Николай Некрасов (1821-1877)

Некрасов Николай Алексеевич [1821.28.11(10.12), Подольск губерняси, Немиров-Винницкий уезди — 1877.27.12 (1878.8.1), Петербург] – рус шоири. Ярославль гимназиясида таълим олган (1832—37), Петербург университетида эркин тингловчи бўлган (1839— 40).
«Орзулар ва садолар» (1840) номли илк шеърлар китоби танқидчилар томонидан танқидий шеърлардан иборат тўплам сифатида баҳоланган. Некрасов 1841 йилда «Литературная газета» ва «Отечественные записки» журнали билан ҳамкорлик қилиб, уларда ҳикоя ва қиссалардан ташқари танқидий мақолалар ҳам эълон қилган. Некрасовнинг «Ватан», «Йўлда» (1845) шеърлари ва «Аёз» достони (1863) да бойлар ва камбағал деҳқонлар ҳаёти акс этган.
В. Г. Белинский ва унинг маслакдош дўстлари Некрасов дунёқарашида халқпарварлик қарашларининг пайдо бўлишида муҳим роль ўйнади. Бу ҳол Некрасовнинг «Современник» журнали ношири ва муҳаррири бўлган вақтда (1847—66), айниқса, ёрқин намоён бўлиб, мазкур журнал инқилобий-демократик тафаккур минбарига айланди. Некрасовнинг шу даврда яратган шеърларида халқнинг оғир турмуши манзаралари, зиёлиларнинг руҳий ҳаётидаги чарчоқлик оҳанглари ўз ифодасини топди.
«Шеърлар» тўплами нашр қилинган (1856). Қишлоқ мавзуидаги «Ўй», «Калистрат» шеърлари, «Деҳқон болалари» (1861), «Газламафурушлар» (1861) достонларида шоирнинг рус деҳқонига муҳаббати акс этган.
Некрасов ҳаётининг сўнгги ўн йили «Отечественные записки» журнали билан боғлиқ. Некрасов шу даврда «Русияда ким яхши яшайди» (1866—76) достони устида ишлади, декабристлар ва уларнинг хотинлари тўғрисида достонлар ёзди («Бобо», 1870, «Рус аёллари», 1871—72).
Некрасовнинг сўнгги шеърларида дўст-ёрларининг оламдан ўтиши, рус жамиятидаги таназзул ва ўзининг оғир хасталикка йўлиққанлиги билан боғлиқ мунгли оҳанглар устуворлик қилади. Aммо шу билан бирга унинг айрим шеърларида Россиянинг келажагига умид туйғулари ҳам йўқ эмас.
Некрасов ижодида рус озодлик ҳаракатининг В. Г. Белинский, А. И. Герцен номлари билан боғлиқ инқилобий-демократик босқичи ўз тажассумини топди. Халқнинг мушкул аҳволи, унинг ҳам ижтимоий тузум, ҳам шафқатсиз мулкдорлар томонидан эзилиб, қадди дол бўлгани тасвири Некрасовнинг бутун ижоди оша «кизил ип» бўлиб ўтади. Унинг лирик қаҳрамони халқнинг аянчли аҳволда турмуш кечираётганини кўриб изтироб чекади, бу халқни бахт-саодат манзилларига олиб боришга, миллий тараққиёт довонлари сари етаклашга ожизлик килишини сезиб, янада эзилади. Лирик қаҳрамон кечинмаларидаги ана шу ожизлик оҳанги шоирнинг хасталиги оғирлашган сайин тобора кучайиб борган.
Некрасов рус мумтоз шеъриятининг бошқа буюк намояндаларидан биринчи навбатда халқчиллиги, ижодида халқнинг умумлашган образи устуворлик килиши билан фарқланади. У халқ деганда даставвал мулкдорлар зулми туфайли хор-зор яшаётган мужикларни назарда тутади, улар ҳаётининг нохуш манзараларини тасвирлайди. Аммо шу билан бирга 19-аср ўрталарида шакллана бошлаган илғор рус зиёлиларининг ижтимоий қарашларини ҳам асарларига сингдиришга, бу зиёлиларни шу халқнинг камчил, аммо пешқадам қисми эканлигини кўрсатишга уринади.
Совет даврида Некрасов ижодида, бир томондан, 19-асрдаги рус жамияти ҳаётидаги салбий тамойиллар —«турмуш прозаси» тасвири устуворлик қилгани, иккинчи томондан, декабристлар ва улар хотинларининг образи катта меҳр билан яратилгани учун шоир ҳаёти ва ижодий фаолиятини ўрганишга алоҳида эътибор берилди. Айни пайтда нафақат рус, балки қардош халқлар шеъриятида ҳам Некрасов анъаналарининг давом эттирилиши ва ривожлантирилиши талаб этилди. Ўзбек шоирлари шундай шароитда Нексаров ижодига хос фақат бир фазилат — халқчилликдан ибрат олишга харакат қилдилар. Некрасов асарларининг ўзбек тилига асосий таржимони Миртемир шу масалада рус шоири анъаналарини ривожлантириб, ўзбек шеъриятининг миллий ўзига хослигини таъминлашга улкан ҳисса қўшди.
Некрасов асарлари ўзбек тилига Миртемир, Зулфия ва бошқа шоирлар томонидан таржима қилинган. (Наим Каримов)

ШАҲАРДАН ТАШҚАРИДА

“Қизиқ, бизни қувонтирар олис жилға жилдираши,
Ҳатто кекса шу эманнинг сирли-сирли шилдираши.
Эритади кўнглимизни ҳазин-ҳазин куйлаб, қурғур,
Бу бекорчи ўсмирлардек оқшом палла тинмай булбул.
Олис кўкнинг бу гумбази тўлиб юлдузлару сир-ла,
Наздимизда нурли қўлин бизга чўзар меҳр бирла.

Тўлин ойдан мароқланиб олисларга тикилган дам
Биз сезамиз кўнглимизда бир хўрсиниқ, ғалати ғам.
Шундоқ ғамки, бахтдан тотли, қайдан келар бундай туйғу,
Хўш, нимадан бунча шодмиз, ахир гўдак эмасмиз-ку?
Оғир меҳнат қувончларга рағбатимиз кўнгиллардан –
Қуволмади, наҳот, буткул… яна биздек йўқсилларга
Ким қўйибди табиатдан ҳузурланиб бу яйрашни,
Ўзи қисқа эркимизни бундай бенаф сарфлашни?”

– Эй, бўлди, бас қилинглар-ей, ростин айтсам, дардим олди –
Қишлоқ, барча ғам-ғуссани кўнглимиздан ҳайдаб солди,
Эсдан чиқди, руҳни эзар охири йўқ оғир меҳнат,
Жонга теккан камбағаллик ва узлуксиз азоб, заҳмат…
Ҳа, ёзилди кўнгил жиндек… ҳа, яхшиси, келинг, шу кун
Мадҳ этайлик кисматимиз қашшоқ қилиб яратган-чун.
Кўрмасак-да фаровонлик ҳамда эркнинг неъматин биз,
Табиатнинг дафинасин ғоятда тез ҳис этамиз.
Бу бойликни Ер юзининг тўқ, зўрлари кўролмайди,
Камбағалу йўқсиллардан уни тортиб ололмайди.

* * *

Билмам, қандоқ ўзгаларнинг фикрати,
Менга ёқар Ернинг турли неъмати.

Шу азиз Ер, шу офтобда яйрайман,
Хоҳиш, ишонч, ҳисга тўлиб яшайман.

Қулоқ дингдир ҳамда чанқоқ бу кўзим,
Тўёлмасман бу ҳаётга ҳеч ўзим.

Унда доим нени қўмсаб йиғлайман?
Ҳеч нафи йўқ дард-ла дилни тиғлайман.

Нима учун изламай бахт-барорим
Катта йўлдан юриб кўплар қатори?..

ЭЛЕГИЯ

1

Майли, бизга десинлар; одатлар боқий эмас,
“Жафокаш халқ” мавзуси эскирди бу кунда, бас,
Шеърият ҳам гар уни унутса, бўлмас ёмон…
Йўқ, ишонманг, сиз ёшлар, у эскирмас ҳеч қачон.
Эскитолса, эҳ, қани, уни ўтган бу йиллар,
Дунё ривож топарди!.. Афсуски, ҳамон эллар
Қашшоқликда судралар, даррага тобе бари,
Тақир ўтлоқда юрган ориқ пода сингари.
Қарғаб улар қисматин илҳом хизматда ҳар чоғ,
Ер юзида йўқ ўзга бундоқ пухта иттифоқ.
Халқнинг ночор ҳолидан киборларга урар дам,
Улар айшу ишратда яйраб, базм қурар дам.
Мақсади – халққа буриш зўрлар диққатин мудом,
Шундоқ улуғ хизматга ҳамиша шайдир илҳом.

2

Мен барча ижодимни ўз халқимга бахш этдим,
Улгурмасдан у таниб, эҳтимол, ўлиб кетгум.
Хизмат қилдим астойдил, шундан кўнглим тинчдир сал,
Майли, зиён бермасин жангда ёвга ҳар аскар.
Лекин жангга кириш шарт, жанг тақдирни ҳал қилар,
Мен ғаройиб кун кўрдим, Россияда йўқмиш қул!
Тўкдим қувонч ёшларин, кўнглим бўшаб, денг бирам.
“Хомхаёлни қилгил бас, лақма бўлма сен кўп ҳам! –
Илҳом менга шундоқ дер, – Фурсатидир, олға, қалқ!
Озод бўлишга бўлди, бахтлимикан, илло халқ?

3

Ўроқчилар куйларми яйраб ўрим кезида,
Чол юрарми қўш ҳайдаб аста омоч изидан.
Чопиб-ўйнаб юрарми ошиб ўтлоқ, далалар,
Ота нонуштасидан қорни тўйган болалар?..
Ялтирарми чалғилар, ўроқлар шайми ишга,

Мен жавоб қидираман хаёлимни жунбушга –
Келтирган сўроқларга:” Сўнгги йиллар, сўнгги пайт
Жиндак енгил тортдингми, дала иши, қани айт.
Узоқ қуллик ўрнига келган озодлик ахир
Келтирдими ўзгариш ё енгиллик бирор-бир…
Турмушда, қўшиқларда бирор янгилик борми,
Ё қўшиқлар ҳали ҳам ғуссали, азадорми?..

4

Оқшом тушиб боради, орзу жўшгай бу дамлар,
Экинзору ўтлоқда қатор-қатор ғарамлар,
Кезинаман ўй суриб ғира-шира паллада,
Ўз-ўзидан яралар қўшиқ бу он каллада.
Кечдаги ўй ҳар ҳолда чиққан бугун рўёбга,
Мен суқланиб қарайман, кўзим қувнаб атрофга,
Орзуларим тимсолин бунда кўрган бўламан,
Қишлоқни, меҳнаткашни суюб, дуо қиламан.
Халқимни эзганларга йўллайман тавқи лаънат,
Уни қўллаганларга тилайман кучу қудрат.
Янграр шунда қўшиғим! Уни тинглар қир, ўтлоқ,
Унга жавоб беради акс садо-ла олис тоғ,
Ўрмон ҳам жавоб бергай, мени тинглар табиат…
Аммо У… жононни куйлайман ушбу фурсат,
Фақат унга тегишли шоир қилган бу хитоб,
Фақат ўша эшитмас ҳам бермас менга жавоб.

* * *

Уруш даҳшатига келса-да ваҳмим,
Ҳар янги қурбонни эшитганим дам, –
Дўсти, хотинига лек келмас раҳмим,
Раҳмим келмас ҳатто ўшал мардга ҳам.

Сабаби, аёллар кўникиб кетар,
Дўст-чи, дўст унутгай яқин дўстни ҳам.
Аммоки, қайдадир мунис жон яшар,
Ўша то ўлгунча тутадир мотам.

Бизнинг бу ғаламис, разил ҳаётда
Турли тубанликка дуч келиб юриб,
Бир марта ҳайратда қолганим ёдда
Самимий тўкилган кўзёшни кўриб –

Ҳа, у кўзёшийди мажруҳ онанинг…
Оналар унутмас асло болани,
Қонли жанггоҳларда бўлса-да увол…
Қандоқ кўтармасин, ахир мажнунтол
Ўзининг эгилган шохи-новдасин…

* * *

Соат олтиларда мен куни кеча
Сомон бозорига кирсам, кеч томон,
Бир деҳқон хотинни қийнаганича

Жаноб дарра билан урарди ёмон.
Ҳеч уни чиқмасди аёлнинг, бироқ
Дарра “шиғ-шиғ”ига қулоқ тўларди…
Илҳом парисига дедим ўша чоғ:
“Бу аёл туғишган синглинг бўлади”.

РОМЧИ АЁЛ

Бизга яқин бир қишлоқда ромчи аёл бор,
Дам уради сув, ароққа, не бўлса дучор.

Аллақандай гиёҳ билан фол кўради у,
Бу ярамас солар дилга ҳамиша қўрқу.

Башорати нуқул кулфат, яхши гапи кам,
Йиғла деса, йиғлаворса керак денгиз ҳам.

Тангри бизга кўп меҳрибон, рус халқи бироқ
Йиғлашни денг ёқтирмайди, куйлайди кўпроқ.

Бир бақироқ йигитга дер бир кун жодугар, –
Итхонага бопсан, тўрам олсалар агар.

Қарасалар, бир ой ўтгач ҳаммаси бўлиб,
Ўрмонда у ит совитиб юрар, бўкириб.

Степанга дебди бирда: “Кўп кериласан –
Кўк отинг-ла, лекин ундан тез айриласан!

Айрилмасанг, бало бўлар бошингга бу от!..”
Степанни чўчитдилар рекрутлик*-ла бот.

Отни сотди, пора бериб аранг қутулди,
Бу фоллардан бутун атроф кўп ҳайрон бўлди.

“Шошма, мен ҳам бориб кўрай бир ўшанга, вей…
Деб ўйлабди кекса деҳқон, содда Пантелей.

Кимга нени у олдиндан қилса башорат,
Шу ҳодиса бўп турибди, жуда аломат.

Ё ичида шайтони бор, айтиб ўтирар?!
У манзилга етиб келиб, бир четда турар.

Кутар, ромчи ҳузурида бор экан қизча,
Кўрган сари кўргинг келар, юзлари кулча.

Ёнбошида йигит ҳам бор, турқидан – қарол.
Қизга ромчи дер: “У билан боғланма зинҳор!

Ўзгачадир пешонангга ёзилгани ул –
Жиндак азоб, кейин озод бўласан буткул.”

Бу муждадан қарол ҳанг-манг. Ромчи унга дер:
– Ҳой йигитча, бахтинг кулмас, гапга қулоқ бер,

– Айтавер!..
– Ҳа, айтуврайми… Сени шу қишда
– Жазолашар, сўнг қўясан ружу ичишга

Соч-соқолинг ўсиб уйда ётасан, магар
Атрофингда базм қурар шайтонваччалар.

Сени хўрлаб судрашади жаҳаннам тишга,
Сен улардан юзтачасин шиша идишга.

Қамайсану чўп тиқасан оғзи – тешикка!..”
Пантелей-чи, шу дам урар ўзни эшикка.

– Нима бўлди, ҳой оқсоқол, тўхта фол кўрай.
– Кераги йўқ, – тўнғиллар чол, – бир ўйлаб қўяй…

Биздан не ҳам топар эдинг, ёшларга кўр фол,
Мен ҳозирча сабр қилгум…эй, шайтон аёл.

Сен топағон бўлсанг агар, бизга айт-чи бот:
Ахир қачон тўралардан бўламиз озод?
_________
* Рекрутлик — мажбурий ҳарбий хизмат

ВИДОЛАШУВ

Ажралишдик ярим йўлдаёқ,
Жудоликми буёғи, ҳайҳот!
Биз ўйладик, кечар енгилроқ.
Сўнгги разил “кечир” у “наҳот?..”

Йиғлашга ҳам ҳолим йўқ, инон,
Хат ёзиб тур… ёзиб турсанг бас.
Хатинг менга азиз, муқаддас –
Гуллар каби қабрдан чиққан,
Юрагимнинг қонли қабридан…

АХЛОҚЛИ КИШИ

I

Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.
Хотиним-чи, юзига вуал*ни ташлаб,
Кечда кетди ўйнашин уйига қараб,
Тун оғдириб, миршаб-ла бостириб бордим,

Фош қилдим, у ташланди, мен оғир бўлдим.
Хотин эса, ётволди шу кундан бошлаб,
Сўнг номусдан бўлди ер, ғамнок, дилхира…
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

II

Қайтармади қарз олиб вақтида ошнам,
Эслатсам ҳам олмади гапни қулоққа,
Бу мушкулни қонунга оширдим мен ҳам,
Қонун тиқиб қўйди денг уни қамоққа.
Ўлиб қолди у ерда, бермай бир чақа,
Гарчи ҳақим бўлса-да, бўлмадим хафа.
Қарзидан-ку, кечвордим шу кун бир сира
Ҳам эсладим уни кўп дийдамни ёшлаб.
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб,
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

III

Ошпазликка топширдим деҳқон болани,
Яхши ошпаз бўлди у, бу қанақа бахт!
Бироқ тез-тез тарк этиб у ошхонани,
Кўча-кўйда дайдишни қилволди одат.
Билсам, бачки ишларга қилибди ружу –
Китоб ўқиб, ақлини чархлар эмиш у.
Пўписаю койишдан ахир чарчаб, шу –
Оталарча бир-икки урдим, шу сабаб
Ўзин ташлаб дарёга ўлди… юзқора.
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб,
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.

IV

Ёлғиз қизим бўларди, домласин севиб,
Келишибди у билан қочишга, қаранг,
Қарғайман, деб чўчитдим бу ишни сезиб,
Бўйин эгди, сўнг уни кўндириб аранг,
Бердим кекса бир бойга … турмушийди соз,
Илло Маша толиқиб юрди-да бироз,
Ўлди силдан йил бўлмай …ёш ҳам бокира.
Кетди доғда қолдириб, кўзимиз ёшлаб…
Мен бир умр ахлоққа мувофиқ яшаб,
Қилмаганман бировга ёмонлик сира.
_______
* Вуал – юзга тутиладиган тўр.

КЕЧИР

Кечир, унут тушкун кунларни,
Ҳасрат, ғусса, дилгир унларни.
Унут кўзёш, изтиробларни,
Рашк аталмиш ул азобларни.

Ишқ қуёши лек бошимизга
Чиққан дамлар нур сочиб бизга.
Иккимиз ҳам хушвақт, бахтиёр –
Бўлган кунни унутма зинхор.

* * *

(ЛЕРМОНТОВГА ЎХШАТМА)

Ўсдим олис овлоқда, ярим ваҳший қишлоқда,
Кишилар ичида жоҳилу бебош.
Тақдир менга ғоят зўр ҳиммат қилди у чоғда –
Бир тўп итбоқарга бўлиб қолдим бош.
Қайнар эди теграмда гирдоб – ғийбат, уятдан –
Йўқчилик ҳирслари хўп туғён урар,
Кўнглимга-чи, у хунук ва беъмани ҳаётдан
Ўтириб борарди ёмон қуйқалар.
Бу гапларга етгунча ақлу фаросатим, ман –
Бир гўдак, нимаям қила олардим.
Иллат эса, кун сари заҳарли нафас билан
Бутун вужудимни эгаллади жим.
Шу эканда ҳаёт деб, ҳовлиқиб, фикр қилмай
Шўнғидим ва лойқа оқимда оқдим.
Гулдек ҳур ёшлигимни гоҳ билиб, гоҳи билмай,
Фаҳшнинг беҳаё ўтида ёқдим.
Йиллар ўтди… у таниш даврадан уздим оёқ,
Эски ошналарни қилиб дарғазаб,
Ҳамон-ҳамон эсласам, бенаф бўлса-да, бироқ,
У бебош ёшликни қўяман қарғаб.
Қаранг, бирдан танимга қайтди куч ҳам мадор,
Уларни қайтарган эмас ҳасратим,
Мудҳиш жимлик ва совуқлик ўрнин қайта бор
Олди ёшлигимнинг забти, ғайрати.
Яна йўлга шайландим, бу жонимни ўртаган
Дард билан, бирорта мўлжалсиз у дам,
Ўйлар эдим, бу юрак бемаврид ўлдирилган,
Қайта тирилмагай энди сира ҳам.
Аммо сени учратиб, туйдим дилда ҳаяжон,
Тирилди кўксимда юрак шу фурсат.
Аввалги изтиробу дардлар изини шу он
Ўчириб ташлади дилдан муҳаббат.
Яна орзу-умидлар, хоҳишлар менга йўлдош,
Мени севмасанг ҳам майлига, зарра.
Лекин тушун, бу таниш уқубат ҳамда кўз ёш
Менга ёлғизликдан афзал минг карра.

СУДХЎР

Ёшим тўртга етгач, отам –
Берди маслаҳат:
Бу дунёнинг бори бекор,
Бойлик йиғ фақат.
Отамнинг бу доно сўзи
Менга кор қилди,
Тонгда туриб чўнтагидан
Беш тийин шилдим.
Ана шундан бошланди бу
Пул йиғиш дарди,
Лайча каби бой, тўрага
Хўп суйканардим.
Ялар эдим қўл, оёғин
Тап тортмай ҳеч ҳам.
Шундай қилиб етти ёшда
Бўлдим муттаҳам.
Рости, элда шундоқ дерлар,
Лек ўшанда ҳам,
Томорқада бўлар эди
Кўмилган ақчам.
Бор дейдилар ҳавас туйғу –
Билмайман недур,
Ҳаёт – мен-чун пул ундириш
Санъати эрур.
Қоним эрта совитганми
Хасислик беҳад –
Тез англадим йўқ гаплигин
Номус, муҳаббат.
Билдим, дунё бир кўлмагу
Дўст-ёр – фирибгар.
Чўнтагингга тушиш учун
Пинжингга кирар.
Билдим, бадкор ор-номусдан
Наф олмайсан, бас,
Ақчаси йўқ экан разил,
Қалби йўқ эмас.
Зиқналикка шу алпозда
Кўника бордим,
Ва отамни ол, деб ҳар шом
Рабга ёлбордим.
Яхши эди, кўп меҳрибон
Ҳам сахий у зот,
Чорбоғдаги уйда ўлди
Куни битгач бот.
Оғир бўлди… мен мурдага
Ўзни ташладим,
Бор киссасин йиғлаб туриб
Кавлай бошладим.
Кейин сотдим пулга арзир
Бўлса не бисот,
Сўнг пулларни ишга солдим
Қилиб эҳтиёт.
Бой бўлишга жаҳд айладим
Шолғом, пиёз еб,
На қўл, на бел, на юз қолди
Бой бўламан, деб
Патин юлиб, сўнг жўнатдим
Қўлга тушса ким,
Сочидан ҳам кал бўлгунча
Фоиз ундирдим.
Соч ўстирсин хоҳлаганча
Дея қўлладим,
Тушган пулни сартарошга
Ҳар йил пулладим.
Шундан, ҳозир, ёш ўтса-да
Унча-мунчам бор.
Майли, улус деяверсин
Муттаҳам, айёр.
Айёр эмиш! Йўқ, авломан!
Бу гаплар – аён:
Пулни сочиб бир зиёфат
Берсамми, шу он
Бу “айёр”нинг пинжига, денг,
Кирарлар чаққон,
Кимдир менга авлод чиқар,
Ким – дўст, ким – ошна,
Ва энг ҳалол, энг яхши – мен!..
Шундоқмасми, а???

Раззоқ Абдурашид таржимаси

ТЕМИР ЙЎЛ

I

Ажойиб куз келди. Шифобахш, тоза
Ҳориган танларга бағишлар дармон.
Ҳали дарё музлаб, қотмаган роса,
Турар эриётган оппоқ қандсимон.

Ўрмон тевараги гўё пар тўшак,
Ухламоқ мумкиндир эркин, бемалол.
Ҳали япроқлардан ранг кўчмагандек,
Гиламдай тўшалмиш сарғиш ва зилол.

Ажойиб куз келди! Тунлари аёз,
Кундуз эса сокин, тиниқки бирам.
Табиат нақадар осойишта, соз,
Ҳаттоки тўнгаклар, ботқоқликлар ҳам –

Бари ой нурида кўринар гўзал,
Ҳамма ердан қондош Русни кўраман.
Чўян изларда тез учганим маҳал,
Фикрга ғарқ бўлиб, хпаёл сураман!

II

Эҳ, меҳрибон падар ғафлат қўйнида
Ақлли ваняни сақлайсан нечун?
Рухсат беринг менга ойнинг нурида,
Унга ҳақиқатни кўрсатай бутун.

Эҳ, Ваня! Бу меҳнат бўлди кўп оғир,
Бир киши қўлидан келмас ҳеч қачон!
Дунёда бир шоҳ бор – у бешарватдир,
Очлик дееб аталур, жуда беомон!

Денгизда кемалар, қуруқда қўшин
Унинг ихтиёри билан юради.
Элни корхонага ҳайдайди ҳар кун,
Омоч тепасида ўзи туради.

Тошйўнар ва косиб унинг қўлида..
Ўша халойиқни қувди бу томон.
Кўплар шу даҳшатли кураш йўлида,
Ўз меҳнат роҳатин кўрмай берди жон.

Ўқ каби тўғри йўл – йўқдир поёни,
Симёғоч кўприклар, кўтарма тепа.
Рус суякларидан ҳар икки ёни…
Ваня биласанми, нақадар кўп-а?

Қулоқ сол, эшитилар даҳшатли хитоб,
Оёқлар дупурлар, ғижирлар тишлар…
Музлаган ойнада соя беҳисоб…
Нима гап? Мурдалар тўдаси улар.

Баъзан темир йўлни айланар кезиб,
Баъзан чопишади ёнма-ён, йироқ…
Қулоқ сол қўшиққа: “Ойдинда насиб –
Бўлмиш ўзимизнинг меҳнатни кўрмоқ!

Доимо қад букиб кечирдик умр
Куннинг қизиғида, совуқда ночор.
Очликка сўз бермай, яшадик чуқур –
Ертўлада ивиб, совуқ еб, бемор.

Ўнбошилар бизни талади бари,
Топтади бошлиқлапр, эзди муҳтожлик…
Меҳнат болалари, тангри қуллари,
Ҳамма-ҳаммасига кўндик, чидадик.

Дўстлар! Самарамиз сизгадир раво,
Биз ерда чириймиз, тақдиримиз шу…
Биз бечораларни эслармисиз, ё –
Эсдан чиқардингиз кўпдан ва мангу?”

Уларнинг қўшиғи ёввойи, қўрқма,
Улар Волхов то Волгага қадар,
Окадан, шу улуғ давлатнинг ҳамма –
Бурчидан йиғилган мужик биродар!

Яширма юзингни, ҳайиқсанг уят,
Сен кичик эмассан!.. Сочи қўнғир тус,
Кўрдингми қаршингда тутиб турар қад,
Безгак енгган нотоб, новча белорус:

Лаблари қонсиздир, юзида қайғу,
Озиб-тўзиб кетган, қўллари яра,
Тиззадан сув кечиб, умр кўрган у,
Оёқлари шишган, сочи тасқара.

Кўкси ичга ботган, кун оша баттар,
Умрлар алами унга бўлган жо.
Диққат билан, Ваня, ташлагин назар,
Бир бурда нон учун қанчалар жафо!

Ҳали букри қаддир ростлаганча йўқ,
Ҳамон сукут сақлаб тургани-турган.
Беихтиёр зангли белини тақ-туқ
Музлаган тупроққа ургани-урган.

Меҳнатни севмаклик-бу яхши одат,
Биз ҳам қабул қилсак бўлмасди ёмон.
Халқ бошлаган ишга тила саодат,
Мужикни ҳурмат қил, сийла ҳар қачон.

Севикли юрт учун қўрқмагил асло…
Рус халқи чидади ҳаммасига ҳам.
Темир йўл қуриш-чун чекди не жафо,
Тақдмирда борига чидайди бардам.

Барига чидайди – ўз кўкси билан
Ўзига йўл очар кенг, ёруғ, кўркам,
Эсиз, ўтди умр, бу гўзал замон
Яшаш насиб бўлмас иккимизга ҳам.

III

Ҳуштак чуриллади, шу лаҳза бирдан,
Ўликлар бўлишди кўзлардан ғойиб.
Ваня деди шунда, ухлаб тураркан,
“Дада, бир туш кўрдим, жуда ажойиб,

Беш минг мужик, Руснинг уруғ-аймоғи,
Турли табақалар бўлмиш намоён.
Бизнинг темир йўлни қурувчилар шу!..”
Деб айтди. Генерал ташлади хандон.

– Яқинда Ватикан деворига ман-
Бордим, Колизейда кездим икки кун.
Венада турарди бузрук Стефан ,
Наҳот халқ яратган буларни бугун?

Кечиринг, қўлингиз шунча дағалки,
Ғайритабиийдир мулоҳазангиз.
Ёки, сиз Апаллон Бельведерский
Сопол тувакданҳам харобми дейсиз?

Бу сизнинг халқингиз – ажиб санъатни,
Ойнабанд ҳаммомни талаган уриб!
“Ваня учун айтдим бу ҳикоятни,
Сизгамас…” Аммо дер генерал туриб:

– Сизнинг славянлар, англо-сакс, гарман,
Бузишга чечандир, бошқани билмас.
Пайтидир Ванюша, ишни бошла сан,
Улар ваҳшийлардир! Доим маст-аласт…

Қайғу ва ўлимни томоша қилмоқ,
Бола юрагини эзади ҳайҳот,
Кошки, кўрсатсангиз гўдаккка шу чоқ,
Ёрқин тарафин ҳам!..

IV

Кўрсатаман шод.
Азизим, қулоқ сол: у машъум айём
Ўтиб кетди – немис ётқизмоқда из.
Мурдалар кўмилди, хулласи калом,
Хасталар ертўла ичида тиғиз.

Маҳкамада бўлса, ишчилар тўп-тўп…
Бўшамай қолди-ку бош қашишдан қўл.
Пудратчи тутмоқда ўз ҳиссасин кўп,
Ҳордиқ кунларига чиқармиш бир пул.

Ўнбоши ҳаммасин дафтарга тиркар,
Ҳаммомга бордими, ётдими бемор.
“Балки бу ердан ҳам бир нима чиқар,
Мана чиқиб қолди…” лекин у бекор.

Мовут чакмон кийган – тургани савлат,
Йўғон ва ғудайган, мисдек ранг-рўйи…
Пудратчи боради йўлда бетоқат,
Ўз ишин кўргани, бу унинг тўйи.

Халойиқ йўл берар унга таъзимкор,
Терларин артади бой ўша палла.
Атрофга кўз ташлар яна бир қатор,
Дейди: “Баракалла, ҳа, баракалла.

Уйга қайтиш қутлуғ! Тангри бўлсин ёр,
(Қалпоқларни олинг мен гапирган он!)
Бир хум тўла шароб сиз учун тайёр.
Суришиб кетармиз, бу эса, эҳсон”.

Кимдир “ура” дея бақирди ногоҳ,
Унга бошқалар ҳам қўшилди дарров.
Ўнбошилар куйлаб, ташласанг нигоҳ,
Хумни думалатар, кўринмас ялқов.

От бошин тортиб халқ кўратди “ура”,
Ҳайқириқ янгради бойга шу маҳал.
Тасвир этиш учун қувноқ манзара
Қийин бўлар экан, ростми, генерал?

Рамз Бобожон таржимаси

* * *

Қоронғи кўчадан тунда ўтсам жим,
Ҳаво булут бўлса, увласа бўрон,
Ҳимоясиз, бемор, бемакон дўстим,
Кўлаганг қаршимда бўлар намоён!

Дилозор бир хаёл мени эзади,
Ёшлигингдан толе севмади сани:
Отанг фақир ҳамда бағри тош эди,
Эрга чиқдинг, аммо севиб ўзгани.

Толеингга яхши чиқмади эринг,
Қаттиққўл, беодоб экан муттаҳам.
Маҳкуми бўлмадинг ва чидаб кетдинг,
Бироқ ялчимадинг менга тегиб ҳам…

Эслайсанми, бир кун мен бетоб ва оч,
Жуда маъюс эдим, ғамгин, бедармон.
Ўша ўзимизнинг совуқ, яланғоч –
Уйда дийдирардим, босиб ҳаяжон.

Эслайсанми, хира уйга томчилаб –
Сачрарди туйнукдан ёмғир тун-куни,
Йиғларди ўғилчанг, қўллари музлаб,
Иситардинг илиқ дамингда уни…

Қайғу ва очликдан эртага биз ҳам
Худди шунинг каби ўламиз, аён.
Хўжайин лаънатлаб, олар уч тобут,
Бирга олиб бориб қўяр ёнма-ён…

Бурчак-бурчакларда турардик маҳзун,
Ёдимда, сен беҳол, рангларинг сўлғин.
Яширин ўйларинг сочарди учқун,
Қалбинг курашига ясардинг якун.

Мен мудрай бошладим. Аста кийиндинг,
Ясаниб-тусаниб чиқдинг жим шу дам.
Бир соатдан кейин тобут келтирдинг
Ва отангнинг кечки хўрагини ҳам.

Очликни бир нафас ҳайдадинг нари,
Қоронғи уйчада ёқдик жинчироқ.
Ўғлингни тобутга ётқиздинг шу чоқ…
Тасодиф қутқазди бизни? Ё Тангри?

Сен оғир, ғуссада эгган эдинг бош,
Мен-да сўрамадим бирор нарса ҳам.
Фақат термулардик – кўзимизда ёш,
Қайғу ва ғазабда ёнарди танам…

Энди қаердасан? Эй, бахтсиз гадо,
Даҳшатли курашда ҳалок бўлдингми?
Оддий йўлни ўзга кўрдингми раво
Ва машъум тақдиринг сени енгдими?

Ким қилар ҳимоя? Сени одамлар
Даҳшатли ном билан атар, бегумон.
Фақат менда бунга нафрат ловуллар,
Ловуллару сўнар бефойда шу он!..

Мамарасул Бобоев таржимаси