Одил Жамил (1954)

Шоир, адабиётшунос, таржимон, фалсафа фанлари доктори Жамилов Одил Саваланўғли (Adil Cəmil) 1954 йил 8 октябрда Калбажар туманининг Қилсяли қишлоғида туғилган. 1977 йилда Боку Давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.
Оммавий ахборот воситаларида раҳбар лавозимларида ишлаган. 2002 йилдан буён «Адабиёт газетаси»да бўлим мудири бўлиб ишлаб келмоқда. 1980 йилда биринчи шеърий тўплами нашр этилган. Шеърлари Россия, Туркия, Эрон ва Ўрта Осиё мамлакатларида нашр этилган.
«Сўзламоқ истайман», «Тушида кулган қиз», «Қдлбим ҳайқириғи», «Тангри менга ёр бўлганда» каби бир нечта шеърий тўпламлари, шунингдек монографиялари чоп этилган. Одил Жамил ўзбек, қирғиз, рус шеърияти намуналарини, жумладан, «Манас» достонини Озарбайжончага таржима қилган. Турли адабий мукофотларга лойиқ кўрилган. Одил Жамил Озарбайжон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари аъзосидир.

АВТОПОРТРЕТ

Тангрим ўзи рухсат берди
Бир куни туғилмоққа.
Покиза юрак-ла бошладим,
Бошдан катта бўлмоққа.

Ўсавергач, куйди юрагим,
Оташ ичра кечди ҳаётим.
Ҳар нарсага етган кучим,
Етмади нодон бўлмоққа.

Тилга кириб юрак деди:
Шу ҳам яшаш бўлдими?
Одамлардан қочиб энди
Кетаман одам бўлмоққа.

БИР КУН ҚИЁМАТ БОР

Ер юзида ер қолмаган
Ўлганларни кўммоққа.
Зулм қилмоққа ҳозир инсон
Жон койитмас раҳм қилмоққа.

Гадолар, миллионерлар…
Дунёнинг синоатига боқ.
Эски қирриқ, муттаҳамнинг
Энди олган номига боқ.

Ерда юришни эпламаган
Қанот қоқиб кўқда учар.
Кўп кўрдик бундайларни
Ориқ келиб, семиз кетар.

«Мусулмонман» деган каснинг
На имони, на дини бор.
Ўйлаган йўқ бу дунёнинг
Қачондир қиёмат куни бор.

ВАТАН МЕНГА ҒУРБАТ БЎЛДИ

Кўҳна дунё тўлиб кетган эртакка,
Эртакларга ишонмаган эркакдир.
Юртим ёнди, хонумоним тўкилди.
Заҳар менга шарбат бўлди, ичайми?

От минганлар отларидан тушибди.
Тил ҳурмат, оғиз доддан тушибди.
Санъат, сўз деган назардан тушибди
Умрим бўлди барбод, энди ўлайми?

Қаллоблару, порахўрнинг кети йўқ,
Сохтакору, муттаҳамнинг чеки йўқ…
Одам кўрдим, одамликдан асар йўқ,
Ватан менга ғурбат бўлди, кўчайми?

Бобохон Шариф таржималари