Пастернак Борис Леонидович [1890.29.1(10.2), Москва – 1960.30.5, Москва вилояти Переделкино қишлоғи] — рус шоири. Санъаткор оиласида туғилган. Болалик ва ёшлик йилларида тасвирий санъат ва мусиқа композицияси билан қизиққан. 1909 йил мусиқачилик касбидан воз кечиб, Москва университетининг тарих-фалсафа факултетига ўқишга кирган.
1912 йил Германияга бориб, Марбург университетида бир семестр ўқиган. Aммo кўп ўтмай, файласуфлик истиқболидан ҳам воз кечиб, шеърият билан шуғуллана бошлаган. «Булутлар орасидаги эгизак» (1914) номли биринчи шеърий тўплами нашр этилган. 1917 йил тўнтариши арафасида у футуристлар билан алоқа ўрнатиб, улар таъсирига берилади. Бироқ бошқа футуристлардан фарқли ўлароқ, Пастернак ўтмиш ва «эски» маданиятдан юз ўгирмай, 19-аср рус (М.Ю. Лермонтов, Ф.И.Тютчев) ва немис (Р.М.Рильке) фалсафий лирикаси анъаналарини давом эттиради.
«Ҳаёт менинг ҳамширам» (1917) шеърида Пастернак шеъриятининг муҳим хусусиятларидан бири — табиат олами, ҳаёт билан узвийлик илк бор кўзга ташланади. 20-йиллардан бошлаб Пастернак шеъриятида лирикадан эпос сари интилиш тамойили сезилади ва у «Тўққиз юз бешинчи йил», «Лейтенант Шмидт» достонларида лирик тафаккурдан эпик тафаккурга ўта бошлайди.
Пастернак уруш ва инқилоблар давридаги инсон тақдирига ба-ғишланган «Самовий йўллар» (1924— 33) насрий китоби ҳамда «Сикорский» шеърий романида воқеий сюжетга қарши ўлароқ табиат олами ва муҳаббат билан боғлиқ сюжетни ўртага ташлайди.
Пастернак бу асарларида инқилоб олдида турган юксак мақсадни тан олгани ҳолда мақсадга эришишнинг инқилобий зулм ва зўравонлик йўлини кескин инкор этади. 30-йилларнинг ўрталарида — 40-йилларда яратган асарларида («Санъаткор», 1936; «Барвақт юрган поездлар», 1931) Пастернак образлар тизимини соддалаштириб, рус классикларига хос «равшан услуб»га ўта бошлаган.
Пастернак қарийб бутун ижоди давомида насрий асарлар яратишга ҳам катта эътибор берган. У урушдан кейинги йилларда «Доктор Живаго» (1957, Милан) романини ёзиб, унда шахсий ҳаёт билан ижтимоий борлиқ ўртасида аросатда қолган Сергей Сикорскийга қондош рус зиёлисининг образини яратган. У ушбу романда совет даври ёзувчилари орасида биринчи бўлиб инқилоб ғоясини рад этган ва жамиятни ижтимоий жиҳатдан қайта қуриш мумкинлигига шубҳа билдирган. Мазкур асар Пастернакнинг тоталитар тузум томонидан тазйиқ остига олинишига сабаб бўлган.
Пастернак 50—60-йилларда «Яйраган чоғингда» (1956—59) шеърлар туркуми, «Одамлар ва ҳолатлар» (1957), «Кўр соҳибжамол» (1969 йил нашр этилган) драматик достонларини ёзган. Шекспир, Гёте, Шелли, Верлен, Петёфи ва бошқа шоирларнинг асарларини рус тилига таржима қилган. Нобель мукофоти лауреати (1958).
Наим Каримов.
АЙРИЧАКУНЛАР
Тунд қишлардан аёзмас зинҳор,
Офтобрўя кунлар ёдимда.
Ҳар бир айём ажиб, бетакрор
Ва беҳисоб кўпдир оддинда.
Улар сафи ортиб бетиним,
Қалбга сирли шарора қуяр.
У айрича кунларким, руҳинг
Рўшноликнинг нафасин туяр.
Эслайман у кунларни бешак,
Чилла ярми — қиш энди ёввош:
Йўллар эрир, бўғотлар — чак-чак,
Музликларда исинар қуёш.
Севишганлар — қалқиб юраги,
Бир-бирига етишсам дерлар.
Қир тафтидан дарахтлардаги
Чуғурчуқлар уяси терлар.
Мудроқ соат миллари учун
Силжимоқлик ёкмайди беҳад.
Кун туюлар асрдан узун,
Тугамас ҳеч ёғду — муҳаббат.
ТАНАФФУСДАН СЎНГ
Бундан роса уч ой муқаддам,
Ҳимоясиз боғчамиз сари —
Кирганида бостириб бирдан
Қишнинг оппоқ изғиринлари,
Чамалаган эдим ўзимча,
Кетаману узлатга гумдон —
Бойитаман тўпламим пича,
Шеърлар битиб қиш ҳақда чунон.
Лекин руҳим майда ташвишлар
Кўмдилару қор уюмидай,
Сезмай қобман — қиш ҳам бир маҳал
Яримлабди, қарасам бундай.
Уқдимки мен, шунда не учун
Қор селпиниб ёғиб турган он —
Учқунларин сўндирса ҳам тун,
Тикилганин боғдан уй томон.
Совуқлардан оқариб лаби
Шивирласа ҳамки: «Шошилгин!»,
Кулгандим мен бир даққи каби,
Очган кўйи қаламим учин.
Ўлтираркан чироқ ёнида
Тонг чоғи суст ўйларга тўлиб,
Қиш келибоқ кетибди, менга
Ниманидир эслатмоқ бўлиб.
ИЛОҲИЙ УЗЛАТ
Товланар шом уфқнинг бетида,
Узун-узун соялар — ўнг-сўл.
Почтачи қиз ўрмон четида
Узатади менга бандерол.
Турли жонвор, қушлар субҳидам
Қорга солган сўқмоқдан секин
Қайтаман бир қучоқ хат билан,
Уйим — ўлан тўшагимга мен.
Ёзар улкан кентлар, сарҳадлар,
Мамлакатлар, олис ороллар…
Ва йўлларлар шарҳлар, сувратлар —
Имзо чекиб ўсмирлар, чоллар…
О, валломат юрак хатлари!
Орангизда мактуб йўқки, чин,
Ки уларда санжоб, жангари
Фикр бўртиб турмаган бўлсин.
Жондан азиз аёл номаси!
Гарчи осий ердаман минбаъд,
Тингланг, шудир қалбимнинг саси:
Мен сизники бўлурман абад.
Сиз, ҳей марка ишкибозлари!
Хат бойлами ечилган зумда
Зўр туҳфага кўмилардингиз,
Бўлсайдингиз менинг ўрнимда!
Мирпўлат Мирзо таржимаси
ЯГОНА КУН
Қаҳратон қиш – оғир палласи,
Қуёш дарвозасин эслайман.
Ва ҳар бири бетакрор эди,
Такрорлайман яна қайта ман.
Барчалари бешикаст занжир,
Боғландилар бурунма-бурун –
Ҳамоно, кун гар ягонадир,
Бизнинг-ча, тўхтаган бир қурун.
Хотирда ҳар бири, ҳаммаси:
Яқинлашар қишнинг намчиси,
Йўлаклар нам, томлардан оқар,
Қуёш эритган муз томчиси.
Меҳрибон, гўё тушдагидек,
Ҳар бир ўтган онлар ўзгача.
Дарахтлар бўй чўзар, беҳолдек
Иссиқдан терлайди тунгача.
Ярим уйқу – ялқовлик мили,
Айланади қуёш қадоғи.
Давом этар аср кунлари,
Ва сиғмас бағрига адоғи.
ТУШ
Куз ойнадай ранг олар жило,
Сен дўсту, лек у тамасхўрлар.
Кўкда лочин қанотли, билло,
Кўнгилларда кишанбанд тўрлар.
Фурсат кетди, қартайиб сўнди,
Ахир, ромлар кумуш нишона.
Боғдан шафақ ойнага урди
Сентябрь қонли кўзёши-ла.
Фурсат кетди, ҳатто соврилди,
Муз сингари чирсиллаб-эриб.
Сен қайтдинг, бир овоз қайтди,
О, туш жомдек акс-садо бериб.
Мен уйғондим. Зим-зиё куздек.
Отади тонг. Шамол йўрғалар.
Тарнов ичра ёмғир замбарак,
Кўкка қайин гўё ўрғалар.
ҲАВЗА УЗРА
Гўё зарҳал манқалдон зирҳли,
Қўнғизлар боғда тўкилар аста.
Ортимдан, изма-из шамдори
Жилвали жағонга пайваста.
Э, қандайин эътимоддир бу,
Кечада мен дайди сасига.
Қаердадир бўзарган терак
Осилади ой марзасига.
Ҳавза узра ботин сукунат,
Денгиз бесас шивирлар оҳ-оҳ.
Осиғлиқ кўприк ила боғот,
Гўё қучар самони, ногоҳ…
ЗАМҲАРИР
Қуёш туман ортида – совуқ тонг,
Бурқиб турар ўт узра тутун.
Мен-да, гўё жонсиз суратдек,
Наҳот, унга бепарводир мен?
Ҳамоно, у ғубор ичрадир,
Порлар кўлда майса сингари.
Дарахтлар беҳолдек кўринар,
Олис соҳил бўйидан нари.
Ўткинчилар кечроқ билишар.
Туман ичра қалқигай ғоч-ғоч.
Аёз қоплар эт-да, шилвирар,
Ул қизарар шундоқ яланғоч.
Кетаяпсан қиров сўқмоқдан,
Чиптадай тўшама гўёки бот-бот
Ҳансирар-да, бўғриқар замин,
Етмас тоқат, тўнгандир, наҳот?!
ОЛТИН КУЗ
Куз. Нақадар афсонавий кўшк,
Имкон сари кашшофлик барча.
Сўқмоқлидир ўрмонли йўлак,
Суқилмоқ-чун кенг сувлик ичра.
Кўргазма узрадир бир тасвир:
Йўлак, йўлак, йўлакдир йўлак.
Зарриштадек турар беназир:
Қайрағоч, шумтолу тоғтерак.
Худди кўклам келинчагидай
Олтин узук тақар дарахтлар.
Қайин боши ҳарир рўмолдай,
Никоҳ либос гўё шаффофдир.
Мафтун гўё замин чамбарак,
Чуқур сой-ла пайваста япроқ.
Қуршовдадир заъфарон заранг,
Дераза ромлари мисли ялтироқ.
Сентябрь эрур дарахтзорлар-ла,
Жуфт-жуфт турар – ҳаёт зарпош.
О, пўстлоқлар кунботар ёна,
Каҳрабодек қолдирар кўзёш.
Бир нораво қадам – жарликдир,
Чун ҳеч кимса билмагай шоён.
Хатарлидир бир одим содир,
Оёқ ости хазонрез аён.
Ҳайқирадир хиёбон туби,
Акс-садо қайтарар бўшлиқ.
Шафақгундир олча елими,
Аксланар қаҳрабо илиқ.
Куз. Қадимий муюлиш яна,
Кўҳна китоб, кийим, яроғдир,
Қўлёзмадир, нишон ганжина,
Варақлайди бир-бир замҳарир.
Рус тилидан Манзар Абдулхайр таржимаси
КАСАЛХОНАДА
Бекорчилар йўлкада жамдир –
Кимга эрмак, кимгадир хатар…
Машинага жойланди замбил,
Кабинага чиқди санитар.
Оломону эшикхоналар
Анграйганлар кўзидан қочиб,
Фара билан йўлни саралаб,
Тунга кирди “Тез ёрдам” шошиб…
Кўчалару одамлар хира
Липилайди мошин йўлида.
Қалқиб-қалқиб борар ҳамшира,
Нашатирли шиша қўлида.
Ёмғир ёғар – қабулхонада
Таралади тарновдан овоз.
Қоғозларни зумда қоралаб,
Тўлдиришар – расмиятга хос.
Шифохона лиқ тўла. Охир
Унга пойгак кўрилар раво.
Дори ҳиди атрофда анқир,
Деразадан урилар ҳаво.
Парча осмон, бурда дарахтзор
Тўртбурчак ром қучганда – жонли.
Кўз ташлайди хонага бемор,
Кўниктирмоқ учунми онгни.
Дўхтирлар бош тебратишидан,
Саволлардан англайди аён –
Бу синовнинг оғир ишидан
Энди омон чиқмоғи гумон.
Ташқарига боқар миннатдор:
Шаҳар нури билан ёришиб,
Ром ортида кўринар девор,
Ёнғингами гўё қоришиб.
Шаҳар сочган нурга чўлғониб,
Қизариниб кўринар қопқа,
Заранг дарахт елда тўлғониб,
Унга таъзим айлаган чоғда.
“Парвардигор, қандай мукаммал,
Сенинг коринг, – ўйлайди бемор,
Ўрин-тўшак, одамлар, ажал,
Тунги шаҳар, девор, тўрт девор.
НОБЕЛЬ МУКОФОТИ
Қайга борай? Ўради душман.
Қайлардадир одамлару эрк.
Таъқиб тинмас – ортимдан тушган,
Қутулмоқнинг барча йўли берк.
Тим қора кўл, қоп-қора ўрмон,
Қулаб тушган арча йўлимда.
Барча йўлим кесилган. Тамом.
Ихтиёрим кетган қўлимдан.
Нима қилдим? Этдимми таҳқир?
Қотилманми? Ёвманми сизга?
Мен дунёни йиғлатдим ахир,
Юртим ҳуснин куйлатиб сўзда.
Ишонаман сўнг онимгача,
Етар ёруғ кунлар шукуҳи:
Разолатни енгар муқаррар,
Зафар қучар эзгулик руҳи.
ҲАМЛЕТ
Ғовур тинди. Саҳнага чиқдим.
Тираб эшик тоқига манглай,
Тинглаяпман мозийни, токим
Нелар кечар асримда – англай.
Қоронғулик менга ўқталган,
Минглаб дурбин пойлар бетма-бет.
Эгам, бундай тақдир азалдан,
Мумкин бўлса, мени озод эт.
О, нақадар ниятинг ўжар!
Мен бу ролга розиман, бироқ
Ҳозир ўзга томоша кечар –
Бир бор тутгин режангдан йироқ.
Аммо саҳна забти зиёда,
Қўзғолади оқибат завол.
Бир ўзимман. Дунё – риёда.
Яшаш оғир умрни ҳалол.
Усмон Азим таржимаси