* * *
Эй дил, ишқда куймасанг, куйлашингдан не фойда?
Ўзингни аҳли дард деб ўйлашингдан не фойда?
Дилинг ичра худодан қўрқувдан ҳам асар йўқ,
Тун-кун намоз ўқи деб сўйлашингдан не фойда?
Экинга нима наф бор, бевақт ёққан ёмғирдан,
Ўлим келган чоғи «хай-хай»лашингдан не фойда?
Дунё фиғон, зорликнинг мақомидир, эй рафиқ,
Ҳашр куни зор йиғлаб «вой»лашингдан не фойда?
Дедим: Тангрим, Шарифни қулликка қабул айла,
Деди: энди қулман деб сайрашингдан не фойда?
Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси