Аҳмад Дониш (1826-1897)

«Аҳмад Калла», «Аҳмад махдум» номлари билан замонасида шуҳрат қозонган ва илмий-адабий тафаккурнинг янгиланишига сезиларли таъсир кўрсатган Аҳмад Дониш ХIХ аср Бухоросининг қомусий илм эгаларидан эди. У Бухорода шофирконлик мударрис оиласида туғилди. Отаси мадрасасида ўқиди. Ёшлигида наққошлик, рассомлик, хаттотлик ҳунарларини ўрганди. Тарих ва фалсафага кўнгил қўйди. Зеҳни, салоҳияти билан дарров кўзга ташланди. 1857 йилнинг кузида Амир Насруллонинг Русия императори Николай I вафотига таъзия билдириш ва валиаҳд Александр I нинг тахтга чикишини қутлаш учун юборилган элчи Муллажон Мирохурга котиблик қилади. Петербургда уч ой санъат-маданият обидалари билан танишади. 1869 йили янги шарт-шароит тақозоси билан Амир Музаффар Петербургга яна элчи юборди. Бу элчилик ярим вассалга айланган давлатнинг ҳокими мутлақ кўнглини олиш ҳаракати эди. Унинг ҳам котиблигига Аҳмад Дониш танланди. 1873 йилнинг охирида Аҳмад Дониш учинчи маротаба элчилик таркибида Русияга йўл олди. 1874 йил январ – март ойларида Петербургда туриб қайтди. Александр II билан учрашди. Сўнгроқ буларни қоғозга туширди. Ҳозирда ЎзФА Шарқшунослик институти Қўлёзмалар фондида Аҳмад Донишнинг 16 қўлёзма асари сақланади. Аксарияти унинг ўз қўли билан ёзилган асл нусхалардир.
Муаллифнинг «Наводирул-вақое» асари 15 йил давомида, 1870— 1885 йиллар оралиғида ёзилган тарихий, фалсафий, мемуар асардир. 23 бобдан ташкил топган бу асар ҳалигача тўла нашр этилган эмас. Унинг айрим бобларигина чоп қилинган. Шу жумладан, унинг бир қисми 1964 йили ўзбекчага ҳам ағдарилган ва босилган эди.
Китобнинг икки бобида Русия сафари таассуротлари берилган. Чунончи: VII боби А. Донишнинг 1869 йилги Русия сафарига бағишланган ва 1957 йилда чоп этилган. VIII боб подшоҳ Александр II нинг қизи Мариянинг 1874 йилда бўлган никоҳ тўйига юборилган элчи Абдулқодирбек сафари ҳақида. Қолган боблари хилма-хил мавзуда. Масалан, ота-она ва фарзанд муносабатлари (1-боб), мол-дунё (2-боб), тарих (З-боб), олим ва жоҳил тақдири (4-боб), вақт қадри (5-боб), сафар қилиш фойдалари (б-боб), илм-фан манфаати (9-боб), ҳақиқий ва мажозий ишқҳамда унинг одоби (10-боб), никоҳ (11-боб), тақдир (12-боб), касбкор (13-боб), жисм ва руҳ (14-боб), ер тузилиши ва маъданлар (16-боб), туш таъбири (19-боб), Бедил байтлари (20-боб), айрим ҳадислар талқини (22-боб), инсон ахлоқини белгилаш (23-боб) каби. Та-маддун (маданият) ҳақидаги рисоласи (15-боб) ва хилма-хил воқеий ҳикоялар (18, 21-боблар) ҳам ундан жой олган. Уларнинг ҳар бири ҳам муҳим ва қизиқарлидир. Масалан, сўнгти рисолада подшоҳнинг халқ олдидаги масъулияти 10 шарт асосида кўрсатиб берилади. Шу жиҳатдан, у бир томондан, Юсуф Хос Ҳожибнинг «Қутадғу билиг»идаги бек ва раият муносабатларини эсга туширса, иккинчи ёқдан, Руссонинг «Ижтимоий шартнома»сини ёдга солади.
Ёки танлаган усулини олинг. Муаллиф касб-ҳунар эгаллаш ҳақида ёзар экан, уни ўз ўғилларига «васиятнома»га айлантиради. Ва бу орқали ўқувчида катта қизиқиш ва иштиёқ пайдо қилади. Дарҳақиқат, адиб бошидан кечган бахтли-бахтсиз, ширин-аччиқ кунлар, ҳаёт, саёҳат хотиралари, сафарлар давомида дўстлардан тингланган ҳикоялар ва булардан келиб чиқувчи ибратлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Муҳими шундаки, бу ибратлар ХИХ аср Европа тамаддунини ўз кўзи билан кўрган, айни пайтда, шу давр Шарқ илм-фанининг Туркистон сарҳадидаги энг буюк намояндаси васиятлари эди. Касб-ҳунарга, илм-фанга меҳр, ҳалоллик, мансаб-мартаба, мол-дунё ҳирсидан узоқ бўлиш, бани башарга хайрихоҳлик, ҳар қандай ҳолда ҳам яхшилик қилиш, исломий ахлоқ бу васиятларнинг асосий мазмунини ташкил этади. Диққатга сазовор яна бир нарса шундаки, Аҳмад Дониш фаранг донишмандлари, «сиёсий ҳукамолар»и ҳақида ёзди. Уларнинг «ихтилол ва инқилоблар тарихини чуқур ўрганиб», барча ҳақсизлик ва адолатсизлик сабабини «давлат ишларининг ёлғиз подшо қўлида бўлиши»дан топганликларини маълум қилди. Улар шу сабабли эски «давлат тузумини ўзгартирганлар», деб ёзди. Улар «ҳуқуқда ҳамманинг тенглиги»га риоя этишлари, даражалар эса, кишиларнинг «фазл ва ҳунарларининг оз-кўплигига қараб бўлиши», «давлатни ҳамманинг ўртасида турган киши идора қилиши» ҳақида «қонунлар чиқарганлари»ни уқдирди. Европанинг «барча давлатларни енгиб, бутун дунёга эга бўлишлари»да бу асосий омил бўлганини таъкидлади.
Дарҳакиқат, ушбу васиятнома таълимий-ахлокийгина эмас, муҳим ижтимоий-сиёсий мазмун ҳам ташир эди.
Шунингдек, унинг «Мажмуаи ҳикояти Аҳмад Калла» («Аҳмад Калла ҳикоятлари тўплами») (1877), «Ислоҳ миёни шиа ва сунн» («Шиа ва суннийни яраштириш ҳақидаги насиҳат») каби рисолалари, «Дафтари тақвим» («Кундаликлар»)и ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Аҳмад Дониш умрининг охирларида «Тарих рисоласи» китобини ёзди. Бир ёқдан, Амир Темур, Ҳусайн Бойқаро, Абдуллахон, Субҳонқулихон, Шоҳмурод, иккинчи тарафдан, Амир Музаффар салтанати мисолида ҳар бир давлатнинг тараққий ва таназзули сабабларини таҳлил қилди. Биринчи гуруҳни мужаддидлар (дин ва давлатни покловчилар) деб ҳисоблади.
Бу асарлар содда ва жонли тили, ифода услуби билан ўтмишдошлариникидан ажралиб туради. Синчков илмий мулоҳаза, танқидий ва таҳлилий тафаккур уларга алоҳида руҳ бағишлайди. Тасвир ва ифодадаги драматизмга мойиллик, суҳбатдиалогдан унумли фойдаланиш муаллиф фикрларининг ўқувчи онгига етиб боришини осонлаштиради.

АБДУЛКОДИРБЕКНИНГ ЭЛЧИЛИГИ ҲАМДА
РУСИЯНИНГ ТЎЙ БАЗМЛАРИДА КУРИЛГАН
АЖОЙИБОТЛАР ҲАҚИДА

Петербург шаҳри сенга пойтахт,
Анинг чун анга ёрдур икки бахт.
Эрам боғи бу шаҳардек бўлмағай,
Буни кўрган кйши ани суймағай.
Нишони буни ер эмас, кўк эрур,
Анингдек бунинг юлдузи кўп эрур.
Кўролмас эрсанг қуёш кундузи,
Ҳисобсиз кўрарсан қуёшдек қизи.
Қоронғу кечаларда ёнса чироғ,
Солур кўпни кўксига юз мингча доғ.
Етиб шул замон подшоҳ амридин,
Бўлибдур бу кун бир жис ойга қарин.
Анинг ҳусни васфига етмас гумон,
Тоқ эрди бу кун бўлдилар тов амон.
Фалак қилди ақлин таманно анинг,
Сочилғуси бўлди сурайё анинг.
Унинг тўйида қочди элнинг ғами,
Қутулмиш эди ғамидан олами.
Фалак қозиси эрди ул муштарин,
Бошидан олиб ирғитиб дастарин,
Бу тўй базмида қўл солиб ўйнади,
Эсиркиб эмиш ҳар ёна ағнади.
На бир жис бу ишда ёлғиз эди,
Кўриб базм баҳром кулмиш эди.
Фалак ёндириб бу қуёш машъалин,
Кўрибмиш эди зуҳранинг маслигин.
Аторуд бу базм ичра ҳуши кетиб,
Юборди қўлидин қалам ирғитиб.
Кўриб ой базмида ҳур қизларин,
Яширмиш эрди доғлик юзларин.
Жаҳонга тўлиб эрди кўрку чирой,
Бу қандай тўй эрди, кўринг ҳойи-ҳой.
Қулоққа кирар уди найлар уни,
Дутори, сеторлар чолур танбури.
Қурилмиш эди бу бино олти қат,
Ҳама устма-уст эрди, қатма-қат.
Фалакка етар эрди айвонлари,
Булутга тиралмишдир устунлари.
Бу устунлар эрди ҳама зар нигор,
Эмас зар нигор, балки заррин девор.
Қандиллар олтин, осилмиш эди,
Ипақдан гиламлар солинмиш эди.
Бу янглиғ эди жойи жаннат нишон,
Жаҳонда йўқ эрди анга ўхшаган.
Бўйинга тақишган асл дурлари,
Турар анда мингларча ҳур қизлари.
Боридур очилган гулистон гули,
Тўлин ой қуёшдек эрур ҳар бири.
Кўрингай либос остидан танлари,
Етар юз қадамдин алар ҳидлари.
Бош узра солмиш мушъабид тўри,
Этак гулга тўлмиш, бели кокили.
Бели қил каби кўп ингичка эди,
Сўзи шаккару, лаблари бол эди.
Гапирса тили дур нисор айлагай,
Кулимсиб кўзи юз хумор айлагай
Бу базм ичра тўлган бари ҳур эди,
Еру осмон барчаси нур эди.
Чолғу, қўшиқчи, ўйинчилари,
Бу тўйга йиғилмиш пари қизлари.
Бири чалса қонун, бири арғанун,
Бу базми ичра ўйнардилар куну тун.
Петербургда ўтди бу тўй ўн куни,
Томоша қилиб тинмайин кун-туни.
Кейин чиқди ёрлиқ бориб Маскова,
Яна тўй бериб анга ўтказмага.
Билинг, шаҳри Масковни хон балқидир.
Анинг кенглиги олти фарсах эрур.
Кеча-кундузи ила кўриб туздилар
Ҳам ул тўйни уч кунда ўткиздилар.
Чароғон бўлиб бўш ери қолмади,
Фалакдек чироғ тўлди, кам бўлмади.
Чароғон эди Масков уч кунгача,
Бўлиб базми, ўйинлар куну тунгача,
Кеча-кундузини киши билмади,
Фалак ой юлдузларин кўрмади.
Шу чоғда хабар бўлди шоҳ чиқди деб,
Петербургдин Маскова юрди деб.
Асогир ани тўсгани фож уриб,
Денгиз тўлқинидек сипоҳ мавж уриб.
Бутун халқ дарё каби оқдилар,
Шаҳаншоҳ келмиш деб ошиқдилар…
Шу савлат, шу шавкат билан юрдилар,
Ани қўндириб ўрдага қўйдилар.
Шунингдек кўриб бўлди тўй кунлари,
Ҳаво кўп совуқ, қиш узун тунлари.
У ютган кумушдек эди қори муз,
Совуқдан кўринмас кўзи, қайси юз.
Совуқнинг кучин қандайин бил сано,
Нафас чиқса қайтиб киролмас яна,
Вале уй ичида баҳор ўхшаюр,
Чамандек бўлиб лолалар очилур.
Учиб саъва, булбуллари сайрашур,
Оқар сув, отар сувлари кўп эрур.
Қўйилмиш бу уйларга хон тахтаси,
Кабобу, шаробу, таом барчаси.
Ҳар усталда қўймиш неча хил шароб,
Бири қип-қизилдир, бири дурри ноб.
Кўтарган қадаҳ ғам юзин кўрмагай,
Анинг кўнглида қайғудин қолмагай.
Оёқ олтин эрди, пиёла биллур,
Киши ичганда аксин анда кўрур.
Бу хонтахтага ўлтирур, айланиб,
Пари чеҳралар, сарви қадлар келиб.
Юзи олмадек, кўксида нори бор,
Гапирса анинг оғзида боли бор.
Қўша ўлтирур эру хотинлари,
Олур бир-биридан асих кўзлари.
Яна шунча давлат билан маҳлиё,
Келур ҳамманинг устига бир қатор.
Дебон хуш келибсиз бу фурсат ўтар,
Ғанимат билингки, бу кун хуш кечар.
Ишорат қилиб дер эрди: дилхуш қилинг,
Бу дам хушлигини ғанимат билинг.
Қилолмас бу тўйнинг киши таърифин,
Ёзолмайди ҳеч кимса мингдан бирин.
Магар Дониш этмиш анинг васфини,
Бўлак кимса билмас эди қадрини…

РУСИЯГА ҚИЛИНГАН ЯНА БИР САФАР ҲАҚИДА

Саид Абдулфаттоҳ тўра Абдулқосимбий билан биргаликда элчилик хизмати билан яна Бухородан Русияга бордик. Уларнинг одатлари бўйича, атрофдан келган элчиларни шаҳарни айлантириб, заводлар, ишхоналар, томошахоналар, мактабхона ва олий иморатлар ҳамда шу каби жойларни кўрсатар эканлар. Булардан ташқари, хазина, дафина ва қўрхоналарни ҳам томоша қилдирар эканлар.
Русиядаги ҳар бир шаҳарда базмхона бўлиб, уларда ҳар кеч соат 12 гача турли ўйинлар бўлиб туради. Нағма-наволар қилган, рақси самога тушган паричеҳра хотинлар, сочлари сунбулдек сочилиб, юзлари қизил гулдек очилган сарв қомат қизлар томошабинларнинг кўзларига жилва бериб, кўнгилларига роҳат етказиб мажлисни қиздирадилар. Булардан ташқари, бу базмхоналарда ҳар турли шуъбада найранг ўйинлари (иллюзия) ҳам ўтказилади. Ўйинхоналарга хоҳлаган кишилар кириб, ўз ҳолларига яраша белгиланган жойларда ўлтирадилар. Ўйин тарқаганда, томошабинлар ўлтирган ўринларига қараб билет ҳақини тўлаб чиқадилар.
Бу мамлакатда ҳар нарсани йиғиб, хазина қилиб халққа кўрсатадилар. Масалан, ўлик, тирик ҳайвонлар, учар қушлар, қанотли парвоналар каби капалак ва бошқа турли жониворлар махсус биноларда сақланиб, бу биноларнинг эшиклари томошабинлар учун ҳамма вақт очиқдир. Тиббиёт, ташрихот фанларидан маълумот бериш учун ҳайвон ва инсон жасадларининг қуп-қуруқ суяклари махсус хоналарга қўйилган, шунингдек, ўлик туғилган болаларни шишаларга солиб сақлаганлар. Одамнинг нутфалик (эмбрионлик — тарж.) ҳолидан бошлаб туғилганигача бўлган ўзгаришларини кўрсатиш учун уларни махсус дори билан дорилаб, ҳар бирини айрим шишаларга солиб қўйганлар.
Қалам тебратувчини вазият тарафидан бир кечалик базм мажлисига таклиф қилдилар. Буни саврония (собрание) деб атар эканлар. Бу базмга тўрт киши бўлиб бордик. Қарасак, мажлис Русиянинг катталари, уларнинг хону беклари билан тўлган эди. Шунингдек, мажлисда келишган, бошдан-оёғигача зийнатга ўралган ой юзли хотинлар, кўкраклари олмадек кўтарилган, янги очилган гулдек, каклик юришли қизлар, сарв бўйли, зебо юзли йигитлар, қизлардан ҳам чиройли, ўспиринлар ҳам ўлтиришган эдилар. Бир олий иморатли бинога кириб келдик. Унинг ичида санъат билан солинган бир қанча катта-кичик уй ва ҳужралари бор эди. Бу уй ва ҳужралар ойнакорли бўлиб, эшик дарчаларига ипак пардалар осиб туширилган; ичкарисида зийнатли каравотлар қўйилган, тўрт тарафида одам бўйи ойнаклар қўйилган бўлиб, улар орасида қимматбаҳо гулдон ва шамдонлар бор. Уй ва ҳужраларнинг девор ва шиплари, ост-уст томлари турли расмлар солиниб зийнатлангандир. Шу мажлисда мингдан ортиқ ҳар хил шамлар ёндирилган. Чироқнинг кўплигидан, кечаси кундузга айлантирилган эди.
Ой юзли, сарв бўйли, нозик бадан маҳбубалар ясанишиб, зол ичида хиром қилур эдилар. Юрганларида ўйинчи кийиклардек ҳар тарафга қараб тўлғаниб, буралиб юрар эдилар. Қатма-қат кийган нафис ипак либослари ул нозанинларнинг нозик оқ баданларини ёполмас эди. Баъзилари бошдан-оёқ бўйларига қора ипак тўр тортган эдилар. Буларни кўрганда уларнинг ҳусн-жамолларига, ишва ва нозларига қараб ақллар ҳайрон, тиллар лол бўлар эди. Ғайб оламидан тушган руҳларми ёки биҳиштдан дунёга юборилган ҳур қизларми булар деб ўйлайсан киши…
Бизлар бўлсак ҳаммамиз оғзимизни очиб атрофга қараб ҳайрон бўлиб қолдик. Бу жой қаер бўлди, бу нима ҳолдур ўзи? Ажабо, ҳозир келаётганимизда-ку, тун қоронғуси бўлиб, ёмғир савалаб турган эди, бирданига кун чиқиб кундузга айландими? Ёки бу ажойиботларни тушимизда кўраётирмизми деб, кўзимизни гоҳида уқалаб ҳам қўяр эдик… Шу ҳолда ҳайрон қолганимизча анқайишиб илгари юрсак ҳам, қаерга бориб, қайси ўринга ўлтиришимизни билмас эдик. Чунки бизни бошлаб келтирган тилмочимиз бир суқсурбўйин нозанин билан сўзлашиб орқароқда қолган эди… Шу ҳолда турганимизда ортда қолган тилмочимиз етиб келиб, бизларни бу ҳайронликдан қутқарди. Мажлис тўрига қўйилган курсиларга келтириб ўлтирғизди, У одамга ҳаммамиз ташаккур айтиб, жим ўлтирдик.
Уйнинг тўрида ердан бир ярим газча кўтарилган катта шоҳсупа бор эди. Унга бошдан-оёқ расмли пардалар тортилган бўлиб, унинг ортига катта биллур қандил осилиб, юздан ортиқ шамлар ёндирилган эди. У жойда тўлин ойдек сарв қадли бир тўп қизлар мажлис аҳлига ўзларини кўрсатиш учун тайёргарлик кўрмоқда эдилар. Улар томошабинларнинг батамом йиғилишини кутиб турар эдилар.
Шоҳсупанинг остида ердан икки қаричча кўтарилган яна бир супа бўлиб, унинг устига катта бир стол қўйилган, стол жуда зийнатланиб, икки четига иккита катта тиллакор шамдон ёндирилган; унинг устига рус-фаранг оҳангида чалинадиган нағма-наво ва созларнинг усуллари ёзилган дафтар ва китоблар қўйилган. Мажлис аҳлларидан бирон эркак ёки аёлнинг созандалик фанидан хабари бўлар экан, хоҳласа шу супа устига чиқиб халққа қараб бир неча тавозе ва тамолуқлар қилганидан сўнг, юмшоқ курси устига ўлтириб бирон оҳангда нағма-наво қилиб берарди. Агар қўшиқчи ёки ҳикоячилардан бўлса, супа устида тикка туриб, у ҳам ўз ҳунарини кўрсатар эди. Агар томошабинлар уларнинг қайси биридан таъсирланиб, уни хуш кўрсалар, қарсаклар чалишиб ундан рози бўлганликларини билдирар эдилар. Агар кўпроқ қарсак урилиб, ундан яна тинглаш истагини билдирсалар, ул ижрочи қайтиб чиқиб мажлис аҳлига қайта таъзим ва тавозелар қилганидан сўнг, яна созини қўлига олиб, бўлакчароқ бир оҳангни бошлар эди. Агар бундан сўнг яна аввалгидай қарсаклар бўлса, учинчисига киришар эди. Буни тамомлаши билан томошабинлар қарсакни яна авжига чиқарар эдилар. Аммо у эса супадан тушиб, ўз жойига келиб ўлтирар эди. Буларнинг чалган нағма-наволари, айтган байту ғазаллари мажлисга алоҳида ҳусн берар эди.
Бу мамлакат хотинларининг либослари белларигача тор бўлиб, белдан пасти эса кенгдир. Этаклари шундай кенгки, унинг кенглигидан ўзлари уйга кирсалар, этаклари ҳали даҳлизда қолур эди. Белига ипакдан тўқилган белбоғлар боғланган бўлиб, ундан янги ойга ўхшаш икки шохча чиқарилган. Белбоғни қаттиқроқ тортиб боғласалар, у шохчалар бел атрофидаги ипак кийимларни кўтарганлигидан, кўпирма бўлиб кўринади. Унинг устидан қизил, қора, кўк тўрларни бошларига, елкаларига ёпадилар. Яна бошларига янги узилган гулдек бир даста ясама гул қилиб, уни қош четларидан келиштириб боғлайдилар. Хурмо донаси узунлигида бўлган гавҳар кўзли олтин сирға тақадилар; қоронғи кечаларда унинг шуъласи тушиб, ярқираб ёниб туради. Маҳбубаларнинг қулоқ учлари ниҳоятда тиниқ бўлганлигидан, ундаги қоннинг қизиллиги ва унинг ҳаракати сиртидан кўриниб турар эди. Шундай зеб-зийнатли нозанинлар ўринларидан турганларида ақл димоғ токчасидан учиб чиқишга интилади. Улар ўтирганларида жон-дил ҳужрасига кириб тинчланади. Ажабо, бу қандай нафис санъат ва улуғ қудратки, инсон тоғининг булоғидан чиққан бир қатра палид сувдай бундай ажойиб гуллар бу қора тупроқ устида очилмишдир!
Шундай қилиб, бир фурсатдан сўнг бу нозанин ўйинчи қизлар парда тортиб, гул юзларини халқдан яширадилар. Парда орқасида ўзларига оро берганларидан сўнг ғойиблар, ҳозир бўлинглар; тарқалганлар, йиғилинглар; томошабинлар, тайёр бўлинглар; бизлар яна ўйин кўрсатамиз, деб занг чаладилар. Бирданига парда кўтарилади. Юқорида кўм-кўк бўлиб осмон кўринади. Шарқ-ғарбнинг бирида ёруғ ой чиқиб, осмон тўла юлдузлар чарақлайди. Кўз етмас кенг майдонда ҳисобсиз улуғ дарахтлар, эгиз тоғлар, олий иморатлар кўринади. Бу пари чеҳра қизлар ўзларини фаришта суратига киргизиб, баъзиси қанот ёзиб боши юқори осмонга қараб учмоқда, баъзи бирлари боши тубан ғайб оламидан ер устига тушиб келмоқда, баъзиси эса бир оёқ устида туриб, иккинчисини орқасига тўғри тортган қуш қуйруғи қилиб, қанот остига ёзиб гул чекма этакларини очиб, бир қўли бошига эгилган, иккинчи қўлини ерга қаратиб чўзган ҳолда ҳаммалари мажлис аҳлига хомушлик билан қараб турадилар…
Шундай бўлиб, бирон соат ўтгандан сўнг парда тушиб, яна ўзларини бошқачароқ қилар эдилар. Бу навбатда ҳаво ўзгарган, булут қоплаб бўрон кўтарилган, чақмоқ чақиб момақалдироқ бўлиб, қор-ёмғир, дўллар ёққан. Шу орада зилзила бўлиб, иморатлар чайқалган; бунинг зарбидан денгизлар тўлқинланиб, кемалар ғарқ бўлган. Кема аҳлининг сувга ботаётганида дод-вой қилишиб, нола қилганларини кўриб мажлис аҳли ҳам йиғлашар эди.
Бу найранг ўтгандан сўнг парда туширилиб, ўзларини яна бошқа хилда ясаб чиқдилар. Бу чиқишларида нағма-наволар куйланди, қизлар рақсу самога тушиб ўйнадилар. Буни айтишдан ақл ожиз қолиб, тиллар лол бўлади. Шоҳсупа саҳнини бир оёқлаб неча қайта айландилар. Икки оёғини жуфтлаб олиб, чарх уриб, икки газча юқори кўтариладилар. Уларнинг менга ёққан энг яхши рақслари баму-бак-бак-бам; ёки бак-бак-бам зарбига келгани эди. Бу мажлисда гоҳи оташбозлик қилиб мушак учирар эдилар. Гоҳида ҳайбатли ҳайвонлар, даҳшатли жониворлар, девлар, аждаҳолар, ҳар турли денгиз махлуқлари кўрсатилар эди.
Шу ҳолда, мажлис соат 12 да тамом бўлди. Мажлисда тун бўйи ҳар жойда тайёрланган чой, қаҳва, арақ, шароб ва кабоблар, ҳар хил ҳолва, писта, бодом каби турли емишларнинг ҳисоби йўқ эди…

* * *

Петербург шаҳрининг катта растасининг узунлиги бир фарсах, эни 55 газгача келади. Катта кўчанинг икки тарафида боши булутга теккан, бошдан-оёқ олти-етти қаватли иморатлар бор. Девор тагида, кўчанинг ҳар икки томонида эни тўрт газча ердан бир қарич баланд қилиб пиёдалар учун мармар тошдан йўл ясаганлар. Бу йўлларнинг келар-кетари ўз олдига бўлиб, йўл юрганлар бир-бирларига қарши келмайдилар.. Бу икки йўлдан кейин аравалар учун олти қовурға қилиб ёғочдан чатилган махсус ўн газлик бир кўча чиқарганлар. Юрганда араваларнинг товуши чиқмасин деб кўчани ёғочдан ясаганлар. Кўчанинг ўртасида майда қайроқтош терилган 15 газлик яна бир кўча чиқарилган; бундан отлиқлар ва аскарлар юрадилар. Кўча сувларининг оқиб тушиши учун ҳар 15 газлик жойда оғзи темир панжаралар билан қопланган чуқурлар қилинган. Ҳар бир газ ерда ғўла чўяндан ясалган фонусдонлар қўйилган бўлиб, унда тун бўйи газ лампаси ёндириб қўйилади.
Бу ошёналик иморатларнинг ҳаммасининг таги дўкон, сарой, раста ва бозорлардан иборат. Уларда турли-туман Европа молларини сотадилар. Агар бир дўкондан ўн минг тиллалик мол олсанг, ундан ҳеч нарса олинмагандек бўлиб туради. Тушдан сўнгги соат учдан бошлаб тун ярмигача бу ернинг бозори қизиб, кўчалар ҳайит кунларидек кишилар билан тўлади.
Шарқдан ғарбга чўзилган бу узун растанинг ерлари ғоятда тозалигидан чиннидек ялтираб туради. Агар қор ёғиб қолса, дарҳол маҳбуслар келтирилиб, уни тозалайдилар. Миниб юриладиган ва араваларга қўшилган отларнинг сони қанчалик кўп бўлмасин, тозаловчиларнинг тайёр турганликларидан ҳеч жойда уларнинг тезаклари кўринмайди. Гул чеҳра паризодлариинг этакларига нам юқмасин деб йўлакларни лиф супургилари билан доим супуриб турадилар.
Бу растада кишилар бир-бирларига қарши қелиб тўқинишмай-дилар. Арава ва пиёдаларнинг йўллари алоҳида-алоҳидадир. Ҳар ким ўзига белгиланган йўлдан юради. Бу шаҳарда қичқириб сўзлашиш ёки бировни узоқдан чақириш айб ҳисобланади. Бирон киши кўчанинг нариги томонидаги танишини чақирмоқчи бўлса, жўча бошидаги қоровуллар орқали уни тўхтатади.
Мен бу сафарга ибрат олиш учун чиққанлигимдан, ҳар бир нарсага диққат билан қарар эдим. Менинг кўзимга халқ ғамгин бўлиб кўринар эди. Менинг билишимча, бундай ҳол кишилар ўртасидаги ҳасаддан келиб чиқар эди. Чунончи, Иваннинг хотини ўн минг тиллалик уст-бош кийиб олти отли аравада юради-ю, Васьканинг хотини ҳар жиҳатдан ундан тубанроқ яшайди. Ёки бировнинг бойлиги ҳаддан ташқари зиёда, айш-ишрат асбоблари ҳам муҳайё, лекин эри келишмаган. Ёки ҳар иккаласи ҳам келишгану, уларда маишат асбоблари йўқдир. Ана шундай тафовутли кишилар бир-бирларига ҳасад қиладилар. Турмуш тўғрисида бир-бирлари билан рақобатда бўладилар; бир-бирларидан ошириш қасдида ҳар куни от-арава, кийим-кечакларини тузатиш оворагарчилиги билаи бандлар. Ҳеч бирлари ўз турмушларига рози бўлмайдилар. Шу қадар зеб-зийнат қилиб, ўзларига оро бериб турсалар ҳам, ғам-ғуссанинг кўплигидан юзлари сарғайиб, еган-ичганлари юзага чиқмайди. Бир-бирларига қилган рашк ҳасадларнинг кўплигидан доим қайғу-ҳасратда бўладилар. Базмхона, ўйинхонадаги аҳвол ҳам шунга қиёсдир…
Аммо шуниси аниқки, мол топиш, дунё тўплаш билан роҳат кўриш мумкин эмасдир. Агар дунёда мол тўплаб бой бўлишни роҳат деб билувчилар бор бўлса, улар ҳайвонлар даражасига тушган одамлардир. Дунёда заҳматсиз роҳат, ташвишсиз неъмат топилиши мумкин эмас. Бой кишиларнинг кўрган роҳатлари эса охурига солинган кунжарани кўриб қувонган ҳўкизнинг роҳатига ўхшайди. Деҳқон ҳўкизига кунжара бериб қувонтиради-ю, эрта саҳардан унинг бўйнига бўйинтуруқ солиб, калтаклаб қўш ҳайдайди. Ҳўкиз эса оғилдаги кунжарани кўраркан, ўшанга маҳлиё бўлиб қувонганидан саҳарда қўшга қўшилиши, гаврон калтак ейиши унинг эсига ҳам келмайди.

А. Ҳамроев ва А. Шокиров таржимаси