Николай Добронравов (1928)

Николай Добронравов 1928 йил 22 ноябрда Санкт-Петербург шаҳрида таваллуд топган. Иккинчи жаҳон уруши даврида Добронравовлар оиласи ҳам Москва вилоятига кўчирилди. У 1942 йил Малаховка шаҳрида ўрта мактабни олтин медал билан битирди. Москвада ўқитувчилар институти ва теат студияси курсини тугатгач, шаҳардаги ёш томошабинлар театрида актёр бўлиб ишлади, қатор роллар яратди. 1960 йиллар бошидан тўлалигича адабий ижод билан шуғулланди, кетма-кет шеърий китоблари чоп этилди. Унинг ижоди Давлат мукофотига сазовор бўлган.

* * *

Чарақлайди номаълум юлдуз,
Яна кетдик уйдан йироққа
Ватан ортда, қарадик илкис
Қўналғада ёнган маёққа.

Бунда кунлар туман, ёмғирли,
Бунда тонглар сокиндир жуда.
Бунда дара, сўқмоқлар сирли,
Сайр этмаймиз ҳуда-беҳуда

Узоқларда йиллар армони,
Кўз олдингдан кечар муқаррар.
Сўнар экан ғазаб бўрони,
Қолмас экан гинадан асар.

Айрилиқда айлагин тоқат.
Суянч бўлсин ишонч, қатъият.
Сабр қилсанг, албатта келар,
Яқинлардан қувончли хабар.

Хотирадан ўчмайди сира,
Айтолмаган қўшиқ хаёли.
Интиқ кўзлар тортмасин хира,
Ёдда юртим майин шамоли.

Сафарларда юрибмиз ёлғиз,
Бизни қийнар айрилиқ доғи.
Кўкда порлар номаълум юлдуз,
Порлар, гуё умид маёғи.

Умид сўнмас йўлчи юлдуздир,
Жасоратга мукофот — омад.
Юрт туйғуси муқаддас сўздир,
Юрт ҳақида куйланг сарбаланд.

АННА ГЕРМАН ХОТИРАСИГА

Машҳурлар эсланар тургунча дунё,
Завол йўқ ҳикматли қўшиққа, сўзга.
Биллур овозингиз айланган гўё,
Чексиз коинотда ёрқин юлдузга.

Гўзал Анна, дилбар қўшиқларингиз,
Бизнинг қалбимизга ҳамиша малҳам.
Уларда ҳаяжон, армонлар денгиз,
Уларда энг эзгу орзу мужассам.

Авжда куйлаш насиб этмади сизга,
Неча бор саҳнада беҳол турдингиз.
Умид юлдузини қолдириб бизга,
Кетдингиз сиз ичга ютиб дардингиз.

Берилиб тинглаймиз қўшиқларингиз,
Барчага ёқимли майин нолангиз.
То дунёга келар экан ўғил-қиз,
Янграр Збишекка айтган аллангиз.

ЗАМИН МАДҲИ

Юлдуз сари бошладик сафар,
Қаршимизда сирли оламлар.
Жўнатамиз сизга хушхабар,
Омон бўлинг, азиз одамлар!
Жилваланар олдда коинот,
Ҳар сўзимиз мисли қасамёд.

Бунча митти бизнинг сайёра!
Соғинамиз сенинг сеҳрингни.
Биз болангмиз бағри садпора,
Дариғ тутма иссиқ меҳрингни.

Коинотнинг якка-ёлғизи,
Ҳатто майсанг иси дармондир.
Сен ўзингсан умид юлдузи,
Замин тенгсиз гўзал макондир.

Инсон кўкда айласа парвоз,
Бу тафаккур, замин азмидир.
Турналардай таратса овоз,
Бу заминга вафо рамзидир.
Ҳамма жойда бирдай отар тонг,
Бу дунёда биз — бир оила.
Одамзодда юксалса ҳам онг,
Она замин сен бизни сийла,
Меҳринг билан исит, авайла!

ҚЎШИҒИМДА АРЗИМ ЖО

Умрим Ҳаққа илтижо,
Қўшиғимда арзим жо.
Неча йиллар излаб зор,
Ахир, сени топдим ёр.
Сен билан келди ёндош,
Дилга шодлик, кўзга ёш.

Унут бўлар ғам-ҳижрон,
Етишамиз тилакка.
Қолмагай дилда армон,
Пайванд юрак юракка.
Йиллар йўлда бахт бекат,
Учраштирди муҳаббат.

Яхши ният-орзуга,
Ҳаёт мени чоғлаган.
Тақдиримиз мангуга
Қуёш нури боғлаган.
Ёнма-ён кутсак оқшом,
Доим отар оппоқ тонг.

Тинч қўй бизни айрилиқ,
Севгимиз бахтга лойиқ.
Сен қуёшсан ягона,
Кўйлай шўхчан тарона.
Умрим Ҳаққа илтижо,
Қўшиғимда арзим жо.

СЕНИНГ ИСМИНГ

Сенинг исминг доим дилимда,
Ўзинг жоним, ўзинг ҳаётим.
Сенинг исминг доим дилимда,
Ширин висол энди ҳаётим.

Сени кўрсам гўзалдир дунё,
Вужудимни чулғайди севинч.
Тинчлик куйи остида гуё,
Битим тузган висол ва севинч.

Баъзан булут қуёшни тўсар,
Шунда севгинг мен учун маёқ.
Чор атрофда изғирин эсар,
Кўз очирмас кузгу барг-япроқ.

Хазон тўзар, бошдан учар ҳуш,
Наҳот ҳозир бошланар тўфон.
Кўкдан қулар яраланган қуш,
Бунча узун бўлмаса ҳижрон.

Кулиб боқдинг келиб номозшом,
Ҳужрам бўлди бирдан чароғон.
Бағишлади ифоринг ором,
Бу толедан қолдим лол-ҳайрон.

Сенинг исминг доим дилимда,
Ўзинг жоним, ўзинг ҳаётим.
Сенинг исминг доим дилимда,
Ширин висол энди нажотим.

Сенинг исминг… сенинг исминг…

ХАЙР, СЕВГИЛИМ

Япроқлар сарғайди алвидо айта,
Қанийди, умримиз яшасак қайта.
Оққуш қўшиғида келди муҳаббат,
Тушун, севгилим,
Сен ўтган йўлларни
қилдим зиёрат.

Ҳаётимга кирдинг бағишлаб ором,
Дилимга ишқ солдинг
ва солдинг илҳом.
Оққуш қўшиғига тўлдирмиш дунё,
Азиз севгилим,
Мен учун фақат сен
тенгсиз ва танҳо.

Биз ўзга бахтига эмасмиз бефарқ.
Ўзимизни ҳижрон этса ҳамки ғарқ.
Оққуш қўшиқлари бунчалар нолон,
Тушун, севгилим,
Четан рангги сарғиш,
сарғиш ранг — ҳижрон.

Япроқлар сарғайди алвидо айта,
Қанийди, умримиз яшасак қайта.
Оққуш қўшиғига тўлмишдир дунё,
Хайр, севгилим,
Ягонам-ёлғизим, хайр, алвидо!

* * *

Болалик давримдан гўё биламан,
Қандайин яшасам бахтли бўламан.
Севиш яхши, аммо бор синов-ҳижрон,
Севилиш — бу орзу, эмасдир осон.

Кимлардир яшайди койитмасдан жон,
Улар ўзларича юрар шод-хандон.
Истеъдодинг бўлса измингда имкон,
Фойдали иш қилиш эмасдир осон.

Безовта қалб билан тебратдим қалам,
Нетай, дардларимни ёзмасам бўлмас.
Мухлислар шеъримни ёдламаса ҳам,
Кимдир яқин олиб ўқиб қўйса бас.

Тиз чўкиб Худодан сўрайман нажот,
Қишлоққа қочсам ҳам эргашар қайғу.
Билдим, нени раво кўрмасин ҳаёт,
Ҳалол яшаш керак, энг тўғри йўл шу!

* * *

Кузги баргдай тўкилар сўзлар,
Наҳот келди умидсиз кезлар.

Кўп нарсани айтолмадим, рост
Фидо этмай қўшиққа жоним.
Кам қолишди вафоли сўз-дўст,
Чегарали экан имконим.

Биздан нима олади дунё?
Қолар қай сўз, қайси ихтиро!

Ёғду, ҳаво, жала, гулдурак…
Сўзда қандай этай ифода?
Қорни ёриб чиқар бойчечак,
Унга мос сўз борми дунёда.

Дилда севмай ёлғиз ўзингни,
Айтолмадим эплаб сўзимни.

Юмалади юзингдан ёшинг,
Борми томчи ёшингга баҳо?
Бунчалар ҳам мунис қарашинг,
Унда жодир қўшиқ ва наво

Қандай мард деб атай ўзимни,
Болаликдан чўчиб яшадим.
Қўлёзмада қанча сўзимни,
Ўз қўлимда чизиб ташладим.

Ҳақсизликдан ёнса ҳам ичим,
Сукут сақлаб туравердим жим.

Ахир, сукут эмасдир ёлғон,
Гуё сўзлар аро бир бўшлиқ.
Тушунарсиз дўсти қадрдон,
Ёзилмади қайсидир қўшиқ.

Ҳар нарсанинг ўз соати бор,
Баҳор келар, гуллар бўтакўз.
Қанча дилим этмайин изҳор,
Мендан қолар айтилмаган сўз.

Рус тилидан Асрор Мўмин  таржимаси