Валентин Митрофанович Сидоров (28 апрель 1932 йил, Воронеж — 16 июль 1999 йил, Москва) — рус шоири, ёзувчи, олим, жамоат арбоби. СССР ёўувчилар уюшмаси аъзоси (1966), филология фанлари номзоди (1978), Максим Горький номидаги Адабиёт институти профессори.
ЎКИНЧ
Қанча яқин бўлсак, шунча йироқмиз,
Тақдир устимиздан кулди беомон.
Менинг хатларимни асраб қўясан,
Аммо хат ёзмайсан, жонгинам, ҳамон.
Бизга ҳамма нарса халақит берар,
Йўллар, йиллар ҳамда ўз ташвишимиз.
Яшаймиз бир умр андиша билан,
Ўттиздан ошибди бугун ёшимиз.
Бизнинг қисматимиз аччиқ ва ғамли,
Васлингни соғиниб яшайман ҳануз.
Ҳар гал учрашувга энтикиб бориб,
Уйимга қайтаман ўкиниб ёлғиз.
РАШК
Ишонмасман рашксиз муҳаббат
Бўлмас, бўлса-номига фақат.
Бўлмагандек булутсиз осмон,
Ер теп-текис бўлмас ҳеч қачон.
Ғалаёнсиз бўлмагай денгиз,
Шодлик ғамсиз юрмагай ёлғиз.
Эҳтироссиз севги туйғуси
Ётдир менга-гапнинг тўғриси.
Севаманми демак, рашк қилгум
«Рашк-севгининг устуни» дегум!
Рашк қиламан масофаларга,
Ҳижрон, фироқ ва жафоларга.
Рашк қиламан дўст, танишлардан,
Бегоналар-нотанишлардан.
Севиб топдим, бу дунё аро
Мудом қўрқиб юришдек жазо!
Сенинг билан жазоланаман
Эртаю кеч рашкдан ёнаман!
Хиёнатга ишонгим келмас,
Аммо унга ишонмай бўлмас.
Ягонадир ўтинчим, розим-
Қайда бўлсанг ҳамки ортингдан
Таъқиб этар сени овозим:
Мени се-е-е-в!!!
ҲОЛАТ
Кўзларимга қарай олмайсан
Айрилиқнинг юки оғирдир.
Кўзларингга қарай олмайман
Бардош етмас, бардош-сағирдир.
Бизлар қолдик ночор, нотайин
Тарк этгандек танамизни жон.
Бирга қолмоқ қийиндир, қийин
Айри яшаш эса ноимкон!
Юракдаги дил дардимизни
Ҳеч кимсага айта олмасмиз.
Биз ҳаммадан яқинмиз, аммо
Ажраляпмиз-бирга қолмасмиз.
Лоқайдлик-ла ўйнашар экан
Айрилиқнинг залворли они-
Иккимиз ҳам ўзгаларнимас,
Ўзимизни йўқотдик, жоним.
ДАРАХТ, ҚУШ, ОДАМ
Дарахт, қуш ва одам.
Ҳаммаси аввалгидек.
Қуш ўша қуш,
Одам ҳам ўша.
Тепаликда ўлтирар экан,
Кўриб турар дарахтнинг
Кўкка интилганини.
Чанг босган шохларин силкиб,
Кўкка кўтарила бошлади дарахт.
Ана ердан узилди, ҳатто,
Кириб кетди булут қаърига.
Тошиб кетди дарё қўрқувдан,
Ёпиб олди қуш кўзларини.
Одам эса, ҳеч ажабланмас
У кўникиб қолган барига.
Рус тилидан Ҳасанбой Ғойиб таржимаcи