Александр Викторович Ерёменко (25 октябрь 1950, Гоношиха, Олтой ўлкаси) — рус шоири.М.Горький номидаги Адабиёт институтини тамомлаган. Борис Пастернак номидаги мукофот лауреати (2002).
* * *
Келишганман, кўзимда ёлқин,
Илон каби дономан – аён.
Мен аёлни осмонга отдим –
Ва меники бўлди у аёл.
Май шишани қўлимда ушлаб,
Ресторанда кезинганим он,
Руҳ тарайман жангчига ўхшаб,
Кийик каби чаққонман, чаққон.
Шивир-шивир етар ортимдан, –
Кўрсатишар – бармоқлар бигиз:
“У аёлни осмонга отган,
Ўша аёл осмонда ҳануз”.
Мен бу ишга иқрорман, иқрор:
Бирор жойга бордимми – тамом –
Қучишади такрору такрор,
Пул беришар – мақтаб беармон.
Ҳали қанча бўлар тортишув, –
Кўнглимда шу баҳсни туйганман:
Нечун солдим эл ичра ғулу,
Нима ичиб, нима кийганман.
Бир айбимни олай бўйнимга,
Шу шеърда ҳам айтайин бугун –
Учмаганман фазо қўйнига,
Бу ҳам фақат чекканим учун.
Ва албатта, яшаб абадий
Меҳнат қилмоқ умрим режаси:
Шу бепарво авлодлар ҳаққи, –
Йўқолсин деб ёлғон пешаси,
Бу дунёда ҳар бир кас борким,
Мендек, ростни айтолсин ҳалол:
“Мен аёлни осмонга отдим –
Ва меники бўлди у аёл”.
Усмон Азим таржимаси