Юлиан Пшибось (1901-1970)

Юлиан Пшибось (Julian Przyboś; 5 март 1901, Гвозьница-Дольна, Австро-Венгрия — 6 октябрь 1970, Варшава) — поляк шоири, эссешунос, таржимон ва публицист. Дипломат.

ҚИШЛОҚҚА ҚАЙТИШ

Варшава кўчалари қўйиб юборди мени,
Ўзининг эзгу ва алдамчи ниятлари-ла,
Энди мен яхшиси дарахт бўлғувси ниҳол ўтқазаман!
Тун ўтди сайёр булутлар остида.
Оёғим остида каклик каби
чўчиб елди шабада.
Не қиляпман бунда мен тубсиз само остида
дала ва тоғ аро ақлдан озиб?
Отам тикка тоғ қияликда тўхтатди ўз омочини,
Бирпас хаёлга берилди;
менинг қулоғимга у
йил сайин машаққат билан
ерга силкитиб ташламоқчи бўлган
кўҳна ҳақиқатларни айтмоқчимасмикан?
Нима ҳам қилдим, мен уларнинг
кулранг юлдузларини
уфқ эгати ёқалаб қиямасига
қузғунларни қувиб сихмолалайман.

ОҚШОМ

Худди шундай,
Ўша юлдузлар балки
Ёғар эди заминга
Хоҳла кафтингга ол уларни.
Худди шундай кеч ғира-шира оқшомда
У менга гапирди муҳаббат ҳақида.

Оғочлар кўланкаси,
Эгилиб букилиб
Турар эди тонгга бўй чўзиб.
Қоронғи кўчаларда яратиб макон
Туйнуклардан чиқиб келди шуълалар.

Боғлар этди озод дарахтларини
Ва буғоқ наҳрида суза бошлади уйлар,
Қуйи соҳилларда қандоғоч ичра сузарди ҳасрат,
Ва ҳилол пардасин тушириб самодан
Хотиралар сари олиб борувчи
Ёритди менинг олис йўлимни.
Сенинг кафтинг ёруғлантирар иккимиз аро поёнсизликни.

Рус тилидан Даврон Ражаб таржимаси