Ўзбекистонда Қурбон ҳайити 24 сентябрда нишонланади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 24 сентябрь пайшанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, 2015 йил 24 сентябрь мамлакатимизда дам олиш куни деб белгиланди.

Қарорда Республика “Нуроний”, “Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идоралар, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга оширилиши белгиланди. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилди.

Саудия Арабистони Олий маҳкамаси ҳам 1436 йил Зулҳижжа ойининг ўнинчи куни 24 сентябрга тўғри келишини эълон қилди. Ҳожиларнинг Арафот водийсида туришлари 23 сентябрга, Қурбон ҳайитининг биринчи куни  эса 24 сентябрга тўғри келади.