Николай Гацунаев (1933)

Гацунаев Николай Константинович – рус шоири, фантаст ёзувчи ва таржимон. Хива шаҳрида туғилган. Болалиги Урганчда ўтган. Одесса чет тиллари институтини тамомлаган. Ғафур Ғулом номидаги адабиёт ва санъат нашриёти бош муҳаррири ўринбосари бўлиб ишлаган.
Унинг «Ҳаққоният», «Алвон булутлар», «Девқалъа», «Болалик шаҳри» каби шеърий китоблари чоп этилган.

ХИВА

Қани ибтидонг?
Қай асрдансан?
Олис кечмишингни
Илғайман аранг.
Шартми
Аниқ билмоқ –
Қандай сирдансан?
Хива.
Бир сўз.
Шу бас.
Басдир шу жаранг.
Сарсон
Ва саргардон
Биров…
Аллаким…
Карвондан қолгандир
Қийнаб дард,
Фироқ.
Номингни мангуга
Таратган,
Балким,
Шу карвондан
Тушиб қолган
Қўнғироқ.
Балки қучиб -кезиб
Кезмоқдан безиб,
Бу қумларда
Қутлуғ бир ҳикмат сезиб.
Бунда қурган
собиқ кўчманчи чодир,
балки
шундан номинг
тарихга жодир?
Хотира
Ўртаниб чекади нола.
Қадим лаҳжаларни
илғаймиз аранг.
“Хива”
Дер эканмиз
Бизга ҳавола.
Бу сирли пичирлаш,
Сирли бу жаранг
Нишонлардан нишон
Етгандир бизга.
Мафтунмиз
Билганларки билганнинг
Дейлик,
Қандай қилиб
Тарҳини чизган
қадимги муҳандис
Қўйқирилганнинг?
Кўпминг йил муқаддам
Номаълум кулол
Ясаб кетган
оддий кўзанинг нақши
ўзга сайёрадан
олинган мисол –
шу қадар сеҳрли!
Шу қадар яхши!
Шеър
мардлик
фаромуш бўлурми сира,
паҳлавон Маҳмудми
ҳеч унутилар?
Қумда
Тўлқин-тўлқин
Барханлар узра
Кезиб юрар
Карвон-карвон булутлар…
Нур таралар
Ҳар бир мовий минордан
Ҳар гумбаз – мангулик
Дарахтдан мева
Ўзимни топишга
Сен бердинг ёрдам.
Олдингда абадий
қарздорман
Хива!

ҚАЛЪАЖИҚ

Осмон
оҳор тўккан
ёзнинг тафтидан,
сароб жимирлайди
боқсанг тикилиб.
Улкан бир ёқутдек
саҳро кифтида
мўлтираб мудрайди
Қалъажиқ кўли.
Жимжитлик.
Калтакесак елар
Мисли ўқ,
Сўнгра ер бағирлаб
донг қотиб қолар.
Ҳаёт сўнган
шинак —
кўзларини лўқ
қилиб турар қадимий қалъа.
Сув узра қўрғонлар —
баланд тоғсимон.
Бундан
ўнлаб аср муқаддам,
зотан,
Хоразмийлар бунда
турганлар посбон,
Ватанини асраб
бало-қазодан.
Улар
саҳройидек ҳамлакор, ўктам,
ғазаб ўрнатганлар
найза учига.
Улар наъра билан
жангга кирган дам
келгиндилар дами
тушган ичига.
Қиличлар жаранги
чақнатган учқун,
Қулоқлар остида
шамол тортган ув.
Қилич сермаб,
худди елдирим — учқур
зарба берган улар
«Ур-ҳо!»
«Қув, ҳо, қув!»
сўнгра атроф сокин,
сўнгра атроф жим.
Улар ғойиб бўлган
ўтмиш қаърига,
сопқондан тош янглиғ тағин келиш-чун
лозим бўлса
саваш майдонларига
Қалъажиқ…
пахсалар раҳналарида
шамол тиним билмай
ишқириб* турар.
Юксакда,
осмоннинг қаъри-қаърида
сузар узуқ-юлуқ,
алвон булутлар.
Ўтар экан
боқмай инсон раъйига
ғамлар,
манглайларнинг
шўридан тахир,
асрлар
устма-уст
қалъа пойига
кўлдан тўлқинлардек
ташлайди бағир.
Қуёш қапталида
учади лочин,
бахш этиб юракка
сеҳрли бир руҳ…
Менинг Қорақумим,
эҳ, Қорақумим,
Сен
ўтмиш ҳақдаги
самовий андуҳ…
__________
* Ишқирмоқ — Ҳуштак чалмоқ (Хоразм лаҳжаси).

БУРГУТ

Ёдгор бўлсин,
Менга бургут туҳфа эт.
Балиқчисан,
Сенга бургут не даркор.
Оқчорлоқмидики,
сувга уриб тўш
у чавоқ овласа
сен билан ҳамкор.
У — бургут.
Бургутнинг йўриғи бўлак.
Йиртқичлар ҳолини
қилмоқ истар танг.
Унда ўзга шиддат,
Ўзга ўт-юрак,
макони —юксаклик,
дастуридир — жанг.
Бургутнинг йўриғи —
қуюн!
бўрон!
кўк!
Қулоқларда — ҳуштак!
қанотларда — ел!
Ўтинаман,
уни менга кўрма кўп,
бургутни совға қил,
иккиланма, кел.
Мен осмоний хаёл
соҳибимасман,
ер ташвиши, аксар,
кифтдан босади.
Лекин
юксак-юксак орзулар — баъзан
менинг-да тепамда қанот ёзади.
Шунда мен
бургутга қиламан ҳавас,
совға қил бургутни,
илтимос, манга…
Ушлаб тураман-да
уни бир нафас
қўйиб юбораман
сўнгра осмонга!

Матназар Абдулҳаким таржимаси