Сергей Антипов (1973)

Антипов Сергей Сергеевич 1973 йилда Москва шаҳрида туғилган.
Москва давлат муҳандислик-физика институтини ва И.А.Бунин номидаги Олий адабиёт курсини битирган.
Йигирмага яқин китоблар муаллифи. Россия Ёзувчилар Уюшмаси Москва вилояти ташкилоти раиси. Россия Тилшунослик Академиясининг ҳақиқий аъзоси, Европа Табиий Фанлар Академияси ва РТФА, Россия журналистлар Уюшмаси аъзоси. Фалсафа ва гуманистика бўйича халқаро Информацион Нобел Маркази( МИНЦ) мукофоти лауреати.
Москва вилоятининг Ярославл Смеляков номидаги мукофоти ҳамда губернаторликнинг Роберт Рождественский номли мукофоти номинанти.

ЯНА ЎЙИНДАМАН

Сен ҳамон гўзалсан мен-чи қаридим,
Маъносиз курашлар толдирди чиндан.
Чарчадим, гўё мен ўйиндан чиқдим,
Зўрға юрган каби, кучсизман чандон.

Бу йил менга оғир қисматли бўлди:
Қўлдаги қартам ҳам кичикдир бироз:
Аммо билсанг агар шунга ҳам шодман,
Яна ўйиндаман: телба қиморбоз!

Ғалабадан сармаст бўлсин рақиблар,
Шу фақат уларнинг топган шуҳрати.
Гуноҳ ва қарзимиз ювилди, билсанг,
Иккимизга қайтган севги ҳурмати!

ИСТАК

Сени китоб каби ўқисам дейман,
Эй менинг сиймтан, қалби оқлигим.
Сатрлар ортига яширсам дейман
Истагим ва қувсам эринчоқлигим.

Сени Ребус каби топмоқ истайман,
Оқшом салқинида ҳар куни такрор.
Танҳо Яртаганга мақтовлар айтиб,
Сенга пок ишқимни айласам изҳор.

Сен билан бахт ҳақда орзулар қилсам,
Биз учун яралса чексиз имконлар.
Бахтимизни ҳеч ким этмаса тақсим,
Бизни ишқ қуршаган муродбахш онлар!

ЮЛДУЗИМИЗ

Юлдузимиз порлайди бир кун,
Йўлимиз ҳам бўлади равшан.
Азизам, мен буни биламан,
Аниқ кўрдим, ишонгин сен ҳам.

Илоҳий бир кунни илғадим,
Файзга тўла тунни ҳам у дам.
Иккимизнинг тақдиримизга
Тангри ўзи берарди ёрдам.

Кўрдим: мен – ла фахр этардинг,
Кўзларингда чақнарди учқун.
Оқибат ҳақ қарор топди деб,
Яйрар эдинг, жоним ўшал кун.

Нозигим – фариштам, у ерда
На азоб, на ғазаб, на ёлғон.
Мен тақдир мурватин бурадим
Сен бирла бўлайлик деб шодон!
Юлдузимиз порлайди бир кун…

ЮЛДУЗЛАР ШИВИРИ

Роҳат бағишлайди сирли самовот,
Юлдузлар шивири дилга хуш ёқар.
Гўё кунлик ишни сарҳисоб қилиб,
Коинот бизларга меҳр – ла боқар.

Бутун борлиғимиз чулғаб олади,
Ҳар бир ҳужайрамиз ишлайди равон.
Вужудимиз мавзун, кўнгил хотиржам
Мангулик биз билан шу лаҳза, шу он.

Қўлларинг қўлимда тинглайман масрур:
Юлдузлар шивири Ҳақни эслатар.
Йўлдаги қум узра қолган излардан
Бизни юксакликка у даъват этар!

КУФР, ҲАСАД…

Куфр, ҳасад, ёлғон ҳукмида
Қолган даврон аро сарсонман.
Гоҳ ҳайронман тириклигимга
Ўлимга чап берган инсонман.

Шеър ёзаман топгандек нажот,
Тақдирнинг чўнг зарбаларидан.
Кулиб турар ўтган даҳолар
Хабардордек улар баридан.

ОДДИЙ СИР

Ўз дидингга мос ҳаёт йўлин
Танлай олсанг яхшилик ўша!
Ёмонликка эзгулик билан
Жавоб этсанг қилмасдан пеша.

Худо берган ҳар битта кунда
Кўра олсанг севги ва нурни.
Бундан ортиқ бахт йўқдир билсанг,
Сен билурсан шу оддий сирни.

ИМКОНИЯТ

Тангри билан ёлғиз қолганда,
Ҳаловатдан яйраб кетасан.
Одамларга умид бахш этиб,
Ўзлигингни англаб етасан.

Тақдирнинг сир, жумбоқларини
Англаш учун топасан имкон.
Ва аслингдек яшай бошлайсан
Бир дақиқа, бир лаҳза, бир он!

ЭШИКЛАР

Ишқсиз, зерикарли совуқ ҳаётдан
Куфру исёнлардан мен бўлдим адо.
Энди ўзга эшик остонасида
Ёлвориб турибман: – ”Ёрлақа, Худо!”

Ногоҳ эшитилар кўкдан бир хитоб:
“Авф этилдинг банда, ўксима фақат!
Бу ерга йўл топдинг ширин сўз билан,
Эшикни очади фақат Муҳаббат!”

ҲАР КУНИ

Курашларда ўтар ҳар куним,
Курашларда қатъий ва қизғин.
Одамийлик эзгу тилагим,
Юрмай дейман ҳайвондай изғиб.

Ҳар кун бошим тутунга тўлар,
Шу жафокаш Ватан ғамидан.
Ғамки дилни бешафқат эзар,
Сочим оқи унинг рангидан.

Ҳар кун энди зулматга дўнар,
Юлдузи йўқ тун каби қаро.
Энди фақат асрагай мени
Тонг ҳаққига қилинган дуо!

ЮРАМАН ТОНГГА ҚАРАБ

Бу оқшомми ёки тун,
Ҳар томонда дор бугун.
Лаҳзалар учар кетар,
Фақат шеърда акс этар.

Бир дуо ё ҳайқириқ
Етиб борар Тангрига.
Боламан ё қария?
Кираман тун қаърига.

Бахтми бу ё бахтсизлик,
Кўринар йўлим аранг.
Ҳаққа таваккал қилиб
Юраман тонгга қараб!

ТАБАССУМ ҚИЛ

Табассум эт майин, ёқимли,
Чиройингла арит қайғумни.
Ачинмасман ўтган кунларга,
Даволасанг саркаш руҳимни.

Табассум эт енгил, ёқимли
Офтоб сари интилган гулдек.
Табассум эт – биз қувонайлик,
Севилишга фурсат бор қўлда.

Табассум эт, жиддийлик нечун,
Шундай ёруғ, қувончли онда?!
Кеч эмасдир – табассум этгин
Худо қўллаб турган замонда!

МЕН СЕВАМАН

«Мен севаман” – шу қисқа сўзни,
Дуо каби шипшийман сенга.
Ишқингни деб тирилгум қайта,
Бас келолмас ағёрлар менга.

«Мен севаман” – бизнинг белгимиз,
Очиқ қалблар, диллар қошида.
Бахтимизни Ҳақдан тилаймиз,
Биз биргамиз бахт талошида.

«Мен севаман”- аниқ ва оддий:
Биз топишдик улкан дунёда.
Йўлларимиз бирлашди, энди
Бахтимиз ҳам бўлур зиёда!

ҲАЛИ ИМКОН БОР

Шаҳардаги оддий кунларда
Кўзинг қуёш нурига ўхшар.
Ва бахш этар дилимга илҳом,
Юрагимда туйғулар жўшар!

Шамол узган япроқ сингари
Ғамлар мени қилади канда.
Сийпалайсан сен юзларимни
Кўкка қараб учгум шу онда.

Парвоз этгум шеърим ортидан,
Парвоз этгум такрор ва такрор.
Учмоқдаман, демак кеч эмас,
Демак ҳали менда имкон бор!

ҲАЙҚИРИҚ

Мангуликка ҳоким эмас вақт,
Сева олмас ёвузлик ҳеч ҳам.
Танҳо беайб Парвардигордир,
Узулгуси қаттиқ иплар ҳам.

Ёвузларни мақтар ёмонлар,
Ёлғон молга дўнган неъматдир.
Зулмат – нурсиз қолган бир макон.
Даҳо – қарғиш ва марҳаматдир.

Борлиқ онгнинг туғилишидир
Ҳаёт лаҳза тасвири – чизиқ.
Ўлим – завқнинг йўқолишидир,
Ва томоқда қолган ҳайқириқ!

Рус тилидан Ҳасанбой Ғойиб таржималари