Дмитрий Кедрин (1907-1945)

Дмитрий Кедрин – рус шоири, таржимон, журналист.

СЕП

Қамишзорда ботқоқлар қуриб,
Гуллаганда каштанлар Тусда,
Фирдавсийнинг нозанин қизи
Йиғлаб-йиғлаб айтди қўққисдан:
“Тушларимга қўғирчоқлармас,
Остонамга поёндоз бўлиб,
Ётиб олган совчилар кирар,
Дувиллаган тутдай тўкилиб.
Умидворман, рухсат берарсиз,
Танлашимга, бирортасини,
Отажоним, нима деярсиз,
Не қиламиз сеп балосини?!”
Қизиққонроқ жигарбандига
Жавоб берар Фирдавсий масъум:
“Куртаклар ҳам тепиб бандига,
Эшитяпман ғозлар овозин.
Кезмоқдадир баҳор ҳавоси,
Тўлиб-тошган ёш қалбингизда.
Аммо, афсус, ота дуоси,
Наф бермагай аҳволингизга…
Омборда бор сўнгги сиқим дон.
Хавотирлар тўғридир, болам,
Йўқсилдирмиз, нетай, пешона,
Бадавлатдир биздан сичқон ҳам.
Аммо, қизим, ўксинманг сира
Куйинишга ҳали вақт бор.
Менга тонгни берсангиз, зора,
Мен юртимни куйласам такрор:
Худолари, ботирларини,
Жангларини, ғолибларини.
Ва илҳомим ортиб уч бора
Тушга битсам, ёвқурларини.
Қуюлса-да сирли сатрлар,
Зарҳал топса бу қоғоз қора;
Ва кечқурун шоҳнинг олдида
Ўқишсайди қўшиғим зора.
Шоҳ ўқийди ва совға йўллар,
Қўш ўркачли туяларида;
Бизга хил-хил рангдор матолар,
Кўз қамашар боқсанг зарида”.
Қамишзорда ботқоқлар тўлиб,
Сарғайганда каштанлар Тусда
Яна қизи кирар қизариб,
Олижаноб Фирдавсий ишда:
“Учинчи ой ўчмайди чироқ,
Тугамасдир, қизиқ, ишингиз,
Айтингиз-чи, отажон, бироқ,
Етармикан сепга пулингиз?
Ўчмаганин кўриб шамингиз,
Кечалари, кўриб қўшнилар
Елкаларин қисишар кулиб,
Ичларини мушук тимдалар…”
Қизиққонроқ жигарбандига
Жавоб берар Фирдавсий секин:
“Куртаклар ҳам қайтди бандига,
Тинглайман мен ғозлар овозин.
Меҳнати кўп, чуқур, заҳматли,
Мен теримни тўкибман камроқ.
Шундан бўлса керак, сатрлар
Ялтирамас, бир оз хирароқ.
Сабр қилинг, бўлингиз бардам,
Бир йилларга етади кучим.
Шунда кимни хоҳласангиз ҳам
Атайверинг, якка-ёлғизим”.

Бир йил ўтгач, ботқоқлар қуриб,
Гуллаганда каштанлар Тусда
Қизи яна кирар бўзариб,
Қаноатли Фирдавсий ишда:
“Қани ахир мунчоқли иплар,
Ва хуш бўйли имберли мускат?
Ота, мени ким ахир ўйлар,
Ўтиб кетса сепим деб фурсат?
Чарчадилар қайлиқлар қатнаб,
Чарчадилар қуруқ кутишдан.
Айтинг ахир, ўзи нима гап,
Фойда борми ўзи шу ишдан?”

Иддаоли жигарбандига,
Жавоб берар Фирдавсий ғамгин.
“Қаранг, қизим, ҳар бир бандига
Бағишладим қалбим парчасин.
Аммо ҳали ривоятларда
Тугунлари мўъжизакормас.
Ахир шоҳ ҳам тинглаган пайтда
Қойил қолсин, шунчаки лолмас.
Кун келади, кутингиз бардам,
Ахир юртим топмас-ку тўзим?
Шунда кимни хоҳласангиз ҳам,
Атайверинг якка-ёлғизим”.
Эски ҳаммом ёпилди, чатоқ,
Янги бозор сира тинмайди.
Сочларига ёпишган тупроқ,
Энди ювса кета қолмайди.
Зўрға юрар, шоир қалами,
Сукунатда қитирлар базўр.
Зўраяди йилларнинг дами
Қизи кутар, Фирдавсий ёзур.

Қамишзорда ботқоқлар тўлиб,
Сарғайганда каштанлар Тусда
Қизи кирар яна тутоқиб,
Кекса шоир тўхтайди ишдан:
“Умр ўтди, биз боғлиқ ҳамон,
Шу лаънати ёзувга ипсиз.
Ахир айтинг, энди, отажон,
Наҳот қолдим, бутунлай сепсиз?
Ўзингиз ҳам кексайдингиз хўп,
Сарғайибсиз, тушкунликда, хор.
Ўтирдингиз бир қўшиқни деб
Йигирма қиш, йигирма баҳор.
Йигирма бор учишди ғозлар,
Йигирма бор очилди ғунча.
Забт этишди сизни қоғозлар
Қизгинангиз то кексайгунча”.
“Ноклар бўлар, бўлар анжирлар,
Кўйлаклар ҳам, кимхоблари ҳам.
Куни-кеча битди сатрлар,
Савдогар-ла жўнатдим илдам.
Қумтепалар кўздан йўқолмай,
Кўмиб бўлмай қумлар изларни.
Ўттиз отлиқ ҳеч ҳаялламай
Дарвозамиз қоқар бизларни”.

Ўтирарди шоҳ ҳарамида
Атрофида хўжасаролар.
Жориялар қилишар муқом,
Туйғуларни айлаб саросар.
Рақс тушарди уч юзтача қиз,
Қовоғига қараб жанобни.
Олиб кирди мунажжим қўққис,
Бугун оққа кўчган китобни:
“Ҳазратимга шоирдан туҳфа,
Улуғ ёшли бир ижодкордан…”
Шоҳ сўз деди: “Қаранг-а гапга,
Китобни деб кечайми ёрдан?
Мен хонимлар даврасидаман,
Ўтирибман ўз ҳарамимда.
Вақт топилса, балки ўқирман,
Жавоб бергум вақт топганимда.
Маълум қилинг: мен жуда ҳам банд,
Ўқимасам, давлат йўқотмам”.
Жориялар жилмаяр хурсанд,
Жилмаяди муте қуллар ҳам.
Қамишзорда ботқоқлар қуриб,
Гулладилар каштанлар Тусда.
Қадди эгик қизин чақириб
Сўз қотади шоир оҳиста:
“Дуо қилинг, ҳаққимга энди,
Кексайибман, кўзларим хира…
Қаранг, чўлда нима кўринди,
Кўринмасми карвонлар сира?”

“Югуришмас йўлга болалар,
Қўнғироқдан йўқ асло дарак.
Ўйноқлайди дайди шамоллар
Қум хокларни қилади эрмак.”

Дарахтларда бандлари музлаб,
Кўкда тинар ғозларнинг саси.
Яна бахтсиз қизини чорлаб
Сўз қотади ғамгин Фирдавсий:
“Қартайибман, борлиқ зимистон,
Вужуд ҳорғин, кўзларим басир.
Наҳот, қишлоқ олдида ҳамон,
Ўттиз отлиқ кўринмас, ахир?!”

“Югуришмас йўлга болалар,
Қўнғироқдан йўқ асло дарак.
Ўйноқлайди дайди шамоллар,
Қум хокларни қилади эрмак”.
Мана элчи, кийиниб кимхоб,
Ахтаради Тус саройларин:
“Қайда яшар шоири офтоб —
Фирдавсийдир қутлуғ номлари?
Мўъжизакор шеърлари янграр,
Ҳар бир сўзи зар-инжуга тенг.
Ҳар оқшомда шоҳимиз тинглар
Лаззатланур ҳар оқшомда, денг…
Бугун подшо чин, сидқидилдан, —
Санъаткорга йўллади туҳфа.
Ўттиз отлиқ кетдилар чўлга,
Ўттизта нор туя ҳам йўлда.
Олиб борар қуёшранг мато,
Кўзни олар шоҳ инъомлари.
Қайда яшар шоири танҳо —
Фирдавсийдир қутлуғ номлари?”
Букри туя, отлар шовқини
Тусга кириб келар мағрибдан.
Шоир чиқар излаб қабрини,
Ёғоч отда ухлаб, машриқдан.
Ғудраганча икки букилиб,
Бахтдан холи, ёшликдан холи,
Қиз карвонни хушлар, тўкилиб,
Қуриб қолган ёғоч мисоли:
“Эҳ, бепарво, лоқайд одамлар!
Кечикдингиз вақтидан бир оз.
Боқийликка кетди отамлар,
Ташвишлардан бўлдилар халос.
Агар олдин кийган бўлсалар,
Игна билан тикилган либос.
Бу мартада, сўнгги сафарга,
Оқ кафанни кийдилар, холос.
Чанқаганда ҳориб илгари
Ичган бўлса, қониб булоқдан,
Энди фақат руҳи сингари
Мангу ором топар тупроқдан.
Қайлиғим-чи, баттол жанггоҳда
Чанг мисоли қолдирган изин.
Азроилни кексайган чоғда
Атаяпман якка-ёлғизим.
Севгим учун талаб қилмас у,
На кўп сепни, на бойлик катта.
Эҳ, лоқайдлар! Кечикдингиз-ку,
Кечикдингиз бир оз, албатта”.

Тусни қоплар қумлик оқшоми,
Ўттиз отлиқ кесиб саҳрони,
У ерлардан қайтади ортга
Орқасида туя карвони.

1935

Усмон Азим таржимаси