Константин Симонов (1915-1979)

Симонов Константин (Кирилл) Михайлович [1915.15(28).11, Петербург — 1979.28.8, Москва] — рус ёзувчиси ва жамоат арбоби. Меҳнат Қаҳрамони (1974). М. Горький номидаги Адабиёт институтини тугатган (1938). СССР Ёзувчилар уюшмаси бош котиби ўринбосари (1946—54), котиби (1954—59; 1967—79), «Новый мир» («Янги дунё») журнали (1946 — 50; 1954—58) ва «Литературная газета», 1938; 1950-54) нинг бош муҳаррири. 2-жаҳон урушига қадар Н. Островскийга бағишланган «Ғолиб» (1937), «Павел Чёрний», «Муз устидаги жанг» (1938), «Суворов» (1939) достонлари, «Чин инсонлар» (1938), «Йўлда ёзилган шеърлар» (1939) шеърий тўпламлари нашр этилган. 1939 йилдан уруш мавзуси С. ижодининг устувор йўналишига айланган («Бир севги тарихи», 1940; «Шаҳримиздан чиққан йигит», 1941, пьесалар). Уруш мавзуси, айниқса, лирикасида катта маҳорат билан акс эттирилган («Лирик кундалик»; «Сен билан ва сенсиз»; «Фронт шеърлари», 1942, тўпламлари). Симонов лирик шеърлардан ташқари, «Рус кишилари» (1942) ва «Шундай бўлажак» (1944) пьесалари, «Кунлар ва тунлар» (1944) қиссасини ёзган. Урушдан кейинги йилларда халқаро муносабатларнинг кескинлашиши Симоновнинг «Прага каштанлари тагида», «Рус масаласи» (1946) пьесалари ҳамда «Дўстлар ва душманлар» (1948) шеърлар китобида ўз ифодасини топган.
Симонов наздида уруш нафакат кишиларнинг инсоний фазилатлари, руҳий кучи ва иродаси учун, балки давлат ва сиёсий тузум учун ҳам даҳшатли бир синов бўлди. Аммо, агар давлат ҳам, сиёсий тузум ҳам туғилиш ва ўлишга маҳкум этилган экан, ер юзидаги бирдан-бир абадий қадрият инсон бўлиб қолади. Симонов ана шу ақидадан келиб чиқиб, умрининг сўнгги нафасига қадар уруш ва инсон мавзусига содиқ қолди ҳамда «Қуролдош дўстлар» (1952), «Тириклар ва ўликлар» (1959), «Солдат бўлиб туғилмайдилар» (1964) ва «Сўнгги ёз» (1971) роман-трилогиясини яратди. Симонов шунингдек, «Бегона соя» (1949), «Тўртинчи» (1961, пъеса], «Ватан узра дуд» (1947), «Лопатиннинг ёзишмаларидан» (1957), «Урушдан кейинги йигирма кун» (1972), «Биз сен билан учрашмаймиз», «Шахсий ҳаёт, дегин» (1978) ва бошқа кўплаб қисса, очерк, публицистик мақолалар тўпламлари муаллифи. Унинг асарлари асосида фильмлар суратга олинган. Симонов уруш қатнашчиларининг хотираларидан иборат 2-жаҳон урушининг кўп серияли кинойилномасини яратган. 1958—61 йилларда Тошкентда яшаган. Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ва бошқа ўзбек ёзувчиларининг асарларини рус тилига таржима қилган, Мирзачўл ҳақидаги ҳужжатли фильм сценарийсини ёзган. Симоновнинг кўпгина асарлари ўзбек тилига таржима қилинган.

МEНИ КУТГИЛ

Мени кутгил ва мен қайтарман,
Фақат кутгил, жуда интизор,
Кутгил, ёмғир зериктирганда,
Мени кутгил, ёққанида қор,
Атрофингни ҳарорат қоплаб,
Еру кўкни чанг тутганда, кут.
Бошқаларни узатган дўстлар
Кечагина унутганда, кут.
Хат келмасдан узоқ ерлардан,
Юрагингни қилганида қон,
Кутгил, сенла бирга кутганлар
Зериккандан чекканда фиғон.

Мени кутгил ва мен қайтармен,
Бўлса ҳамки, рангинг заъфарон,
Ёринг қайтмас, умидингни уз,
Деганларга тилама омон.
Майли, ўғлим, синглим, волидам,
Аза очсин мен йўқ туфайли.
Кутабериб сабри тугаган
Ёру дўстлар, ошнолар, майли,
Айрилиққа беролмасдан тоб,
Аччиқ-аччиқ ичсинлар шароб.
Кўзларингга тўлса ҳамки, ёш
Фақат сен кут ва айла бардош.

Мени кутгил ва мен қайтарман,
Ўлимларни қолдириб доғда.
Иши ўнгдан кепти десинлар
Кутмаганлар мени у чоғда.
Ёт туюлар кутмаганларга,
Бундай ажиб толеинг санинг.
Кута-кута мени офатдан
Омон сақлаб қолаолганинг.
Қандай омон қолганлигимни,
Ёлғиз сенга айтарман, сирдош,
Кутаолдинг мени сен фақат,
Буюк эди сендаги бардош.

Ҳамид Олимжон таржимаси

ВАТАН

Уч буюк уммоннинг оралиғида
Шаҳарларин ёйиб ястаниб ётур.
Ўралган минтақа тўрлари ила
Енгилмас, беқиёс, бепоён мағрур.

Сўнгги гранатани қўлингга олиб
Ирғитмоқчи бўлиб кўтарган кезинг
Улгурмоғинг керак эсингга солиб
Ортда қолган барча кечмиш изларинг.

Сенинг хотирангда сен кезиб билган
Ҳозирги каттакон мамлакат эмас.
Болалик чоғингда меҳрингни илган
Ўша юрт наздингда кўтарилар даст;

Уч қайин яшнаган бир парча замин,
Ўрмон ортидаги олис йўлни ҳам.
Ғижирлаб сузган сол, шўх дарёчани,
Юлғун, қум соҳилни эслайсан шу дам.

Бизга насиб этди шунда туғилмоқ,
Умрбод, ўлгунча топган еримиз —
Шу парча заминда серташвиш, қувноқ
Бутун мамлакатни қилиш мумкин ҳис.

Қаҳратон, бўронда яшамоқ мумкин,
Мумкин очлик, совуқ, ўлимга бормоқ.
Ва лекин шовиллаб турган уч қайин…
Ўлмай мумкин эмас ҳеч кимга бермоқ.

Маъруф Жалил таржимаси