Сергей Баруздин (1926-1991)

Рус шоири ва ёзувчиси. М.Горкий номидаги Адабиёт институтини тугатган (1958). “Ўтганларни қайтариш” (1964) романи, “Аёл ҳақида қисса” (1967) қиссаси, “Мен кўчамни яхши кўраман” (1969) ҳикоялар тўплами машҳур.

ТОШКEНТ

Гарчи суюклидир менинг Россиям,
Қуёш ҳам мен учун у ерда балқир.
Лекин Тошкент бордир . руҳимга ҳамдам,
Бегона этмади Тошкентни тақдир.
Турфа тиллар билан элатлар аро
Энг буюк якдиллик бундадир балким.
Мен Шимол ўғлони эрурман, аммо
Шарқнинг меҳри билан лиммо-лим қалбим.
Қадиму навқирон Тошкент бор албат,
Руҳим қашшоқ тортиб қолмагай, дўстлар.
Дилимга ногаҳон йўғрилса ҳасрат
У фақат Тошкентни, Тошкентни кўзлар.
Сўнг эса қайтаман она юрт томон.
Она макон ахир . энг эзгу чароқ.
Мен Тошкент меҳрига қонганим замон
Англайман Москвани тағин теранроқ.

ОДАМЛАР

Надомат йўқ қалбимда сира,
Нени кўрдим . кўражакман бот.
Фақат Инсон бўлсин бокира,
Фақат гўзал бўлсин одамзод.
Мен улардан мўъжаз бир бўлак,
Қзга ҳолни қилмасман даъво.
Ёнар, титрар, типирлар юрак
Бахтли бўлсин одамлар деб то.

ЭР КИШИ

Ким кўп заҳматларни бўйнига олса,
Ва ору номусга вафолик қолса
Эр киши ўша!
Кимки, тупроқ очиб, сочар экан дон,
Қзгалар ризқин ҳам ўйласа бир он
Эр киши ўша!
Элу юрт бошига тушганда хатар,
Кимки бўла олса энг жасур аскар
Кимки дўстлар билан ҳамиша ҳамдам,
Сўнгги нонини ҳам кўролса баҳам
Эр киши ўша!
Ким аёл зотини йўлга сололса,
Ҳам унга зарур пайт қулоқ осолса
Эр киши ўша!

ФИЛ
(Ҳиндистон шеърларидан)

Нечоғ ноёб бўлса бизларда тулпор
Қшандай ноёбдир Ҳиндистонда фил.
Мана у турибди чўнг ва улуғвор,
Бирмунча содда-ю ақлли, қобил.

Устида ўлтирган устомон филбон
Андиша қилмайин бошлаб қолар сўз:
. Қани, ҳунарингни кўрсат, қадрдон,
Икки рупияни қани энди, чўз.

Гарчи забон йўқдир филда ва лекин
Хўжасидан кўра у зийрак, ҳушёр.
Ҳар нечук у билар, емиш йўқ текин,
Қоринни тўйғазиш нечоғлик душвор.

Яхшиям уқув бор унда росмана,
Муқомлар қилади ғалати, қизиқ.
Емиш топиш учун фил энди, мана,
Халойиқ олдида кўрсатар қилиқ.

БОР ГАП

Ўтган у кунларни эслайман гирён,
Ёлғон сўз айтмоққа йўқ менда тоқат.
Урушда қўрқмайман деган сўз ёлғон,
Беҳудага ўлмоқ даҳшатдир фақат.

Гарчи ҳар кимларга бош эгмадик, йўқ,
Ҳарб чоғи қочмадик орқага гарчи.
Ҳаётингни юлса тасодиф бир ўқ,
Шунга рози бўлсанг . эмассан жангчи.

Осойиш кунлар ҳам қоида шундоқ:
Гарчи сенга бой-бой иқбол ёр.
Тасодифий бахт ҳам бахт эмас мутлоқ,
Фақат собит эрур неки барқарор.

Абдулла Орипов таржимаси