Зираддин Қафарли (1955)

Зираддин Қафарли (Zirəddin Qafarlı) 1955 йилда Озарбайжоннинг Тўвиз туманида туғилган. Ўрта мактабни битиргандан кейин 1972—1973 йилларда ишчи бўлиб ишлаган, ҳарбий хизматдан сўнг 1983—1989 йилларда М. Горький номидаги Дунё адабиёти институтида ўқиган. “Ёзувчи” нашриётида (1989— 1993), Озарбайжон ТВда (1993—1997), Адабий тарғибот бюросининг Сумгаит бўлимида (1998—2008) ишлаган. Ҳозирда Ижтимоий ТВда ишлайди.
Адабий фаолиятини 70-йилларда бошлаган. Бу кунгача унинг бешта шеърий китоби чоп этилган. “Дунё билан юзма-юз” (1989), “Ҳақдан келган оғриқлар” (1991), “Сени кутаман” (2002), “Бу йўлдан ўтган отлиқ” (2005), “Қайдасан умрим-куним” (2008).

ДУНЁ ТАМИЗЛАНАР, ДУНЁ ПОКЛАНАР

Не-не йўллар юриб ҳориди дунё,
У ҳам ўз отини минмоқ истайди.
Шундай ёна-ёна қоврилди дунё,
Сувларга отилиб чўммоқ истайди.

Бевақт эркимиздан бу дунё безди,
Олисда гизланмак истайди яна.
Уни чирк қоплади, уни кир эзди,
Дунё тамизланмак истайди яна.

Балки жонга теккан одамлар бари,
Ҳорғин, хафасидир вақтнинг, асрнинг.
Ёзда гул-чечаги, ёнбагри, жари,
Қишда кўрпасидир вақтнинг, асрнинг.

Ахир юрт — уядир бу Ер курраси,
Тўғри бўларми ҳеч ёнмоқ бу Юртга?!
Дер эдик: жонимиз ҳар бир зарраси,
Биз ёмон, хор боқдик аммо бу Юртга.

Гўё жим ҳар нарса, жимжитдир эллар,
Ҳаёт бошдан-оёқ ачиди шундай.
Гулламайди гуллар, ўсмайди гуллар,
Бизнинг дунёмиз ҳам ранжиди шундай.

Кифтида не учун юк бўлдик унинг?
Тошиб денгизланмак истайди дунё.
Бу менинг сўнгимдир, бу сенинг сўнгинг,
Биздан тамизланмак истайди дунё.

ТЕРМА

Мен-ку сени ҳеч унута олмайман,
Хотиралар, бас, не учун йиғлайди?!
Ерда, кўкда қарор тута олмайман,
Қолган ҳечинг, кетган кўчинг йиғлайди.

Бўм-бўш қолди ўнгу сўлим, кел кўрай,
Айт, қайдасан, сирли гулим, кел кўрай.
Босди уйим, синди қўлим, кел кўрай,
Ҳиқ-ҳиқ этиб сенсиз ичим йиғлайди.

Бу ёлғизлик юрагимга дард бўлди,
Зираддинман, увол кўзим тўрт бўлди,
Бир ортга қайт, оҳларимга кўк тўлди,
Йўлларингда бир кўкарчин йиғлайди.

ДАРДИМ

Не-не ерга бўлингансан,
Бу ёз дардим… бу қиш дардим…
Бир олам дунёнг бор сенинг,
Ўз дунёнгга сиғиш, дардим!

На кетарсан, на қоларсан,
Яна қайга бош урарсан?!
Ўзинг тўлиб бўшаларсан,
Булут дардим, ёғиш дардим.

Бир оҳ тортар кўк терандан,
Кўкларим сув, кўкларим нам,
Ҳасратимнинг кўкларидан
Булут дардим, ёғиш дардим.

Узма сафни сийраклатиб,
Қаторларни заифлатиб,
Кўзларимга тўлма ётиб,
Юрагимга йиғиш, дардим!

ТЎКИЛГАН ТЎЛМАСА…

Бу дунё деганинг, биласан ўзинг:
Жавобсиз саволдир, саволсиз жавоб.
Устида кезганинг бу ер юзининг
Бир учи гуноҳдир, бир учи савоб.

Мен сенинг қадрингни балки билмадим,
Ахир бу ҳасратни ташийман қанча?!
Бир гал йўл азобин чека билмадим,
Энди хуш кунларни яшайман қанча?!

Бўйнимга олдим-ку гуноҳларимни,
Йўқотдим саноғин эътирофларнинг.
Илоҳи, бир шундай гуноҳ бўларми,
Айт, надир гуноҳи қалби софларнинг?

Чиндан-да яшашим яшамоқ эмас,
Чиндан-да алданган бир авомдирман.
Ўхшашлик — кимгадир ўхшамоқ эмас,
Пишган ё пишмаган ғўра, хомдирман.

Борган йўлларимни ортга қайтариб
Осганим маъқулдир бўйнимга арқон.
Мен бу гуноҳларни, бу ситамларни
Ванчалик олайин бўйнимга, қачон?

Дунёда гуноҳсиз яшаб бўлмайди,
Ахир бир Ҳаққи бор бу ҳақсизларнинг!
Ҳол шуки, тўкилган ҳеч вақт тўлмайди,
Гуноҳи бор эмиш гуноҳсизларнинг…

Миразиз Аъзам таржимаси