Абдужаббор Қаҳҳорий (1924-2007)

Абдужаббор Қаҳҳорий 1924 йил 7 январда Конибодом шаҳрида дунёга келган. Педагогика билим юртини битириб муаллимлик қилган.
1942 йилда жангга кетиб Орлов ва Витебск шаҳарларини озод этишда қатнашган. 1944 йилда оғир жароҳат олиб жангдан қайтиб келган. «Совет Тожикистони» газетасида бўлим бошлиғи, «Тожикистон пионери» газетаси ва «Машъал» журналида муҳаррир бўлиб ишлаган. «Ирфон» нашриётида директор, республика китобсеварлари Жамияти раисининг биринчи ўринбосари вазифаларида меҳнат қилган.
«Бахт қўшиғи», «Баҳор гули», «Шом гули», «Шоир минбари», «Меҳмон билан суҳбат», «Ашки ширин», «Пахта қиссаси» каби шеърий китоблар муаллифи. «Гардиши айём», «Конибодом», «Ғанимат умр» каби насрий китоблари чоп этилган. Шеърлари жаҳоннинг кўп тилларига таржима қилинган. Тожикистон халқ шоири. 1947 йилдан Тожикистон ёзувчилар Иттифоқи аъзоси. 2007 йилда вафот этган.

НАҲОТКИ, ЖАНГ ЭТМОҚДА ДАВОМ

Совуқ ўқлар парчаси ҳануз
Вужудимга бермагай ором.
Битмагандир яралар ўрни,
Оғриқлари бўлмаган тамом.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Ярим тунда оталар гоҳо
Ўқ егандай сапчир ногаҳон.
Отасининг доғида куйиб,
Ёш тўкади фарзандлар ҳамон.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Суронларда кетган бедарак
Ака-ука, опаю сингил.
Бир-бирини қидирар тинмай,
Дараклайди узолмай кўнгил.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Фарзандининг қорахатини
Такрор-такрор ўқир оталар:
Балки хато ёзилган мактуб,
Қайтишидан бордир бир хабар.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Йиллар бўйи бўлиб интизор,
Фироқида ўртаниб юрак,
Ёр йўлига кўз тутиб муштоқ,
Оқартирди сочин келинчак.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Фарзанд доғи куйдирган она
Гоҳ кимгадир тикилиб қолар.
Ўхшар экан ўғлимга, дея,
Сўнг меҳр-ла оғушга олар.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Занг қоплаган мина остидан
Қад кўтарган лолалар гўзал.
Гул сайрига чиқар болалар,
Аммо уйга қайтмас ҳеч маҳал.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Шаҳидларнинг қабрида мангу
Шуъла сочиб туради олов,
Ўтли қалблар алангаси бу,
Орзуларин айлаган ялов.
Наҳотки, жанг этмоқда давом?

Ҳа, тинмаган ҳали жанг тамом,
Хотирада, юракда яшар,
Асабларда қолдирган асар,
Ҳа, тинмаган ҳали жанг тамом.

ШОИР НИГОҲИ

Афғон шоири Борик Шафеъийга

Шоир кўзларида бир меҳр кўрдим
Баҳор чақинидай ёрқин, нурафшон.
Дўстлар дийдорини кўрмоқлик учун
Қуёш қурганми ё унда ошиён.

Ҳа, шоир дилида яралган офтоб
Зиё сочар бу дам кўнгил қатидан.
Садоқат ипидан тўқилган нури,
Ҳарорати эса муҳаббатидан.

Инсон қалби биллур қадаҳ мисоли,
Ишқ денгизин унга жо этмиш шоир.
Неки этмоқ бўлса сўз билан баён,
Нигоҳлари аввал айлади зоҳир.

КОБУЛ

Бир қатра сув Амударёдан
Иссиқ кунда буғ бўлиб учди.
Чарх урганча етди-ю кўкка,
Унда аёз ҳаволар қучди.

Оқшом чўкди. Қора чодирин
Тун самога ёйиб ташлади.
Гўдакларнинг бешиги узра
Шамол алла айта бошлади.

Қатра сув ҳам уйқуга чўмди,
Ҳунарини кўрсатди аёз.
Парча музга айланди ногоҳ
Митти томчи этаркан парвоз.

Вале тонгда чекинди совуқ,
Зиё сочди яна офтоб.
Шафақ нури эритди танин,
Қатра учди денгизга шитоб.

Бир ғунчани кўрди узоқдан,
Лаб очибди кўкка маҳлиё.
Сувга ташнамикин бечора,
Сармаст булбул ошиғими ё?

Қуйи, қуйи… қуйилди томчи,
Ғунча сари шошди куй чалиб:
Гул баргига қатра қўнган жой,
Машҳур бўлди Кобул аталиб.

Тилак Жўра таржимаси

ТОЖИКИСТОН

Ажаб дилкаш эрур боду ҳавоси Тожикистоннинг,
Бўлсин жону таним майли фидоси Тожикистоннинг.

Танангга жону ўзингга ақлу расо бахш этгайдир
Чунон хушманзара мулки зебоси Тожикистоннинг.

Эй дил бир дам келиб бу юрт васфида сен ғазалхон бўл,
Гўзал қизлар чиройи-дилрабоси Тожикистоннинг.

Гўзал юртим учун душман сари жанггоҳга отландим,
Бўлай деб фарзанди бовафоси Тожикистоннинг.

Фашист бошин танидан жудо этмоққа шайландим
Мудом тайёрман бўлмоққа фидоси Тожикистоннинг!

Ҳасанбой Ғойиб таржимаси