Сергей Князов (1981)

Сергей Князов 1981 йили Москвада туғилган. Россия Гуманитар универсети ҳужжатшунослик факультетини ҳамда А.М.Горкий номидаги Адабиёт институтининг олий ада­биёти курсини битирган. «Кумуш кеча» («Вечер серебристая») шеърлар китоби муаллифи.

* * *

Бу дунё китоб гўё, шамол варақлар,
Олис юлдузлардан келтиради хат –
Неки ёруғ халқ қилинган, мангу чарақлар,
Неки асли зулмат – кул, тутун фақат.

Интилар тонготарга башарий борлиғ,
Кўкларда тикилгандир кумушранг гулбанд –
Неки ёруғ яратилган қолгайдир ёруғ,
Неки асли зулмат – хок, кўмир фақат.

Бу дунё китоб гўё, шамол варақлар,
Ҳеч ким тушунмайди ҳеч он бу хатга,
Лек ёруғ яратилган мангу чарақлар,
Неки асли зулмат, қайтгай зулматга.

* * *

Ортда қолди, ёрижон, бари,
Бахтли дамга яқин жуда ҳам.
Йўл олгандир офтоб ғарб сари,
Биз шарқ сари ташлаймиз қадам.
Майли бу тун ёғдирса ҳам қор,
Қорда излар кўринар ёниб.
Муз остида сув оқади, ёр,
Насиб этса, ичармиз қониб.

* * *

Яна порлар кумуш жилва тун,
Яна менинг тинчим туналган –
Олис ишқнинг сокин ёғдуси
Шеър дафтарим сари йўналган.
Кўз очади ҳислар иболи,
Дунё демас дунё оралаб,
Фақат унут сиймонг хаёли
Қай ойналар ортида порлар…

* * *

Шаҳарда анқийди тийрамоҳ…
Дарёда тўнғиган оқар сув,
Осмонда булутлар чўккан чоҳ,
Титрашар қаторда сўзлар дув…
Аччиқ ҳақиқатлар замони,
Сўнгра келар изма-из севинч.
Барглар уфуради армонни,
Юракда ёмғирлар тинмас ҳеч.

* * *

…Қалб бир тоғ сўз уюми ағдарилган жар,
Кетмас санъатда ҳам, хотирсизликда…
Ҳеч вақо йўқ – нада наср, на шеърлар,
Фақат тунлар бордир уйқусиз – содир этган
ақлсизликлар…

ИСЛОМ

Мушаф узра каломлар ёмби,
Карахт кўча, сузади азон.
Шуълаланар кумуш ойнинг ўроғи –
Қўнғироқларга зор эмас имон…
Хаёли бир… халойиқ дарё:
Интил ул Зот улашар ҳикмат.
Ғам-севинчда, ғазабда дунё,
Ҳар бандага тутади неъмат…

Шу лаҳзада дил топган қўрғон,
Ғам-ғуссага бу ер беомон…

* * *

Осилганда ой хиёбон кўкида
Елкам оша нафасини туяман,
Уйқу бузар, қаҳри қаттиқ, гуппи, ғар,
Ишонмайди мўъжизага бир манман.
Ойнам қоқар шу лаҳзада гул баҳор
Бошқа ёнга боққанимда ул дейди:
«Қайлардадир интиқ кезади дилдор…»,
Қисқаради тунлар бари ҳам энди…

* * *

Ирина Горюновага

Ўз уйингда гўё қафасда: сен ўзингга ўзингсан маҳбус,
Ишонч бадар, иқбол дарбадар, ирода ҳам кўзёшга манхус.
Шарт қандайин, шундай бажармоқ бу дунёда билганинг фақат,
Ойнани шарт очасан, пайдо сонияда кечган ҳақиқат –
Ғимир-ғимир ҳамишагидай, авто шовқинида эзилган ёмғир…
Ҳаммасига силтаганча қўл – боқар сенинг кулбангга кимдир.
Қўлда қора фонуси билан елкасида нарвонча унинг,
Ҳеч кимдан ҳеч нени сўрамай, кириб кетар қўйнига туннинг.

Рус тилидан Вафо Файзуллоҳ таржимаси