Муҳаббат Йўлдошева. Қариндошлар (ҳикоя)

— Менинг қариндошим йўқ! Мен етимхонадан чиққанман, тушундингми?
Иккинчи қаватнинг зинасидан чиқиб келаётган Мавжуда эрининг қаттиқ-қаттиқ гапираётганини эшитиб, юраги ўйнаб кетди, беихтиёр тиззаларидан мадор қочди. “Тинчликмикин, кимга бундай дўқ қиляптилар, ўзи?!” деб ўйлади кейин.
Йўлакдан эса телефонда ким биландир гаплашаётган Бахтиёрнинг ғазабли овози янгради:
— Олимжон, гапларимдан хафа бўлма, ука! Қариндош дегани фақат тўйда керак бўлмайди, ебкетарга бегоналар ҳам ярайверади. Майли, биз ҳам тўй қилганимизда қариндошлар келмай қўя қолишсин! Ўзи тўй қилганимда қариндошларни айтмай, тўйхонани тўлдириш учун мардикор ёллайман, деб қасам ичганман…
Мавжуда қўлидаги оғир елимхалталарни пиллапояга қўйди-да, бир зум тўхтади. Бахтиёр, афтидан, аммасининг ўғли Олимжон билан гаплашяпти, шекилли. Яна биронта холаси ёки аммаси тўй қилаётган бўлса, шу баҳона Олимжон қўнғироқ қилган-у, Бахтиёрнинг юрагида тўпланиб ётган алам вулқонини очиб юборган, шекилли. Аслини олганда Бахтиёрнинг портлаши бежиз эмасди…

* * *

Бир неча йил муқаддам кутилмаганда эр-хотин бир вақтда ишсиз қолишди. Тўғрироғи, Бахтиёрнинг ишхонасига янги раҳбар келиб, иш жойлари қисқартириб юборилди, Мавжуданинг эса жигари оғриб, боши касалдан чиқмай қолди. Бу ёқда уч нафар ўғли, бир қизининг бўйи етиб келяпти, бари ейман-ичаман деган ёшда, аммо ҳали биронтаси ишлаб, ота-онасининг ёнига кирадиган аҳволда эмас.
Бахтиёр бошида унчалик хавотирга тушмади, куни фақат иш қидириб, ташкилотма-ташкилот юриш билан ўта бошлади. У уйда нима аҳволлиги билан қизиқмас, фикри-зикри фақат тезроқ тонг отиши-ю, қайси ташкилотга бориб, иш сўраши ҳақида бўларди. Болаларининг ташвишлари тугул, оддий гап сўрашлари ҳам юрагига сиғмас, хотинининг негадир ранги сарғайиб, юзлари эскирган газета қоғозига ўхшаб бораётганини пайқамас, ҳатто уйда қандай егулик бор-йўқлигини ҳам сўрамасди.
Бахтиёр уйга келгани ҳамони хотини олдига қўйган овқатни пок-покиза туширарди-ю, телевизорнинг қаршисидаги диванга мук тушарди. Шу телевизорнинг овозигина уни бутун ўй-ташвишларидан қутқариб, ғурбатга тўла уйидан узоқроққа олиб кетарди, холос. Бахтиёр шунчалик ўзи билан овора бўлиб кетганидан, ҳатто хотини нега уззукун уйда ўтирганини ҳам сўрамасди.
Мавжуда эса эрига тиш ёришни истамасди. Анчадан бери ўнг биқини гоҳ лўқиллатиб, гоҳ симиллатиб оғриётган бўлса-да, сир бой бермай, ишга бориб-келиб юраверарди. Аммо сўнгги пайтларда ўнг қовурғасининг остида ўқтин-ўқтин санчиқ туриши, кўнгли айниб, лоҳас бўлиши, тинкаси қуришидан шикоят қилиб, шифокорга борди-ю, “қўлга тушди”. Шифокор унда жигар хасталиги борлигини, зудлик билан касалхонага ётиб даволанмаса бўлмаслигини айтди.
Мавжуда эса… оиладаги барча паст-баланд харажатларнинг бари ҳозир ўз бўйнида эканини ўйлаб, даволанишни ортга суришга қарор қилди.

* * *

Орадан бир йилча вақт ўтди ҳамки, Бахтиёрга мос иш топилавермади. Мавжуда эса касалини яширгани сари иситмаси ошкор қилаётганини сезиб қолди. Бир неча марта мазаси бўлмагани туфайли ишга боролмади, кетма-кет ўз ҳисобидан таътил олди ҳам.
Бир куни корхона раҳбари уни ҳузурига чақиртириб, ҳадеб касал бўлаверадиган ходимлар хусусий ташкилотларга катта зиён келтиришини тушунтирди ва то тузалиб олгунига қадар узоқ муддатли таътилга чиқиши мумкинлигини айтди. Мавжуда бу юмшоққина қилиб айтилган бўшаш ҳақидаги таклиф эканлигини тушунди ва ортиқча эътирозсиз ариза ёзди. Очиғи, унинг бошқа иложи ҳам йўқ эди.
Мавжуда энди даволанмаса бўлмаслигини бўйнига олди, лекин шифохонага ётиш учун пул қани? Мана, ўзи биратўла ишсиз қолди, аммо эрининг яқин ўртада иш топиб, пул олиб келишидан умид қилмаса ҳам бўлади. Афтидан, “бемалолхўжа”лик Бахтиёрга ёқиб қолди, шекилли, энди иш излаб камдан-кам кўчага чиқадиган, асосий вақти меҳмонхонадаги телевизор ёнида хаёл суриш билан ўтадиган бўлиб қолди. Бу вақт ичида уйдаги бор йиғиб-терган, “яхши кунлар учун” асраб қўйган пулларининг ҳам таги кўриниб қолди.
Мавжуда болаларига, айниқса, бўй етиб қолган қизига сездирмайгина, умр бўйи тақиб юрган тилла буюмларини сотиб, бир оз даволанишга уриниб кўрди, аммо номига қилинган муолажаларнинг нафи бўлмади ҳам. Аммо, энг ёмон кунлари олдинда кутиб турганини Мавжуда ҳали билмасди. Сотилган тилла тақинчоқларининг пули ниҳоятда тез ишлатилиб кетар, аммо касали тузалишидан ҳам, эрининг бирор иш топишидан ҳам дарак йўқ эди.
Мавжуданинг юрагини даҳшат босди: бу яқин орада эри иш тополмаса, нима бўлади? Ўзининг аҳволи бу бўлса?
— Таҳлилларингиз ёмон чиққанини сиздан яшириб ўтирмайман, — деб навбатдаги кўрик вақтида Мавжуданинг юрагини ўртади шифокор. — Зудлик билан шифохонага ётмасангиз бўлмайди. Биласиз, жигар билан ҳазиллашиб бўлмайди, акс ҳолда…
Шифокор қўлларини кенг ёзиб, кўзини шифтга қаратди. Шифокор айтмаса ҳам, Мавжуда ўзининг аҳволи яхши эмаслигини сезиб турарди. Чунки вужудини ичидан емираётган касаллик унинг куну тунини бир хил қора бўёққа бўяшга улгурганди. У фақат фарзандларини ўйлабгина оғриқларни ичига ютар, тишини-тишига босганча азобларга чидашга ҳаракат қилаётганди.
Шунда у бир қарорга келди. Энди қарз олмаса бўлмайди. Майли, тузалиб ишга чиқиб олса, қарз узилиб кетар, ишқилиб, болаларининг бахтига вужудини кемираётган касалликдан фориғ бўлса, бас. Унгача балки Бахтиёр ҳам иш топиб олар…
Мавжуда кимдан қарз олиши мумкинлигини ўйлаб, роса бош қотирди. Аммасининг ўғиллари дадасининг ёнига кириб қассобчилик қилишади, қўша-қўша машиналар олиб, данғиллама уйлар қуриб ётишибди. Пул чиқса, фақат улардан чиқиши мумкин…
— Вой, ҳозирги замонда пул ўлгур кимда бор-а?! — деди аммаси Мавжуданинг қандай ниятда келганини эшитгани ҳамони. — Қара, поччанг билан жиянларинг ҳам тонг қоронғусида кетиб, ярим тунда қайтиб, тер тўкишади-ю, топганлари сариқ чақа!
Мавжуда аммасининг бўйнидаги, билаклари-ю бармоқларидаги оғир-оғир тилла тақинчоқларга, уйидаги қимматбаҳо буюмларга қараркан, бу ердан ўзига аммасининг ибораси билан айтганда, “сариқ чақа” ҳам унмаслигини тушунди-ю, хайрлашишга шошилди. Кўчага чиққунича ўйлай-ўйлай, тўғри манзилини кичик аммасиникига солди. Афсус…
Шу тариқа, Мавжуда тўрт нафар холаси билан икки тоғасиникига бориб келди. Фақат йўлкира билан ул-бул кўтариб боришга пул сарфлаганигина қолди, холос. Энг ғалатиси шундаки, Мавжуда кунда-кунора машинасини алмаштириб, данғиллама тўйлар қилаётган, ҳашаматли иморатлар қуриб, ресторанларда уй тўйлари ўтказаётган қариндошларининг бари ўзларидан ҳам “хароброқ, сичқондан ҳам камбағалроқ” аҳволда яшаётганларини тасаввур қилмаганди.
Уч кун давомида пул қидириб оёғи толган Мавжуда қариндошлариникига қуруқ кириб бормаслик учун охирги пулларини ҳам сарфлаб қўйган эди.
Мана, Мавжуда энди пул сўрайдиган ҳеч кими қолмаганини ўйлаб, боши қотганича уйига кириб борди. Ҳали остонадан ўтмасиданоқ қизи Нодира уни иддао билан кутиб олди:
— Ойижон-ей, қаерларда юрибсиз?! Ҳеч бўлмаса нонга пул ташлаб кетсангиз бўлмайдими? Куни бўйи нонсиз ўтирибмиз! Баҳодир билан Ботирингиз бир бурда нонни талашиб, муштлашишибди!
Мавжуда болалар хонасининг эшигидан гуноҳкорона бўйин эгиб мўлтираб турган Ботир билан Баҳодирга қаради. Баҳодирнинг кўз остини чақалоқнинг шапалоғидек келадиган моматалоқ безаб турибди.
— Вой, ўлмасам…
Мавжуда шоша-пиша сумкасини кавлашга тушди. Қўлига биттагина майда қоғоз пул илашди. Бу пулга ҳатто битта нон ҳам келмайди… Кўзларида ёш ғилтиллади. Шундай кунларга ҳам қоладими-я, одам?!
— Ойижон, йиғламанг! — куйинчак қизи дарров жаҳлидан тушиб, онасини қучди. — Пулингиз қолмаганини билардим, шунга ўзим нон олиб келиб қўйдим.
— Вой, ўлмасам! Пулни… қаердан олдинг? — асабданми ёки бошқа сабабданми, Мавжуданинг юраги хапқириб, ҳансираб нафас ола бошлади.
— Ойижон, фақат йиғламанг, — қизи меҳрибонлик билан унинг юзини силади. — Эртагаям нон олишга етадиган пул қолди. Пулни… ҳалиги… мактабда макулатура сўрашса берарсизлар, деб йиғиб қўядиган эски газеталарингизни олиб чиқиб топширдик. Яна керакмас эски дарсликларни ҳам қўшгандик, йигирма килодан ошиб кетди. Макулатуранинг ярим пулига нон билан картошка олдим. Қолгани… мана…
Мавжуда қизининг очиқ кафтидаги букланган, йиртилган, елимқоғоз билан ёпиштириб уланган эски-туски майда пулларга қаради-ю, хўрлиги келди. Қизини аста қучоғига олди-ю… худди отаси ёки онасидан айрилгандек, овозининг борича уввос солиб юборди. У энди одатдагидек “болаларим кўриб қолади” деб ўзини тўхтатмади, юрагидаги барча аламлари-ю, вужудидан оромини ўғирлаган бор оғриқлар кўзларидан қайноқ ёш бўлиб отилиб чиқа бошлади.
— Ойижон, йиғламанг! Баттар касал бўлиб қоласиз!
Қизининг овозидан Мавжуда ўзига келди. Тўсатдан оналик шуури ёришиб, мурғак болалари онасининг аҳволидан қандай чўчишлари мумкинлигини тушуниб етди. У кафтлари билан юзини сидириб, кўз ёшларини артаркан, ётоқхона эшигидан қараб турган эри Бахтиёрнинг докадай оқариб кетган юзларини, косасидан ўйнаб чиқиб кетгудек чақчайиб турган кўзларини кўрди. Афтидан, Бахтиёр қизининг гапларини эшитган, хотини ўзидан яшириб юрган ҳақиқатдан огоҳ бўлганди.
— Сен… нима… тобинг йўқми? — ниҳоят тилга кириб, тутилиб-тутилиб сўради Бахтиёр.
— Йўқ, яхшиман…
Мавжуда ерга тушиб кетган елим халтани қўлига олиб, ошхона томон йўналди.
— Яна сўрайсиз-а! — онасининг касали, етишмовчиликлар етмагандай, отасининг куни бўйи диванда чўзилиб ётишларидан тоқати тоқ бўлган Нодира ўзини тутолмай ҳайқириб юборди. — Ойим қачондан бери касал эканликларини билмайсизми? Жигарлари оғриётганини, дори олишга ҳам пуллари йўқлигидан кечалари ухламай чиқишларини билмайсизми? Уйимизда сариқ чақаям қолмаганини ҳам билмайсизми? Ёки бугун эски-туски газеталарни йиғиб, макулатурага топшириб, пулига нон олганимиздан ҳам бехабармисиз?
— Ўчир овозингни…
Бахтиёр қўлини палахса қилиб, қизи томон хезланди-ю, худди кинолардаги секинлаштирилган кадрдаги сингари секи-и-ин тўхтади. У бир ҳамон болалар хонасининг эшиги олдида мўлтираб турган ўғилларига, бир йўлакда чеҳраси худди ўчиб қолган шамдек нурсиз тус олган хотинига, бир қизи йиғлаганча югуриб кириб кетган меҳмонхона эшигига тикиларкан, кўзи очилгандек бўлди. “Пешанаси тақ этиб деворга урилди”, деб шуни айтишса керак…
Бахтиёр индамади, мушти билан эшикни тарсиллатиб бир урди-ю, индамай чиқиб кетди. На хотини, на фарзандлари унинг қаерга кетаётганини сўрашмади. Сўрашни ҳам исташмади…

* * *

Туни бўйи Бахтиёрдан дарак бўлмади. Мавжуда ўнг қовурғаси остида симиллаган оғриқ турганига эътибор бермасликка уриниб, то тонггача дераза ёнида ўтириб чиқди. Бундай ўтиришлар унга янгилик эмас, оғриқ туфайли қачонлардан бери тунлари мижжа қоқмай юриб чиқяпти. Аммо эрининг қаёққа кетганидан бехабарлиги уни ташвишга соляпти. Тағин у ер-бу ерда ичиб юрган бўлса-я… Шу етмай турганди, ўзи…
Тонг ёриша бошлаганида, тўсатдан эшик қўнғироғи жиринглади. Мавжуда сапчиб туриб, эшик томон отилди. Аммо қўнғироқ то у эшикни очгунига қадар ҳам жиринглашдан тўхтамади.
Мавжуда эшикни очиб, ҳайратдан қотиб қолди. Бахтиёр ранги докадек оқариб кетган, усти-боши чанг, бир алфозда деворга суяниб турар, боши эшик қўнғироғининг тугмачасига тегиб тургани учун, қўнғироқ овози сира тинмасди.
— Вой, бу нимаси? — Мавжуда эрининг қўлтиғидан тутиб, ичкарига етаклади.
Бахтиёр эшикдан кирди-ю, гуп этиб йўлакка қулади.
— Мавжу, пул… йўқ! Ҳамма қариндошимникига бориб келдим! Йўқ! — Бахтиёр қўлларини мушт қилиб, паркетни мутлади. — Пул йўқ! Ҳеч кимда йўқ…
Тўсатдан, Мавжудани ҳайратда қолдирганча Бахтиёрнинг соқоллари ўсган, ёноқлари бўртиб кетган юзларидан кўз ёшлари думалаб туша бошлади. У ёнгинасида ўзига ҳайрат билан тикилганча, лолу карахт турган хотинининг қўлидан маҳкам ушлаб, қандайдир ёввойи, ноинсоний бир овозда хитоб қилди:
— Мен пул топаман, мана кўрасан! Сени даволатамиз! Фақат ўлиб қолма, илтимос!
Мавжуда нимаям десин? Ахир касали ўзига маълум, шифокор айтганидек, “жигар билан ҳазиллашиб бўлмайди”. Аммо пули бўлмаганидан кейин даволанишига умид ҳам йўқ. Демакки, ўлмаслик ҳақида ваъда ҳам беролмайди…
Мавжуда шу ҳақда ўйларкан, беихтиёр ўлим ҳақида шунчалар хотиржам ўйлаётганидан ҳайратга тушди. Қарилар айтишади-ку, қазоси яқинлашган одам ўлимдан қўрқмай қолади, деб… Балки уни ҳам…
У хаёлига келган фикрдан чўчиб кетди. Кураклари ораси жимирлаб, бир сесканиб тушди. Бахтиёр унинг аҳволини сезиб, мунғайиб қолди.
— Аммамникига ҳам бордим, акамникига ҳам, ҳеч кимдан пул чиқмади. Ҳозир тоғамникидан келяпман. Бу йил ҳажга борармишлар, шунга пул йиғаётганмишлар… — Бахтиёр бошини елкалари орасига тортиб, кўзларини хотинидан яширганча, ҳазин овозда давом этди: — Шу, дейман… Мавжу… нима дейсан, балки, уйни сотсакмикан?
— Нима-а?! Уйни-я?
— Ҳа-да! Сени даволатиш керак-ку, ахир! Пулни қаердан оламиз бўлмаса?
— Эҳ! — аламли илжайди Мавжуда. — Балки энди уйнинг пулиям менга ёрдам беролмас? Ҳали мени деб болаларим кўчада қолишсинми?
— Эсинг жойидами, нималар деяпсан? Нега кўчада қолишаркан? Ҳозирча кичикроқ, бир хонали уй олиб турамиз. Сен тузалганингдан кейин пул йиғиб, бошқа уй олармиз…
Эрининг кутилмаган меҳрибончилигидан Мавжуданинг юраги тўлиб кетди. Қайноқ кўз ёшлари юзларидан ирмоқдек жилдираб югурди. Бахтиёр ўрнидан тураркан, хотинининг елкасидан ушлаб, ўзига қаратди:
— Йиғлама, ҳали ҳаммаси яхши бўлади, мана кўрасан. Тузаласан, иш ҳам топасан. Мени айтди, дерсан…
Агар телефон жиринглаб қолмаганида, йўлакдаги эр-хотин ва қайноқ кўз ёшлари юзини ювганча, остона олдида ота-онасининг гапларини жимгина тинглаётган Нодира қанча вақт шу алфозда туришарди, ким билсин? Аммо телефоннинг тинимсиз жиринглаши ниҳоят хонадон соҳибларини сергак торттирди.
— Қара-чи, сен қўнғироқ қилишаётган бўлса керак. Мени сўрашса, уйда йўқлар, дегин, — бўғиқ овозда деди Бахтиёр кафтлари билан хотинининг кўз ёшларини сидириб.
Мавжуда йўлакда турадиган телефон гўшагини кўтаришга шошилди. Унинг собиқ ишхонасидаги ҳамкасб дугонаси Лобар қўнғироқ қилаётган экан.
— Мавжуда, яхшимисиз, уйдагилар тинчми? — Лобарнинг жарангдор, қувноқ овози гўшакдан тошиб чиқиб, йўлакни ҳам тўлдирибди. — Бизни унутиб юбордингиз, бундай бир хабар олгани келмайсиз ҳам. Нима, тузукроқ иш топиб олдингизми, дейман-а?!
— Йўғ-е, — Мавжуда йиғлагани овозидан билинмаслиги учун чуқур нафас олди. — Ҳозирча уйдаман.
— Нега уйдасиз? — Лобарнинг овозидан ҳайрат аралаш хавотир сезилди. — Тинчликми, нега ишламаяпсиз?
— Шу… жигар қурғур… биласиз-ку, сал оғриб турарди…
— Жигар, дейсизми? Вой, жигар билан ҳазиллашиб бўлмайди-ку! Нима ташхис қўйишди ўзи?!
— Майли, қўяверинг… — Мавжуда хўрсинди. — Даволатай деганим билан пулим йўқ-ку, барибир…
— Вой, Мавжуда, бу нима деганингиз?! Жинни бўлдингизми, ахир бир эмас, тўрт болангиз бор-а! — Лобарнинг тез-тез нафас олаётгани эшитилди. Қизиққон, жўшқин феълли бу аёл ўзини тинчлантириш учун чуқур-чуқур нафас олишга одатланганди. — Бўпти, уйда бўлиб туринг, мен ўқдек учиб бораман. Ўша эски манзилингиздасиз-а?
— Ҳа…
Ҳали Мавжуданинг гапи тугамасданоқ нариги томондан Лобар гўшакни қўйиб қўйди. Мавжуда ҳаммомнинг эшиги олдида сочиқ ушлаганча ўзига савол назари билан тикилиб турган эрига қараб, елкасини қисиб қўя қолди.
Лобар ўзи айтганидек, “ўқдек учиб” етиб келди. У билан бирга Мавжуданинг уйига цунами тўфони етиб келгандек бўлди. Лобарнинг баланд, ўктам овози тўрт хонали уйни тўлдириб, ҳар бурчакда жаранглай бошлади.
— Мавжуда, мана, бу пул сизга! — деди Лобар елим халтани ярмигача тўлдирган пулларни узатиб. — Қўрқмай олаверинг, қизимнинг тўйига атаб йиғаётган пулим бу… Эсингиздами, сизга ўгай онанинг қўлида ўсганимни айтиб ўтирардим. Онамни жигар касаллиги олиб кетган. Ўшанда олти ёш бўлганман, касалликни даволатишга дадам пул топиб беролмагани учун онам бечора мен билан акамни ташлаб, у дунёга кетган-қолганлар… — шаддод аёлнинг мижжаларига ёш қалқиса-да, овозида заррача титроқ сезилмади. — Шу касалнинг касрига акам икковимиз ўгай онанинг қўлида ит азобини кўриб ўсишга мажбур бўлдик. Олинг! — Лобар пулларни Мавжуданинг қўлига тутқазди. — Сиз билан саккиз йил бирга ишладик, яқин дугона бўлиб қолдик. Болаларингизга ўзимникидек тақдирни раво кўрмайман. Мана сизга пул! Даволанинг, тузалиб, ишга чиқинг. Буни садақа деб эмас, балки яхши ният билан қарз деб беряпман. Қарз узилиб кетар, аммо соғлиқ топилмайди. Сизга бир нарса бўлса, болаларингизнинг ҳоли нима кечишини ўйланг. Тўғрими, почча?!
Аммо “почча”нинг кўзларидан оқиб тушаётган қайноқ кўз ёшлари Лобарнинг ўзига қаратилган сўзларига жавоб қайтаришига имкон бермади…

* * *

Лобар Мавжудани мажбурлаб юриб, қиммат хусусий шифохонага ётқизди. Даволанишдан сўнг унинг касали тузалгани, аммо ҳар эҳтимолга қарши парҳез тутиши кераклиги ҳақидаги ташхисни эшитганида, ҳаммадан кўра кўпроқ қувонди.
Мавжуданинг бахтига, у тузалаётган бораётган кунларнинг бирида Бахтиёрнинг омади юришиб, яхши фирмадан иш топди. “Тақдир чархпалаги бир кун пастда, бир тепада” деганлари шу экан-да, шунча қийинчиликлардан кейин бу оиланинг ташвишлари ариб, ёруғ кунлари бошланди. Лобардан олинган қарзлар ҳам тўланди, бу орада Мавжуда ўзига мос иш ҳам топиб олди.
Шундай бўлса-да, Бахтиёр оғир кунларида ёрдам қўлини чўзишдан бош тортган яқинларига нисбатан аламзадалигини унутолмади. Мавжуда эрининг кўнглини юмшатишга қанчалик уринмасин, Бахтиёрнинг гинаси тарқамас эди. Шу туфайли ҳам ўзининг ҳам, хотинининг ҳам қариндошлариникига бормай қўйди.
Мавжуда эрининг қайсарлик қилишига синган кўнгилни бутлаб бўлмаслиги сабабчи эканлигини тушунар, шунинг учун ҳам арқонни узун ташлаб кутарди. Вақт улуғ ҳакам, дейдилар. Ким билсин, балки Бахтиёрнинг ҳам кўнгил яраси бир куни битиб, араз-аламларини унутар…