйга югуришди, бироздан сўнг қўлларида битта-битта блинчик билан қайтиб келишди ва уни паққос тушираётган болакайларни кўриб немис пленлари ютина бошлашди.
Садр Шариф одамлардан бирига:
— Иккита аёлни олиб уйга бор, — деди. — Икки қозон қовурдоқ қайнатишсин. Аскарлар узоқ йўл босишган, қоринлари очиққан… Ўзинг кўриб турибсан, яхши аҳволда эмаслар.
Одам жойидан қўзғолмади.
Садр Шариф:
— Эшитмадингми, нима дедим? — дея сўради.
Одам эса юзини бужмайтириб:
— Эшитишга эшитдим, ўз аскарларимизга ҳам қовурдоқ пиширдик… Бу немис болаларига нима пиширтирай? Буларга ҳам қовурдоқми?
Садр Шариф ғазабланди:
— Мусулмонмисан, нега гапга тушунмайсан? Нима десам шуни бажар! Бор, икки қозон қовурдоқ ҳозирлашсин.
Одам кетди.
Ҳа, қовурдоқ ҳозирланди, идоранинг ҳовлисига дастурхон ёйилди.
Идоранинг ҳовлисига унчалик ёмғир ўтмаганди, аввалига дастурхонни ерга ёзмоқчи бўлишди, майсалар устига.
Аммо Пирали бобо садр Шарифни чеккага олиб чиқиб:
— Бизку майли… — деди.
Кўзи билан аскарларга имлади ва “Булар ҳам майли…”, деди.
Кейин эса боши билан немис пленларига ишора қилди ва:
— Шулар қолди фақат, булар аслида одам эмас… Лекин одам бўлишмаса ҳам, бу кўппак болалари “културний”лар. Нима бўлганда ҳам бизга душман булар, ерга дастурхон тўшасак стол-птоли йўқ экан дейишмайдими ахир… Ўзи шусиз ҳам мусулмон номи ёмонга чиқяпти сўнгги пайтлар…
Пирали бобонинг сўзи садр Шарифни ҳам ўйлантирди, дастурхонни ерга эмас столга устига тўшашди.
Тўрда садр Шариф ўтирди, аскларларимиздан унвони каттаси ўтирди, сўнгра бирин-кетин қолган аскарларимиз ўтиришди. Адан эса немис пленларига насиб этди. Немис пленлари ва аскарларимиз орасида маҳаллий одамлардан, янаям тўғрироғи, колхознинг фаолларидан беш-олти нафари ҳам жой олишди, Пирали бобо ва Микайл ҳам ўша беш-олти нафарнинг орасида эди. Дастурхонни жуда дид билан безашганди, идиш-товоқ, қошиқ-санчқи, хуллас шунақа нарсаларнинг бари гўзал қилиб жойлаштирилганди.
Пирали бобо идиш-товоқларнинг, қошиқ-санчқиларнинг энг яхшисини, энг қимматини немис пленлари олдига қўйдирди Чунки бизнинг аскарлар ўзимизнинг одамлар… Бироқ немис пленлари “мусулмон калхозчиси” эмас, саҳроданам келишмаган, ҳамма нарсаси бор… Агар кўриб қолишса, кўзлари қосасидан чиқиб кетарди.
Ҳақиқатдан, идиш-товоқнинг, қошиқ-санчқининг яхшисини уларнинг олдига қўйишди, бироқ қовурдоқнинг гўштлисини ҳам уларнинг олдига қўйишга ҳеч кимнинг қўли бормади.
Бу қовурдоқни на гўштли деб бўларди, на гўштсиз. Илигидан суяги кўп.
Ҳамма мириқиб тановвул қилар, битгина Микайлникини қовурдоқ эмасди, у худди хадсиз азобу оғриқ эди. Қачондир дунёнинг гўзал кунларида, яъни у замонлар уруш йўқ эди, Микайлнинг рафиқаси бор эди, у қовурдоқ пиширар, чуқур товоқчага солиб эрининг олдига қўярди. Микайл бир патирнинг ўзини косадаги қовурдоқнинг шўрвасига тўғраб солар, қошиқи билан бошқа косадаги картошкани, нўхотни эзар, лаззатланиб паққос туширарди.
Энди дастурхонга ўтирилганда Микайл қўлини нонга узатди, битта патирни олиб ўша вақтлардаги лаззатни ҳис қилмоқчи бўлди. Буни кўрган Пирали бобо тирсаги билан уни туртди, кўзини олайтирди ва деди: “Очкўз бўлма, ҳар ҳолда дўст бор, душман бор…”
Микайл олган нонидан бир бўлак юлди, қолганини стол устига, жойига қайтарди. Бир тишлам патирдан еб, бир қошиқ қовурдоқ шўрвасидан ичди. Шундай қилиб Микайл бир бўлак патирини еб тугатди, бироқ Пирали бободан қўрққани учун яна қўл узатиб патирдан олишга юраги бетламади, қовурдоқ шўрвасини тўғри ича бошлади… Бир қошиқ, икки қошиқ…
Қовурдоқнинг шўрваси жуда ёғли эди, Микайл билардики, бунинг охири вой бўлиши аниқ.
Бироқ яна бир жиҳати борки, Микайлни бу зулумлар ерга уради, чунки Пирали бобо унга фикр-зот бериб ўтирмасди, тушлик бошланганидан бери немис пленларидан кўз узмасди.
Аслида у бечоралар ҳам бир ажойиб ишга бош қўшишганди, жим ўтиришар, иштаҳа билан қовурдоқни ейишарди.
Бироқ шу жойи ғалати эдики, немис пленлари қовурдоқни худди мусулмон каби тановвул қилишарди. Барчаси қовурдоқ шўрвасига патир тўғраган, қошиқлаб картошкаларни эзишарди. Суяк кемираётганлари ҳам бор эди орасида, илик қоқаётганлари ҳам.
Пирали бобо ҳайрон боқар ва ўйлардики, эй доди-бедод, агар булар қовурдоқ ейиши билан мусулмонларникида фарқ йўқ бўлса, нега бу кўппак болалари дунёнинг ярмини қон йиғлатишди?!
Пирали бобо қанча ўйланмасин, бу жумбоқнинг тагига етолмади. Бу маҳал хўрандалар коса тагига етишди. Сўнгра ўрнидан туриб, кетишга отланишди.
Одамлар йиғилиб уларни кузатар, машина ортидан жим боқишарди. Пирали бобо ҳам уларнинг орасида ва ҳали ҳамон хаёл қиларди: “Ё Тангри, ҳақиқатдан ҳам ўша немис деганлари шуларми?!”
Одамлар жуда ғамгин тортишган, аёлларнинг кўнгли тўлиб турарди. Бу қишлоқда урушда яқинини йўқотмаган одамнинг ўзи йўқ эди, одамларнинг яраси тез-тез қонар. Уруш-да, дейишар, урушда ўлим бўлади деб ўзини овутишарди. Кимдир немислардан сўз очса, тамом, одамлар қўрқувга тушарди. Аммо бу немисларни кўргандан кейин тўсатдан урушнинг бўлиши ҳам, одамларнинг ўлиши ҳам жуда адолатсиз кўринди… Ё Тангри, ҳақиқатдан ўша немис деганлари шуларми?!
Барча сассиз-самарасиз уй-уйга тарқалишди.
Аёллар йиғлашга кетишди.
Юк машинаси эса жуда олислаб кетганди. Бироқ Пирали бобо ҳали ҳамон йўл қараб турарди.
Сўнг бирдан Микайлга ўгирилди, ғамгин жилмайиб:
— Кўрдингми?! — деди.
Микайл тасдиқлаб бош чайқади.
Пирали бобо тўсатдан қичқириб:
— Э, ўл, — деди, — булар немис пленлари эмасдилар!
Микайл қўрқиб кўзларини пирпиратди:
— Немис бўлишмаса, унда ким эди улар?
Пирали бобо гапирмади. Худди ўзинг англаб ет дегандай маъноли кўзларини унга қадади. Иккаласи ҳам бироз жим туришди.
Сўнгра Микайл ҳаммасини англаб етди…

1971 йил.

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон таржимаси