Иван Иванович Козлов – рус шоири ва таржимон. Петербургда туғилган. А.С. Пушкин, В.А. Жуковский, П.А. Вяземский сингари ижод ва илм аҳли билан яқин алоқада бўлган. 1831 йили В.Шекспирнинг “Отелло” трагедиясидан олиниб, эркин таржима қилинган қуйидаги шеър ўз даврида куйга солиниб, ижро этилган. Ушбу романснинг Ойбек томонидан 1939 йилда бажарилган таржимаси В.Г.Белинскийнинг “Поэзиянинг хил ва турларга бўлиниши” мақоласи таркибида чоп этилган.
ДЕЗДЕМОНА РОМАНСИ
Ўйга толиб ўтирарди бечора қиз сояда,
Эзар эди ҳасрат уни, берилганди нолага:
“Куйлангиз сиз мажнун толни,
Менга мажнун кўк толни!”
Кўкрагига қўлларини астагина қўйди у,
Бошини ҳам тиззасига жимгина у олди; сув –
Тўлқинлари ҳайқириб қаршисидан оқарди,
Унинг ожиз фиғонини у тўлқинлар айтарди,
“Ай, мажнун тол, сен, мажнунтол,
Ай, ям-яшил мажнун тол!”
Тўлиб-тошиб оқар эди унинг қайноқ кўз ёши,
Кўз ёши-ла юмшаганди у ернинг ваҳший тоши.
“Ай, мажнун тол, сен, мажнун тол,
Ай, ям-яшил мажнун тол!”
Бу ям-яшил, бу мажнун тол
Менга гултож бўлажак,
“Ай, мажнун тол, сен, мажнунтол,
Ай, ям-яшил мажнун тол!”
Ойбек таржимаси