Акбар Абдулло (1950)

Акбар Абдулло 1950 йил 9 июнда Хатлон вилоятининг Шўробод ноҳиясининг Даштижум қишлоғида туғилган. Восеъ ноҳиясида ўрта мактабни тугатгач, Душанбе шаҳридаги индустриал педагогика техникумида таҳсил олган. 1972-1976 йилларда Тошкент шаҳрида Совет Иттифоқи Ички ишлар Вазирлиги Олий мактабини битирган.
Шеърлари рус тилига таржима қилиниб, кўплаб алманахларда чоп этилган. “Ёлғизлик сирлари”, “Дил эҳтиёжи”, “Дард шоири” каби кўплаб китоблар муаллифи. Айни пайтда Тожикистон Ёзувчилар иттифоқи раиси ёрдамчиси вазифасида ишламоқда.

БАРГ

Дарахт шохидаги танҳо тиллабарг
Шамол таъсирида ялтирар эди.
Билганим шу онда менинг вужудим
Танҳо тилла баргдек қалтирар эди.

Хазон ўз ҳукмини ўқиди шу он,
Барг узилиб тушди шохидан буткул.
Гўё нокасларнинг найрангларидан
Ерга йиқилгандек титрадим бир зум.

ШОИР ИШҚИ

Хаёл оғушида кўча кезаркан
Шеъримни пичирлаб айтиб юраман.
Девона кўнгилнинг орзуларини
Ботинимда қайта тиклаб бораман.

Ногаҳон бир дилбар ёнма ён юриб
Нозли нигоҳила менга боқади.
Зорли юрагимни бепичоқ тилиб
Озурда жонимда олов ёқади.

Шу онда у менинг яшнаб очилган
Ижод гулбоғимнинг янги гулидир.
Сарвдек келишган қадди қомати
Тоза хаёлимнинг тик устунидир.

Қалбимда кинаю адоватим йўқ,
Дунёга меҳр бор содда дилимда.
Уйсиз бир девона каби бўлсамда
Шукрким, муҳаббат яшар кўнглимда!

***

Азалдан ошиғинг эрдим, англармисан? Англамайсан,
Кўксимда куйиклар кўрдим, англармисан? Англамайсан.

Висолингга етмоқ учун умри жоним фидо айлаб,
Давлатим, ганжимсан дердим, англармисан? Англамайсан.

Сен менинг бетакрор бахтим, сен менинг давлатим – тахтим,
Аҳдимда жовидон турдим, англармисан? Англамайсан.

Ёлғиз тунлар фиғон этдим, бағримни доғу қон этдим,
Шу ҳолда ҳам ҳолинг сўрдим, англармисан? Англамайсан.

Сендан олисдаман эй жон, дилим тиғлар ҳар он ҳижрон,
Бағрим аро доғлар кўрдим, англармисан? Англамайсан.

ДИЛ САВДОСИ

Илк бахтим тарк айлади,
Орзуга тўла дилим.
Илк бахтим тарк айлади,
Ишқингга тўла дилим.

Рангин гуллари ила
Умрим баҳори ўтди.
Азиз жон баҳосида
Дилнинг хумори кетди.

Кўзимдан нурлар қочди,
Қолди унда нигоҳинг.
Бахтинг гул атрин сочди,
Бахтим – жигарим оҳи.

Қолди ишқу умидим
Бу жоним дунёсида.
Лек сенинг меҳринг яшар
Жонимнинг савдосида.

Тожикчадан Ҳасанбой Ғойиб таржимаси