Владимир Маяковский (1893-1930)

Маяковский Владимир Владимирович [1893.7(19).7, Кутаиси ш. — 1930.14.4, Москва] — рус шоири. 1906 йил, отаси вафотидан сўнг, оиласи билан Москвага кўчиб бориб, классик гимназияга, 1911 йил эса тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик билим юртига ўқишга кирган. Шу йили рус футуристпар гуруҳи ташкилотчиси Д. Бурлюк билан танишган.
1912 йил «Жамоат дидига тарсаки» тўпламида дастлабки шеърий асари чоп этилган. Ижтимоий силсилалар арафасида шеъриятга кириб келган Маяковский символизм ва акмеизм эстетикасига қарши чикали, эътироф этилган устоз шоирлар, жумладан, А. Блокнинг бадиий тажрибаларига танқидий ёндашади.
1913 йил «Владимир Маяковский» трагедиясини ёзади, «Мен!» илк шеърий китоби нашр этилади. Маяковскийнинг дастлабки ижодида «Чолворли булутлар» (1914—15) достони муҳим ўрин эгаллайди. Бу достонда интим сюжет ижтимоий ва космик миқёсга, севги эса байроқ — қалб даражасига кўтарилган.
Маяковскийнинг Осип ва Лиля Бриклар оиласи, айниқса, Лиля Брик билан танишуви унинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнаган. Ижтимоий ҳаётда содир бўлаётган ўзгаришлар Маяковскийни четлаб ўтмади.
Маяковский 1917 йил Октябрь давлат тўнтаришини хушнудлик билан қарши олди. Ундаги воқеаларнинг шиддатли руҳини ўз шеъриятига сингдирди («Сўл марш», 1918). Турли жанр ва соҳаларда ҳам ижодий кучини синаб, бир неча фильмлар («Пул учун туғилмаган», «Хоним ва безори» ва б.) сценарийларини ёзди ва бу фильмларда бош ролларни ижро этди.
1917 йил августда эса Мусиқали драма театрида даврнинг қахрамонона, эпик ва сатирик тасвири бўлган «Мистерия-буфф» пьесаси намойиш этилади. Шу даврдан бошлаб Маяковский истеъдоди большевизм ғояларига тўла-тўкис хизмат қилади. Маяковский, инсоний сажиясига кўра, худбинлик, ҳасад, калондимоғлик, мансабпарастлик, пора-хўрлик сингари иллатлар билан муроса қила олмовчи киши эди. Маяковский большевикларни жамиятни ана шундай қусурлардан халос этувчи, советлар мамлакатини юксак тараққиёт манзилига элтувчи кишилар, деб билди.
Шунингдек, у «янги жамият»ни барпо этаётган кишилар орасида ҳам ҳафтафаҳм, амалпараст кишилар борлигини ўз кўзи билан кўрди ва уларни «Қандала» (1928), «Ҳаммом» (1929) сатирик пьесаларида акс эттирди. Бу пьесалар кўп ўтмай тақиқланади ва Сталин вафотига қадар (1953) ҳеч ерда қўйилмади.
Маяковский 1924—25 йилларда Франция, Америка сингари қатор хорижий мамлакатларда бўлди. «Американи кашф этишим» асарида буюк мамлакатнинг куч-қудратидан ҳайратга тушди, шу билан бирга бу мамлакатда долларнинг ахлоқ ва виждон мезонига айланганидан ўпкаланди.
Маяковский ижодининг сўнгги босқичида ана шу нафрат ва муҳаббат туйғулари шоир асарлари («Ҳайқириқ», «Жуда соз!», «Қандала», «Ҳаммом» ва б.)нинг бош лейтмотиви даражасига кўтарилди. У ўз ижоди ва жанговар сўзи билан социалистик қурилишга ҳисса қўшишга уринди. Горький билан бирга шўро адабиётидаги социалистик реализм методи асосчиси бўлди. Аммо у ишонган давлат тизими ўша йиллардаёқ бюрократик аппаратга айланиб бораётган, у ишонган давлат раҳбарлари эса халқдан ва унинг пешқадам сиймоларидан юз ўгираётган эдилар. Маяковский бир томондан, РААПчи сафдошлари (пролетар ёзувчилари) томонидан тарк этилган, иккинчи томондан, «муҳаббат кемаси», ўзи ёзганидек, сув ости тошларига урилиб шикастланган. Маяковский 1930 йил 14 апрелда ўзини-ўзи отиб ўлдиради.
Маяковский исёнкор шеърияти билан нафакат рус, балки Л. Арагон, П. Неруда, В. Броневский, Нозим Ҳикмат, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон сингари турли миллатга мансуб шоирлар ижодига катта таъсир ўтказди. Шеъриятнинг тарихий-ижтимоий давр билан ҳамқадам, жўшқин ва шиддатли ҳаётга ҳамнафас бўлишида, янги шакл ва тасвир воситаларини ахтариб топишда Маяковский анъаналари ўз ролини ўтади. Аммо шу билан бирга шеъриятнинг сиёсатлашиши ва мафкуравий қуролга айланишида ҳам Маяковский нинг таъсири каттадир.
Ғ.Ғулом, Шайхзода, А. Мухтор томонидан «Ҳайқириқ», «Жуда соз!» ва бошқа асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. (Наим Каримов)

ҚЎЛИНГИЗДАН КЕЛАРМИ БУ ИШ?

Шартта стакандан сачратиб бўёқ,
ғариб кун чеҳрасин ўчирдим дангал;
уммоннинг қийшайган иягин ногоҳ,
бир коса селобда яшнатдим ял-ял.
Тунука балиқнинг тангаларидан
ўқидим нотаниш лаблар ўйини.
Тарновни най қилиб,
сиз ҳам,
дафъатан,
чала оласизми оқшом куйини?
1913

ОЙДИН КЕЧА

Манзара

Ой чиқмоқчи.
Кўринди
чети.
Сўнг муаллақ қолди ҳавода оппоқ.
Кумуш қошиғи-ла
ковлаб кўрар эди
серюлдуз шўрвасин,
чамамда,
халлоқ.
1916

БАҲОР

Шаҳар ечди қишлигин такрор.
Қор лабидан оқди сўлакай.
Келди яна вижирлаб баҳор,
худди сергап юнкер—болакай.
1918

ҒАЙРИОДДИЙ ИККИ ҲОДИСА

Кун бўйи
ҳўкиздай кавшаниб беғам,
қалам ҳақи учун чекиб жон,
Мен
Волгабўйини қўшиқ қилолмам:
ёзиш мумкин эмас
бу ҳақда ёлғон.
Лекин оч юрганман,
лаънати очлик
нелигин минглардан яхши биламан!
Ғазабга учрасин, дея, муҳтожлик,
бир жуфт ҳодисани
тасвир қиламан.

Биттаси. —
Унута оларми ҳеч зот
ўн саккизинчи йил, Петербург турқин?!
Жон берса муз узра от ортидан от,
қарғалар чарх уриб, “қиларди қирғин”.
Йўлда қопқалар берк гарчи тақа-тақ,
чорраҳа ҳеч қолмасди тинчиб:
ўргатилган итлар
сўрар садақа
думин ликиллатиб, акиллаб, ғингшиб.
Газеталар ёзмас бу ҳақда ҳадеб,
тилдан тилга ўтар лекин бир нақл:
бир чол
кампирини бўғиб,
гўштин еб,
“Мунча бемаза” деб
қилганмиш жаҳл.
Ҳа, миш-миш деганинг,
бўлиб юз такрор,
Очни ҳам, тўқни ҳам беҳуд қиларди.
Бу улкан шаҳарда не тешикки бор,
барида ҳокимдир қориннинг дарди.

Очлик ва ғийбатдан ҳол қуриб,
бир кун
Морская кўчасида,
шабкўрга ўхшаб,
гулзор-витринага тикилдим дилхун,
Эйлерс дўконининг олдида тўхтаб.
Нуқтадек туюлар бу мурғак гуллар.
Нархи-чи?
Болалаб кетмиш нўллар, о!
Бир нонга арзирди ҳар битта гулбарг.
Бехосдан
мен ҳамда
витрина аро
бир нусха кўринди.
Боши — отнамо.
Одимларди
чайқалиб,
ҳорғин.
Тиқиб олган эди бурнига аммо
негадир
икки ё учта
бармоғин.
Кўзларида қаймоқлаб йиринг,
пайи чиқиб ётар
йиртиб бўйнини.
Йиртиқдан томчилар томчилаб, кўринг,
лолазор қиларди
кўча бўйини.
Судралган сояга қараб турган чоғ
қақшадим:
наҳот шу инсоннинг ҳоли,
ахир бу жонивор,
ахир бу арвоҳ
ўлгуси одамзод тимсоли.
Бу даҳшатдан қалқдим мен ортга.
Қора томчилардан топиб йўл,
бориб қолдим яна чириган отга.
Боши қани?
Бош деган гап йўқ!
Ёнда —
порлаб, тушарди ўйин
қаламтарош —
қон юқи пичоқ.
У билан
у нусха
ўлик от бўйнин
қиртишларди наздимда бу чоғ.
Шунда тушундимки,
тимсол йўқ бу ерда,
бу соя ҳам эмас,
бу — одам.
Балки чиябўри бўлиб,
бугунми-эрта
бунда тирикчилик бошларман
мен ҳам.

Мана иккинчиси. —
Майда ва содда.
Май охири эди
аввалги ёзда.
Қаранг эркаловчи боғлар ҳавосига:
арғувоний эди,
баҳорий.
Мен эса оч эдим,
тоқатим йўқ сира, —
ҳув собиқ Филиппов қаҳвахонасига
навбатда турардим барча қатори.
Бу ерга киргандим беш йилча аввал.
Хотирамни титкилаб кўрсам, —
бунда чулдирарди фаввора у гал,
хонбалиқлар
ўйнарди хуррам.
Хотирадан — иштаҳа ўсар;
яхшими — ёмонми,
кечмам тушликдан!
Оҳ, вақт мунча имиллаб ўтар?!
Мана,
кириб олдим мен ҳам
эшикдан.
Одамлар ўлтирар,
оғзида — шўрбалиқ,
идишда — шўрбалиқ,
ҳаво шўр ҳатто.
Ташқарида баҳор
қиларди хуш қилиқ,
ўзни ичкарига урар халқ аммо.
Чайнашар,
босолмай очлик титроғин,
хурсанд шимиришар заҳар ҳавони.
Гадойлар
тилашар балиқ қулоғин,
талашга айланар
бунинг давоми.
Ўчиб кетмасмиди “руслар” деган ном,
кафт очиш касбини билмаганида?!
Бугуноқ
рус эли бўларди тамом,
балиқ умуртқаси бўлмаганида.
Шуни ўйладим-у,
суяк дардида
қутурган галани
туртиб,
тупуриб,
отилдим,
эшикни шарт итардим-да,
ҳид тараб, балиқдай
чиқдим югуриб.

Ундан қутуларман не билан ювсам,
Сасиган —
эгнимми ва ёки кўнгил?
Балиқ тангасидай ёнган юлдуз ҳам
нур эмас,
сассиқ бўй сочди
ярим йил.
Очу тўқ,
ҳаётим бир нав ўтмоқда,
очликни кўрмасдан ўлсам не ажаб,
лекин юрагимда ғазаб ўсмоқда,
очликка нисбатан,
олий бир ғазаб.
Майда-чуйда гапга ўрин йўқ зарра
одамлар очликдан тиришган маҳал.
Нон! —
шудир ҳаётнинг ўқи бир карра,
биз ҳам, озодлик ҳам ўшанга маҳтал.
Яйраса
оқ ноннинг ҳидига ботган
Смоленск майдоними, Трубнийми ё,
менинг кўз ўнгимда
похолда ётган,
похолни нон дея ғажилаётган
Волга шўрликлари бўлади пайдо.
“Очлик!” денг,
Европа эшитиб қўйсин!
Қўли қисқалар ҳам
бўлишсин борин!
Солиқ булоғининг очингиз кўзин!
Деҳқонлар чуқурроқ олсин шудгорин!
Урайлик шеър билан,
пьеса билан!
Қани, шифокорлар, қўзғолинг йўлга!
Димланг, адо бўлсин у
дуд забтидан!
Фабрикалар — жангга!
Заводлар — олға!
Кирмаса
очларнинг оҳи қулоққа,
бугун ташналарга бўлмасак дармон,
очлик
етиб келар
бизнинг тупроққа,
гирибонимиздан
тутар беомон!
1921

ҚАТЪИЙ МАН ЭТИЛУР…

Об-ҳаводан,
майдек,
кетасан яйраб.
Май — нимаси.
Бу чинакам ёз.
Ҳатто назоратчи,
ҳаммолга қараб,
дил
этар парвоз.
Бағримда
қўшиқлар
уради туғён,
қўлимни
етаклаб кетади
қалам.
Жаннатга ўхшатгим келади
бу он
Краснодар
перронини ҳам.
Кайфиятим —
худди хитойи чинни.
Булбулдай
куйлагим келарди
хушҳол!
Бир маҳал:
“Чалғитманг
назоратчини, —
деган
эълон кўрдим, —
берманглар савол!”
Булбуллар қулади
гўёки ўқ еб.
Қалбим нўхталаниб,
оғриқ поралар.
Сўрагим келарди:
— Ишлар қалай? — деб,
Соғлиғингиз қалай?
Қалай, болалар?
Нетай,
ерга боқиб,
ўтдим бесадо,
қунушганча,
илжайиб тахир.
Сўрагим келади,
мумкинмас аммо, —
хафа бўлмасин-да:
ҳукумат ахир!
1926

КАЛЛАВАРАМЛАРГА

Шеър
ғоят таъсирчан нарсадир,
бироқ,
ҳаққоний бир хабар
ундан ўткирроқ.
Масалан,
олай деб деҳқоннинг кўнглин,
Зодагон удумин тутиб,
қишлоқда
бир тўп каллаварам,
шимариб енгин,
Опера театри
қурмоқда.
Ўзга ерда эса,
ё кайфи ошиб,
ёки босиб
миясин қиров,
Гулдек ишлаб турган
заводни
шошиб,
бошқа жойга,
кўчирар
биров.
Учинчисин боши —
елкадан пастда,
калласи
елкадан пастроқ
кишилар
резинка чўчқача мисоли
аста
пуфлаб,
ҳисоботни шиширар.
Ундан ҳам бошқаси,
қарзга ботса ҳам,
дўкон деб
қуради
муҳташам сарой.
Кейин,
юқорида
шамол қўпган дам
ишчилар бошига
шип қулар,
вой-вой…
Хулласки,
бемаъни ишлардан тўйиб,
жиноят китобин очар
замона:
Қурмай
қуриб кетинг!
Буларни қўйиб,
Қуринг
ўзингизга
бир жиннихона.
1928

ТАЪБЛАР ҲАҚИДА ШЕЪР

Туяни кўрган от
пишқирди:
“Ҳайҳот,
мунча
бесўнақай бўлмаса
бу от”.
Туя
ўкириб дер:
“Нега куясан?
Сен ўзинг —
ўсмасдан қолган
туясан”.
Ёлғиз худо ўзи
биларди асли
Турлича эканин
уларнинг
насли.
1928

МЕН БАХТИЁР!

Шодман,
гражданлар,
шодлигим шоён,
келинг,
қаҳ-қаҳ уринг
мен билан бирга.
Сизга ҳам
сиримни этай деб баён,
солдим
ҳисларимни
шеърий сатрга.
Бугун
фил сингари сездим
ўзимни,
одим ҳам отаман
заррача толмай.
Тунда
юмибману кўзимни,
уйғонибман
ҳатто йўталмай.
Қаёққа қарасам —
яшнар табассум.
Биласиз,
куз — шилта бир фасл.
Менга эса
гуллар
жилмаяр маъсум,
чиройи ҳам,
ҳиди ҳам
асил.
Фикру
қофиялар
келар қуюлиб,
муҳаррирнинг
тили
карахтдир.
Ишласам,
тулпорлар у ёқда қолиб,
Бас келолмас
ҳатто трактор.
Қорним ҳам оғримас,
ҳамёним ҳам тўла,
қадамим ҳам
тушар
бехато.
Қутулиб
бекорчи харждан
бир йўла,
рангим чиқиб қолди,
семирдим ҳатто.
Кўз равшан тортаркан
равшан бўлса таъб,
димоғим
хушҳаво,
оғзим
шириндир.
Гўёки
аъло нав тортни
тилимлаб,
Тилимнинг устига
қўндирар
кимдир.
Гарддан фориғ эди ҳамиша
каллам.
Энди-чи?
Калламнинг ичи ҳам
тиниқ.
Ҳар кун
йигирма бет
шеър ясаб турсам,
Толстой ҳам
ҳасаддан ёниши аниқ.
Аёллар
парвона бўлишар менга,
товланиб,
исмимни сўрашар олдин.
Хуллас,
ҳар аскиям тенгдир
олтинга,
суҳбатнинг гулига
айланиб қолдим.
Қизиллик югурди
юзимга,
қаранг,
тумов ҳам илашмас,
каравотим бўш.
Энди
шодлигимнинг боисин
сўранг.
Айтайми —
айтмайми?!
Нетай, хўш?
Кимдир
жавоб кутиб
қоврилар ўтда,
Кимнингдир оҳидан
таралар
тутун.
Ҳай-ҳай, тўлқинланманг,
сабаби —
битта:
Ўртоқлар,
чекишни ташладим
бугун.
1929

Ҳусниддин Шарипов таржимаси

ЛИЛИЧКА*
(жавоб мактуби)

Сигара тутуни ютиб ҳавони,
Жаҳаннамга дўнди хона, ахир, боқ.
Эслагин,
илк марта қўлларингни мен
Тутгандим,
созини тутгандек машшоқ.

Эркам, ўтирардинг,
Ташна қалбинг тош,
Мени келажакка қуварди ҳужрам.
Қалтираб тўкилар эди кафтларим,
Эсимда,
қип-қизил кўйлагинг узра…

Руҳим саҳроларга ҳайдалгандайин,
Юрагим тўкилар эди паришон.
Азизам,
бу менинг истагим эмас –
Аммо, ҳижрон дами келгандай бу он.

Ишқим – бир оғир юк,
Ҳар недан асраб
Сенга содиқ қолгай қайда бўлсанг ҳам.
Барча дардларингни ўчираман деб,
Сўнгги бор изн бер, оҳлар ураман…

Қачондир долғага айланса қисмат,
Аёзда музларга дўнар бўлса гар.
Менда, денгиз йўқдир севгингдан бошқа,
У ҳам яшагайдир кўзёши қадар…

Дам олмоқ истаса ҳатто бебош фил,
Шоҳ каби тобланар қум узра мудроқ.
Менда, қуёш йўқдир севгингдан бошқа,
Қайда, ким билансан, билмайман бу чоғ.

Ўзга бир шоирга жафолар бериб,
Бойлику давлатга ўч бўлсанг жуда.
Билки, қилмагайман асло ҳиёнат,
Ҳур исминг келтирган саодатимга…

Ўзимни осмайман, ичмайман заҳар,
Тириклай кўммайман.
Фақат олгум тан.
Азизим,
қоп-қора кўзингдан бошқа
ҳанжар мавжуд эмас кўксимга ботган.

Ғунчалаган дилни ёқмоқми лозим,
Керакми, ўзимга тилаб олмоқ бахт.
Бир кун китобларим вароқларини,
Бирма-бир юлади шафқатсиз бу вақт…

Нима асрай олар,
сени ғолиб нафс,
Осий сўзларимни қовжирамоқдан?
Руҳсат эт тарк этган қадамларингни
Сўнгги сўзим билан васф этайин ман…

*Шеър Лилия Брик (1891-1978) – шоирнинг севган аёлига аталган.

ЯКУН*

Соат салкам икки.
Уйғоқсан ҳали,
Кумуш дарё оқар калбингга кўкдан.
Ортиқ ўтинчим йўқ,
Уғонгин дея
Мактублар жўнатсам юракдан, руҳдан…

Кимдир йўллар битди, дейди эҳтимол,
Ким айтар: – Чўккандир ишқнинг қайиғи…
Энди жим санаймиз,
бизда нима бор –
Мудом чекканимиз ғам, ғусса, қайғу…

Самодан термулар минг нигоҳ – юлдуз,
Қара, сукут кезар ён-атрофда шаън.
Шундай дақиқада гаплашар одам,
Ўтган асрлар ва коинот билан…

(1927-1928)

*Умрининг сўнгги кунларида ёзган бу шеърнинг иккинчи бандини ўлимолди мактубида ҳам қайд этган.

АЛВИДО

Таксига сарфланди энг сўнгги франк,
“Қанча йўл қолди, сер, Марселга қадар?”
Париж борар мени олдга етаклаб,
Барча гўзаллиги орқада қолар…

Тинмай томчилайди кўзларимдан ёш,
Қалбимни парчалар ўткир бир ҳаво.
Истардим, Парижда яшаб-ўлмоқни,
Агар бўлмасайди бизнинг Москва…

(1925) Бу шеър шоирнинг 1924 йилда Париж сафаридаги олган таассуротларидан яратилган саккиз шеърдан иборат “Париж” (1924-1925) туркумидан.

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси