Султонмурод Одина 1950 йилнинг 3 ноябр куни Ҳисор туманида туғилган.
Тожикистон давлат университетининг филология факултетини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини ўқитувчиликдан бошлаган. Узоқ йиллар мактаб директори, маориф бўлими мудири, Ҳисор тумани ҳукумати раиси аппаратининг раҳбари вазифаларида ишлаб келган. Элликдан ортиқ насрий, тарихий ва шеърий тўпламлар муаллифи. “Тожикистонда хизмат кўрсатган ходим” медали билан тақдирланган.
* * *
Гарчи бизлар бир замину бир қутби даврондирмиз,
Дўстлар ушбу жаҳонда тўрт кунлик меҳмондирмиз.
Мағрурлигу дабдаба, кибру ҳавомиз билан
Меҳмонлигимиз қадрин билмаган инсондирмиз.
Тириклик талошида юз фитна барпо айлаб,
Ёлғону найранглардан биз яна ҳайрондирмиз.
Тирикларга ўлмоқлик азалдан бир меросдир,
Лек ўзни талошларда ўлдиргувчи жондирмиз.
Ўзни олам меҳвари атаб ғурурланурмиз,
Аммо бир заррагина биз қисми кайҳондирмиз.
Жонон, қадримиз билиб азиз тутайлик ўзни,
Гар бенаво гадомиз ё шоҳу Султондирмиз.
* * *
Тушларимда кўрдим сани, жонон, келгин бедор оним,
То мақтанай, бу дунёда бордир дея менинг ёрим.
Кўргин булбул рашкида гул қадаҳ каби очилмишдир,
Ё Худоё, кошки сен ҳам бўлсанг гулдек вафодорим.
Остонангга бош қўйиб, сендан йироқ кетмасман,
Гарчи мени ҳайдасанг ҳам, гарчи берсанг ҳам озорим.
Не кулфатлар кўрди бошим, эй ёр сенинг ишқингни деб,
Тушмасин кимса бошига, ё Раб, менинг бу аҳволим.
Сенинг ишқинг йўлида чеккан ранжу зорим ҳаққи,
Ғам жаҳонин Султонига айлагин лутф, эй, дилдорим.
Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси