Аскар Ҳаким (1946)

Аскар Ҳаким 1946 йилнинг 10 октябр куни Хўжанд ноҳиясининг Рўмон қишлоғида туғилган. 1967 йилда Тожикистон давлат Университетининг тарих-филология факултетини битирган.
Адабиётшуносликка доир «Шеър ва замон», «Дар қаламрави сухан», «Творцы созвучий», «Испытание поэзией» каби китоблари нашр этилаган. «Раҳнавард», «Рўзе умед», «Путник», «Баргпайванд» каби китоблари чоп этилан.
Тожикистон халқ шоири, Абу Абдуллоҳ Рўдакий номли давлат мукофоти соҳиби. 1976 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси.

ЮКСАКЛИК

Тоғнинг ҳар тошида кўзлардан ниҳон
Бор экан, билмасдим, беҳад рамзу панд.
Чўққига фотиҳдек қадам қўйган он
Янги чўққи кўрдим бош узра баланд.

Тонгнинг элчисидай эсди шўх сабо,
Завқ билан сайради бир қуш бутоқдан.
Бу наво тоғ ичра бериб акс-садо,
Минг садо таралди бирдан ҳар ёқдан.

Бир зумда қорайди осмоннинг юзи,
Тоққа чодир қурди даҳшатли булут.
Кўздан ғойиб бўлди қуёшнинг кўзи,
Рўшнолик ногаҳон бўлгандай унут.

Қуёш кўринмасди, чўкканди гўё
Қоп-қора булутнинг тубсиз комига.
Яшин тиғ урди-ю, ёришди само,
Шамол чангал солди булут домига.

Инондим, булутсиз бўлмаскан осмон,
Бўлса ҳам, деёлмам софликка шукуҳ.
Тоғнинг баландлиги сенга не аён,
Паст бўлса агарда вужудингда руҳ.

Инондим, бир боқиб топмоқдир маҳол
Тош сирин, ётса ҳам думалаб йўлда.
Мушкулдир чўққида кўрсатмоқ жамол,
Гар фотиҳ бўлмасанг саҳрою чўлда.

Юксаклик сирини айтгин, баланд тоғ,
Ахир, чўққиларинг кўк бирла ҳамроз.
Нечун кўринаркан осмон баландроқ,
Инсон ерда бўлса қанча сарафроз?!

ЭРТАКЧИ ЧОЛ

Соқолу қошлари қордайин оппоқ,
Эгнида-чи? Сурпдан тикилган хилъат.
Ҳаётда кўрди у висолу фироқ,
Аччиғу чучук ҳам азобу роҳат.

Юзидан шафақдай ёғиларди нур,
Сирли афсоналар — унинг таълими.
Кўзлардан шашқатор оқизмоқда дур —
Шириннинг ғуссаси, Фарҳод ўлими.

Дев билан олишар майдонда ботир,
Мўйсафид кўзида қалқди қатра ёш.
Чол камон отгудай тўлғанаётир,
Ботирга тилайди омад ва бардош.

Шаҳсувор бағрида ой юзли жонон
От суриб бормоқда қўмсаб диёрин…
Мўйсафид кўзидан ёшлари равон,
Балким эслагандир севимли ёрин…

Соқолу қошлари қордайин оппоқ,
Ўзи ҳам, сўзи ҳам ажиб афсона.
Худди эртаклардан чиққандай шу чоқ,
Фаридун дардидан қалби вайрона.

Умринг боқий бўлсин, эй, эртакчи чол,
Бошингдан ўтганин сўйла бирма-бир.
Ҳижрон хазон бўлсин, яшнасин висол,
Қора хат битмасин ошиққа тақдир.

Ишқ деб жон берганлар афсона бугун,
Уларга, тўғриси, қиларман ҳавас.
Майли, юрак-бағрим ишқцан бўлсин хун,
Мени ҳам бир куни эсласалар, бас…

ЙИҒЛАЁТГАН ТОШЛАР

Ортда қолди бийдай биёбон,
Тоғ кўринди, осмонда боши.
Баланд қоя остида нолон
Бир уюм тош, тинмайди ёши.

Қайнарбулоқ мисоли оқар
Тош қалбидан сизиб чиққан ёш.
Ҳар тош мунгли онадай боқар,
Она кўзин чизгандай наққош.

Ойнак таққан йўл бошловчи қиз
Айтиб берди мунгли ҳикоят:
Тош кўзини силаб чўкдим тиз,
Эски дардни қўзғади ғоят.

Бир замонлар, тоғлиқнинг ёви —
Чўлда қумдай кўчиб юрган зот,
Етди дея молу жон ови,
Тоғ бошига юз тутди, ҳайҳот!

Ёймоқ бўлди ўз подасини
Яшнаб турган боғу чаманда.
Тоғнинг оҳу кўзли қизини
Этмоқ бўлди канизу банда.

Чингизхон-чун агарчи тақдир
Буюрганди қумда юришни.
Баландликни кўзлаб, бебасир,
Орзу қилди тоғда туришни.

Юқсақликии қилмоқ-чун ҳавас
Юксакликда туғилмоқ дарқор.
Таги пастдан паст туғилар, бас,
Қолган гапнинг ҳаммаси беқор.

Бел боғлади тоғлиқ деган зот,
Рустам каби чиқиб сафма-саф.
Ҳурлиқ — ҳаёт, тутқунлиқ — мамот,
Ўлсақ майли, душман бўлсин даф!

Тоғ бошида янграрди нидо:
Ҳар битта тош бошинг нақшидир!
Юртни ёвга кўрганча раво,
Тошдай қотмоқ минг бор яхшидир!

Ҳайқирарди сафдан шоҳсувор:
Бу сўнгги жанг эмасдир ҳаргиз…
Қора қийиб оналар ночор,
Ёш тўкишар, йиғлашар унсиз.

Йўл бошида айтиб рози дил,
Ҳасрат чекиб кутдилар муштоқ.
Кўзлардан ёш оқди худди сел,
Тошлар ҳам ёш тўқдилар шу чоқ.

Қиссахон қиз бир дам тин олиб,
Деди: — Тамом, қўшмоғим маҳол…
Йиғлаб қолди, «не кўргилиқ!» деб,
Оппоқ сочли ошуфта аёл…

Оқар эди зилол қатралар,
Ажин босган чеҳрасин ювиб.
Муштдеккина эди муштипар,
Зор йиғларди, жигарбандим, деб.

Жангга кетди азиз ўтлони,
Ҳанузгача беному нишон.
Ушалмаса қутлуғ армони,
Тошлар йиғлар бир кун, бегумон…

Бир уюм тош, ёш ювар юзин
Ўлкамнинг энг баланд тоғида.
Кўрдим муштоқ оналар кўзин,
Ёш тўкарлар фарзанд доғида.

* * *

Тонг чоғида фарёд чекар балкондан ота,
Нолиб-нолиб фарёд чекар ўшондан ота.
О, қанчалар маъюс, маҳзун унинг ноласи,
Қон бўлди-ку, фарёд чекиб, қайда боласи?!

Минг хил садо ютар унинг оҳу ноласин,
Кўчада-ку, ўйнаб юрар шодон боласи!
Нечун ота фарёдига парвойифалак?!
Учиб келгин, кутар, ахир, отанг жонсарак!

Жон-жонимдан ўтар ҳар тонг мунгли овози,
Бора-бора бўлиб қолдим унинг ҳамрози.
Қўшни эдик, оға-ини тутиндик охир,
Куйинаман, бўлган каби тақдиримиз бир.

Сўққабош у,
Айрилибди ўз қанотидан,
Ўзин четга тортар мудом аёл зотидан.
Кўзлари дер:
Гар қаро кун тушса бошимга,
Куймайсиз ҳам, келмайсиз ҳам менинг қошимга.

Тамакига қўшиб гўё бутун заҳрини,
Тинмай чекар, тутун пуфлар, пуфлар қаҳрини.
Тутунларнинг ҳалқасидан излар йўлдошин,
Ҳалқа-ҳалқа тутун ўрар эгилган бошин.

Ҳеч ким билмас, нечун ташлаб қетди аёли,
Қариб қолган, олмайдими унинг уволи…
Қулоғимга чалинади тонг чоғи фарёд,
Бу фарёдга борми, айтинг, дўстларим, имдод?!
Сўроқлайди балким баҳор, ёзу қузини?
Ҳам ўғлонин ҳам аёлин ҳамда ўзини…

* * *

Қўшиқлар битарди сенга шалола,
Навбаҳор тутарди қафтида лола,
Ел ўпиб ўтарди қокилинг тараб,
Қушлар тўқишарди минг бир рисола.

Майсалар — йўлингда яшил пойандоз,
Шабнам дур мисоли бермоқда пардоз.
Гул барги пойингни ўпмоқда қониб,
Бундан ҳам зиёда бўлурми эъзоз!

Булут ҳам бисотин тўкди бошингга,
Кумушдан хат чизди қалам қошингга,
Қовжираб турарди менинг лабларим,
Бир қиё боқмасдинг ҳасратдошингга.

Олам ҳам, одам ҳам бўлганди унут,
Қувонч ҳам, алам ҳам бўлганди унут.
Шивирлаб қуйларда ёмғир ишқингни,
Қўшиқ ҳам, қалам ҳам бўлганди унут.

Навниҳол қаддингни юварди ёмғир,
Гоҳ зару гоҳ кумуш бўларди зоҳир.
Гул ёмғир ёғарди қокилларингдан,
Шохлардан ёғарди гўё жавоҳир…

Тилак Жўра таржимаси

РУБОИЙЛАР

Жаҳон тўққиз фалагин сутуни бўлмоқ керак,
Фалак қасдига инсон бутуни бўлмоқ керак.
Сўнгги нафас руҳингни сарғайтиришни истар,
Лолагунлик умрингнинг якуни бўлмоқ керак.

* * *

Ҳар совуқ кўнгилки бор, ул малҳами роз ўлмади,
Умрида ғам кўрмаган ғамингга ҳамроз ўлмади.
Туяқуш номлиғ ажаб махлуқни кўрганлар билур,
Ҳар қанот соҳиби ҳам қобили парвоз ўлмади.

* * *

Менинг жоним яратди аршда яздоним,
Ер юзига юборди сўнгра Қуръоним.
Токи қаро тупроқдан самога қадар,
Осмоний оят этсин самовий жоним.

* * *

Қийин келган ҳар нарса осон кетмайди,
Имкон кетса майлига, имон кетмайди.
Бу дунёда жонимни асраган ишқим,
Жон кетса ҳам суякда ниҳон кетмайди.

* * *

Қандай одам яратдинг, худойим, аввал,
Ўзининг инисига келтирди ажал?
Унга қарға ўргатди қабр қазишни,
Ҳайфи башарким, қушдир раҳбари азал.

* * *

Асло демагайман, менга мол беринг,
Бахтсизлигим олинг-да, чин иқбол беринг.
Аршдан йўл олганимда қанотим бўлган,
Менга само йўлига пару бол беринг.

Ўлмас Жамол таржимаси