XIX аср рус шеъриятининг ёрқин вакилларидан бири. 1803 йилда туғилган. Москва университетининг тилшунослик бўлимида таҳсил олган. Унинг “Ёз оқшоми”, “Ҳиссиёт”, “Бедорлик”, “Тушлар” лирик асарлари маълум.
Фёдор Иванович Тютчевнинг ижоди ХIХ аср рус шеъриятининг ёрқин саҳифасидир. Тютчев инсоннинг ҳиссиётлари, табиат тўғрисида, Россия ҳақида ёзган. Унинг шеърларида лирик қаҳрамон кучли ҳиссиётларга қодир, мулойим, самимий инсон сифатида намоён бўлади.
Фёдор Тютчев 1873 йилда вафот этган.
* * *
Кун иссиғи ҳали кетмаган,
Июль туни ялтираб турар.
Жозибасиз ер узра осмон
Қабоғида чақмоқ – найза бор,
Гумбиридан ер-кўк ларзавор.
Гўё оғир киприклар зўрға
Кўтарилар балқиб ер узра
Ва югурик чақмоқлар аро
Кимдир таъқиб этар тобора –
Балки, чорлар у муштоқ кўзлар…
ОҚҚУШ
Майли, бургут булут ортида,
Парвозини чақмоқ қаршилар.
Сирли, кўркам булут қатида
Қуёш тафтин олар яхшилаб.
Оққушгинам, сендан кўнглим тўқ,
Ёғдули кун каби ҳур отинг:
Парвозингдан чароғондир кўк –
Иноятдир қоққан қанотинг.
Қат-қат, чексиз тубсизлик аро,
Балки, ажиб тушлар кўрарсан.
Ардоқлайди юлдузлар сара,
Қуршовдасан, кўкни ёрарсан…
* * *
Кўк гумбази бош узра суст тараниб
Тусланади, кўз тикади чақчайиб,
Тош қотгандай, ер жим бўлар ўраниб,
Табиат ҳам тин олади, ухлайди.
Ҳорғин тортар, ҳув, узоқда оқ қайин,
Моҳ гулим – тош гул, бутада данг қолган.
Мисли хаёл – туман босгану қойим,
Ҳатто, сукунат довдиратмас, тин олган…
* * *
Ишонма, шоирга ишонма, қизча,
Ўзимники дема, ҳеч қачон уни –
Оловланган азоб ўтидан ҳарчанд
Қўрққин, куйдиради севгиси сени.
Уни юрагингга ўргатолмайсан,
У сиғмас қалбингга, ишқ, амалингга.
Ловиллаган ўтни ёпа олмассан,
Ёшликдан ўраган шу рўмолинг-ла.
Шоирнинг қудрати мисли тўрт унсур,
Ўзин бошқармаса, хаёл авжида.
Қўнғироқ сочлар ҳам этади таъсир,
Асли кўп хислати кийган тожидан.
Бекорга мақтамас, бошга кўтармас,
Ҳуда-беҳудага уни одамлар.
Юракка илондай, асло, ниш урмас,
Асал ари каби сўрар ҳар дамда.
Илоҳий измингга у риоя қилар,
Қалби каби доим очиқдир қўли.
Ҳаётда бўғилар, гоҳ ҳаё қилар,
Гоҳ олиб учади – кўк, фалак йўли…
* * *
Одамлар кўз ёши, тақдир кўз ёши,
Томчилайди унсиз, томчилар гоҳо.
Сизиб чиқар сассиз, томчилар беҳад,
Ёғар ёмғир тори, ёғар сим-сим дард,
Жимиб қолган кузга, тунларга танҳо…
* * *
Қуёш чарақлайди, сув тўлқинланар,
Ҳар юзда табассум, шириндир ҳаёт.
Дарахтзор шивирлар, узоқ-яқинлар –
Мовий ҳаволарда чўмилар бот-бот.
Дарахтлар куйлайди, мавж урар сувлар,
Муҳаббат шавқи-ла тўла тўрт томон,
Табиат бағрида завқ сурар гуллар,
Ҳаёт қучоғида тўлқинланар жон.
Севгилим, ғам чекма, керакмас ортиқ,
Сени халос этар барча дардингдан –
Биргина табассум айлагил тортиқ
Изтироб-ла тўлиб-тошган қалбингдан…
* * *
Боқурман – борурсан бўғиқ муҳитда,
Туяман одиминг, сезги, сўзларинг.
Висолдан қувонмас, балки кўзларинг –
Севгилим, жонгинам, мени айб этма.
Қарагин, кун қандай оқ-ҳарир туман,
Бироз ёришмоқда ой ҳам, ажабо!
Топ-тоза ойнадай чўкади тун ҳам,
Таратиб роҳатбахш хушбўй, қаҳрабо…
АСРИМИЗ
Рўёлик йўқ, кунларни руҳ қуршаган,
Инсон умид қилар, тилар тараҳҳум.
Ёғду излар, ўқдек титиб тунларни,
Ҳасрат каби кезинар нур ҳам маҳкум.
Ой, кун ўтар жаҳолат чангалида,
Чидаб бўлмас ғамга одам чидайди.
Инқирозин сезар у шу ҳолида,
Эътиқодсиз кунлар бир кун тугайди.
Сўнгги тавба-тазарру бўлар душвор,
Тингларми берк эшик, десанг, сўнг дамда:
“Тангрим, қўйиб юбор, тўғри, айбим бор,
Асраб қолгин, қутқар, ахир, мен – банда!”
* * *
Шу юмшоқ ва узун ўрин-ҳол,
Истаганим бўлсин қабримда,
Алмашмаса-да аср галма-гал
Ётардим жим мангу сабрим-ла…
ЎЙ ВА ТЎЛҚИН
Ўй ўйни етаклар, тўлқин тўлқинни –
Борлиқда икки ҳол мутлақ фарқлидир:
Юрак тордир… Денгиз тинмас қалқиниб,
Юрак маҳкум… Денгиз ростлар қаддини –
Тошмоқ, қайтмоқ улар азалий ҳаққи.
Қуруқ шарпа – ожиз, бузмас кўк тоқин…
* * *
Айрилиқ ҳам бўлар пурмаъно,
Севавергин ҳар кун, мангуга.
Севги – уйқу, ўтар бир онда,
Сергаклик ҳам керак инсонга,
Яшасин у тушмас ўнгида…
Рус тилидан Рауф Субҳон таржимаси
ОҚШОМ
Олислардан қўнғироқ саси,
Водий узра ёйилар сокин.
Турналарнинг қурейи каби,
Олар барглар шовқинида тин.
Худди денгиз тошқинларидек
Ёришса-да, кун чайқалар на.
Чурқ этмайин, лом-мим демай, лек
Водий узра ётар кўланка.
* * *
Водий узра ярқирар қорлар,
Эрувчанлик кунларида,о.
Барра ўтлар барқ уриб, чорлаб,,
Ғойиб бўлар яланглик аро.
Қорли тоғнинг чўққисидами?,
Қор ёришди узоқ он бироқ.
Титиларкан шафақ ўрами,
Атиргуллар тутади –қувноқ.
* * *
Ялангликдан кўтарилди сор,
Парвоз қилди юксакда наҳор.
Қанотлари самога тегиб,
Кетди уфқ ортига сингиб.
Эҳсон этган унга табиат,
Икки қанот, сабот ва қудрат.
Ер шоҳиман, ерликман ҳаргиз,
Боғланганман заминга ипсиз!
* * *
Қандай ажиб ёввойи дара!
Тезоб оқар қаршимда булоқ –
Сойликдаги манзилга қараб…
Ҳув чўққига интилгум бу чоқ.
Чўққигаку чиқдим амаллаб,
Юрак қувонч завқига ошно.
Водий, сойлик, булоқ барин заб,
Синаб кўр-чи, сабрда танҳо!
* * *
Сой сувига маъюс эгасан,
Титраётган толнинг учини.
Ё қилига атай тегасан,
Япроқларин ўйнаб нега сан?
Синайсанми гирдоб кучини?
Гар қийналиб, гар титраса-да,
Сой сувида чайқалар ҳар барг,
Оқим қочар шалоплаб аста,
Қуёш тутиб заррин гулдаста,
Устингдан жим кулгай уриб чарх…
* * *
Куннинг тафти совимасидан,
Чодир ёйди июль кечаси.
Ер кўрпаси қавилмасидан,
Ва чақмоқнинг ўт-шуъласидан,
Қалдиради само нафаси.
Худди оғир киприкларсимон,
Кўтарилди заминдан ҳар не.
Олис шуъла ортидан бу он,
Гоҳ-гоҳ чақнаб термилди гирён,
Кимнингдир дағ-дағали кўзи.
* * *
Қара, мағриб қандай чўғланган,
Кечки шафақ нурларидан – ол.
Машриқ зулмат ичра чулғанган,
Қат-қат совуқ кўкарган, алҳол!
Ўртасида борми ё низо?
Ё қуёшга улар тенг эмас.
Муқим муҳит ҳавосининг ё,
Тузоғида қолганми, абас?
* * *
Турибман боз Нева устида,
Худди ўтмиш йилларидек хўб.
Гўё жонли, завқ туйгум жуда,
Мудраётган сувларга боқиб.
Ҳеч учқун йўқ кўк қароғида,
Не бор– тинган ва хира тортар.
Нева бўйлаб хаёл доғида,
Ойнинг нури шариллаб оқар.
Тушга кирди бунинг барчаси,
Ўнгимда ҳам кўряпман аё.
Анов ойда нима бор асли,
Сен-ла ўткир назар солдик ё?
* * *
Нурафшон кун қизиғида, о,
Яширинган осмонда булут.
Учқун сочиб оқади дарё,
Пўлат зирҳли кўзгудек жимит.
Лаҳза сайин қўрланар кун-да,
Соя ўзин урар ўрмонга
Оқаринган дала-ла бирга,
Асал бўйин сочиб ҳар ёнга.
Ажойиб кун! Ўтади аср –
Мангу тартиб – нур чизиғида.
Дарё оқар, ҳамда товланур,
Нафас олиб кун қизиғида.
ТОҒЛАРДА ТОНГ
Кўм-кўк осмон табассум қилар,
Тунги жала ювган хуш кўркам
Шудринг тушган тоғ ўртасида,
Водий узра нур тарам- тарам.
Фақат тоғлар чўнг ёнбағрин тик
Туман қоплаб олган –кўкимтир.
Худди ҳаво харобасидек,
Афсун билан яралган қаср.
ЧОШГОҲ
Нафас олар чошгоҳ эринчоқлик-ла,
Эринчоқлик ила оқар дарё ҳам.
Ёлқинли, мусаффо кўк гумбазида,
Булут яширинар эриниб шул дам.
Ва бор табиатни, худди тумандек
Мудроқ босган жавзо бағрига қучар.
Ўзим эса энди буюк Пан*ман, лек
Нифма** ғорларида осуда мудрар.
______________
Пан* – қадимги грек мифологиясида маъбуд Ҳермеснинг ўғли
Нимфа** – юнон мифологиясида табиат кучларининг аёл образидаги илоҳаси.
* * *
Сочилувчан қум тизза бўйи…
Бораяпмиз кечикиб, шошиб.
Қарағайлар, йўл бўйлаб суйиб,
Соялар-ла кетган бирлашиб.
Қарағайзор бағри қораяр,
О, нақадар қайғули диёр!
Бадқовоқ тун махлуқдек боқар,
Ҳар бир бута тупидан ҳушёр!
БАҲОР СУВЛАРИ
Далаларда ҳали эрир қор,
Шовқин солар баҳор-ла сувлар.
Қирғоқларни айлаб-да бедор,
Югурару порлар, гувиллар.
Чор тарафга хабар бергай тез,
“Баҳор келаяпти, шўх, қувноқ!
Ёш баҳорнинг чопарларимиз,
Жўнатишди бизни олдинроқ!”
Баҳор келаяпти, шўх баҳор!
Сокин, қайноқ май кунлари шод.
Тўпланишиб, куйлашиб алёр,
Ҳам рақс тушар биз билан озод.
БАҲОРГИ ТАСКИН
Эвоҳ, мени қўймангиз,
Рутубатли туфроққа.
Ўраб-да бекитинг тез,
Қуюқ-қалин ўтлоққа!
Ҳарир сабо нафаси,
Ўтларни ҳар ён тўзар.
Олисда найнинг саси,
Ҳам оқ булут галаси,
Бошим узра ҳур сузар!.
* * *
Сув устига эгяпсан нечун,
Шохларингни учини-да, тол.
Баргларинг ҳам титрайди бетин,
Юҳо оғзинг билан ул қочқин
Сув оқимин тутасанми ё?
Титраса ҳам, азобланса ҳам,
Сув устида баргларинг ўйнар
Оқим қочар шалоплаб хуррам,
Эркаланиб қуёшда бирам,
Бошинг узра табассум қилар.
* * *
Буми қашшоқ қишлоқлар – тилка,
Бу камҳосил юпун табиат –
Узоқ бардош берар бу ўлка,
Рус халқининг юртисан фақат!
Ушлай олмас ва кўра олмас,
Ёт кишининг мағрур нигоҳи.
Яширин нур сочар ҳар нафас,
Музтарлигинг, қуллигинг гоҳи.
Ҳа бошингда айланиб чиқар,
Борлиғингча хуш кўриб ўлкам.
Оқ фотиҳа бериб муқаррар,
Юпун қулдек само Шоҳи ҳам.
* * *
Шарқ оқарди. Сирғанди қайиқ,
Елкан қувноқ садоланди тез.
Ағдарилган самодек ёйиқ
Остимизда титради денгиз.
Шарқ қизарди. Пешонасидан
Ёпинчиғин кўтариб – шоҳи.
Тоатда тин олиши билан
Чарақлади осмон нигоҳи.
Шарқ қизишди. Сўнг эгилди жим,
Қойилмақом эшилди бўйни.
Болакайнинг юзидай тилсим,
Лов-лов ёнди уфқнинг қўйни.
ОҚҚУШ
Майли, бургут булутлар узра
Парвоз қилиб чақмоққа инсин.
Ва тош қотган кўзлари ила
Сингдиролсин қуёшнинг нурин.
Тақдири йўқ ҳавас қилгулик,
О оққуш, сен софликда танҳо!
Покизасан, савқи табиийлик
Маъбудликни инъом этган ё.
Икки жарлик орасида, ҳа,
Зийрак уйқунг ардоқланар – шан.
Шараф топдинг юлдузлар ичра,
Чулғаб олган сени ҳар ёқдан.
ҲИССИЁТ
Алламаҳал чоғ тунда тингач олам нафаси,
Мўъжизалар рўй берар лаҳзалар ичра кескин.
Фазонинг жонли икки ғилдиракли араваси,
Ҳув само даргоҳида ғилдираб юрар эркин.
Тун қуюқлашар шунда сувлардаги хаос*дек,
Беҳушлик қуруқликни Атлас**дек олар босиб.
Бокира қалбга ҳоким Муза***лар фақат, валек
Доҳиёона безовта қилар уйқу худоси!
____________
Хаос* – 1.юнон мифологиясида туман ва қоронғулик билан тўлган таги йўқ очиқлик. 2. Тартибсизлик, чалкашлик.
Атлас** – юнон мифологиясида куч-қудрат илоҳаси.
Муза*** – юнон мифологиясида адабиёт, санъат ва фан илоҳаси.
* * *
Худди ечилмаган жумбоқдек сўзсиз,
Унда намоёндир жўшқин жозиба.
Кўзидаги ювош қарашига биз
Ҳаяжон-ла назар солдик баъзида.
Ундаги дилбарлик ерникимикин,
Самовий худонинг марҳамати ё?
Ҳаддан севганидан қалб ошиқар чин,
Кўнгил соғинишни кўради авло…
ДЕНГИЗ ТУЛПОРИ
О шиддаткор денгиз тулпори,
Оч яшилранг ёлли арғумоқ.
Гоҳ беозор, гоҳи эрка-ю,
Ғазаби ҳам бирам шўх, қувноқ.
Худонинг кенг майдонида, ҳа,
Асов оқим билан ўсгансан.
Ирғимоққа ўргатган роса,
Эрку хоҳиш ила юзгансан.
Мағрурликнинг кучидан елдай
Учишингни суяман ҳар дам.
Қуюқ ёлинг ҳурпайтириб-да,
Терлаб-пишиб ҳансирашинг ҳам.
Йўл олганча шиддатда тенгсиз,
Қувноқ кишнаб елдай еляпсан.
Ва соҳилда қолдирганча из,
Ҳар заррада учмоқдасан – шан!..
* * *
Қара, қандай яшил дарахтзор,
Нур ёғдирар ловуллаб офтоб.
Ҳар новдадан самовий ифор
Ва уфирар фароғат шу тоб.
Чашма сувин ичган дарахтлар,
Ерга чуқур отгандир илдиз.
Япроқлари чангларни елпар,
Шивирлаб-да зулматда тилсиз.
Дарахтларнинг учлари чошгоҳ
Оташидан товланади шан.
Фақат бургут қичқириғи гоҳ,
Бизга етиб келар самодан.
Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси