Муҳаммад Зиё. Муаллим (ҳикоя)

Қишнинг куни бир тутам. Бирпасда намозшому кейин зимистон. Туман тушса, томоша бўлади. Ёмғирдан сўнг қишлоқ йўлларининг абжағи чиқади. Чироқ тез-тез ўчиб турадиган қишки кечаларда бир амаллаб мактабдан уйга омон-эсон етиб олишим керак. Ана шунақа пайтларда кўча четидаги ёлғизоёқ сўқмоқдан тусмоллаб кетавераман. Беш дақиқа юрганимдан сўнг Анор холанинг томорқасидаги молхонасидан гўнг ҳиди анқийди. Йўғ-э, нималар деяпсиз! Жирканмайман, ўрганиб кетганман. Муҳими, тўғри йўлдалигим, тағин озроқ юрилса – муюлиш, ана шу жойда эҳтиёт бўлиш керак. Бир вақтлар сув чиқмай қолганда кавлаб қувур ямалган, шу-шу чуқур кўмилмай қолиб кетганидан атрофи ботқоққа айланган. Бир амаллаб ўтганимдан кейин, яна уч-тўрт дақиқача юрилгач, Чори аканинг уйи чаврасидан оламни бузиб юборгудек ҳуриб, жиғибийрони чиққан итини занжир товушларигача эшитилади. “Бўшалиб кетса-я” деб чўчийман-у, адашмай келаётганимга шукр қиламан. Яна бироз юрилса, кўча четидаги бир қулоч келадиган сариқ темир қутидан тисиллаб чиқаётган газ исидан нафақат кўнглим беҳузур бўлади, балки кўзларимни ҳам ачиштиради ёз кунлари… Ҳозир-чи, туманда қути кўринмагани етмагандай, иси ҳам сезилмайди. Бу занғар газ пастлаб кетган, ё ўчган… Бир марта газ ташкилотида ишлайдиган Маҳкам акага: “Қанча табиий газ ҳавога совуриляпти маҳкамлаб қўйсаларингиз бўлмайдими?” десам, «Бу “Гостстандарт” китобида шунақа», деганди. Эй тавба, қишлоқда бунақа қутилардан қанчаю… Туманда-чи? Мамлакат бўйича… Эҳ-ҳе… Шамолдан электр қуввати олаётган Оврўпа нима қиляптийкин?.. Ҳозир гап унда эмас, бояги сариқ қути чиппакка чиқди ҳисоб, бурнингдан нарини кўриб бўлмайдиган туманда сув ҳам музламайди. Энди бирдан-бир умид майда-майда қадамда пайпаслаб бориб кўлмакни топиш, сўнг унинг чети бўйлаб сўқмоққа ўтиш. Аслида, энг чуқур жой тиззага ҳам етмайди-ю, юзаси ўн-ўн беш метрдан ошади. Кўлмак четидаги йўлакдан кундузлари ўтаётганимда, ит-мушукларнинг излари кўзга ташланади. Кўлмак ёқалаб йўл солар экансиз, қоқ ўртасига етганингизда ит чиқиб қолса, нима бўлади? Бир томони девор, иккинчи томони… Тош олган киши бўлиб, ҳиёл эгилсангиз қишлоқ итлари одатда тум-тарақай бўлишади. Лекин Чори аканинг итига ўхшаш важоҳатлисига учрасангиз, пешонангиздан кўраверинг. Айнан ўша ерда ит эмас, машина ўтиб қолса ҳам бир бало, қанча асталанмасин барибир лойқадан бенасиб қолмайсиз. У ҳам майли, айтайлик, сиз кўлмак бўйлаб кетяпсиз, у томондан бир киши келиб қолса, нима қиласиз? Агар ёши улуғ бўлса, дейсизми? Йўқ, бу ерда ёш-қари, эркак-аёл деган гап йўқ. Ким кўпроқ йўл босган бўлса, у ҳақ, камроқ йўл босган томон ён бериб ортига чекинади. Бу қоидани ким қачон ўйлаб топганини ҳеч ким билмайди. Аммо кеч куздан баҳоргача шу қоида амалда. Шунинг учун мен бу ердан ўтишда аввал йўлакка бироз термилиб тураман, туманда алламбало шарпалар гоҳ катталашиб, гоҳ кичрайиб кўрина бошлайди. “Бисмиллоҳ…”ни тез-тез такрорлаб ўзимга ўзим далда бераман. Биров келавермагач, йўл соламан. Энг ёмон кўрган нарсам шу ерда юз беради. Мен ҳамма нарсага чидашим мумкин, бунисига эмас, нима экан дейсизми? Ўша дардисар жойдан ўтаётганимда ё мен йўл бераман, ё менга йўл беришади. Ўшанақа пайтда аёл киши бўлса, хўпала-хўп индамай ўтади-кетади, баъзи эркаклар ҳам. Аммо яна бир турлари борки, асти қўяверасиз. Тунов куни йўлимдан шунақаларнинг уч-тўрттаси чиқиб қолди. Аввал, “А-ҳа-иҳм”лаб томоғини яхшилаб қириб, “Сомалайкум” деб юзимга тумшуғини тиради, оғзидан ароқ аралаш нос ҳидини гупиртириб:
– Кимсиз? Ие-й… Ҳа, домла, кеч бўлганда? – деди кинояли.
– Ҳи-м… Сал иш кўпайиб кетди, – дедим.
– Ҳе-е, қойил-э, зўрсизу, домла, – деди улардан биттаси сўрашар экан.
Аста узоқлашишаркан висир-висир: “Домлани айтганини қил-у, қилганини қилма, деган машойихлар”, деб кўчани бошига кўтаришиб ваҳҳалаб, роса қотишди.
Уларнинг гап оҳангидан гўё ишхонада қолиб биров билан дон олишиб, ёхуд ул-бул ерда учрашиб кўнгилхушлик қилган кишидек. Ёки мактабни бирор буюмини машинага ортиб, “Сиз айланма йўлдан бораверинг, мен тўғри йўлдан кесиб чиқаман” деган киши аҳволига тушасиз. Мен уларнинг хаёлидан ўтган бемаъни ишларни қилмаганман, ҳаммани ўзларига ўхшатишади-да. Бордию, ўша бемазагарчиликларни қилган тақдиримда ҳам бу такасалтанг, пасткашлар олдида барибир фаришта ҳисобланардим. Булар шу кетишида қишлоқ четидаги кулбага – хотини ташлаб кетган Қулматникига боришади. Кейин тонггача вадаҳанг-бан㬬 – қимор. Бари бемаънигарчиликлар ўша ерда бўлади. Қулмат чўталчи бўлволади. Буни ҳамма билади, фақат участка нозири билмайди холос, эҳтимол у ҳам чўтал олар. Балки, улар ҳам ҳар хил оқимларга қўшилиб, ишкал чиқармаганидан хурсанд бўлса керак. Хўш, кеч бўлганда ўзинг нима қилиб юрувдинг дерсиз?
Одатда, қишлоққа қиш келса, бутун-бутун оилалар бир хонага қамалади. Йўқ, бизни биров қамамаган, ўзимизни ўзимиз қамаганмиз. Мақсад ўтинни, кўмирни тежаш, қолаверса, уйнинг шифтигача қорайиб, таъмири бузилишидан асраш.
Қишхона – бир хона, ўртадаги катта хонтахтани сандалга мослаганмиз, ўта замонавий. Сандал остига чўғ эмас, электр қуввати билан ишлайдиган печ қўйганмиз. Сандалнинг тўрида онам, ўнгида рафиқам билан ўғлим, чапида эса ўзим ётаман, электр қуввати ўчган пайтлари хона четидаги печкага зўр берамиз. Ҳар тонг печканинг чиғаноғида тандир нонни иситишади, бирам муаттар ҳид тараладики, кун бўйи кайфиятим, ишларим ҳам зўр бўлади, буни ҳеч нимага алмашиб бўлмайди. Бироқ уйдагилар бирор ишга уннаб қолса, бирпасда нон куйиб, ачқимтир ис пайдо бўлади. Кайфиятни ҳам расво қилади. Бошқаларни билмадим-у, биз қишда шундай қилиб кунимизни кўрамиз.
Қисқаси, мен бошланғич синф ўқитувчиси бўлганим учун деярли ҳар куни болаларнинг дафтарини текшириб, баҳолашим керак. Бир куни бояги сандал устида дафтарларни текшираётгандим, қўшнимиз болта сўраб чиқибди, олиб бериб уйга кирсам, ўғлим дафтарларга чизиб ташлагани етмагандай биттасидан варақларини йиртиб олибди. Фиғоним фалак бўлиб, “болага қарамайсанми?” деб хотинга ўшқирдим. Ўғлим чинқириб йиғлаб юборди. Онам: “Энди кўзим илинганди, нима жанжал, нима тўполон”, деб жаҳллари чиқди. Сабабини билгач, “Дафтар-қаламинг бошингдан қолсин, шу болангдан азизми? Ёзув-чизувингни мактабингда қилиб келгин”, деб набирасини бағрига олди. Токчада турган газета-журналларни олиб, “айланай, болам, ма, чизовур” деб папалади, қайсар ўғлим эса керакмас дегандай уларни ҳар томонга улоқтириб хархаша қиларди. Шу-шу ишларни тугатиб уйга қайтадиган бўлдим. Мактаб совуқ, кечгача қолишнинг ўзи бўлмайди. Шунинг учун тўк билан ишлайдиган печкадан биттасини столим остига қўйиб олганман. Электр ўчмаса – берди Худо, ўчса – урди Худо. Агар ишларим охирлаб қолган бўлса, шам ёқиб якунлаб қўяман. Ҳар сафар шам ёққанимда Умар ибн Хаттоб (розияллоҳи анҳу) ёдимга тушади. Ҳазратда доим иккита шам: бири ўзиники, иккинчиси халқники бўларди. Менда эса бор-йўғи битта: у ҳам бўлса, хотинимдан беркитиб олиб келган шамим. Агарда иш ҳали-бери тугамайдиган бўлса, чироқ ўчиши билан уйга жўнайман. Бироқ барибир эртасига вақтлироқ келиб якунлаб қўйишга тўғри келади. Ана, нега ишдан доим кеч қайтишим сабабини билиб олдингиз.
Мен барчасига тоқат қилишим мумкин, аммо анавинақанги лўттибозларнинг ғийбатига чидай олмайман холос. Бунақаларга рўбарў келмай дейман-у, қуриб кетгур кўлмаклар халақит бераверади.
Кўлмакдан омон-эсон ўтгандан сўнг яна озроқ юрилса ўнг томондаги биринчи симёғочдан кейинги уй – кўк дарвоза. Тамом-вассалом, етиб келдим ҳисоб. Кўрдингизми? Аслида кўча жа ёмонмас, йўл ҳам унақа узоқ эмас, одамларнинг ўзи ҳавосатчи.

* * *

Уч-тўрт кундан буён мактабга эртароқ бориб, чала ишларни охирига етказиш билан бандман. Жўрабек исмли ўқувчим ҳаммадан олдин келиб, дарров курткасини стул суянчиғига илиб дарс қилишга киришади, дарсдан кейин ҳам ивирсиб ҳаммадан охирида қолиб кетадиган одат чиқарди. Бир куни совуқ авжига чиқди, синфхонада энди печка ёқилган, ўзим палтода ўтирардим. У яна ўша одатини такрорлади. Мен унга курткасини кийиб олишини айтдим, у эса яхламаётганини айтса-да, совуқдан кўкариб бораётгани, аммо қарори қатъий эканини сездим. Ёнига бориб, курткасини кийиб олишини илтимос қилдим. У бўлса:
– Киймайман, совуқ қотганим йўқ, – деди яна қайсарлиқ қилиб.
– Киймасанг бўлмайди, шамоллаб қоласан, – деб курткасини ўзим кийгиза бошладим.
– Барибир ечиб ташлайман.
– Ечиб кўр-чи, нима қиларкинман! – дедим худди ўз боламга танбеҳ бераётгандек.
– Нима қиласиз? – деб ҳиққилаб йиғлай бошлади.
Курткасини кийгизаётганимда чўнтаги ёнида тухумдан кичикроқ ямоққа кўзим тушди. Ямоқ ўз матосидан солинган бўлса-да, оқ ип билан уқувсизларча тикилган эди. Агар сабаби шу бўлса, унга ямоқ билинмаслигини, курткаси жуда ўзига ярашиб турганини айтиб, кўнглини кўртаришни ўйлардим.
– Курткани ечсанг, калтак ейсан, тушундингми? – деб ёлғондан койидим.
– Урсангиз ҳам барибир ечиб ташлайман, – деди ҳамон йиғлашдан тўхтамай.
– Нега ечасан? Сабаби борми? – дедим жаҳл билан.
– Бу қизларнинг курткаси.
Бирдан хаёлимга унинг бир синф юқорида ўқийдиган опаси келди. Ва шу оловранг курткани ўтган қишда кийиб юрганини эсладим. Ўртоқлари масхара қилган бўлса, жазолашни ўйлаб:
– Ким айтди шуни, ким? – деб икки елкасидан маҳкам ушлаб силкитдим.
– Мана, камари чапдан ўнгга қадалади, – деб тўртбурчак ялтироқ темирчасини чапдан ўнгга қадаб кўрсатди ҳамон йиғдан тўхтамай.
Шунда ялтироқ темирчаларини ўнгдан чапга ағдариб тақдим-да, олам жумбоғини ҳал этган одамдек елкамдан тоғ ағдарилди.
– Ана, бўлдими? – дедим хурсандчилигим ичимга сиғмай.
– Тугмалари-чи? – деди яна пиқ-пиқ қилар экан.
Уни қандай юпатишни билмай, маҳкам бағримга босдим. Ўша онда сеҳргар бўлиб қолишни, тугмаларини чапдан ўнгга ўтказишини қанчалар хоҳлаганимни тасаввур қилолмайсиз…

* * *

Энди дарс бошлагандим, директор йўқлаётганини айтишди. Қўшни хонада дарс ўтаётган Ойдиндан менинг ўқувчиларимга ҳам қараб туришни илтимос қилдим. Буёғини сўрасангиз, кези келганда ўзим ҳам бир пайтда учта синфга дарс ўтганман.
Дўстим Низомжон билан мактабда ҳам, университетда ҳам бирга ўқиганмиз. Фақат у тил ва адабиёт факультетида таҳсил олган. Битирувчиларнинг синф раҳбари, тоби бўлмай, ишга чиқмапти. Аҳмаджон ака саломлашгач, “Маориф бўлимидан шошилинч маълумотнома сўрашяпти, сени хатинг тузукроқ, оғайнингнинг ўрнига ёрдам берасан” деб синфхонага бошлаб кирди. Директор битирувчилар билан ҳазил-ҳузил қилиб, кўтаринки кайфиятда касбий қизиқишлари бўйича суҳбат ўтказди. Мен, айтилганидек, жадвалга тушириб боравердим. Сўров тугагач, Аҳмаджон ака жадвални кўздан кечириб имзо чекиб, “Котибага бер, муҳр босиб жўнатворсин”, деб синфхонада қолди. Йўлакда борар эканман жадвалга қарайман, иқтисодчилар иккита, ҳисобчилар учта, булар ҳали иқтисодчи билан ҳисобчининг фарқини билишмаса ҳам керак. Отаси фермерлар фермер бўлмоқчи – учтаси, тўрттаси бизнесмен, иккитаси спортчи, қолган ҳаммаси прокурор, бирорта ҳам ўқитувчи бўлишни хоҳлайдигани йўқ. Алам қиларкан…
Тўғри, биз ҳам болалигимизда космонавт, учувчи бўлишни орзу қилганмиз. Лекин буларнинг ёшида касбий қизиқишларимиз тўла шаклланиб бўлганди. Ҳар ҳолда, менимча шундай, кўпчилик отам муаллим бўлгани учун ўқитувчиликни танлаган деб ўйлайди. Йўқ, асло ундай эмас. Аввалдан болаларга дарс бериш, суҳбатлашиш ёқарди. Уларнинг беғубор кўзларини, самимий кулгуларини ҳеч нарсага алишиб бўлмайди. Мен тобора қабиҳлик, ситам, разолат ботқоғига ботиб бораётган дунёдан узилиб, шу болалар билан овунаман. Агар шундай қилмасам, юрагим ёрилиб кетадигандай туюлади. Шу болалар ҳаётим мазмунига айланиб улгурган. Бу шунчаки отакасб эмас, мен учун ҳаёт-мамот масаласидай гап. Сиз буни тушунишингиз, ҳис қилишингиз учун ўз дунёнгизни кашф қилишингиз керак бўлади… Бу эса менинг дунём…
Ойдинга миннатдорлик билдириб, дарсни давом эттира бошладим. Ҳаётимда биринчи бор негадир ҳеч хаёлларимни жиловлай олмасдим. Устига устак, ҳеч тиниб-тинчимайдиган ўқувчим Жавлоннинг тўпалони авжига чиқди. Янги телефон олган шекилли, нуқул мақтангиси келарди. Ўйинларининг товуши эшитилиб, болаларнинг фикрларини чалғита бошлади. Бир-икки дакки бердим, қулоқ солмади. Бошқа чидай олмасдим. Калласига бир шапалоқ туширдим, у йиғлаб сумкасини ҳам олмай хонадан отилиб чиқиб кетди.

* * *

Эртасига вилоят марказидаги бир мактабда бўладиган семинарга жўнадим. Уйга тушдан кейин етиб келганим учун ишга чиқмадим. Йўл азоби гўр азоби, дам олдим. Кейинги куни каллаи саҳар ишга борсам, мактаб дарвозаси олдида директоримиз Аҳмаджон ака кутиб турган экан. Салом-алик қилмасданоқ ўдағайлай бошлади. Тўғриси, тунов кунги Жавлон воқеаси эсимдан ҳам чиқиб кетган экан. У хонасига киргунча хуноб бўлиб, тинмай кимнидир учинчи шахсда сўкиб борар, кечаги қиёматдан гапиради. Аҳмаджон ака маориф мудири билан туман прокурори Насриддинхўжани бир амаллаб инсофга келтиришибди, энди ўғли Жавлондан, яъни ўқувчимдан кечирим сўрасам бўлди, олам гулистон экан.
– Хўш, Жавлонжон уйида экан, хоҳласанг ҳозироқ бирга машинамда бориб келамиз, – деди директор бўйин боғини сал бўшаштирар экан қатъий оҳангда.
– Яхши, фақат ҳозир бироз ишларим бор эди, – дедим ўзимни базўр қўлга олиб, кейин хонадан чиқдим.
Зинадан тушар эканман, аблаҳ директорни хумордан чиқунча ургим келди-ю, отамнинг шогирди бўлгани, доим отам ҳақида яхши гапириб юргани учун шайтонга ҳай бердим. Тушлик вақтида Аҳмажон ака, “Анави иш нима бўлди?” деб яна сўради. Мен ҳеч кимдан кечирим сўрамоқчи эмаслигимни, қарорим қатъий эканлигини айтдим. Кечки томон синф дафтарларини текшириб ўтиргандим, эшик зарб билан очилди:
– Бобохонов сиз бўласизми? – деди формали йигит.
– Ҳа.
– Биз билан боришингизга тўғри келади.
– Қаерга?
– Борганда биласиз!
Булар билан тортишиш бефойдалигини билардим. Негадир тез қайтишимга ишонганимдан уйдагиларни огоҳлатиришни ҳам хаёлимга кетирмадим.
Мени туман ички ишлар бўлимига олиб боришди. Бир ходим жуда дағал оҳангда чўнтагимдаги ҳамма нарсаларни столга қўйишимни буюрди. Ручка, блокнот, дастрўмол, калит ва пулни чиқариб қўйдим. У: “Пулингни сана?” деди. Уч минг тўққиз юз сўм. Мен доим уйдан чиқаётганда камида шунча пул оламан, оғайнилар тушлик қиламиз деб қолишса, уялиб қолмаслик учун. Кейин ходим ҳам пулни санаб, “Тўғри”, деди. “Энди камарни ечинг”, деб буюрди. Ходимнинг муомаласи борган сари қўполлашиб борарди. Сўнг қўлларимни гарданимга қўйишимни айтишди. Мени иккита қуролланган соқчи кузатувида узун қоронғи йўлакдан олиб бориб, умумий камерага тиқишди.
Камерага киришим билан керосин билан хлор исига ўхшаш алламбало ҳид гуп этиб димоғимга урилди. Хона ғира-шира ёруғ бўлиб, тахминан, учга-тўрт метр кенгликда, эшикдан киргач бир метрча жой ташлаб ярим метр кўтариб чорпояга ўхшатиб тахтапол қилинган. Биттаси ғужанак бўлиб ётиб олган, бош кийими остидан патила сочлари кўринади, на аёл, на эркаклигини билиб бўлади. Бижғишидан дайди бўлса керак, иккинчиси мук тушиб ўтирибди, менга қайрилиб қарагани ҳам йўқ. Ўзимни ташвишим ўзимга етарли, хона ҳавосидан бўғилиб, панжарали дарча ёнига келиб олдим. Муздек ҳаво юзларимга урилди, сал ўзимга келгандай бўлдим. Ўзимга тўғри бўлганим учун илгари бировдан ҳайиқмасдим. Ҳаётимда биринчи бор хавотирга туша бошладим. “Бу ерга айбсиз одамни олиб келишмайди, олиб келишибдими, демак айбдорсан!” деган тушунчалар азоб бера бошлади. Энди буёғи ҳазил эмаслигини англай бошладим. Қанча вақт ўтганини билмадим, бир маҳал эшик шарақлаб очилди. Яна бир кишини олиб киришди. Сўнг:
– Бобохонов! – деди формали йигит.
– Мен.
– Ташқарига!
Йўллакка чиққанимда бир зобит кутиб турган экан. “Мен билан юринг”, деди зобит хушмуомалалик билан, у мени иккинчи қават йўлагининг энг охирги хонасига олиб борди-да:
– Чекасизми? – деб сигарета тутди.
– Йўқ, раҳмат.
– Домла, бугун мен навбатчиман, отангиз раҳматли бизни ўқитган, қўлимдан келгани шу, хафа бўлмайсиз-да.
– Шунисига ҳам шукр.
– Ишонасизми, “Казарменном положении”да ойлаб уйга бормай шу хонада жон сақлаймиз.
– Ишонаман, сизларга ҳам осонмас.
– Майли, домла, мен борай, сизни бу ерда биров безовта қилмайди. Мабодо зарурат туғилса, мени – катта лейтенант Имомовни сўранг.
– Раҳмат.
Хонага разм солдим, иккига уч кенгликда, таъмири ўртача, деразаси панжараланган, эшигининг қулфи тугул, тутқичи ҳам йўқ. Битта стол, иккита стул, битта оёғи синиқ шкаф. Аввалига стулга суяниб ухламоқчи эдим. Бўлмади.
Синфдошимиз Миршакар велосипед ўғирлаганликда гумонланиб туман ички ишлар бўлимида уч кун ушлаб турилганини айтиб берганди. Ўшанда ростми-ёлғонми, «Қийноқ пайтида отамни кўз олдимга келтириб, “Ота, отажон, ёрдам беринг!” деб додлайверганман, агар шундай қилмаганимда азобдан қутулиш учун қилмаган ишимни бўйнимга олган бўлардим», деганди. Уни отаси ҳила обрўли одам эди. Бўйнига қўйиша олмагач, тез чиқариб олди.
Мактабни битириш чоғларимизда йигитлар тўпланиб кўпинча ҳалфана ўтиришлар қилишга қизиқардик. Ўшанда бозорлик қилиш Миршакарнинг гарданига тушиб, харажатлар бироз ҳисобдан ошибди. Уйдаги гап бозорга тўғри келмайди-да, тўртта товуқ пулига иккита товуқ келган, йигит нариги маҳалладан иккита товуқ ўғирлаб ҳисобга тўғри қилиб қўйган. Фақат товуқларни ўғирлаётган пайт қўшниси Тожи хола кўриб қолади-ю, бировга лом-лим демайди. Токи бир ҳафта-ўн кун ўтгач уйидан велосипед ўғирлангунга қадар, сўнг гумоним фалончидан деб овоза қилади. Миршакарнинг айтишича, велосипедни ўғирламаган, товуқни ҳам ўзи учун эмас, биз учун…
Мениинг кўз олдимда на онам, на акам, на аёлим ва на бошқалар… Негадир энди бир ёшга тўлган, ҳали гапиришни ҳам билмайдиган ўғлим келаверади. Эҳтимол, онам ярим жон бўлиб, бир умр уй бекаси бўлгани, акам ҳам тирикчилик ташвишида мол-қўйнинг кетига тушгани, аёлим бичиш-тикишдан ортмагани учун ҳам бу ерга келиб, мени чиқариб олишларига кўзим етмаганидандир. Ундай десам, бир ёшга тўлган ўғлим улардан ортиқ нима қилиб бера оларди… Билмадим… Билганим – ўғлим кўз ўнгимдан сира кетмагани.
Стол устига ғужанак бўлиб ётиб олдим. Уйдагиларни тинчлантириб қўймаганимдан, ҳеч бўлмаса, акамга қўнғироқ қилиб, онам хавотирланмасликларини айтмаганимдан афсусландим.
Акам жуда содда, беғубор, меҳнаткаш одам. Мол-қўй боқиб тирикчилик қилади. Отам бизни олий маълумотли бўлишимизни жуда хоҳларди. Акам мактабни тугатиб, икки йил ўқишга ҳужжат топширди, ўта олмади. Учинчи йили бирга ҳужжат топширдик, мен ўқишга кириб кетдим. Унга яна омад кулмади. Мендан сўнг тағин икки йил имтиҳон топширди, бўлмади. Кейин ҳафсаласи пир бўлди шекилли, бошқа ҳаракат қилмади.
Отам раҳматли: “Бу ерларда қиш чилласи қирқ кун бўлади. Шу қирқ куннинг бор-йўғи ўн куни ҳақиқий чилла – қаттиқ совуқ бўлади, қолгани шунчаки қиш кунлари”, дерди. Кучли совуқда оёқ-қўл музлаб, совуқни сезмай қолгандан кейин тишларга ўтар экан. Йўқ, бу тиш оғриғи эмас, тиш соғлом бўлса, оғримас экан, фақат қамашиб, тиш ҳам савуқдан қақшар экан, тавба…
Эшикни таққиллатиб, Имомов кириб келди.
– Домла, мен билан юринг! Бошлиқ келадиган вақт бўлиб қолди.
– Яхши, – деб унга эргашдим.
Йўл-йўлакай навбатчилиги тугаганини, мени эса шеригига қолдираётганини айтди. У мени олиб чиқиб кетган камера олдига келганда, “Тўхтанг”, деб шарақлатиб эшикни очди-да, “Киринг”, деди расмий оҳангда.
Камерада ўнга яқин одам йиғилган, ҳавоси бижғиган. Булар ҳаммаси бетайин, ўғри-киссавурлармикин? Ё битта-яримта менга ўхшаш адашганлари ҳам бормикан? Шунча ўзимни танитмасликка ҳаракат қилсам-да, нафасим бўғилиб, дарча олдига боришга мажбур бўлдим. Ўшанда биринчи бор ўзимни хўрланган, оёқости қилингандай ҳис қилдим. Мен ҳамиша болаларни яхши бўлишга, ўғри, безори, фирибгар бўлмасликка ўргатардим. Бугун ўзим ёмон кўрадиган тоифа қаторида турганимдан ич-этимни едим. Австралиядаги туб аҳоли қонун-қоидани бузганларни қамаб жазоламай, ажратиб, яккалаб қўйишар экан. Аслида, виждонли одам учун бу ҳам қаттиқ жазо, виждонли одам шундоқ ҳам пушаймонликда ўзини ўзи еб, адойи тамом қилади.
Бир маҳал яна эшик шарақлаб очилди. Баланд овозда:
– Фамилияси ўқилганлар битта-биттадан қўлларини бошга қўйиб ташқарига чиқсин. Фалонов, Писмадонов….
Йўлакда икки қуролланган ходимлар, “Деворга қара”, “Ўгирил”, деб кўрсатма берарди. Ҳамма чиқиб бўлгач, йўлак бўйлаб фойега олиб чиқиб, бир қаторга чизиб қўйишди. Бу ерда юрган ходимларнинг кўпчилиги юзтаниш, ҳатто баъзиларининг исмини ҳам биламан, бироқ улар бош ирғаб саломлашишдан нарига ўтишмасди.
Рўпарадаги бўш стол, стулга бир майор унвонидаги барзанги келиб ўтириб, ўнг томондан бошлаб сўроқ қила бошлади. Кейин билсам, “Начальник мелиса” деганлари шу нусха экан.
– Хўш, сен нима ҳунар кўрсатдинг?
– Мени… – деб чайлана бошлади айбланувчи.
– Булар ичволиб муштлашган, – деди бошлиқ ёнидаги мулозим.
– Ўзлари бошлади… – деди айбланувчи яна ўзини оқломоқчи бўлиб.
– У билан муштлашганлар қани? – деди шарт гапини кесиб бошлиқ.
– Касалхонада, – жавоб берди нозир.
– Хўш, сен нима каромат кўрсатдинг? – деди бошлиқ навбатдаги айбланучига.
Миқ этмай ерга қараб тураверди.
– Мол ўғирлаётганда қўлга тушибди, – деди мулозим.
– Ким ушлади уни? – сўради бошлиқ.
– Халқ ушлаб, бизга топширди, чора кўринглар деб, – аниқлик киритди яна мулозим.
Навбат менга келганда негадир бошлиқ ҳеч нарса сўрамасдан қаторнинг у тарафидан, яъни чапдан сўроққа тута бошлади:
– Сен-чи? – Бошлиқ икки тирсагини столга қўйди.
Айбланувчи индамади.
– Қўшмачилик билан шуғулланган… – деб изоҳ берди мулозим оғзининг таноби қочиб.
– Эркакмисан? Тузукроқ ишнинг бошини тутмайсанми?
– Ўртоқ начальник… – деди айбланувчи худди бир нарса эсига тушгандай гап бошлаб.
– Бўлди, ўчир! – деб навбатдагини сўроқ қилишга ўтди бошлиқ.
Шу йўсинда ҳаммани бир-бир сўроқлаб, яна навбат менга келганда тўхтатди-да, “Анави мол ўғрини хонамга олиб киринглар”, деб кўтсаткич бармоғи билан ҳалиги ўғрига ишора қилди, кейин ёнидаги мулозимга қараб: “Ҳаммасига белгиланган тартибда чора кўрилсин”, деб зинадан юқори кўтарилди.
Оқ-сариқдан келган зобит ёнимга келиб сўради:
– Бобохонов сиз бўласизми?
– Ҳа.
– Мен билан юринг.
Имомов айтган одам шу бўлса керак деб ўйладим. У мени юқори қаватга олиб чиқди. Фойеда директоримизни кўриб, юракларим эзилди. Милиционер бизни ёлғиз қолдириб, қайсидир хонага кириб кетди. Аҳмаджон ака мени ҳарбий хизматдан қайтган аскардай узоқ ва маҳкам бағрига босди. Ҳол-аҳвол сўрашгач, уйимдагиларни вилоятга иш билан кетган деб тинчлантирганини, кеча кечаси келганини, аммо учрашишга рухсат беришмаганини айтар экан, кўзларини ғам босиб қолганини кўрдим.
– Ҳечқиси йўқ, бошга тушганни кўз кўради, пешонангда шу кунлар ҳам бор экан, жигар, – деди кайфиятимни кўтариш учун…
– Ҳа, ҳаёт шунақа экан-да, – дедим кўзларига қарамасликка тиришиб.
– Насриддинхўжа ака билан гаплашгандим. Мактабимизни мақтади, айниқса, “Бошланғич синф ўқитувчиларининг билим савиясига гап йўқ, деб эшитганман”, деди, кўрдингми? Шунинг учун фарзандларини бизнинг мактабига берган. Эътирофни қара! “Ёшликда олинган билим, тошга ўйилган нақш”, деди. Яна-чи, сени “туман марказидаги мактабга ишга келсин, болаларимга репетиторлик қилсин, ойлигидан икки баробар кўп пул тўлайман”, деди.
– Мени танир эканми?
– Ҳа-да, у жуда маърифатпарвар одам, хоҳласанг, ҳозир бирга ўтамиз, Жавлонбек ҳам уйида экан, – деди мулойимлик билан.
– Об-бо Жавлон-эй… Домла, мен ҳеч кимдан кечирим сўрамоқчимасман, – дедим данганлига.
– Сабаб?
– Ўзингиз болаларни ҳеч урмаганмисиз?
– Урганман, бундан кейин ҳам ураман, лекин прокурорнинг боласинимас. Калтакбоп иш қилган бўлса, Жавлоннинг устидан менга шикоят ёзиб бермайсанми? Маориф мудири билан прокуратура эшигини тепиб кирмаймизми! Нозик жойидан ушламаймизми? “Болангнинг аҳволини қара!” деб. Маориф мудири Ғайрат ака ҳам хафа бўлди. Жиянининг иши шу прокурорнинг қўлида экан: “Худо бир ишимизни ўнглаган экан-у, бу тентак қовун туширибди!” деди.
– Нима, шикоят ёзиб берайми?
– Энди кеч, ғишт қолипдан кўчди. Кечирим сўрайсанми?
– …
Аҳмаджон акани олғов-далғов ўйлар қийнай бошлади: нима қилса бўлади бу ўжар болани-а! Отаси раҳматли Ҳалим ака мени ёнига олиб, кўп яхшилик қилиб, эл қаторига қўшганини бутун халқ билади. Агар қамалиб кетса, маҳалла-кўй кўз очирмайди. Раҳбарлик ҳам ўзи жонимга теккан. Кузда пахта, баҳорда ягана. Қизимнинг ҳам бўйи етиб қолди. Лавозимдалигимда тузукроқ жойга узатворсам, яхши бўларди. Қолаверса, янги ҳовлини битириш керак. Шу бир-икки йилда ишларни жойига қўйиб, директорликдан бўшайман-да, ярим ставка дарс олиб, бир амаллаб нафақага етиб олсам бўлгани, қолганига Худо пошшо…
Директор нега келгани ёдига тушиб, бир сесканди.
– Охирги марта сўраяпман, кечирим сўрайсанми?
– Йўқ.
– Тўғриси, хурмача қилиқларинг ҳиқилдоғимга келди. Эй сени-чи, “ўзининг методикаси бор, юқори савияда дарс беради”, деб кўтар-кўтар қилган биз аҳмоқ. Ҳаддингдан ошма, бола. Менга сенга ўхшаган “Халқ маорифи аълочиси”нинг кераги йўқ. Болалар алиф билан калтакнинг фарқига бормаса ҳам майли. Менга ўқитувчи дегани болаларни соат саккиздан тўртгача хонада ушлаб ўтирса бўлди, тушундингми? Қолгани билан ишим йўқ.
Аҳмаджон ака зарда билан хайрлашмасдан зинадан тушиб кетар экан: “Қамаласан, ҳазиллашаётганим йўқ!” деди кўрсаткич бармоғини худди тўппончадай ўқталиб.

***

Деразадан қарасам, қуюқ туман тушибди. Кеча кечаси ҳаво очиқ, юлдузлар чарақлаган эди. Демак, туман тонготарда тушган бўлса керак…
Оқ-сариқдан келган ҳалиги зобит йигит мени хоналардан бирига бошлаб кириб: “Шу ерда ўтириб туринг”, деб қайгадир гум бўлди. Хона тўрида фуқаро кийимидаги басавлат киши ўтирарди. У мени сўроқ қилса керак деб ўйлагандим. Йўқ, ундай бўлмади, хона четидаги бир стулда қимирламай ўтирдим. У ҳам ёзув-чизувини қилиб ўтираверди.
Кейин унга кимдир телефон қилди. У: “Хўп, ҳозир бораман”, деб нарсаларини жадал йиғиштириб, “мен билан юринг”, деди. Йўлакка чиқдик, у қаршисидаги 22-хона эшигини чертди. Жавоб бўлмади. 23-хона эшигини чертди. Яна жавоб бўлмади. Разм солсам, эшикларга ходимнинг на лавозими, на исм-шарифи ёзилган. Фақат рақамланган холос. Ва ниҳоят, 24-хонадан садо бўлди шекилли, қўли билан имлаб мени чақириб, “Шу ерда ўтириб туринг”, деди. Яна хонанинг бир четида қимирламай ўтириб, ўйлар ботқоғига ботдим.
Биласизми? Сизга ёлғон, Худога чин. Жавлон мактабга отасининг хизмат машинасида келиб-кетса-да, Жўрабекни қандай яхши кўрсам, уни ҳам шунчалик яхши кўраман. Ҳаммаси ҳам жонажон ўқувчиларим, вақти келса, койийман, уришаман, мақтайман, рағбатлантираман. Тўғри, педагогикада болаларни уриш таъқиқланган. Сизга буни қандай тушунтиршни ҳам билмайман. Менимча, бу устоз ва шогирд ўртасидаги шунчаки… Одатда, хато қилган вақтларим болалардан узр сўрайман.
Дилдора дафтарини ўғлим йиртиб юборганда ҳам уни ёнимга чақириб ёлғондан столимни уёқ, буёғини титкилаб:
– Дафтарингни ҳеч топа олмаяпман, ўзи топширганмидинг? – дедим.
– Ҳа, устоз, топширганман.
– Хўш… Унда уйдан яна қидириб кўраман, сен ҳам ахтариб кўр, – дедим.
– Яхши, устоз.
– Ҳозирча мана бу дафтарга ёзиб тур, – деб икки дона дафтар бериб, узримни сўрадим.
Бу ҳам шунга ўхшаш ҳолат эди-ю, фақат катталар аралашиб, пашшадан фил ясаб, ҳаммаёқни расво қилди-қўйди. Кўнглим сезиб турибди, бугун бўлмаса эртага Жавлоннинг ўзи келиб кечирим сўрайди. Мана, мени айтди дерсиз. Лекин бу томоша тоза жонга тегди.
Кейин яна уч-тўрт марта мени кераксиз жиҳоздек у хонадан бу хонага кўчириб юришди. Велосипед ўғриси деб гумон қилинган синфдошим Миршакардан фарқли ўлароқ, мени биров чертгани йўқ, ҳатто сен демади. “Камбағални урма, сўкма, тўнини йирт”, деб шунга айтса керак. Орган ходимлари чой, сигарета, ҳатто таом таклиф қилишди, барини рад этдим.

***

Кеча уни бу ерга олиб келишганда, “ўқувчиларим, ҳамкасбларим, маҳалла-кўй эшитса, нима деган одам бўламан” деган ўй қийнаётгани, ўғли кўз ўнгидан кетмагани – бари-бари бугун жуда кулгили туюлди. Бу унинг бир кечада анча улғайиб қолганидан дарак эди гўё. Энг ёмони, унинг орзуларидан бири – янги яратаётган болалар парта-стули ҳам чўпчакка айланиб қолаётганида эди. Отаси ўқитувчи бўлгани учун уйда ҳам, мактабда ҳам қаддини ростлаб тўғри ўтиришга ўргатган. Кўпинча болалар партада ўтирганда мукка тушиб ўтиришади. Бу эса умуртқанинг қийшиқ ўсишига олиб келади. Неча бор айтилган, барибир фойдасиз, шундан сўнг у айб болаларда эмас, балки парта-стулдадир, деган фикрга келди. Ва янгича стул ҳақида бош қотира бошлади. Унинг ихтиросича, бола тизза букиб, ярим тик ҳолда туради. Мосламанинг орқа ва олди кўкрак қисмида суянчиғи бўлади. Шу йўсинда болаларни, бутун бир халқнинг тўғри ўсишини таъминлаш мумкин деб ўйларди. Энди бу орзулар ҳам саробдек…

***

Вақт асрга яқинлашганда хонага ҳалиги оқ-сариқдан келган зобит кириб: “Ов домла”, деди кайфи чоғ.
– Лаббай, – дедим базўр.
– Мен билан юринг, – деди кўзларидан олов чақнаб.
Унга эргашдим. Кеча шахсий буюмларим олиб қўйилган хонага олиб борди. Навбатчи фамилиямни сўради, кейин ручка, блокнот, дастрўмол, калит, пул ва камаримни қайтариб берар экан:
– Пулни санадингизми? – деди.
– Ҳа.
– Тўғрими? Ҳеч нарса йўқолмаганми?
– Ҳаммаси жойида.
– Унда чиқаверинг.
– Имзо-пимзо…
– Шарт эмас, – деди норизо қиёфада ходим.
Кейин уйга кетаверишим мумкинлигини айтишди. Мен ҳайрон бўлиб ташқарига чиқдим, кўчада Аҳмаджон ака кутиб турган экан. Қучоқ очиб кутиб олди. Бағрига босар экан, оғзининг таноби қочиб, нуқул, “Оббо ўжар-эй”, “Барака топ”, “Қойил”, дерди. Машинага ўтиргач, “Юз грамм…” деб менга бир қаради-ю, “Чой ичамизми?” деди. Мен бош силкиб, “Йўқ, уйга”, дедим.
Машинада борар эканмиз, атрофни туман қоплаган, қуёш худди ой мисол ожиз нур таратади. Менга ҳеч нарсанинг қизиғи қолмаган, ҳамма-ҳаммасига қўл силтаб бўлган эдим. Аҳмаджон ака:
– Энди гап бундай, ука, сенинг қайсарлигингда ҳам бир ҳикмат бордир эҳтимол, лекин сендан бир-икки кўйлакни ортиқ йиртганман. Ҳозир ўжарлик қиладиган замонмас, Ғайрат ака икковимиз Насриддинхўжа акани зўрға муросага келтирдик, сен ҳам жинниликни бас қилиб, маслаҳатга кўнгин. Насриддинхўжа ака гуноҳингдан ўтди ҳисоб, фақат, “Йигирма тўрт соат ичида туманда қорасини ҳам кўрмай”, деди. Шунинг учун қўшни туманда, Чўлобод қишлоғидаги 9-мактабда ишлаб турасан, директори билан гаплашиб қўйдим, шароит қилиб беради, – деди.
– Онам-чи?
– Онангга аканг қараб турар, урушга кетаётганинг йўқ-ку. Қолаверса, прокурорлик муддатли иш. Ҳеч кимни лавозимга боғлаб қўймаган, ҳеч ким бу дунёга устун ҳам бўлмаган, бирор гап бўлса, яна ўзимизга қайтиб келаверасан, онасини эмсин бу ҳаётни! – деб машина рўлини бир муштлаб қўйди Аҳмаджон ака.
Мен аллақачон қўлни ювиб, қўлтиққа артгандим. Охирги гап қулоқларим остида қайта-қайта жаранглади: “Ҳеч кимни лавозимга боғлаб қўймаган, ҳеч ким бу дунёга устун ҳам бўлмаган”. Қоқ қиш чилласида бўлсам-да, мен билан ёнма-ён бораётган шу заррин қуёш нурлари эрта-индин биз соғинган баҳорни олиб келишини ўйлаб юрагим орзиқиб кетди.
Унгача аввалгидан-да абгорроқ мактаб кўчаларидан юришга мажбурман.

Ноябрь-декабрь, 2012.