Гулназар Келди (1945-2020)

Атоқли шоир Гулназар Келди 1945 йил 20 сентябрида  Суғд вилояти Айний ноҳиясининг Дардар қишлоғида туғилган. 1966 йилда Тожикистон давлат университетининг тарих-филология факультетини битирган.
Илк меҳнат фаолиятини «Тожикистон комсомоли»  рўзномасида бошлаб,  ушбу рўзнома муҳаррири бўлиб ишлаган. Кейинчалик «Садои Шарқ», «Пайванд» журналларида, «Адабиёт ва санъат» ҳафтаномасида фаолият юритган. «Ваҳдат» рўзномасида бўлим мудири ва бош муҳаррир лавозимида ишлаган.
2005-2010 йилларда Тожикистон Олий Мажлиси намояндалар Мажлиси депутати бўлган. Айни пайтда Абу Абдуллоҳ Рўдакий номли давлат Мукофоти Қўмитаси раиси ўринбосари вазифасида хизмат қилмоқда.
Илк шеърий тўплами «Аскар сурати» номи билан 1969 йилда чоп этилган. «Бошланиш фасли»,  «Чанқоқ кўзгу», «Сен  раъносан», «Елкан». «Лиммо-лим қучоқ», « Гулизор учун», «Яшил девор», «Кўча дарёси», «Бесаранжом ёмғир», «Учта тандир кулча»  каби қирқдан ошиқ китоблари нашр этилаган. «Учта тандир кулча» номли болаларга бағишланган тўплами учун Абу Абдуллоҳ Рўдакий давлат мукофотига сазовор бўлган.
Шеърлари рус ва ўзбек тилларига таржима қилинган. Шоир француз шоирларининг силсила шеърларини тожик тилига ўгирган. Тожикистон Республикаси давлат гимнининг муаллифи. «Тожикистон Ленин комсомоли»  ва Тожикистон ёзувчилар Иттифоқининг Мирзо Турсунзода  номидаги мукофотлари билан тақдирланган.  Тожикистон  ҳукумати  томонидан  «Дўстлик» ва «Исмоил Сомоний» медаллари билан мукофотланган. 1969 йилдан Тожикистон журналистлар Итифоқи ва 1973 йилдан буён Тожикистон ёзувчилар Иттифоқининг аъзоси, Тожикистон халқ шоири.

ҚОР

Сукунат қаърига чўмган бу тунда,
Эй, умидим рамзи, мени тарк этма!
Тонггача оқ йўл бўл, нафасим сени
Эритса, ёримдек дилим эритма.

Сенга изҳор этгум не армон ила:
— Эй, кошки, дунёнинг барча фаслида
Йўллар хам, диллар ҳам фақат оқ бўлса,
Оппоқ умид унса инсон наслидан.

Қуёш нури янглиғ борлиғинг равшан,
Сенда хираликдан йўқ зарра асар.
Аммо нетай ахир, сенинг рангингдан
Оқлик топмасалар ичи қоралар!

Жонимни йўргаклаб кумуш рахтингга,
Яна гўдакликни қўмсайман бу тун.
Бешикда тин олиб, қутулгим келар
Доною нодоннинг дастидан бутун..

Ҳарир парданг узра кўҳна дарахт ҳам
Худди келинчакдек кўринар кўзга.
Сочиб оқ, гўдаклик бўлмагай насиб,
Тақдирга тан бергум, чора йўқ ўзга.

Модомки виждондек покизадирсан,
Имондек беғубор, бедоғ, бекина.
Сени эъзозласа арзир ҳар бир жон,
Сенинг тахтинг эрур мужгон устида!

Аммо сен йўлимга чак-чак томасан,
Армон ёшларидек сизиб басма-бас.
Аммо сен пойимни тавоф қилгудек
Бош қўйиб борасан бефиғон, бесас.

Мен ахир йўлчиман, иложим қанча,
Қандай четлаб ўтай, эй, хайрихоҳим?!
Сен сингиб кетасан заминга, кечир
Бу учун бўлса гар менинг гуноҳим!

Жонимни йўргаклаб кумуш рахтингга
Яна гўдак бўлиб яшагум мамнун.
Мен фақат ўша вақт кўҳна дунёнинг
Қору ёмғиридан қутулгум бутун…

ЭЙ АСРИМ, ОГОҲ БЎЛ…

Қулоққа чалинар ташвишли нидо:
«Илтимос, кўлингни тегизмасдан ўт!»
Посбонлар нигоҳи такрорлар гўё:
«Суратга ҳеч зиён еткизмасдан ўт!»

Нигоҳлар таноби занжир сингари
Одамлар қўлларин боғлар, бегумон.
Ғазабдан титрайди барча: ёш-қари,
Тиш қайраб эшикка бўларкан равон.

Халойиқ бўйсунмай посбон сўзига,
Суратга қўл чўзиб, ишин қилибди.
Тирноғин ботириб Гитлер кўзига,
Роса ковлабдию, роса тилибди.

Музейда осиғлиқ Гитлер сурати,
Кўзлари ўйилган, кабиҳ ва мурдор.
Мужассам кўринди башар нафрати —
Разиллар нафратга, алҳақ, гирифтор.

Во ажаб, шу нокас аждар мисоли
Жаҳонни қон қилиб ютмоқчи бўлди.
Кўринглар, конталаб кўзларнинг ҳолин,
Қон ютиб, қон ютиб қонига тўлди.

Суратга боқдиму кўринди бирдан,
Оламни тўлдирган одамзод қони…
Қулоққа чалинди гўё ҳар ердан,
Мажруҳлар ноласи, фарёд, фиғони…

Гарчи музейдадир Гитлер уяси,
Гарчи озор топмас хавфидан замин,
Эй асрим, огоҳ бўл, унинг куяси,
Унинг уруғлари бош кўтармасин!

Тожикчадан Жонибек Қувноқ таржимаси

ТОЖИКИСТОН

Тожикистон-ла
Мен миллатдирман.
Ному насабли
Бошавкатдирман.
Тожикистонсиз
Бемакондирман.
Ойу қуёшсиз
Ломакондирман.
Булоқларисиз
Ташнажондирман.
Гўзал тоғисиз
Нотавондирман.
Тожикистонсиз
Ҳеч касим йўқдир.
Олам тўла ганж
Бир хасим йўқдир.
Тожикистонсиз
Мендан асар йўқ.
Тожикистонсиз
Мендан хабар йўқ.
Тожикистон-ла
Мен одамдирман.
Танҳо деб айтманг,
Мен-оламдирман!.

ШЕЪРИМ МЕНИНГ ИСЁН ЭРУР…

То муҳаббат Вахшонзамин аёлидек сарсон экан,
Шеърим менинг исён эрур.
Токим унинг бешигида мағрур ажал хандон экан,
Шеърим менинг гирён эрур.

Рўдакийнинг кўзи каби гулзордаги ғунчалар ҳам,
Бу туннинг зулмати янглиғ,
Токим афғон шамоллари офатгари бўстон экан,
Шеърим менинг тўфон эрур.

Ўртамизда сарҳад бордир, юрт сарҳади обод, вале,
Бағрида юз фарёд бор экан!
То ҳамсоя соясининг жойи бизнинг майдон экан,
Шеърим менинг нолон эрур.

Токим гўдак кафтларидан қалам шавқи тушар экан,
Дилда ташвиш яшар экан,
Токим сухан биноси ҳам омонату ларзон экан,
Шеърим менинг вайрон эрур.

Токим дили хаста Аму янглиғ гоҳо мен паришон,
Гоҳо бўлиб мен пушаймон,
Дил қаъримда фиғонларим пинҳон экан,
Шеърим менинг зиндон эрур.

Тожикистон – она юртим, менга тоза иймон экан,
Жоним  ичра бир жон экан,
Токим Хўжанд, Хатлон  ҳамда Риштон аро сарсон экан,
Шеърим менинг урён эрур…

ТИЛ ҲАҚИДА

Дарий тили тожигимнинг нишонидир.
Икки жаҳон аро унинг жаҳонидир.
Санжар ила Чингизхондан кам бўлмаган
Тожикларнинг ҳам паноҳи ҳам шонидир!

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси

РУСТАМ ТАХТИ

Оналар ўз шуҳратин фарзандига бахш айлагай,
Самангонда Рустам тахти интизордир Рустамга…
Бу олий тахт пойига
Не-не ёғий тиз чўккан.
Не-не ўлка-элатдан Рустамнинг душманлари
Ўз қонига ғарқ бўлиб
Ерга қулаб тушгандир.
Рустамнинг номи уйқаш ифтихору шарафга,
Рустамнинг номи нишон поклиқ, номусу орга,
Рустамнинг гурзиси ҳам абадият омондир,
Рустамнинг шон-шуҳрати асрларга етажак!
Агар тилга кирса тошлар, бу лаҳза
Ватаннинг ишқи деб қиссалар сўйлар.
То тирик бордир Ватан,
Бу қиссалар мангу яшар.
Ярадор деворлар инграйди гоҳо:
«То бино бўлгунча она-Ватан сийрати
Умрлар қечди қанча!
Ёмғирнинг найзалари ерга ботган лаҳзада,
Сабзлар аччиқ ёшдан ҳўлланган бир лаҳзада,
Лолалар ғам зўридан титраётган лаҳзада
Қулоққа чалинарми Суҳробнинг нолалари?
Ё Рустамнинг фарёди?»
Оналар ўз шуҳратин фарзандига бахш айлагай,
Самангонда Рустам тахти интизордир Рустамга…
…Бироқ Фирдавсий каби
Шоир ҳам туғилмаса,
Бошқа Рустам ҳеч қачон қайта қелмас оламга.

КАРВОНЛАР

Қўнғироқ жаранги таралар ҳар ён,
Узоқ йўлни кўзлаб бормоқда карвон.
Тезроқ жамол кўрсат, эй, содиқ саҳар,
Карвонга йўлдош бўл, бўлгин меҳрибон!
Олдинда довонлар,
дилда армонлар,
Эй, йўлчи юлдуз,
йўлдан узма кўз!

Карвонга мунтазир не-не манзиллар,
Саноқсиз диллар!
Омон етармикан?
Хурсанд этармикан
Бу манзилларни,
муштоқ дилларни?

Асрлар бағридан ўтмоқда карвон,
Қўнғироқ жаранги таралар ҳар ён.
Балки Наср бормоқда Бухоро томон?
Қалбини забт этиб Рудакий шеъри,
Шеърга асир бўлган юртнинг амири:
«Мўлиён бўйи бу ён келмоқдадир,
Ёдга ёри меҳрибон келмоқдадир…»

Ё Тусни сўроқлаб борар зар ортиб,
«Шоҳнома» байтларин зар билан тортиб?
Шоирга кечиккан бу зар не даркор?
Қачон тенгдир, ахир, зар билан ашъор?!

Карвонга юкланган умид ва армон,
Не-не тақдирларга шоҳид бу карвон.
Носир Хисрав изи бордир Ҳижозда,
Сино ҳикматларин тинглар ҳар макон.

Қўнғироқ жаранглар,
ўтмоқда карвон,
Қайдаман?
Айтинглар, бу қайси замон?
Қайси аср бўлмасин,
қайда бўлмасин,
Тезроқ жамол қўрсат, эй содиқ саҳар,
Карвонга йўлдош бўл, бўлгин меҳрибон!
Чарақлаб тургин сен, эй йўлчи юлдуз,
Карвон ўтиб борар, йўлдан узма кўз!

* * *

Соҳиллар ўхшарлар қақроқ лабларга,
Куйдирар, ёндирар сувнинг армони.
Мавжланиб оққанди бу дарё бир вақт,
Ёд бўлиб қолганди сирли достони.

Дарёнинг умиду армони гўё
Ўзанда тош бўлиб қолгандай бугун.
Мусаффо қўзгуси тошда минг пора,
Ҳеч кимни этолмас ҳуснига мафтун.

Тошларнинг бетига, соҳил четига
Дарё ўз муҳрини босган бемалол.
Қоянинг тошига не умид билан
Ўткинчи ўз номин ёзгани мисол.

Узилган тор каби кўринар дарё,
Унда на навою на куй, на баён.
Жавлон ургани-чун аммо бир баҳор,
Эл уни дарё деб атайди ҳамон…

КУЗ

Тоғу тошлар узра,
Боғу адирдан
Совуқ ел кечади тирама куни.
Энди умидимнинг дарахтларидан
Тўкилиб тушарми қувончим гули?

Саҳрою адирлар бийдай тап-тақир,
Шамоллар келтирмас қушлар фарёдин.
Наҳотки, бу фоже менга ҳам тақдир,
Наҳот, бир кун келиб сўнар ҳаётим?

Қариган мулладек мудрайди дарё,
Бемордек оқариб қолгандир қуёш.
Наҳот, бир кун келиб кўнглим қуёши
Нурлари сўнар-у, бўлади одош?

Ёримнинг васлидек кун қисқа, мубҳам,
Ёримнинг ҳажридек кечалар узун.
Наҳотки, менинг бу қисқа умрим ҳам
Оний лаҳза эрур табиат учун?

Титраган япроқлар, яланғоч дарахт
Баҳордан эртаклар айтади бу пайт.
Яна қайта гуллар юрагимда бахт,
Умиддан бир байту армондан бир байт.

ШУКРОНА

Биз жуда ёш эдик, кўрмадик гарчи
Нимадир ўт-тутун пуркаётган жанг.
Лекин эшиклардан очлик шаклида
Ўлим бизга солар эди чанг.

Урушни кўрмадик ва лекин дилда
Дард, ғамлар яширган юзларни кўрдик.
Оталар, ўғиллар ҳам биродарлар
Йўлида интизор қўзларни кўрдик.

Урушни кўрмадик бизлар ва лекин
Сулув қелинчаклар сукутин кўрдик.
Бир оёқда қайтган ака, отани,
Қайноқ ёш, нолалар, дард ўтин қўрдик.

Бизлар тириклиқнинг оғир юкини
Жуда эрта кўрдик ўз елкамизда.
Кўрдик оталарнинг коржомасини
Оналар эгнида — ўз ўлкамизда.

Кўрдик ранги ўчган хат ташувчининг
Титроқ қўлларини, имдодларини;
Тўртбурчак хатларда бизлар ногаҳон
Кўрдик оналарнинг фарёдларини…

Бугун-ку, бахт кулиб боқар ҳар томон,
Ер гулга чўлғанган, софдир коинот.
Бу дилкаш ҳаётнинг қадрига, ёшлар,
Етмоғимиз керак барчамиз, ҳайҳот.

Бугун сенга айтган юрак сиримда
Тупроққа кўмилган минг сир ниҳондир.
Сенга тақдим этган даста гулимда
Минг бир очилмаган ғунча пинҳондир.

Мен тўлиб васф этай жону дилимдан
Армонли қизларнинг севгиси кучин,
Токи сен заҳмат чек ўзинг учун ҳам
Ҳам жангдан қайтмаган йигитлар учун.

Урушдан қайтмаган бўлса ҳам гарчи,
Тупроқда жимгина ётса ҳам улар,
Ҳам менинг, ҳам сенинг — барча ёшларнинг
Бахтига ҳар лаҳза кўриниб турар.

Бу тотли ҳаётнинг шукронасидан
Бизнинг бахт уйимиз бўлмиш чароғон.
Ул қаро кунларни инсон боласи
Кўрмасин ҳеч қайда, ҳеч вақт, ҳеч қачон!

КУЗАТИШ

Ўз юзингни ўз кафтинг-ла яширмагил, жонгинам,
Ахир йиғи раво эмас эркак кишига, аён.
Ёшга тўлган кўзларимни юзингга тикдим бу дам,
Юрагим қон эди ўзи, жигарни ҳам қилма қон.

Қўлим синсин менинг, ахир, қўлларингни ушбу кез
Силаб-сийпаб юзларингдан айирмади, начора.
Панжаларим тарамади хушбўй сочингни, эсиз,
Шод этмади ишқцан алам чеккан кўнглингни сира.

Кўриб сенинг ҳолатингни, хаёлинг тўлқинини,
Остонада бамисоли девор бўлдим, жонгинам.
Ўзим-ку лол эдим сезиб узоғу яқинингни,
Кўриб оҳинг чақинини абгор бўлдим, жонгинам.

Юраккинам амр этарди: «Дарҳол боргил, тезроқ бор,
Силаб тутгил қўлларини, елкасига қўйгил бош!» —
Ҳаяжону андишаю ҳаё эди устивор,
Ҳайҳот! Қани, қайда эди ўшал журъат ва бардош!

Нечун кўкрак қафасимда телбадек талпинарсан?
Дод дастингдан сенинг, ахир, менинг шўрлик юрагим!
Нечун унга сен ўтринча-ўтринча ташланарсан?
Дод дастингдан сенинг, ахир, эй, кўзим, эй, қароғим!

Ўз юзингни ўз кафтинг-ла яширмагил, жонгинам,
Ахир, йиғи раво эмас эркак кишига, аён.
Паришонҳол кетмаслигим учун тағин ёнингдан,
Шу аҳволда кузатмагин энди мени ҳеч қачон!

Тилак Жўра таржимаси

ЁЛҒИЗЛИК

Эй арча, ўрнинг баланд,
Пойингда турар тоғлар.
Ҳамсуҳбатинг бўрону
Қўшнинг осмон бу чоғлар.

Қуёш ҳам меҳри билан
Юзингдан ўпич олар.
Қаҳри келиб тўфоннинг
Сунбулинг тортиб қолар.

Юксакликка дил боғлаб
Айрилдинг ёр-дўстингдан.
Ҳарчандки баланддасан
Пинҳондирсан ўзингдан.

Тун чўкиши биланоқ
Кимни кўра олардинг?
Бу манзилда, айт-чи, сен
Кимга тўкардинг дардинг?

Ёнингда ғам-ғуссангга
Шерик бўлар кишинг йўқ.
Чунки ҳаволаб кетдинг,
Биров билан ишинг йўқ.

Гарчи бу ҳаётингни,
Жасурлик, дерлар, майли.
Баргингдаги шабнамлар
Кўз ёшингга ўхшайди.

Жамшид таржимаси