Ҳидоятуллоҳ Раҳмоний

КЕЛ ЭЙ ЖОНИМ

Кел эй, жону дил, бўлгин жононим,
Кел эй, бўйи гул, бўлгин пинҳоним.

Келиб илҳом бергин ўзинг дилимга
Келиб бўлгин байти шаккарафшоним.

Олмосининг олмалари мисоли
Келиб яшнат менинг боғу бўстоним.

Барча таъна қилар беқарорсан деб,
Келиб бўлгин ўзинг аҳду паймоним.

Ҳар дам сени кўрсам кўнглим ёришгай,
Тунда ойдек келиб бўл моҳистоним.

Раҳмонийнинг жони фидодир сенга
Кел эй, жоним, обод айла жаҳоним.

ЎЗИМДАН ХАТО ТОПДИМ

Эй Дўст, фармон айлагил, ўзимдан хато топдим,
Тириклик сўқмоғида мен мушкулкушо топдим.

Вафо не унутгандим ғафлатда юриб ғофил,
Суҳбатингни топдиму ҳам ишқу вафо топдим.

Тўғри йўл деб ўйлабон кириб нафснинг йўлига,
Ҳамроҳим бўлгач ўзинг, мен ҳам раҳнамо топдим.

Хонамдан ҳам тор эди фикру андешам менинг,
Андеша оламингдан мен ақлу расо топдим.

Шўр тўла ёш оқарди кўзларим булоғидан,
Кўзларингнинг нуридан мен нури шифо топдим.

Умр ҳар нафас бизни ўз ўтида қовурди,
Сен-ла бўлиб ҳамнафас, ўзимга баҳо топдим.

Волийо, Раҳмонийга айтгил дўстдан бир хабар,
Зеро, айтганларингдан мен роҳи Худо топдим.

БЕДОРМАН, ЭЙ ДЎСТ

Тунлар ёдинг ила бедорман, эй дўст,
Ёдингсиз дунёда мен хорман, эй дўст.

Жон жонимга сингиб кетгансан ўзинг,
Ҳар лаҳза сен бирла мен борман, эй дўст.

Хаёлимда кечар неча андешам,
Ишқингда ҳамеша иқрорман, эй дўст.

Rўлинг ўпиб, тавоф айлайман десам
Вале ожиз ҳамда ночорман, эй дўст.

Ўзингдан ўзгага хор этма ҳаргиз,
Ишқингда туну кун мен зорман, эй дўст.

Гарчи жаннат бизга ошно эмасдир,
Зикрингда ҳамиша такрорман, эй дўст.

Раҳмонийдек панд эшитгач Волийдан,
Танҳо сенинг ўзингга ёрман, эй дўст.

ВОЛИЙ

Ул дўсти меҳрибонга, биздан салом бўлсин,
Ул хуршеди осмонга, биздан салом бўлсин.

Бир зарра хок бўлсайдик, кошки пок бўлсайдик,
Поки икки жаҳонга, биздан салом бўлсин.

Йўлин йўқотганлармиз, гуноҳга ботганлармиз,
Мадад бергувчи жонга, биздан салом бўлсин.

Бизлар аҳли кибрмиз, дард қошида ожизмиз,
Кечиргувчи Раҳмонга, биздан салом бўлсин.

Гул каби очилмасдан, келди хазон фаслимиз,
Ул қўли гул боғбонга, биздан салом бўлсин.

Ҳўл-қуруғимиз кетди, не қилган бўлсак ўтди,
Ўшал мушфиқ Яздонга, биздан салом бўлсин.

Волий, биз Дўст ёдида қаноти синган қушмиз,
Бизни яратган жонга, биздан салом бўлсин.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси