Елисавета Багряна (1893-1991)

Елисавета Багряна (ҳақиқий исми-шарифи — Елисавета Любомирова Белчева) (29 апрель 1893, София — 23 март 1991, София) — болгар шоираси, таржимон. Болгария Халқ Республикаси Қаҳрамони (1983). Димитров мукофоти лауреати (1950).

ЭВАРА

Олис аждодларим портретлари,
Унвонлар китоби авлодимда йўқ.
Улар қўшиғини билмайман барин,
Ўтган йўлларидан юрмайман аниқ.

Лекин тортиб қўяр чакка сочимдан
Томир-томирларда ўйноқ, қайноқ қон.
Мени йўқотади буткул тинчимдан,
Муҳаббат қаърига судрар беомон.

Бувимнинг бувиси ёшгина экан,
Ипак шоҳи юзда, чиқармай сасин
Йўлга тушмаганми ажнабий билан
Ишқнинг тулпорида ярим кечаси?!

Чақмоқ от ёллари, қоп-қора хаёл,
Ёдлар Дунайбўйи боғлари ҳамон!
Ошиқлар изини кўчирган шамол
Эгри қиличлардан сақлаган омон.

Эҳтимол, шу боис севаман дала
Узра янграб кетса оққуш хитоби.
Кенг мовий қирғоқлар товланар палла
Қамчи ҳаволанса, отлар шитоби…

Беиз кетаманми ё акси – не тонг!
Сўнгги нафасимга қадар гулбоғим,
Сени мадҳ этаман, азиз онажон,
Қадимлардан қадим булғор тупроғим.

Зуҳра Асқарова таржимаси

ҚУДУҚ

Кичик қўрғонимнинг юраги –
майдон бурчагидаги қудуқ,
уч туп қайин ўртасидаги,
айри танали қарағай
остидаги айлана қудуқ.
Қишнинг қаҳратонида илиқ сувли,
ёзнинг саратонида совуқ сувли
қутли қудуқ.
Тонгда оппоқ,
шомда қорамтир
шуъла сочиб сўнмайдиган,
мисли чамбарак ойна,
тош гардишли ялтироқ кўзгу,
қудуқ кўзи
юмилмас мангу.

Оғир қопқоқ билан ёпилган кўзгу.
Унинг қопқоғини очсам чошгоҳда,
қуёш нури ўйнар шишадек сувда,
тиниқ осмонда учади қушлар,
настарин рангин сепар жануб шамоли.
Унинг қопқоғини очсам оқшомда,
булутлар сузади кумушдек сувда,
тилло лаган ташлайди
қудуқнинг тубига ой,
кўкдаги юлдузлардан
томчилар биллур кўз ёш,
нур тарала бошлайди
қудуқдаги осмондан.

О, менинг қудуғим,
тиниқ,
теран,
бедор,
ҳамиша уйғоқ.

Қудуқ хотирасида
одамларнинг қадам товуши,
йиғи-сиғи, ўйин-кулги,
болаларнинг шод қийқириғи,
шивир-шивир севги изҳори,
тўй-маърака ғала-ғовури.
Шу қудуқдан тортиб олинган сувдан –
шу қудуқдан тошиб чиққан зиёдан
жон киради беҳол танамга,
вужудимга киради мадор,
юрагимга қувват киради.
Руҳимга куч,
томиримга қон
қишнинг қаҳратонида илиқ сувли,
ёзнинг саратонида совуқ сувли
қутли қудуқ.

Бироқ сен билармидинг,
қудуқ қазмоқ –
нақадар оғир юмуш?
Ернинг заранг қатламин ўймоқ,
қумли, тошли ерларни қазмоқ,
тиғ ўтмас, берч лойни кавламоқ?
Кимга зарил бу?!
Қудуқнинг кўзини очгунимча то,
ер остидан булоқ топгунимча то,
мен қазиган тупроқ тоғ бўлиб кетди,
мен кавлаган тошлар тоғ бўлиб кетди.

Таниш ва нотаниш кишилар бир тўп,
жуда қизиқувчан,
томошабин халқ
бир зумда бошимда тўпланиб олиб,
менга танбеҳ беришди:
– Водопровод бор-ку уйингда, ахир,
сенга нега зарил ўзи бу қудуқ?!

Беихтиёр қимтиниб,
ногаҳон ўзимни ҳис этиб айбдор,
одамларга очдим секин кўнглимни:
Сливенни эслатади менга бу қудуқ,
бахтиёр дамларимни,
илк жўшқинлик севинчини,
илк тўлқинлар оҳангини
ҳис этарман ёдимда такрор.

Халқ деди: “Бу хаёл. Шеърият!”
Мазах қилиб кулди одамлар.
Бироқ қурғоқчилик келгач тўсатдан
қуриб қолди кўллар, ариқлар,
кранлардан сув оқмай қўйди,
жўмраклардан жилдирамас сув.
Мени мазах қилган ўша одамлар
чопиб келди дарҳол қудуқ бошига,
қудуқдан муздек сув тортиб олишиб,
сув ичиб, чанқоғин қондирди улар.

Сўнг тўсатдан жуда қаттиқ келди қиш,
сув оққан ариқлар музлади-қолди –
қўрғошин қувурлар,
чўян қувурлар
дарз кетди,
ёрилиб кетди совуқдан.
Ҳамма нарса жонсиз тўнгди, музлади.
Бироқ тирик эди биргина қудуқ,
тирик эди унинг тубидаги сув.
Фақатгина қудуқ оларди нафас,
оғзидан чиқариб қайноққина буғ.
Илиққина сув ичдим
ёшлик чоғимда
Сливендаги эски қудуқдан
илк бора ичганимдек
ишонч,
Эътиқод.

Рус тилидан Рустам Мусурмон таржимаси