Иосиф Бродский (1940-1996)

Бродский Иосиф Александрович (1940.24.5, Ленинград — 1996)— рус шоири. Ижодий фаолияти 60-йилларда бошланган. 1962—64 йилларда турли айблар билан қамалган ва сургун қилинган. Aммo А. Ахматова, С. Маршак, Д. Шостакович сингари машҳур кишиларнинг саъй-ҳаракати билан 1965 йил сургундан озод этилган.
Сиёсий тузумга номақбул шахс сифатида 1972 йилда Совет давлати ҳудудларидан чиқариб юборилган; 1974 йилдан АҚШда яшаган. «Саҳродаги бекат» (1967), «Кўркам давр интиҳоси» (1972), «Урания» (1987), «Ўгит» (1990) ва бошқа шеърий тупламлари хорижда нашр этилган.
Бу тўпламларда ёлғизланган киши билан бир кам дунё ўртасидаги зиддиятлар киноявий кутаринки услубда акс эттирилган. Бродский шеъриятидаги воқеликни узига хос беназир тарзда идрок ва тасвир этиш, антик давр шеъриятидаги бадиий шакллардан самарали фойдаланиш — шоир новаторлигининг моҳиятини ташкил этади. Бродскийнинг инглиз ва қисман рус тилларида эълон қилган шеър, пьеса ва публицистик мақолалари Ғарб адабиёти ҳодисаси сифатида майдонга келган. Нобель мукофоти лауреати (1987).

* * *

Осмон қора эди, зимзиё, бироқ
Отнинг сағрисидан эди у оқроқ.
Ўлтирардик гулхан ёнида бедор,
Пайдо бўлди шунда бир қора тулпор.
Таърифга сиғмасди тўсдек сиёғи,
Кўмирдек қоп-қора эди оёғи.
Йўқ эди сиртида қилча ҳам зиё,
Ёлидан думига қадар сим-сиёҳ.
Бағоят тим қора эди ушбу дам
Унинг салт яғрини — эгар кўрмаган.
Тек қотиб турарди. Ухларди гўё.
Қора туёқлари ғалати, бежо.
Сояни сезмасди қоралигидан,
Сира бўлолмасди қорароқ бундан.
Қора эди — гўё зулмат суврати
Ё худди ялтироқ игна сийрати.
Қора эди нурсиз узлатдай мутлақ
Ё кўкрак қафасин бўшлиғидай нақ.
Шундоқ шудгор бағри — уруғ тушган жой,
Бизнинг ҳам ичимиз қора, ҳойнаҳой.
Боқар у ҳайкалдек — тек қотиб бутун!
Вақт-чи, эндигина эди ярим тун.
Лекин қўёлмасди олдга бир қадам,
Оғин чулғаганди қуюқ тун бу дам.
Турарди шарпадек чиқмайин саси,
Қолмаганди унинг бирон қашқаси.
Кўзлари ярқирар бир жуфт тирқишдек,
Қўрқинчлироқ эди қорачиғи лек.
Тасвири эди у кимнингдир қора,
Нега югуришдан тўхтаб у, ё раб,
Нега нафас олиб қора ҳаводан,
Бехос шох-шаббага тегиб дамо-дам,
Гулханнинг ёнидан кетмади асло,
Ёнимизда қолди саҳаргача то?
Нега сочар кўзи сим-сиёҳ ёғду?
Чавандоз танларди орамиздан у.

СТАНСЛАР

Ҳаққим йўқ толега
Домонгир бўлмоққа,
Василевск оролига
Келаман ўлмоққа.
Лек сени бу пайтда
Чулғарки тун-туман, —
Мен намчил асфалтга
Йиқилгум юзтубан.

Ва қалбим озурда
Зулматда уринар,
Петроград устида —
Кўприкда кўринар.
Апрел жаласи-ю,
Ўйнаркан қор ғужғон,
Тинглайман бир сасни:
— Хайр энди, жўражон.

Бу лоқайд ватанга
Босганча юзимни, —
Дарёнинг ортида
Кўраман ўзимни.
Кизчалар мисоли
Бокира, шўх йиллар –
Туришиб оролда
Қўлларин силкирлар.

* * *

Мен ашаддий йиртқич ўрнига кирдим қафасга,
Муддатимни ва қавмимни қизиган мих-ла баракка ўйдим.
Денгиз соҳилида яшадим, учраган ҳар касга
Бефарқ боқдим ва ҳою ҳавасга тўйдим.
Музликларнинг чўққисидан ярим дунёга термилдим бир қур,
Уч бор чўкдим ва чавақландим мен икки марта.
Суюб улғайтирган юртдан бош олиб кетдим мағрур,
Мени унутганлар бир шаҳар бўлар, тўпланишса агарда.
Дайдидим чўлларда — ёввойи хуннлар изғиб-ҳайқирган,
Қайта урфга кирган либосларни эгнимга кийдим.
Жавдар экдим, хирмонларни қора тўл билан тўсдим ёмғирдан,
Нуқул сув ичмадим, майдан ҳам гоҳи нафсимни тийдим.
Тушларим-чун изн этдим соқчининг қора қорачиғига,
Кувғин уқубатин нонини едим, қолдирмай ушоқ.
Овоз пардаларим доддан бўлак қичқириқ берди—жон аччиғида,
Кейин шивирлашга ўтдим. Қирқдаман бу чоқ.
Нима дейин ҳаёт ҳақда? Кўнглим ўрганди дардга, фироққа.
Мен фақат ғуссалар-ла улфатман, қилурман улар-ла ёрлик.
Токи оғзим тўлмас экан бир кун қора тупроққа,
Ундан янграйверар раҳмат, ташаккур ва миннатдорлик.

Мирпўлат Мирзо таржималари

НАТЮРМОРТ

Онаизор дедиким:
– Ўғлиммисан, тангрим ё?
Хочга парчин вужудинг…
Уйга қандай кетай, оҳ?

Уйни ўзимга раво
Қандай кўрай? Айт, бу дам
Ўғлиммисан, тангрим ё,
Йўқмисан, ё бормисан?

Жавоб айлади Исо:
– Ўликманми ё ҳаёт,
Ўғлингманми, тангринг ё,
Сеникиман, азиз зот.

ҚУТБ ТАДҚИҚОТЧИСИ

Итлар еб бўлинди. Кундаликда ҳам
Қолмади сўзга жой. Фикрини ёзди
Ҳатто рафиқасин расмига. Рақам
Ясама холлардай чеҳрани босди.

Ёзди синглисининг расмига сўнгра, –
Аяб ўтирмади – илм сабаби…
Тизидан қора эт ўрлар тепага,
Варьете қизларин пайпоғи каби.

* * *

Қафасга ёввойи ҳайвондай кирдим,
Жазавамдан жазо ёнди баракда.
Соҳилда яшадим, қартани урдим,
Кечда овқатландим оппоқ фракда.

Боқдим муз чўққидан – ястанди олам.
Уч бор пичоқ едим, беш марта чўкдим.
Кечдим мени боққан мамлакатдан ҳам,
Мени унутганлар шаҳардан кўпдир.

Хунлар саси сингган даштларда кездим,
Удум – лаш-лушларни кийдим бемиқдор.
Далада зироат экишдан бездим,
Ичдим – қуруқ сувдан ўзга неки бор.

Тушимда конвойнинг қарға қароғи,
Қувғинда нималар кўрмади бошим.
Доддан бошқасини айтди томоғим,
Энди шивирлайман. Қирқдадир ёшим.

Хўш, нелар айтайин ҳаёт ҳақида?
Ҳа, узун… Кун кўрдим ғам билан ҳамдам.
Бироқ, то қолгунча тупроқ тагида,
“Ташакур, ташакур” деганим-деган.

Усмон Азим таржимаси

ЎЗИНГ БИЛАН ТАҚҚОСЛА…

Ўзинг ила таққосла, кўзинг ила ўлчаб кўр,
Муҳаббат ва эҳтирос, оғриқ, беҳоллик – эгиз.
Фазогир ҳув Миррихда парвоз қилганида ҳур,
Аввало ўз уйида бўлмоқни истар сўзсиз.

Узоқда шошиб қолсанг мияга санчилар ўй,
Эркалаш қўлдан келмас, парчаланасан ногоҳ.
Еру осмон ҳижронда, оловда кўрсатсанг бўй,
Энг юқори чўққида шунда топасан паноҳ.

СОНЕТ

Майли, барча учун кечиргил ҳаёт,
Янгитдан яшагил тўлиб ва тўлиб.
Рақсга тушаётган қор каби кулиб
Ва шу қор сингари учгил беқанот.

Узлатда яшагил вазмину мубҳам,
Хилват билан яша, хаёл сур танҳо.
Яша ҳеч ечилмас тугунлараро,
Яхшилик, ёмонлик орасида ҳам.

Бироқ бир лаҳзада яша, лаҳзада
Асрлик ҳаётни кечиргил, ташна,
Қичқириб яшагил ва кулиб яша.

Шеър учун яшагил ютмайин зада,
Қалбингга ёр бўлсин ишонч муқаррар,
Барча учун яша, яшолсанг агар.

СИЗГА ҚЎЛ КЎТАРИШМАЙДИ

Қўл кўтаришмайди сизга дейману,
Зўрға гап қўшмоққа этаман журъат.
Қандайин гуноҳнинг тушунчаси бу,
Уддасидан чиқгум ғашликни албат.

Ҳар бир куним узун, икки бор ортиқ,
Демак гуноҳкорман, ишончим комил.
У юртга севгимни қилган чоқ тортиқ,
Мендан ўгирасиз юзингиз буткул.

СЎНГГИ ҚАВАТ

Сўнгги қават.
Аввал, ҳа,
Ҳис қилганда
Зулматни,
Атрофдаги манзара
Кўз-кўз қилгай
Суратин.

Мен сени
Қучаман-да,
Сўнг бағримга
Босаман.
Ёмғирми,
Деразада
Йиҳи-сиғи қилар –
Шан.

Йиғиси ёриб ўтар
Ойнани,
Юр, кетайлик.
Йилтирар кумуш иплар,
Ҳар лаҳзада
Йитайлик.

Бизнинг давримиз анча
Олдин
Ўтгани аён.
Интилдик,
Ёндик қанча,
Хотирада
Намоён.

Ўзгаришлар тартиби,
Яшаш ҳукмин ўқиган.
Ўзга соат чиқ-чиғи,
Ўзга куйлар тўқиган.

* * *

Аввалига жарликка стул,
Кейин эса учди кароват.
Столим ҳам виз учди буткул,
Уни ўзим отгандим албат.

Истамайман яширишни ҳеч,
“Она тили” китоби учди.
Оилавий сурат беилинж,
Аста жарлик тубини қучди.

Кейин печка, тўртта девор ҳам
Учди. Пальто билан мен қолдик.
Узукни еч энди, азизам,
Ёлғизликнинг чекини олдик.

Йўқотишлар тортди ўзига,
Кимдир таҳдид этса муқаррар.
Тупуришинг мумкин юзига,
Эгалласа ўрнимни агар.

ҚАЧОНКИ ОРТИНГДА…

Қачонки ортингдан қўпса қўпдан кўп,
Барчаси, айниқса, изтироб, оғриқ.
Ўзгалар имдодин кутма, оғриниб,
Денгиз соҳилини сайр айла очиқ.

Днггиз ғалаёнга очганда қучоқ,
Ёлғизлик ҳиссини қувар беомон.
Унчалик қувончли эмасу бироқ
Азоб, изтиробдан авло ҳаяжон.

МАКТАБ ЁШИДАГИЛАР УЧУН

Биласанми, қоронғулик тушган он,
Кўзим билан чамалашга урингум,
Чақиримларимни-да санаб чиқаман,
Неки мавжуд, барчасида кўрингум.

Сўзлар билан учрашади рақамлар:
А тарафдан чиққан Саросима ва
Б тарафдан чиққан Ишонч муқаррар,
Гўё мангу кесишмаган чизиқда.

Чироқ тутиб икки сайёҳ ёнма ён,
Зулмат бўйлаб сайр этади беғулу.
Айрилиқдан из ташлайди алвон тонг,
Ҳеч бўлмаса ақлда ғолиб бўлсин у.

* * *

Финляндиядаги тупларда абад,
Қарағайлар кескин ҳукмронлик қилар.
Чексиз шодланаман Комарова ва
Қачонки кўрфазда ёғса ёғдулар.

Дарахтларнинг беғам барглариаро
Нурлар камалаги тараганда куй.
Яшаш мумкин яйраб муҳаббатингиз ва
Сиздаги эзгулик билан абадий.

Рус тилидан Ўроз Ҳайдар таржимаси

* * *

На ҳасрат, на севги, наинки азоб,
На кўнгил дард чекар,
нада интизор,
Гўё бир умрни бой бердик бу тоб,
Олдимизда фақат ярим соат бор.

Албатта, кўрасан, қайтсанг орқага,
Орқа кўчамизда таксилар тинмас,
Кузги боғлар аро дарахтлар эса
Ҳаста болаларга айтар қўшиқ, ваъз.

Ҳув олис,
ҳув изсиз ўтмишимиздан,
Ёшгина йигитча нигоҳин қадар.
Қаердадир эса чалинар бирдан,
Эски пианино баланд пардада.

Билмайсан,
бир фикр қайнар бошингда:
Эшитмас қисматинг арзу додингни.
Беш қизил гумбазла қабртошингга
Васият этасан ўз ҳаётингни…

* * *

Қўлим кўтарилмас сизга ҳеч қачон,
Балки, демоққа ҳам жасоратим йўқ.
Айтинг,
айтмоқ учун қанча йил керак,
Зулматда порлаган ҳақиқат нурин.
Нима деб атайин мен бу гуноҳни?

Кунлар кечар бир-биридан баттарроқ,
Тинмайман ўзимга азоб беришдан,
Ва
албатта кечираман севгини,
Қайғу тўла юзингизга боққан дам…

* * *

Ташаккур демоққа кечикдик бироз,
Эҳтимол, ҳар нега, ҳар кимга, ҳар вақт…

Ҳа, сизга қачондир, бир куни, кимдир,
Илк бора кулади гўзал ва табиий.
Вафосиз муҳаббат яна қайтгайдир,
Бироқ аввалгидек боқмас самимий.

Таниш кўчалардан ўтганда бир-бир,
Тутилиб сўзладим: “Хайр, алвидо”.
Дераза титради бу сасга асир,
Аксланди овозим: “Қўй, азоб ютма”.
Қатор ҳовлиларда сўнди чироқ, нур.
Алвидо, эй ишқим, мени унутма!

Ҳеч қурса бир марта, қайт, ортингга қайт,
Қоронғу уйларга назар сол бир он.
Уларнинг ёнидан ҳар йили шу пайт,
Жимгина кечади беҳис оламон…

* * *

Атайлаб эмас йўқ, тўсатдан, бир кун,
Алвидо айтаман кадарли бироз,
Бу уйга, кўчага силкийдирман қўл.
На шаҳар бу сасдан турар оёққа,
На уни уйғотар бу ғамгин овоз.
Кетаман…
“Худога топширдим. Соғ бўл, омон бўл…”

Паришон зиналар, кўча зим-зиё…
Шаҳардан нарида туманли ҳаво,
Кўллар сукун ичра, тунгги шабада,
Оралаб ўтишнинг келганда гали —
Ҳув ёшли кўзларга — менинг борлигим,
На аччиқ сўзларим берар тасалли…

Бироқ қаерда у — кўринмас олам.
Сарғайган майсалар, оғочлар барбод, —
Бу сирли маъвода йўқдир бир одам.
На сен унда бахтли,
на мен бунда шод…

Рус тилидан Раҳмат Бобожон таржимаси