Анна Ахматова (1889-1966)

Анна Андреевна Ахматова (ҳақиқий фамилияси – Горенко) 1889 йил 11 июнда Одессада таваллуд топди. У она томонидан татар хони Ахмат хонга бориб тақалади (тахаллуси шундан). Отаси – флотда механик-муҳандис бўлиб, баъзан журналистика билан ҳам шуғулланарди. Аннани болалик чоғидаёқ Царское Селога келтиришади ва у ерда бўлажак шоира ўн олти ёшигача яшайди. Анна ўзининг илк шеърини ўн бир ёшида ёзган.
Шоиранинг биринчи шеърий тўплами “Оқшом” номи билан 1912 йилда чоп этилиб, муваффақият қозонади. 1914 йилда унинг иккинчи – “Тасбиҳ” тўплами эълон қилинади ва у бу тўплами билан бутун Россия бўйлаб шуҳрат қозонади. Шоиранинг истеъдодини ўз вақтида пайқаган В.В.Маяковский унга шундай баҳо беради: “Анна Ахматова шеърлари яхлитлиги билан эътиборга моликдир, улар ҳар қандай танқидга дош бера олади, ҳар қандай тазйиқда дарз кетмайди”.
А.Ахматованинг Октябр тўнтаришидан кейинги ёзган шеърларида замонавий мавзуларга, муҳим воқеаларга ўз муносабатини билдирган оҳангларни илғашимиз мумкин. Шоира инқилобни қабул қила олмайди, айни чоғда Ватанни ҳам ташлаб кетолмайди.
1921 йили инқилоб душмани сифатида унинг эри (Н.С.Гумилёв)ни отишга ҳукм қилишади. 1935 йилда ўғлини қамоққа олишади. Шоира 17 ойни қамоқхона навбатларида ўтказади. Бошига тушган мислсиз уқубат ва изтиробларни у «Марсия» поэмасида ёрқин ифода этган.
Урушдан кейинги йилларда Анна Ахматова яна бир зарбага дучор бўлади: уни Ёзувчилар уюшмаси аъзолигидан ўчиришади. Лекин унинг ижоди тўхтаб қолмайди. Айни чоғда жаҳоннинг машҳур шоирлари ижодидан таржималар қилади.60-йилларда унинг «Қўға» ва «Еттинчи китоб» тўпламлари дунё юзини кўради. 22 йил давомида ёзган «Қаҳрамонсиз достон» поэмаси якунланади.
А.Ахматова Иккинчи жаҳон уруши даврида Тошкентга кўчиб келганлиги ва у ерда икки ярим йил яшаганлиги кўпчиликка маълум. Унинг бу даврда ушбу заминга бағишлаб яратган шеърларида Шарқ нафаси гупуриб туради ва улар шу жиҳати билан ўзига мафтун қилади.
Шоира умрининг охирида Италиянинг Этна-Таормина (1964) номли адабий мукофотига ва Оксфорд университетининг фахрий доктори (1965) унвонига сазовор бўлади.
1966 йил 5 мартда Анна Ахматова Москвада ҳаётдан кўз юмади.
Ўз даврида кўплаб мухлислари қалбида чуқур из қолдирган шоира ижоди бугунги кунда ҳам севиб мутолаа қилинмоқда.

МАРДЛИК

Биз биламиз тарозуга қўйилмиш нима,
Бу куннинг ҳам мазмуни аён.
Мардлик чоғи мард туйғулар тошди сийнадан,
Мардлик бизни тарк этмас бир он.

Даҳшат эмас, ночор бир ўқ келтирса ўлим,
Кўзимизга кўринмас уй-жой.
Лекин сени сақлаймиз, рус тили, бир зум –
Унутмаймиз, бу сўз улуғ, бой.

Гард юқтирмай эркин, гўзал, сени элтамиз,
Сўйлар сенда набиралар, асоратдан биз,
Қутқарурмиз сени адабий!

Ойбек таржимаси

* * *

Юртни ёв қаҳрига ташлаб кетганлар
Бўлолмас ҳеч замон ҳамроҳим меним.
Маҳлиё этолмас мадҳу найранглар,
Уларга бермасман битта ҳам шеърим.

Лекин мисли тутқун, мисоли хаста,
Ҳамиша аянчли менга қувғин жон.
Мусофир, йўлларинг қора зулматда
Ҳеч вақт ширин бўлмас ёт қўл берган нон.

Бу ерда, ёнғинлар аччиқ дудида
Қолган ёшлигимиз этаркан қурбон,
Эл бошига тушган кўргиликлардан
Ўзимизни олиб қочмадик бир он.

Биламиз, келажак қилар сарҳисоб,
Қимматин топади ўтган ҳар соат.
Лек биздай кўз ёшсиз, оддий ва кибор
Одамлар бўлмаган жаҳонда ҳеч вақт…

* * *

Мана, бир амаллаб бўлдик ажирим
Ва ўчирдик ўзи сўнган оловни.
Энди билмак даркор, абад рақибим,
Чиндан севмакни ҳам ахир бировни.

Мен эркин, ҳар нарса мен учун эрмак –
Тунда учиб кириб юпатар илҳом.
Тонгда қулоғимни батанг этарак
Шуҳрат шақилдоқдай қилмоқ бўлар ром.

Не кор мени ўйлаш, раҳм ва шафқат,
Кетаётиб ортга ташламоқ назар.
Қора еллар менга бахш этар тоқат,
Ва хазонрезгилик дилим қувнатар.

Ҳижронни ўзимга биламан туҳфа,
Унутмоқни буюк ҳузур, мурувват…
Лекин айт, бундайин дўзахвор ўтга
Ўзгани ташлашга қилмассан журъат?..

Зулфия таржимаси

МУҲАББАТ

Кулча бўлган илондай юҳо,
Юрагингни авраб қолади.
Каптар бўлиб кун бўйи гоҳо,
Деразангда сайраб қолади.

Қиров ичра баъзан ярқираб,
Мудроқ самбит узра кўринар.
Сеҳр билан қўлингдан ушлаб,
Тинчинг бузмоқ бўлиб уринар.

Унга одат юм-юм йиғламоқ,
Зериккан тор куйига монанд.
Даҳшатлидир уни англамоқ,
Табассум-ла ақлинг этса банд.
1911

* * *

Боғланмаган юрак юракка,
Истасанг кет, кетавер ташлаб.
Бахт лойиқдир, лойиқ истакка,
Эркинликка бўлсак гар талаб.

Йиғламайман, йўқ шикоятим,
Кулиб боқмас менга бахт, иқбол.
Ўпма мени, жуда чарчадим,
Ажал келиб ўпар, эҳтимол.

Кечди кунлар зориқиб, кутиб,
Оппоқ қишнинг оқ қори билан.
Ниманг билан ортиқсан бу кун
Мен танлаган, севган ёримдан?
1911

* * *

Эшик қия очиқ экан,
Жўка иси хуш ёқар…
Стол узра унутилган
Қамчи ва қўлқоп ётар.

Сап-сариғдир чироқ нури,
Шарпалар сезилади.
Нечун кетдинг сен шўрлик?
Оҳ, бағрим эзилади…

Эртага тонг мусаффо
Ва қувончли бўлажак.
Ҳаёт гўзал мутлақо,
Доно бўлгин сен, юрак.

Чарчабсан-ку шу тобда,
Ғоят секин урасан…
Ўқигандим китобда,
Ўлмас эмиш юраклар.
1911

* * *

Узумларнинг ислари майин,
Қитиқлайди маст этиб ҳар дам.
Овозларинг бўғиқ, нотайин,
Раҳминг келмас ҳеч кимсага ҳам.

Меваларда ўргимчак ипи,
Ток занглари ингичка жуда.
Оқ булутлар сузар муз каби
Мовий дарё тиниқ сувида.

Кўкда қуёш ёнади ял-ял,
Тўлқинларга пичирла бориб.
Жавоб берар сенга, эҳтимол,
Балки ўпар бағрига олиб.
1912

* * *

Дафн эт мени, дафн эт, шамол!
Келмадилар қариндошларим…
Оқшом чоғи тепамда хушҳол
Ва жимжит ер нафаси ҳоким.

Мен ҳам сендек эркин ва хуррам
Яшамоқни жуда истардим.
Кўргин, шамол, совуқдир мурдам,
Қовуштирмас қўлимни ҳеч ким.

Яшир қора жароҳатимга
Қора оқшом чойшабин ёпиб.
Буюр мовий туман зотига,
Жанозамни ўқисин ёниб.

Енгилгина, яккаю ёлғиз
Кетар бўлсам сўнгги уйқуга,
Қамишларни шилдират тиғиз,
Баҳор куйин жойлаб туйғуга.
1909

* * *

Сув ичмаймиз биз бир косада
Ва ичмаймиз ширин шароб ҳам.
Ўпишмаймиз эрталаб — тонгда,
Деразадан боқмаймиз оқшом.
Сенда қуёш, менда ой ҳусни,
Ҳис этамиз лекин бир ҳисни.

Ажралмас ёр менинг билан-ку,
Сен биландир рафиқанг қувноқ.
Менга аён кўзингда қўрқув,
Сен айбдор дард чексанг гоҳ-гоҳ.
Қисқа висол бизларга ётдир,
Истагимиз жимжит ҳаётдир.

Шеърларимда овозинг, сасинг,
Шеърларингда менинг нафасим,
Бир гулхан бор, ўчиролмасдир
Фаромушлик ва қўрқинч нафси.
Билсанг эди мен учун ҳозир
Дудоқларинг кўп севимлидир.
1913

БЕДОРЛИК

Мов мушуклар миёвлар зор-зор,
Узоқларда қадам саслари.
Аллаловчи сўзларинг бедор —
Этар мени уч ойдан нари.

Сен мен билан, тамом, бедорлик!
Менга таниш қиёфанг ҳатто.
Нима гўзал-ёмон бедорлик,
Сени мен суст куйладимми ё?

Оқ пардалар дераза узра,
Мовий рангда ярим қоронғу…
Олис хабар юпанчми бизга?
Нечун сен-ла йўқ менда қайғу?
1912

* * *

Александр Блокка

Бўлган эдим шоирга меҳмон.
Қоқ туш пайти. Якшанба куни.
Кенг хонаси эди сокинроқ,
Ташқарида қақшатғич совуқ.

Қизғич барон тутун устида
Қизғич қуёш эди ҳукмрон…
У мезбондай камгапу ёрқин
Боқар эди менинг кўзимга!

Мезбон кўзи шундай эдики,
Ҳар ким эслаб қолмоғи даркор;
Менга эса эҳтиёт керак,
У кўзларга боқмасам дейман.

Якшанба кун, тутунлик пешин,
Нева бўйи узра юксалган.
Баланд, кулранг ўша уйдаги
Суҳбатлар хўб эсда қолажак.
1914, январ

ИБОДАТ

Менга бергин хасталик дардин,
Бер бедорлик ва иситмани.
Боламни ол, дўстимни олгин,
Олгин бутун истеъдодимни.
Шундай дейман ибодатда мен,
Россияни қоплаган қора
Булутларнинг оппоқ бўлмоғин
Сендан сўраб, тангрим, бир карра.
1915

* * *

Яширинча дўстлик боғига,
Қора кўзлик ёш бургутдай
Қадам қўйдим, гўё куздаги
Гулзор аро кирган сингари.
Унда сўнгги атиргуллар,
Кўкда эса товланарди ой,
Қуюқ кулранг булутлар узра…
1917

* * *

Деразага тутмадинг парда,
Тўппа-тўғри хонага қара.
Хурсандликдан лабимда ханда,
Чунки бундан кетмассан сира.
Қонунсиз деб атай қол мени,
Миниб олиб ғазаб отига.
Бедорлигинг эдим мен сенинг,
Ўртоқ этиб соғинч зотига.
1916

* * *

Мана соҳил, шимолий денгиз,
Бизнинг шараф, андуҳ сарҳади.
Билмадим бахт ё ғамдан чексиз
Ёш тўкасан, недир сабаби?
Эндиликда керакмас менга
Асирлару қуллар уюми.
Фақат мағрур жонажоним-ла
Тенг бўламан нону уйимни.
1922

ОЙ ТИККАДА

1

Хафаҳол ухламоқ,
Севилиб уйғонмоқ,
Қизғалдоқни қип-қизил кўрмоқ.
Қандайдир куч-қувват
Киргандир ушбу кун
Ёп-ёруғ нур бўлиб
Қўйнингга, зулумот!
Манғаллик тор ҳовли,
Тутунинг аччиқдир,
Теракдай узундир…
Шаҳризода
Келмоқда боғдан…
Шарқ шундоқ ҳузурдир!

2

Ленинград майдонларидан,
Ё фараҳли дегрез йўлидан
Сен юбординг салқин ҳаводан,
Тераклар-ла безаб йўлларни
Осиёнинг зиёси билан
Қопладингми қайғуларимни?

3

Ҳамма нарса қайтар шу асно:
Қизғин кеча, дил орзиқиши
(Уйқусирар гўё Осиё),
Ҳалиманинг булбул хониши,
Наргисларнинг гуллар очиши,
Қариларнинг дуо-олқиши
Шивирлайди ушбу юрт аро.

4

Хотирда каштанинг нақшларидай
Ҳар нима билгувчи лаб табассуми,
Дўппайган қабрлар боқишларидай
Анорлар кўмилган кеч куз мавсуми.

5

Кутилмоқда учинчи баҳор
Юртдан йироқда.
Учинчими? Назаримда у
Сўнгги баҳордир.
Унутмасман бироқ ҳеч қачон,
Ўла-ўлгунча,
Дарахтларнинг остидан оққан
Ариқларнинг шилдир-шилдирин.
Шафтолилар гуллади қийғос,
Бинафшалар очилди хушбўй.
Мусофир деб мени бу ерда
Айтмоқ учун ким оғиз очар?!

6

Етти юз йил бўлмадим бунда,
Ўзгармабди ҳеч нарса аммо.
Ўз меҳрини сочмоқда кунда
Юксаклардан ул қодир Худо.

Ўша-ўша юлдузлар, сувлар,
Ўша-ўша осмон гумбази.
Ўша-ўша шамол ғувиллар,
Ўша-ўша она алласи.

Осиёдай уйим мустаҳкам,
Хавотирда очмасман оғиз…
Келажакман сенга яна ҳам,
Тўлиб тургин покиза ҳовуз.

7

ОЙНИНГ КЎРИНИШИ

Қимматбаҳо турфа тошлардан,
Хира тортган ойналар оша
Кутилмаган чоғда шошганча
Тантанавор ўзга яраша.
Бамисоли “Ой сонатаси”
Сузиб чиқди куй, қўшиқ саси.

8

Емакхона кабидир хона,
Деразадан боқар оймома.
Бизлар ичиб шароб ва қаҳва,
Мусиқадан мастмиз ғоятда.
Девор узра гулламиш новда,
Кўнгил ўткир лаззатни туймиш.
Тарорланмас бу лаззат яна.
Жонли гуллар, ўртада кишмиш,
Ватан бермиш бизга бошпана.
1942-1944. Тошкент.

* * *

Хасталаниб ётибман уйда,
Хастадирман балки сўнгги бор.
Хиёбонда тани оқ жуда,
Оқ тераклар турар сервиқор.
Ғоят баланд улардан бири,
Буюкликда гўё шоҳ қадар.
Шалдирашиб елдан шохлари,
Деразани сийпалаб турар.
Талпинади қуёшга руҳим,
Яксон этиб марҳум уйқусин.
1944 йил январ, Тошкент.

* * *

Чоржўйнинг бир тилим қовуни мисол
Боқар ой ойнадан, ҳаво ғоят дим.
Эшик зич ёпилган, чирмовиқдан жим
Сеҳрланган уйдан бўлсанг ҳайрон, лол,
Сопол пиёлада муздаккина сув,
Қордай оппоқ сочиқ, ёниб турар шам,
Парвона тўдасин чорлаб дам-бадам,
Сукунат сўзларим эшитмас зинҳор,
Бир соя думалаб беркинар тезкор,
Мен эсам чўчимай, қўрқмайман зинҳор…
Тўрига ўради мени ёлғизлик.
Беканинг мушугин кўзи бигиздек,
Ёрдамга келмайди кўзгуда аксим.
Мен ширин ухлайман. Хайрли оқшом.
1944. Тошкент.

* * *

Қоплон кўзи кўзинг, Осиё,
Кўрар менда алланимани.
Ғашга тегиб сукунат аро
Яратилган ғоятда оғир
Термиздаги жазирамани.
Гўё барча хотира, оғриқ
Эриб ётган лавадай оқар.
Гўё менинг кўз ёшим оқиб,
Ўзга кафтни тўлдириб ётар.
1945

ТОШКЕНТ ГУЛЛАМОҚДА

Наздимда кимнингдир қудрати ила
Тўсатдан ёришиб қолди бу шаҳар.
Ҳар битта ҳовлига хаёлот ила
Оппоқ нур киргандай бўлди сарбасар.

Нурларки, нафаси сўзлардан аъло,
Ярашиқ бу нурлар мовий ва қизғин.
Осмондан таралиб келиб аввало,
Ариқлар тубига етмоқда лекин.

Ёдимда абадий сақланажакдир,
Чароғон хонадон шод қий-чувлари.
Қорасоч кокилдор ёш оналарнинг
Қўлида кичкина баранчуклари.
1944

ЁЗГИ БОҒ

Панжара девори бетакрор буткул,
Ажойиб бу боғда орзум атиргул.

Эслар мени боғда турфа ҳайкаллар,
Навқирон ёшлигим эслашар улар.

Ифорли сукунат, азим жўкалар
Ораси елканлар бўлиб туюлар.

Оққуш аввалгидай сузади секин,
Қувониб сув узра кўргандан аксин.

Ўлим уйқусида донг қотиб ётар
Душманлар ва дўстлар, дўсту душманлар.

Зиёрат оқими бўлмайди адо,
Тош гулдон томондан эшиккача то.

У ерда пичирлар оқ кечаларим,
Кимнингдир ишқидан сўзлашиб жим-жим.

Ҳар томон товланар садафлар янглиғ,
Лекин нур манбаи яширин яллиғ.
1959

* * *

Аччиқ қисмат ила қўрқитма ҳеч ҳам,
Қўрқитма келар деб бир кун зориқиш.
Бугун бизнинг байрам, биринчи байрам,
Байрам номи эрур фироқ — ажралиш.
Тонгни қаршиламоқ этмаса насиб,
Бошимиз устида ой сочмаса нур,
Зарари йўқ эрур, сенга муносиб
Совғалар тайёрлаб қўйдим баҳузур:
Совғалар — сувдаги аксимдир менинг,
Совғалар — куздаги намчил ҳаводир,
Ҳавоки, баҳорда топмасак уни…
Сен мени эслагин бўлмай хавотир,
Биринчи қоргача эслагин мени.
1959

ТЎРТЛИКЛАР

Шеърларимга

Қирғоқ йўлдан бошлаб ҳар қачон,
Тунда учган юлдуз мисоли,
Бўлиб доим доғ ила ёлғон,
Бўлмадингиз юпанч тимсоли.

* * *

Айлан яна чакалак ичин,
Унда булбул сайрар доимо.
Хонишлари асалдан ширин,
Ширин менинг рашкимдан ҳатто.

* * *

Сузиб келди оққушдай шараф,
Олтинсимон тутунлараро.
Лекин ишқим, ҳолимга яраб,
Бўлолмадик ҳеч бир муддао.

* * *

Ўз аҳволим келтирмас ғашим,
Бироқ кўрмоқ истамам сира,
Бахтсизликнинг олтин тамғасин
Ўзгаларнинг пешонасида.
1962

* * *

Ҳеч бир нарса менга керакмас,
Бир жонажон ҳамроҳ соямдир.
Шамол эсар боғдан ҳар нафас,
Оёқ остим зинали қабр.
1964

Азиз Абдураззоқ таржимаси

* * *

Дафн айланг мени, шамоллар,
Нетай, келмас яқинлар саси!
Бошим узра сарсон намозгар,
Ва осуда замин нафаси.

Мен ҳам сиздай юрар эдим ҳур ,
Ташна эдим яшашга нечоғ.
Энди бўлса танам муз эрур,
Ким ҳам тортсин устимга тупроқ.

Кечки зулмат чойшаби билан
Ёпинг қаро жароҳатларим.
Бошим узра зангори туман,
Айтинг, қилсин тиловатларим.

Сўнгги уйқу ёлғизгинамни,
Осойишта қучсин, десангиз .
Кўкламларни, кўкламгинамни
Қамиш бўлиб куйлай беринг сиз .

1909

* * *

Ўша овоз , ўша нигоҳ,
Соя ўша оқ-сарғишдир.
Бир йил аввал бўлса қандоқ,
Ўша ҳолда қолмишдир.

Оқ деворга тушган ёғду
Ўша-ўша минг тарам.
Нилуфарнинг ҳидларию
Сенинг оддий сўзинг ҳам.

1909

* * *

Занжирбандмас юрак юракка,
Кетар бўлсанг, сенда ихтиёр.
Кимки ноил эркин юрмакка,
Улкан бахтга бўлар экан ёр.

Йиғламасман, нолимасман ҳам,
Нечун бахтга умид тутайин ?!
Қўй , ўпмагил, чарчаган танам
Ўлим келиб ўпмоғи тайин.

Азобларим баҳам кўрди қиш,
Ҳижронларинг кетмай бошимдан.
Нима боис, нималар боис
Сен яхшисан ёстиқдошимдан

1911

* * *

Қоронғи бостирма шийпони иссик,
Кўзларим кулса-да ,кўксим тўла ёш.
Дўстим: ”Нафасингни қилгил- дер- иссиқ ,
Бизлар  ҳам омадга бўлгаймиз йўлдош.»

Кошки дўстгинамга ишонсам шу он …
Кўзи ожиз унинг, камбағал ,маълул.
Узун, диққинафас йўлларни мудом
Ўз қадамила ўлчаб келар ул .

Бирдан жаранглайди ниҳол товуши —
Бахтсизлар товуши жаранглар мунгли:
“Оҳ ,бўм-бўш хуржунлар, кўринмас тушим ,
Эрта ризқи эса –очлик ,юпунлик!”

1911

* * *

Қуёш чиқар мунис дамда
Муҳаббатни куйлайман.
Чўкка тушиб томорқамда,
Шўрага сув қуйгайман .

Отқилайман, юлиб илкис,
Гуноҳкорман олдида.
Оёқяланг, ана бир қиз
Йиғлар четан ёнида.

Кулфат саси –фарёд, қадар
Қалбим эзар, яралар.
Илиқ ҳидин ёяр бадтар
Ўлиб ётган шўралар .

Нон ўрнига тош армуғон ,
Шудир аччиқ тавозе.
Бошим узра фақат осмон,
Кўксимда ёр овози.

1911

* * *

Бекорчилик элтди бу тамон,
Қайда ўтса барибир зиқ кун.
Тепаликда мудрар тегирмон,
Бунда йиллаб жим турмоқ мумкин.

Қовжираган гулпечак узра
Асалари сузади майин.
Сув парисин турибман излаб,
Унинг эса ўлгани тайин.

Саёз тортиб, торайган кўлмак
Қўнғир тусли пўпанакка жой.
Ялтирайди титраган терак,
Боши узра енгилгина ой.

Ҳамма нарса оҳорли гўё,
Нам ҳид сочар тераклар бу чоқ.
Сукутдаман. Сукунат аро
Шайман яна бўлмоққа тупроқ.

1911

Гулчеҳра Нуриллаева таржимаси

ҚЎШИҚ

Қуёш кўкка чиқар дамда
Муҳаббатни куйлайман,
Мен чўккалаб томорқамда
Шўраларни юлгайман.

Юлиб-юлиб четга отгум –
Кечир ёмон бўлди-да,
Кўрдим: йиғлар оёқяланг
Қизча четан олдида.

Қўрқитади фарёд слоган
Бу жарангдор ғам саси.
Димоғимда ўлаётган
Шўраларнинг тунж иси.

Тош тутарлар,нон сўрасам,
Тиладинг, дебс эн ўзинг.
Бошим узра фақат осмон,
Дилда эса овозинг.

ҲИЖРОН

Йўлим оғир – қоп-қора кеча
Зулумоти қуршаган уни.
Кечагина мен ошиқларча
Ялингандим: Унутма мени.

Бугун эса фақат шамоллар
Чўпонларнинг қичқириқ-доди,
Оқ чашмалар узра тебранган
Қарағайлар қатори қолди.

ҚЎЙКЎЗ ҚИРОЛ

Чорасиз дард, сенга-да иқбол!
Ўлди кеча тун қўйкўз қирол.

Куз оқшоми дим ва ол эди.
Эрим уйга қайтганда деди:

Биласанми,юз берди овда,
Ётган экан эман олдида.

Шўрлик қиролича! Ёш қолди,
Бир кечада сочи оқарди.

Трубкасин сўнг олиб беун
Чиқиб кетди ишламоқ учун:

Ҳозир қизим уйғотиб,куйиб
Қўйкўзига боқарман тўйиб.

Саси келар чорбоғдан толнинг:
Бу дунёдан кетди қиролинг.

САЙР

Жиғам тегар извош шифтига,
Боқдим унинг кўзга ҳуркак.
Дард чекарди,аммо шифога
Не тилашин билмасди юрак.

Шом тинч эди,булутли осмон
Остида ғам қучганди уни
Ва сиёҳ-ла кўҳна алъбомда
Чизилгандек Булон ўрмони.

Бензин иси,настарин иси,
Роҳат дилга эди бегона:
Қўлларини қимирлатмасдан
Тиззамга у тегинди яна.

* * *

На асрору на изтироб, ғам
Ва на қисмат битган ихтиёр-
Ўхшар эди сўнгсиз ва мубҳам
Курашга бу висол, бу дийдор.

Мен тонгданоқ боқиб йўлингга,
Ташрифингни пойлардим… Бироқ,
Бу букилган икки қўлимга
Санчиларди сезилмай титроқ.

Ва қуршаган бармоқлар ила
Эзғилардим дастурхон учин.
Мен туйгандим ўша чоқдаёқ
Тор эканин замин биз учун.

1914

Билмайман: сен тирикми, ўлган-
Мен заминдан сени излайми?
Ва ё ойдин ғам ила шомда
Хазон бўлган дил, деб бўзлайми?

Бари сенга: дил нолалари
Ва уйқусиз тунлар ёмғири;
Шеърларимнинг оқ галалари,
Кўзларимнинг мовий ёнғини.

Ҳатто мени азобга солган,
Севиб, кейин унутган одам-
Менга бунча азиз бўлмаган,
Мени бунча соғинтирмаган.

1915

* * *

Оқшом нури ёйиқ ва заъфар,
Савр салқини хуш ёқар танга.
Сен кечикдинг, аммо бу лаҳза
Шодмон қучоқ очаман сенга.

Кел, яқинроқ ёнимга ўтир,
Термил қувноқ кўзларинг билан:
Мана, бу кўк дафтар тўладир
Болаликнинг сўзлари билан.

Кечир, дилни бердим ғамларга,
Қуёшгаям боқдим мен дилхун.
Кечир, кечир, жуда кўпларга
Сен деб қучоқ очганим учун.

1915

* * *

Қудуқ тубидаги оқ тошдек бесас
Кўксимда ётибди хотирам маним.
Уни унутмайман, унутгим келмас,
У менинг қувончим, у менинг ғамим.

Кимдаким яқинроқ келар-да, кейин
Кўзимга боқаркан, кўради уни.
Бу ғамгин қиссамни тинглаган сайин
Ҳасратим қоплагай унинг кўксини.

Яратган дилларда қолсин дея ғам,
Ўлдиролмай одам тафаккурини,
Уларни буюмга айлантирган дам
Менинг хотирамга айландинг сен ҳам.

1916

* * *

Юртини душманга ташлаб кетароқ
Қочган кимсалар-ла бирга кетмасман.
Улар олқишига тутмасман қулоқ,
Уларга бермасман қўшиғимни ман.

Эй, қочоқ, мен сенга ачинаман, бас,
Сен қулдай ноилож, бемордай абгор,
Эй, дарбадар, борар йўлинг кўринмас,
Ёт юртнинг нонида ёвшан иси бор.

Бунда-чи, ёнғинлар дудини ютиб,
Ёшлик йилларини айлаб биз қурбон;
Юракни шафқатсиз зарбага тутиб
Яшадик, панага қочмадик, инон.

Биламиз: келажак баҳоси тайин,
Оқланар ҳар лаҳза, оқланар дамлар
Ва лекин дунёда йўқдир биздайин
Мағрур, изтиробли, хоксор одамлар.

1922

* * *

Кўмир ила мен белги битдим
Чап кўксимга – ўқ учун нишон.
Учсин дедим қуш – дил ҳасратим
Бўм-бўш кеча зулмати томон.

Жоним! Қўлинг қилт этмас ҳатто,
Кўксим дарддан бир абад бўшар.
Учар қушим – дилдаги видо,
Шохга қўниб, нағмалар бошлар,

Токи қалби хотиржам ул жон
Қушни тинглаб очсин кўксини:
“Саси таниш, сўзлари пинҳон”
Деб яширсин ёшли кўзини.

* * *

Жимиб қолди тўсатдан уй ҳам,
Сўнгги баргин қизғалдоқ сочди.
Қотиб қолдим мудраб ва алам
Шомларига мен қучоқ очдим.

Дарвозалар тамбаланган зич,
Шом қорадир, еллар тинч, очиқ,
Қайда қувонч, қайларда ?кинч,
Қайлардасан, меҳрибон ошиқ?

Топилмади ул сирли узук,
Неча кунлар кутдим, кетмадим.
Дилбар ва ёш асира қиздек
Қўшиқ ўлди кўксимда маним.

“ЁНДИРИЛГАН ДАФТАР” ТУРКУМИДАН

Ҳамма кетди, ҳеч ким қайтиб келмади,
Фақат сен такрорлаб ишқий тилакни,
Сўнгги муҳаббатим, ортга қайрилдинг,
Кўрмоқ бўлиб қонга ботган фалакни.

Уйинг лаънатланган, ишинг топталган,
Сўлғин наво янграр сен битган шеърдан.
Бадбахт тақдирингнинг қаршисида ман
Турибман кўзимни узолмай ердан.

Илоҳий сўз эмас, янграйди вола,
Муқаддас, пок сўзлар аталди малъун –
Ўттиз еттинчи йил фаррошлари-ла
Қонли йўлкаларни ювмоғим учун.

Мени айирдилар ёлғиз ўғлимдан,
Банди дўстларимга бердилар азоб.
Огоҳ бўлдилар ҳар юрган йўлимдан,
Ҳар битта сўзимни етказди каззоб.

Ҳар жойда номимни қаро битдилар,
Соқов бўл, дедилар, кар бўл, дедилар.
Оч қолсам бўҳтону иғво тутдилар,
Чанқасам сувимни заҳар этдилар.

Ва сўнгги нуқтага етганда йўлим,
Дедилар: “Яшайвер, эй бахтиқаро!”
Энди кезурман мен – шаҳарлик дали,
Ўлим нафаси бор майдонлар аро.

Хуршид Даврон таржимаси

* * *

Қуёш тафти сўниб борар юракда.
Дала заъфарон.
Илк қорга чулғаниб еллар эсмакда,
Қораяр осмон.

Сойлардаги сувлар урмайди тўлқин –
Муз қотган бу чоғ.
Қушлар чуввос солмас, ҳорғин олар тин
Яйдоқ, бўм-бўш боғ.

Толлар юпун-яланг – тўлиб ангизга
Йўлга қарар зор.
Эҳтимол, яхшидир чиндан ҳам – сизга
Бўлмаганим ёр.

Қуёш тафти сўниб борар юракда.
Бу не? Нечук иш?
Балки, етиб келар шу кечада, ҳа,
Қаҳрин сочиб қиш.

МУҲАББАТ

Гоҳ илондек қошингда унсиз,
Қилар сенга сеҳру жодулар.
Гоҳ деразанг ёнида кундуз
Оқ кабутар бўлиб “ғув-ғув”лар.

Гоҳ шабнамда жилоланар шан,
Гоҳ гул ўйнар ўйчан, шикаста…
Хуллас, сени ором бағридан
Ғамлар сари етаклар аста.

Най сасидан бўлиб гоҳ зада,
Ҳўнграб қолар чиройли, шоён.
Бироқ уни ёт бир жилвада
Таниб қолмоқ қўрққулик, ёмон.

* * *

Гулдан чамбар таққан қизалоқ,
Най чалувчи чўпон бола ҳам,
Ўрмондаги кесишган сўқмоқ
Ва чироқлар – оқшом тушган дам, –

Бари ёдда. Кўзим олдида,
Юрагимда асрайман барин!
Фақат у йўқ менинг қалбимда,
Хаёлимдан фақат у нари.

Биллур орзу дарз кетди, синди,
Исинайин, олов беринг, оҳ!
Вужуд титрар… Қошимга энди
Қайтмагай у – хуш-хандон илоҳ.

* * *

Эшик ярим очилган,
Жўка бўй тарар шу тоб…
Столда унутилган
Хипчин ҳамда оқ қўлқоп.
Чироқнинг нури ғамгин…
Ёғдуси унинг хира,
Нега сен кетиб қолдинг,
Тушунмадим мен сира…

Эртага бирам ҳарир,
Ёрқин тонг отар, бешак.
Ҳаёт, ахир, гўзалдир,
Тентаклик қилма, юрак.

Ҳа, сен ёмон чарчадинг,
Ҳасратим санчди тикан…
Биласанми – ўқувдим,
Қалблар ҳеч ўлмас экан.

* * *

Кунларингга ғам-кадар қўнса,
Тутиб турмам, кетгин, кета қол.
Кимки агар эркин қуш бўлса,
Кутар уни, албат, бахт-иқбол.

Йиғламасман кечиб ўзимдан,
Маҳкумдирман ёлғиз ўтгали.
Ўпма мени сўлғин юзимдан, –
Ўлим келар мени ўпгали.

Эзди дилни мубҳамлик, фироқ
Ва қиш бўйи зерикдик қордан.
Айтгин, айтгин, ниманг яхшироқ
Менинг кўнглим тусаган ёрдан?

* * *

Кийиб олмиш яйдоқ боғ,
Муздан либос – ярқироқ.
Мендан кетган чекар оҳ,
Ортга йўл йўқдир бироқ.

Ўчган қуёш оташи –
Дарчадек бўм-бўш, гирён;
Кимнинг қиёфадоши
Бош суққан, менга аён.

Бир мунг аро дил ёнар,
Озурда юрак музлар.
Ях остида товланар
Кечаги қаро излар.

Уфқларга тушар кўлка –
Мудҳиш бир ғам нафаси.
Ва қотиб қолар кўкда
Кечиккан турна саси.

* * *

Дилгирликдан безиб кетди жон,
Юрагимга ҳар лаҳза оғу.
Тепаликда турар тегирмон,
Йиллаб балки сукут сақлар у.

Дайди ари излаб юрар бол
Чечакларни оралаб – сўлган.
Чорлайман сув парисин алҳол,
Аммоки сув париси ўлган.

Сув ўтларин тутиб чоҳида
Қуриб ётар кўл ҳам, ҳойнаҳой.
Оқ қайиннинг яйдоқ шохида
Ялтиллайди янги чиққан ой.

Ҳамма нарса ажиб ва рангин,
Теракларда майин илтижо!
Тўкиб дилдан ҳасратлар чангин,
Тупроқ бўлгим келаётир, о!

ОҚ ТУНДА

Эшикни қулфламадим,
Ёқмадим шамни эса.
Ҳорганман, лекин, билгин –
Кўз юммасман бу кеча.

Кўргайман – нурланар тун
Арчазор уфқлар бўйлаб.
Сасларга қулоқ тутгум
Сеникими деб ўйлаб.

Лек бўлдим мотамсаро,
Кўрдинг менга ғамни эп.
Ишонган эдим-ку, о,
Сени қайтиб келар деб.

* * *

Қалб йўғрилиб шан хаёлларга,
Кўрмасдим гап-сўзинг адоғин.
Эрта кузак гавжум толларга
Ёйган эди сариқ байроғин.

Муртад юртда кездик саргардон,
Пушаймондан энди диллар хун.
Гангисак ҳам чорасиз, ҳайрон,
Жилмаймоқчи бўламиз нечун?

Юз бургандик одми қисматдан,
Не ёзуқ бу – бўлдик мунглиғ, хор…
Мен ғам аро ташлаб кетмасман
Далли, дарвеш дўстимни зинҳор.

* * *

Мовий узумзорлар бўйи ифорли…
Дилни сархуш қилар олис-олислар.
Сенинг овозингда туймадим зорни,
Энди менга ётдир ачиниш ҳислар.

Мискин руҳ ажиб бир сурур туяди…
Чайир новдаларда мевалар сара.
Кўкдаги булутлар парча муз каби
Зангори дарёда сузарлар, қара.

Қуёш чарақлайди, нур сочар ёрқин,
Тўлқинларга айтгин дардинг бўлса гар.
Балки бергай улар сенга бир таскин,
Балки юз-кўзингни силаб ўпарлар.

* * *

Севгинг сўрамам, бас, дилимдан – бу аҳд,
Уни ўзга қўллар қучмишдир маҳкам…
Ишонгил, мен сенинг ёрингга ҳеч вақт
Йўлламасман рашким тўла хатлар ҳам.
Бироқ айтар сўзим шудир, қулоқ сол:
Ундан шеърларим сен қизғанма тақир,
Суратларимни ҳам тақдим эта қол –
Ошиқлар мард бўлар одатда, ахир!
Маъшуқаларга-чи, унингдек гўл, ғўр –
Мутлақ ғолибликка эришсалар, бас;
Юлдузлар уларга бермас оташ-қўр,
Илк кунлар сафосин улар ҳеч туймас…
Оддий, жўн бахтингга бўлиб андармон
Сен яшар экансан, топган каби ганж,
Дафъатан шуур-ла англагунг аён,
Ҳаммаси аянчли, ҳаммаси жирканч, –
Келма сен тантана кечамга маним
У чоғ танимасман сени мутлақо.
Нимада ҳам сенга кўмак берайин,
Халос этолмайман бахтдан мен асло.

* * *

Кўзларим беизн жавдирар ҳар бор
Не қилай, бир титроқ ёқар ичимни –
Тилга олишганда қошимда такрор
Кўркам ва жарангдор қисқа исмни.

Дала сўқмоғидан бораман ёлғиз,
Ғўлалар тахлами бир ёнда қат-қат.
Бунда хуш эпкинлар кезар тизгинсиз,
Баҳорий шўхликлар қилишиб фақат.

Орзиққан юрагим эшитар шу он
Олис-олислардан бир тансиқ мужда.
Биламан: у – тирик, юрар у шодмон,
Ғамларни енгишни билади жуда.

* * *

Шамол, мени дафн қил, шамол!
Хешларимдан йўқ дил умиди,
Қўнмоқдадир шом шафағи ол,
Таралмоқда намчил ер ҳиди.

Бир пайт мен ҳам эдим сен янглиғ,
Яшар эдим хуш-хандон, эркин.
Энди эса мурдаман совуқ,
Юзларимни силамас ҳеч ким.

Қанотинг бос бу мажруҳ танга,
Ўра уни тунга зимзиё.
Ҳамда айтгин ҳарир туманга,
Бош устимда ўқисин дуо.

Тоинки мен – бир шўрлик осон
Мангуликка кўз юмайин жим.
Шамол, шамол, куйла сен шоён
Баҳор васфин, баҳорим маним.

* * *

Бизлар шўх-шаддотмиз, қавммиз хуррам,
Жунбушга тушсак гар, жўшар қиёмат.
Деворда – қуш, гуллар сурати пурғам,
Мовий осмонларни қўмсарлар фақат.

Узун трубкангни тутасан сен,
Кўтарилар ундан тутун киройи.
Мен ҳам калта этак кўйлагим кийдим,
Бўлай деб янада кўҳли, чиройли.

Дарчалар тақа-тақ, ғуборлар инган,
Ташқарида наҳот аёз ёки қор?
Атрофга термилар кўзларинг зимдан,
Мушукникидан-да ҳуркак, эҳтиёткор.

О, юрак недандир озурда, беҳуд,
Сўнгги сониями – боққан жилвагар?
Муқом қилаётган анови вужуд
Дўзахга тушгайдир шаксиз, муқаррар.

* * *

Энтикардим мен ёлғиз дамда
Ўйлаб хумор кўзларингизни.
Энди эса узлат хонамда
Алам билан эслайман сизни.

Сиз Неванинг у қирғоғида
Ёт қўлларга асирсиз, ҳамдард.
Менинг машҳур замондошим, ҳа,
Бари содир бўлди пировард –
Сиз айтгандек – севгингни ўлдир,
Дегандингиз, ургандек ханжар.
Мана, бу кун паймонам тўлди,
Лекин қонда ишқ ортар баттар.

Агарда мен сўнсам, тугасам,
Шеърларимни ким ёзгай сизга?
Ким бахш этгай бетакрор жаранг
Айтилмаган ҳар битта сўзга?

* * *

Биз битта косадан ҳеч вақт ичмаймиз
На сувни ва на-да шаробни гулгун.
Тонглар уйғонмаймиз бир ёстиқда биз,
Бирга энтикмаймиз чўкканида тун.
Сен нафас оласан кундан, мен – ойдан,
Лекин тирикмиз биз бир севги билан.

Меҳрли дўст менга доим гиргиттон,
Сенинг ҳамдамингдир ҳар вақт мунис ёр.
Кўзларинг ҳадиги мен учун аён,
Чеккан оҳларимга сенсан сабабкор.
Биз шошмаймиз бот-бот висолга ҳеч вақт,
Шаънимиз асрамоқ биз учун қисмат.

Шеърларимга сенинг илҳоминг ёрдир,
Сенинг шеърларингда – мен талпинган бахт.
Уларда шундайин бир олов борки,
Ўчира олгайдир на қўрқув, на вақт.
Билсайдинг қанчалар соғинганим, о,
Сени узоқдан бир кўрмоқни ҳатто!

* * *

Дарёда муз қарсиллар ногоҳ,
Осмон гўё недандир зада.
Азоблайсан нега мени, оҳ,
Билолмайман – айбим нимада.

Сочаверма қаҳрингни ҳарчанд,
Керак бўлса – ўлдир, мендан кеч.
Истамайсан сен мендан фарзанд,
Ёқмас сенга шеърларим ҳам ҳеч.

Маҳв эт, майли, менга берма эрк!
Лиммо-лимдир кўнглим сабрга.
Сенга умрим бердим, ғуссам лек
Ўзим билан кетгай қабрга.

* * *

О, хаста ҳолимни сўраб келдингми,
Менинг тортинчоғим, беозоргинам…
Гарчи ётар эдим мажолсиз, мунгли,
Келмасанг-да сендан йўқ эди гинам.
Қўлингда гулчамбар – омонат, одми,
Мени тугади деб ўйловдингми ё?
Далли жилмайишинг кўп оғир ботди –
Унда меҳрмиди ёки истеҳзо?

Ўлим ваҳми энди мен-чун ҳеч, бекор!
Қолсанг қошимда гар тағин бирор дам,
Сўрагум худодан ажру истиғфор –
Сенга ва яна сен севганларга ҳам.

* * *

Шундай кунлар бўлар баҳор олдидан:
Қалин қор остида энтикар ўтлоқ,
Яланғоч новдалар қўшиқ куйлар шан,
Эпкинлар эсади илиқ ва юмшоқ,
Вужудинг туюлар қушдайин енгил,
Боқасан уйингга ажиб ҳайратда,
Эскиган қўшиққа тўйса ҳамки дил,
Куйлайсан янгидек уни бу пайтда.

* * *

Кўз юмар эканман, мунаввар қалбим
Мангулик ўйига яна бўлар ғарқ…
Кўҳна китоблардан битиклар қадим,
Тўсдек қаро зулмат аро уриб чарх –

Келиб рўпарамга, майлига, ғаддор
Даҳшатлар шевасин этингиз талқин,
Фақат хотирамга тегманг сиз зинҳор,
Сўнгги нафасгача қолсин у ёрқин.

Тоинки азоблар силсиласида
Сен менга туюлма ёт сиймо бўлиб;
Майли, қийноқ ортсин яна юз ҳисса,
Турсанг бас қошимда сен масрур, кулиб.

Ўлим ўз оғусин сўнгги сония
Босгайдир лабимга бамисли малҳам.
Шундан сўнг одамлар келиб, қабрга
Кўмгайлар вужудим, овозимни ҳам.

* * *

Ишқнинг хотираси бунчалар аччиқ!
Куйлайман – заҳрини ютиб мен тун-кун,
Бошқаларга эса – бу олов тансиқ,
Бедор кечаларда исинмоқ учун.

Зериккан қалбларга у бергай сафо,
Мени тортар фақат ҳасрат комига…
Тангрим, шу сабаб мен куйладимми, о,
Шу сабаб тушдимми севги домига!
Тутқаз қўлларимга шундайин оғу –
Айласин, майлига, мени соқов-гунг
Ҳамда достон бўлган қисматимни у
Йўқликка ғарқ этсин, қолдирмай бир мунг.

* * *

Шону шуҳрат ўткинчи шаксиз,
Ҳавасмиди бу туйғу менга…
Яшамадим бенаво, ёлғиз,
Мен бахт бердим жазманларимга.
Бири мудом яшар омонда,
Юрагида муҳаббат саси…
Бугунги кун катта майдонда
Кўркам ҳайкал эрур бошқаси.

* * *

Ҳақиқий севгини ҳеч нарса билан
Янглиштириб бўлмас, билмас у таъма.
Сен тўним мўйнасин тузатаркансан,
Қиласан кўксимни совуқдан пана.

Сўнг дейсан ҳаяжон туймайин тақир,
Илк севги ҳақида чиройли сўзлар.
Сезиб турибман-ку нигоҳинг, ахир,
Бир оч ютоқиш-ла нимани кўзлар!

* * *

Сўнгги бор учрашган эдик ўшанда,
Нева бўйи ҳар гал эди сўлим, шан…
Бу кеч кўпирарди дарё ўзанда,
Шаҳар хавотирда эди тошқиндан.

У ёз ҳақида сўзлаб, деди сўнг,
Шоирлик бу – аёл ишимас сира.
Шунда разм солганча шоҳ қасрига чўнг,
Юксак Петропавловск қалъасига-да! –

Туйдим, бирдан ўзга тус олди ҳаво,
Бошим айлантирди унинг хуш иси.
Ва ато этилди менга шу асно
Барча телба қўшиқларим сўнггиси.

* * *

Бисёрдир севилган қалбда карашма!
Ўкинчли юракнинг нажоти узлат.
Нақ кўзим ўнгида беором чашма
Замҳарир остида бормоқда музлаб.

Беюпанч руҳимга фараҳ берар ўй:
Аламнок вужудим совугай бир кун.
У чоғ хатларимни менинг асраб қўй,
Биз ҳақда авлодлар ҳукм этсин учун, –

Токи улар сендан туйсинлар фахр,
Доно, жасур бўлиб кўрингин у чоғ;
Сенинг таржимаи ҳолингда, ахир,
Бўлиши мумкинми кемтик ёхуд доғ?

О, нақадар тотли тириклик жоми,
О, нақадар чигал ишқнинг риштаси!..
Майли, қачонлардир менинг ҳам номим
Ўқишсин дарсликдан келажак насл.

Бу ғамли қиссани англашсин теран,
Ўтли ишқ жазмига қолсинлар қойил…
Севгингни қизғанган эдинг сен мендан,
Аччиқ шон-шуҳратга эт энди ноил.

* * *

Яна қиш – чанғилар кумуш қор узра
Майин ғичирлар.
Ойдин кенгликларни буркаб нуфузга,
Оқарар қирлар.

Олисларда милт-милт чироқлар бу дам
Сукутга чўмар.
Сўқмоқлар, бутазор, ҳатто сойни ҳам
Оппоқ қор кўмар.

Сув париси макон тутган мажнунтол,
Йўлдан қоча қол.
Зоғлар тўп-тўп… Энди уларга хушҳол
Бағринг оча қол.

Русчадан Мирпўлат Мирзо таржимаси


ЭНГ ҚАДИМИЙ СИРЛАР

1
Пойимда танти куз! Ажиб наҳорни
Атай зориқтириб олиб келишди.
Ортга қайта олмас ўн беш баҳорни
Ердан кўтаролмай армоним жўшди.

Мен унга шу қадар зориқиб боқдим,
Борлиғим қамради ардоқли хотир.
Кузнинг қаламида оловли оқди
Ҳеч кимга айтилмас энг қадимий сир.

2
Қуёшли хотирлар сўнаётир жим,
Майсалар сарғиш.
Қор-қировли кунлар ушлайди қўлим,
Гўё совуқ туш.

Тўлиб-тошиб оққан сувлар қайдадир,
Музлик бепоён.
Мўъжизалар қайтмас, дардларим оғир
Ўйлар беомон.

Дарахтларнинг боши осмонда, шамол
Куйлайди сўлим.
Умр йўлдошингиз эмасман, малол
Келмасин, жоним…

Қуёшли хотирлар сўлмоқда, нечун
Зим-зиё, олам?
О, балки!.. Келишга улгурар бу тун
Аёзли қиш ҳам.

3
Соз чалади бола, соз чалар,
Қизча гулдан ўрар гулчамбар.
Икки йўл бор кесишган дилбар
Ўрмон қадар, далалар қадар.

Ёдга тушар олис муҳаббат,
Қайта ёнмас олов ва ҳайрат.
Ёшлик ўтди, сўнди ҳарорат,
Фақат ўчай демас хотирот.

Исинай шу ўтда бир пас
Изн беринг, совуқ едим…О!..
Тиласам ҳам, кутсам ҳам келмас
Овозлари қанотли худо.

4
Сен мени дафн эт, дафн эт, шамол,
Келишмади ҳатто энг яқинларим.
Бошим узра кезар бесас, бемалол
Саргардон шом ила замин унлари.

Мен ҳам эдим сендек армоним йўқ, ҳур,
Фақат жуда-жуда келди яшагим.
Музлаб бораяпман, музлаяпман, кўр,
Ҳеч кимсиз, ҳеч несиз кетмоқдаман жим.

Кўксимдаги тубсиз ярани бекит,
Шомнинг ним қоронғу нафаси билан.
Мовий туманларга етказ, амр эт,
Тиловат қилишсин руҳ саси билан.

Ёлғизликда енгил тортсин бу жоним,
Бир куни сўнгги йўл бўлса чин ёрим,
Улуғвор гиёҳлар бирла бетиним
Шовуллаб чорласин қайтмас баҳорим…

5. СЎНГГИ ҚАДАҲ СЎЗИ
Ичадурман вайрон бўлган уй,
Заҳарханда ҳаётим учун.
Иккимиз ҳам ёлғизмиз-ку, қўй,
Сенинг учун ичгайман бу тун.

Мени сотган лабдаги рўё,
Кўзлардаги ўлик қаҳр учун.
Бешафқат ва бўм-бўш бу дунё,
Худо дариғ тутган меҳр учун.

6
Бу ерни танладим айтайин ишон,
Қаерда зерикмоқ-барибир менга!
Баланд тепаликда мудрар тегирмон,
Йиллар тилсиз, сукут сақларлар бунда.

Оҳиста сузади қовжираб қолган
Зарпечак устида асаларилар.
Ҳовуз ёнидаман, хаёлим олган
Сув париси бевақт жон берди, дерлар.

Занглаган балчиқлар қалинлашади,
Саёзлашиб борар шундай кенг ҳовуз.
Терак учларига яқинлашади
Нозиккина ҳилол ердан узмай кўз.

Борлиқ янгиланар, яна кўз очар,
Мирза тераклардан намхуш ҳид анқир.
Сукутдаман. Сукунатим жон сочар
Яна сенинг бўлмоқ учун, она ер.

7. ОСИЁ
Осиё, қадалдим қароқларингга,
Ичимга киргандай кўринди ичинг.
Сукунатнинг ўлмас қучоқларига
Сочилди ўйларим ҳавасли, қизғин.
Термиз саратони каби ёлқинли
Хотиралар оқди идрокларимда.
Карвонлари оғир, қадимий жонли,
Парчаланган вулқон ирмоқларидай.

Кўксимдан отилган бўзларимни жим
Ўзгалар кафтида ичгандай бўлдим.

8. ГУЛЛАЁТГАН ТОШКЕНТ
Айтиб бўлмас кучнинг азми, амри-ла
Шаҳар бирданига нурланиб кетди
Ҳар битта ҳовлига севинч, сабр ила
Энг оппоқ, энг енгил хаёллар етди.

Юракда бир ажиб нафасли оҳанг,
Уйғонди бу олам хушсурат, дилбар.
Анҳорлар тубида осмон жилваранг,
Туйғулар тўлиқди, дилда йўқ кадар.

Хотиралар ўчмас, тиниқ ёнарлар
Олис юлдузлардан тонг чоғи ҳайрат.
Сочлари тун каби толим оналар
Қўлларида гуллай бошлайди ҳаёт.

Ойгул Суюндиқова таржимаси

* * *

Сиғинаман дарча нурига, –
Гўё рангпар назокатдир ул.
Тонгдан ғарқман сукут сирига,
Юрак эса чилпарчин буткул.
Мен жўмракка қарайман: обдон
Кўкиш тусга кирмиш сариғ мис.
Жилваланар унда нур ҳамон,
Ҳар боқишда уйғонар бир ҳис.
Гарчи оддий, шунчаки у нур
Тун сукути қўйнида, аммо
Бўм-бўш гўшам аро у – сурур,
Руҳим учун гўёки байрам
Ва ширин бир тасалло.
1910

* * *

Ярим очиқ эшикдан
Жўкилар бўй уфурар.
Қўлқопинг хивчин билан
Стол устида турар.

Шитирлайди нимадир,
Чироқ – сарғиш доира.
Нега сен кетдинг, ахир,
Тушунолмайман сира…

Эртага тонг отажак,
Сочиб қувонч, олтин ҳал.
Оқил бўлсанг-чи, юрак,
Боқ, ҳаёт қандай гўзал!

Айт, не учун бу “чим-чим”,
Ҳар уришинг бўғиқ уҳ…
Биласанми, ўқувдим
Ўлмайди сира деб руҳ.
1911

* * *

Пайванд эмас юракка юрак,
Истасанг – кет, йўлингни берсин.
Кулиб боқар бахт-иқбол, бешак,
Ким йўлини танласа эркин.

Арз қилмасман ёш тўкиб ҳеч вақт,
Бахтли бўлмоқ насибам эмас.
Ўпма мени, бу ҳорғин, карахт –
Ғамдийдани ўлим ўпар, бас.

Чексиз азоб кунларин бир-бир
Яшаб ўтдим мен қиши билан.
Бироқ нечун, сен нечун, ахир,
Айт, яхшисан танлаганимдан?
1911

ҚЎШИҚ

Кун чиқар пайти ёлғиз
Ишқни қўшиқ қиламан,
Томорқада чўкиб тиз,
Шўраларни юламан.

Олиб отаман сўнгра –
Уволи менга, нетай?
Ана, бир қизча ҳўнграр
Четанга босиб манглай.

Фалокатнинг чинқириқ
Сасидан титрар ўйим.
Тобора анқир илиқ
Ўлик шўранинг бўйи.

Бўлгай ёвуз мукофот
Нон ўрнига чақир тош.
Бошимда гунг самовот,
Фақат овозинг йўлдош.
1911

* * *

Мен шунчаки бу ерга келдим,
Фарқсиз – қайда зерикмоқ бу кун!
Дўнгда мудрар елтегирмон жим.
Йиллаб бунда жим қолмоқ мумкин.

Қовжираган печакдан илинж –
Майин қанот қоқар болари;
Сув парисин чорлайман, кўл – тинч,
Биламанки, ўлган у пари.

Бақасалла, ўт хуружидан
Кенг кўл саёз – на кўрк, на чирой.
Тоғтеракнинг титроқ учида
Ялт этади енгил тўлин ой.

Бари янги туюлар бу чоқ,
Теракларда намчил ҳид турғун.
Мен жим. Жимман. Жимман, эй тупроқ,
Яна сенга айланмоқ учун.
1911

* * *

Қорбўрондан, аёздан келиб,
Исинмоқлик гулханда не бахт.
Бироқ кимдир секин эгилиб,
Юрагимни олди ўша вақт.

Янги йилнинг базми зап қувноқ,
Хуш ёқади гуллар атири.
Эшитилмас кўксимда, бироқ,
Ниначининг энди питири.

Таниб қолдим ўғрини, ё-ҳу! –
Уни менга фош қилди кўзи.
Энг ёмони шуки, тезда у
Ўлжасини қайтарар ўзи.
1914

* * *

Қани энди, “частушка”лар айтсам мен шўх-шан,
Сен жўр бўлсанг сал хирилдоқ гармонинг билан!

Сулипоя ортига сўнг ўтсак қучишиб
Ва сочбоғим ўша куни йўқолса тушиб .

Қани энди, ўғилчангни аллалаб ҳар кун
Мен тутқазсам бир сўлкавой сенга харж учун.

Йўқлов куни мозорбошдан вақтлироқ қайтсам,
Эгам берган ёруғ кунга шукрона айтсам.
1914

* * *

Азиз йўлчим, олиссан бугун,
Гаплашяпман сен билан лекин.
Шамларини ёққанча гардун
Ғарб ёлқинин кузатди секин.

Азиз йўлчим, сен ўнгга тезроқ
Қарат ёруғ юзингни, зеро:
Унда яшар айёр, бадқовоқ
Ҳукмдорим менинг аждарҳо.

Унинг ғори эркка тош тўсиқ,
На шафқат бор ва на қонун бор.
Айтмасин деб мени ҳеч қўшиқ,
Қамчин билан дўқ қилар девор

Ва қанотли махлуқ қутуриб,
Шукронага мени ўргатар:
Кулмасин дер қаҳқаҳа уриб,
Бўлсин дея сипо-ю камтар.

Азиз йўлчим, элт йўллар оша
Сўзларимни олис шаҳарга, –
Мен кимни деб яшасам, ўша
Тинглаб туриб ботсин ғамларга.
1921

СЕРГЕЙ ЕСЕНИН ХОТИРАСИГА

Одамлар кетади ҳаётдан бир кун
Тинчгина, оғриқсиз тугатиб йўлин.
Лекин Россиянинг шоири учун
Насибмас бунақа нуроний ўлим:

Қанотли қалб учса фалакка томон
Кўпинча қўрғошин солган йўлакдан,
Гоҳ бўғиқ хирилдоқ нафас ногаҳон
Ҳаётни чиқариб ташлар юракдан.
1925

* * *

Нега сувга қўшдингиз заҳар
Ва нонимни қордингиз лойга?
Нега сўнгги эркимни баттар
Беркитдингиз энг ифлос жойга?

Бу – хорланиб дўстлар ўлганда
Қилмаганим учунми байрам?
Ёки қолиб шўрбахт Ватанда
Дард чекканим учунми ҳамдам?

Жаллод билан кундани кутиб
Яшар экан шоирлар ҳар чоқ;
Бизга қисмат йиғлаб, шам тутиб
Гуноҳкорлик жуббасин киймоқ.
1935

* * *

Тағин ёнгинамда бари намоён:
Лоҳаслик, қизиган туннинг мавжлари
(Осиё алаҳлар – туши саратон),
Булбул Ҳалиманинг тенгсиз авжлари,
Беҳишт наргисларин хандон боқиши…
Ва кўзлар илғамас ғойиб олқиши
Ел каби шивирлар ўлкада шодон.
Тошкент,
1943

* * *

Ҳилол Чоржўй қовунининг тилими монанд
Деразамга қўнганида, димиққанда тун,
Осмон зангор япроқ каби ўз сеҳрига банд –
Этиб уйни, яширганда қўйнига бутун,
Сопол коса муздек сувдан жунжиккан палла,
Болаликда ёнганидек қўмсаб парвона –
Тунни қувиб порлаганда шамим мардона,
Сукут қаҳ-қаҳ урганида тингламай сўзим –
Ногоҳ недир ўрлаб чиқиб, йўқолур шу зум
Рембрандтнинг руҳи ҳоким қора бурчакдан,
Аммо бундан на дил чўчир, на титрайди тан…
Қора мушук юз йилларнинг кўзидек боқар,
Танҳоликнинг тутқунида юрагим балқар,
Ёрдам бермас, ойнадаги аксим ҳам турғун.
Ширингина ухлагайман, хайрли тун, тун.
Тошкент,
1944

ГУЛЛАЁТГАН ТОШКЕНТ

Мисли қудрати-ла олий фармоннинг
Тўсатдан шаҳарга қуйилди нурлар –
Хаёлий шарпадек ҳар хонадоннинг
Қону ўпкасига сингиди улар.

Уларнинг нафаси сўзу имодан
Аниқроқ, баъзиси маҳкум бирпасда
Зангори оловдек ёнган самодан
Ариқлар тубига чўкмоққа аста.

* * *

Мангу олқиш нурига шоён
Ул серюлдуз азиз гўшани
Ва қирқкокил жувонлар шодон
Аллалаган чақалоқларни
Унутмагайман.
1944

* * *

“Ва буюрди деб менга кимдир:
Қани гапир! Неки борини…”
Леон Фелипе

Эшитгайдир қачондир ҳар ким,
Одамлардан қолмагай пинҳон:
Қамоқларда чириди ўғлим,
Қамчилардан илҳом бўлди қон.

Кимлар кетди, ким бор, ким келар –
Мен ҳаммадан кўра айбдор…
Менга ётмоқ бахтдек туюлар
Жиннихона катида бедор.

ОНА ТУПРОҚ

Биздек ўжар ва биздек хоксор,
Йиғи билмас халқ йўқ дунёда.
1922

Муқаддас тумордек кўкракда асраб,
Унга шеър битмаймиз кўтариб қий-чув,
Аламли тушларга бўлмас у сабаб,
Ё жаннат боғидек туюлмайди у.
Уни кўнглимизда қилмаймиз асло
Олди-сотди учун қимматбаҳо мол.
Уни унутамиз эслашни ҳатто
Бағрида гоҳ бемор, гоҳ бахтсиз, беҳол.
Ҳа, у ковушдаги лойдир биз учун,
Ҳа, у тишимизда ғичирлаган чанг.
Биз эзиб-топтаймиз, қиламиз кукун
Ҳеч бир гуноҳи йўқ шу хокни, қаранг.
Унга айланамиз, лекин, бир куни,
Шу сабаб меники деймиз биз уни.
1961

Рус тилидан Абдулла Шер таржимаси

* * *

Жиддий боқма ҳамма нарсага,
Чекмай десанг бир кун надомат.
Кўнгил қадрин билмас кимсага
Дилни очмоқ керакмас албат.

Ким учундир эпизодсан, бас —
Оддий чизиқ дайри фанода.
Йўқ, йўқ, ҳушни олар уфқмас,
Сен заррасан ёруғ дунёда.

Нолсан — ҳечлик, йўқлик тимсоли
Ким учундир, олмагайсан тан.
Зирқирашдан бўлолса холи
Қалбинг, қаҳ-каҳ ургунг дафъатан.

Жилмаясан қараб, кўзгуда
Малак турар, сурганча хаёл.
Кўз ёшинг арт, бошингни кўтар,
Гўзалликнинг ўзисан, аёл!

* * *

Йигирма биринчи, душанба туни.
Пойтахт чизгилари — хира осмонда,
Қандайдир бекорчи айтди бир куни
Муҳаббат бор, дея ёруғ жаҳонда.

Соддалик сабаб ё соғинганидан
Одамлар ишонди — шундоқ яшашар:
Висолни кутишар, чўчиб ҳижрондан,
Ишқий қўшиқларни ҳамон куйлашар.

Сирни очади-ю бировлар, лекин
Лом-мим дейишолмас, сукутда бари.
Бунга тасодифан дуч келувдим мен,
Гўё хастадекман ўшандан бери.

* * *

Тирикмисан, ёруғ оламда
Борми сени излашдан маъно?
Оқшом чоғи эслаб, аламдан
Ёрқин олов таратайми ё?

Сен учундир кундуз дуоси,
Ёндиргувчи бедорлик — бари.
Шеърларимнинг оппоқ галаси,
Кўзларимнинг мовий гулхани.

Ҳеч ким менга азиз бўлмаган,
Бахш этмаган бунчалар алам,
Ҳатто, ўша — мени алдаган,
Эркалаб, сўнг воз кечган одам.

* * *

Ёқимлидир гулхан теграси —
Изғирин ва шамолдан кейин,
Унда дилни асролмадим мен,
Ўғирлашди уни, чамаси.

Давом этар янги йил, намхуш
Атиргуллар пояси ҳам бот.
Юрагимда бермайди товуш
Ниначилар, силкишиб қанот.

Оҳ, ўғрини аниқлаш осон,
Кўзларидан олгайман таниб.
Қўрқаманки, келар мен томон,
Ўлжасини қайтиб бергани.

* * *

Боғланмаган кўнгил кўнгилга,
Кетавергин, истасанг агар.
Ким шаҳд билан чиқаркан йўлга,
Шаксиз, уни кутади бахтлар.

Нолимайман, тўкмасман ашким,
Тақдиримга битилмаган бахт.
Бўса олма, таслим бўлса ким —
Уни ажал ўпади шу вақт.

Ҳазин кун-ла ташлашиб қадам
Қиш кунлари ўтаркан оппоқ.
Мен танлаган ўша одамдан
Оҳ, наҳотки бўлсанг яхшироқ?

* * *

Шом нурлари сарғиш ҳамда кенг,
Ёқимлидир апрел салқини.
Гарчи кўп йил кечикиб келдинг,
Кўрганимдан мамнунман сени.

Кел, ёнимга ўтир яқинроқ,
Кўзларимга қарагин кулиб.
Манави кўк дафтар ичра, боқ —
Илк шеърларим турар жам бўлиб.

Кечир, эдим ҳаддин дилпора,
Қуёш мени қувонтирди кам.
Ўхшатибман сени кўп бора
Ўзгаларга, ўт гуноҳимдан.

* * *

Шундай бўлар баҳор олдидан:
Қор остида ўтлоқ олар тин.
Пичирлашар дарахтлар шодон,
Илиқ шамол равон ва майин.

Енгил сезиб танингни, руҳни,
Уйинг ажиб кўринар бу он.
Жонга теккан эски қўшиқни
Яна бошдан айтасан шодон.

* * *

Кетдим сокин боғинг, оппоқ уйингдан,
Токи умринг ёруғ, кимсасиз бўлсин.
Мен шундай ёздимки мадхинг, кўйингда —
Аёл зоти ёза олмас бундайин.

Жаннатингда мени этажаксан ёд,
Кўзлар қувончи деб қилувдинг бунёд.
Бисотимда эса камёб бир мато,
Севгинг ва меҳрингни сотяпман ҳатто.

* * *

Санаганча бўм-бўш кунларни
Ёлғиздирман, топилмас ҳамроз.
Оҳ, қайдасиз, озод дўстларим,
Оққушларим, беринглар овоз.

Чорламасман қўшиқлар куйлаб,
Кўз ёш билан қайтармам ортга.
Лекин тунда, қайғули ўйлар,
Дуолар-ла оламан ёдга.

Бўлиб ажал ўқига нишон
Қулаб тушди ногоҳ бирингиз.
Бири мени ўпгани замон
Қарға бўлиб кўз очди, эссиз…

Лек йилда бир бўлади содир,
Қалин музлар эригани дам,
Екатерина боғидан дилгир
Пок сувларга боқаман мен ҳам.

Ва эшитгум: тарар сув юзин
Кенг қанотлар мовий дур соча.
Бузиб мангу зулмат тузугин
Ким қабримга очди дарича?

* * *

Жилмайишни тамом унутдим —
Совуқ елда музлади лабим.
Абас бўлди битта умидим,
Сўнг биттага ортди қўшиғим.

Шу қўшиғим бергум ноилож,
Майли бўлсин масхара, кулги.
Чунки дилга ботмоқда ёмон
Муҳаббатнинг узоқ жимлиги.

*  *  *

Тошдек оғир ва метин бир сўз
Қулаб тушди тирик бағримга.
Сезган эдим — на ҳожат афсус?
Ишонаман ахир сабримга!

Бугун кўпдир юмушим: зотан
Хотирамни этгайман барбод.
Токи тошга айлансин дийдам
Ва қайтадан бошлайин ҳаёт.

Йўқса… Бу ёз шитирлаб чунон
Ташқарида бошлаб қолар тўй.
Менга эса танишдир мудом —
Ёп-ёруғ кун, ҳувиллаган уй.

22 июн. 1939.
Фавворали уй.

*  *  *

Орзудан юз буриб, ҳориб ўйлардан
Қишга зорман — ҳамма бўлгандай безор.
“Ёмғир тинади” деб берувдинг ваъда,
У эса қуймоқда шаррос ва такрор…

Хонам ойнасидан боқиб фаромуш
Кўрганим рўёми, ҳақиқат бу он?
Қачондир айтгандинг: “Ҳаёт — мисли туш”,
Уйғониб кетдим, лек тирикман ҳамон.

Эртанги кун эса рол берар ўзга,
Телбавор жаранглар кулгуларим ҳам.
“Севги — азоб” девдинг тик боқиб кўзга,
Хатодир  сўзларинг. Севги — жаҳаннам.

Гулноз Мўминова таржимаси

* * *

Деди: — Нечун бугун йўқ тобинг,
Ва қўлимни сиқди билдирмай.
Дедим: — Чунки қисмат шаробин
Нўш айладим томчи қолдирмай…

Чиқди, кетди — қандай унутай —
Ўгирганча мендан юзини..
Эшиккача тўсиқни сезмай
Мен югурдим, билмай ўзимни.

Фарёд урдим: — Оҳ, ҳазил эди!
Сен кетсанг, мен ўламан,ахир!
Қайриларкан беомон деди:
— Шамоллайсан, ичкарига кир!..

* * *

Узоқларда ўлсам ва унга
Жуда ҳам кеч етса бу хабар,
У титрамас, ачинмайди ҳам,
Кулиб қўяр беғам, бекадар.

Сўнг эслайди: Нева бўйлари..
Қорга чўмган осмону замин…
Ва эслайди: “Сени бир умр
Асрайман!” деб ичган қасамин.

* * *

Боғланмади юрак-юракка,
Истасанг кет, қўй мени якка.
Етиш мумкин ҳар бир тилакка,
Боғламаса ким ўз йўлини.

Йиғламасман, наво қилмасман,
Йўқ, бахтингга даъво қилмасман.
Ўпма мени, чарчадим, бас, ман,
Ўлим келар ўпгани мени!..

Яшаб ўтдим ғамбода, дилхун
Узун қишлар оқшоми беун.
Нима учун, оҳ, нима учун,
Ортиқ кўрдим ҳаммадан Сени?!

* * *

Беркитмадим эшикни бу кеч,
Ёндирмадим шамчироқни ҳам.
Сен билмайсан, қанчалар толдим,
Сўрамайман ва лекин малҳам —

Сен билмайсан тунги шафақда
Қандай сўнар энг сўнгги шуъла.
Мустағриқлар товушин “Сен” деб,
Югурганим йўлга бир йўла…

Йўқ билмайсан, макруҳ бу ҳаёт
Йўқотмишин муҳр этар ёдга.
О, мен қандай ишонар эдим,
Қайтасан деб бир куни ортга!..

* * *

Сен энди вазмину афтода, эзгин,
Орзу ва шуҳратдан мангу йироқсан.
Лекин мен учун сен, тузалмас севгим,
Шунча яқин, шунча қоронғуроқсан!

Майга юкингансан.
Тунларинг нопок —
Эслолмайсан нелар кўрганинг хобда.
Лекин маъюс, маъсум кўзингдан аён:
Таскин тополмассан шароби нобдан!

Мен юракка тезроқ сўрайман ажал,
Судралган умримга қазонинг тинчин.
Ғарб шамоли менга келтирар ҳар гал,
Сенинг маломатинг, сенинг ўтинчинг…

Қайта оламанми ёнингга наҳот?!
Бўз осмон ёпинган ватанда танҳо
Мен сени куйлайман ва айлайман ёд,
Сен мени эслашга уринма аммо!

Шундай кунлар ўтар, ғам эса ортар,
Мен қандай сен учун сўрайман карам?!
О, рост айтдинг, менинг севгим шундайки:
Илож тополмассан ўлдирмоққа ҳам.

Зебо Мирзо таржимаси

* * *

Бунча ўзгарувчан менинг қисматим,
Ё кимдир борми бу ўйин ортида?
Қани ўша қишлар? Ётиб ухладим,
Эрталабки соат олтида.

Янгича, хотиржам ва ғазаб билан
Яшайман ёввойи қирғоқлар бўйлаб.
Ёқимли сўзлар йўқ. На бордир байрам,
Энди айтолмайман очиб лаб.

Байрам бўлишига ишончим йўқроқ,
Балки таъсиридир ям-яшил чўлнинг.
Қуёш ялаб ўтган бу силлиқ қирғоқ,
Гўё илиқ тўлқини йўлнинг.

Бахтга интизорман. Чиқмас чарчоғим,
Шундайин сокинман — қолган умримда.

Ҳеч қачон таърифга сиғмаган титроқ,
Орзулар бор эди тасаввуримда.

* * *

Тополмадим юрагингга йўл,
Гар кетмоқчи бўлсанг, кетавер.
Олдиндан бахт тайёрланган, мўл,
Ким бу йўлда боғлай олса бел.

Йиғламайман, қилмагайман арз,
Бахтли бўлиш менга нораво.
Чарчаганни ўпмагин бу тарз –
Ўлим ўпар мени бепарво.

Ўтиб кетди энг азобли кун,
Гўзал, оппоқ қиш билан бирга.
Нима учун, оҳ, нима учун –
Севгилимдан яхшисан, нега?

* * *

Мана, яна бир ўзим қолдим,
Санаш учун бўм-бўш кунларим.
О, озод руҳ дўстларим менинг,
О, ўзимнинг оппоқ қушларим.

Чақирмайман сизни қўшиқда,
Қайтармайман кўз ёшлар билан.
Аммо тунги ғамгин мусиқа –
Ибодатда унутолмайман.

Етиб олиб ўқ билан ўлим,
Орангиздан йиқитар кимни?
Қорақузғун узатиб қўлин,
Сўнгра ўпа бошлайди мени.

Бир бор бўлар фақат бир йилда,
Фақат эриганда қалин муз.
Екатеринанинг боғида –
Тоза сувга тўлганда ҳовуз.

Эшитяпман қанот товшини,
Мовий гумбаз устидан равон.
Билмам, очди ким деразани
Тобутларнинг зулмати томон.

* * *

Сен доим сирлисан ва ўзгарувчан,
Итоат қиляпман сенга кун сайин.
О, дўстим, севгингда йўқдир шафқат ҳам,
Синовинг қаҳрли оловдай майин.

Тақиқлаб қўйгансан куйлаш, кулишни,
Ибодат қилишни аввал этдинг маън.
Сендан айрилмасам бўлди ишқилиб,
Қолгани барибир! Нима бўлса ҳам.

Ер билан осмонга бегона бўлдим,
Энди куйлашни ҳам жоним этар рад.
Гўё сен дўзах ё жаннатда, дўстим,
Олиб қўйдинг озод қалбимни фақат.

* * *

Юбориб ўтирма кабутарларинг,
Ёза кўрма ҳечам хавотирли хат.
Юзимга елпима мартнинг шамолин,
Кеча кечда кўрдим ям-яшил жаннат.
Тана ва қалбимга қуйилди сокин,
Чодир остидаги теракдан фақат.

Кўраман шаҳарни худди шу ердан,
Сарой ёнидаги дўкон, ертўла.
Музтепада Хитой кўприги сари,
Уч соатдан буён кутасан – совуқ.
Лек кетиб бўлмайди эшик олдидан,
Ҳайратга солади янги юлдузлар.

Сакрайман олмахон бўлиб дарахтда,
Югуриб юраман сичқондай чўчиб.
Чақиргим келади сени оққуш деб,
Қўрқинчли бўлмаслик учун куёвга.
Мовий қор айланар бошимда учиб,
Кутиб туриш шартми ўлган келинни?

* * *

Йигирма биринчи. Оқшом. Душанба,
Зулматда товланиб кўринар пойтахт.
Севги борлигини айтди оламда –
Қайсидир бекорчи, қайси ақли паст.

Дангасаликданми, ё зерикишдан,
Ҳамма осонгина унга ишонди.
Ҳамма қўшиқ айтди севгидан, ишқдан,
Тонгда – айрилиқдан қўрқиб уйғонди.

Ва лекин очилди сирнинг бариси,
Уйқудай элитди сокинлик ҳар дам.
Тасодиф урилиб кетдим. Ва мен ҳам
Худди шу касалга чалингандайман.

* * *

Кўришдик ўшанда такрор. Сўнгги бор –
Қирғоқда аввал ҳам учрашган жойда.
Невада сув жўшқин оқар беғубор,
Ва яна тошқиндан қўрқув ҳаммада.

Гаплашдик ёз ҳақда. Ва шундай деди:
Шоирлик аёлга — ярашмаган иш.
Қандай эслаб қолдим мен баланд уйни,
Ва Петропавловнинг синчлари таниш.

Ҳаттоки, бизники эмас-ку ҳаво,
Нақадар мўъжиза – Тангри совғаси.
Шу онда берилди менга бебаҳо,
Телба қўшиқларнинг сўнггиси.

* * *

Менинг соям қолди соғиниб бедор,
Ҳали ҳам яшар у кўм-кўк хонада.
Шаҳардан меҳмонлар келар беқарор,
Сирланган идишлар қолмас панада.

Унча хотиржамлик эмас уйда ҳам,
Қанча олов ёқсин, уй қоп-қоронғу.
Шундан зерикади уй бекаси ҳам,
Шундан эр винога қўйгандир ружу.

Эшитилар девор ортидан овоз,
Мен суҳбат қураман меҳмон билан соз.

Хосият Рустамова таржимаси

КАККУ

Какку каби тутқундирман
Мен бу соат ичинда,
Ўрмондаги қушлар озод,
Мен итоат ичинда.

Тоблашади, сайрагайман:
Кук-ку, кук-ку, кук-ку, кук-ку…
Амрин бажо айлагайман:
Кук-ку, кук-ку, кук-ку, кук-ку…

Бошга тушган бу қисматдан
Бўлдим адо мен бенаво,
Бу кунимни душманга ҳам
Кўрмагайман асло раво.

* * *

Кулмай қўйдим, дилда йўқ қувонч,
Бу аёзда қовушмайди лаб,
Камаяди яна бир ишонч,
Кўпаяди битта ашула.
Энди аччиқ кулги, беомон
Ҳақоратга лойиқ бу қўшиқ,
Менга азоб беради ёмон
Юрагимда сир сақлаган ишқ.

* * *

Ўқ отасан зимдан пинҳона
Юрагимни олиб нишонга,
Соғинчимни – қушимни яна
Қувмоқ учун тун-зимистонга.

Титрамайди қўлинг, азизим.
Менинг сабрим тугар ниҳоят.
Дилдан учур соғинчим – қушим,
Шохга қўниб куйлайди баёт.

Эшитилар унга бу хониш,
Очар деразанинг кўзини.
Дейди: “Жуда таниш бу товуш,
Тушунмадим аммо сўзини”–
Сўнг юмади кўзини.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси