Воқиф Самадўғли (1939-2015)

Озарбойжон халқ шоири Воқиф Самад ўғли (Vaqif Səmədoğlu) 1939 йилда Боку шаҳрида туғилган. Таниқли Озарбойжон шоири Самад Вурғуннинг ўғли. Москва консерваториясида таҳсил олган. 1961— 1971 йилларда Озарбойжон давлат консерваториясида фортапиано фанидан дарс берган, сўнг Озарбойжон Энциклопедиясида бўлим мудири, “Озарбойжонфильм” киностудиясида мудир, 1992 йилдан “Ўғиз эли” Бош муҳаррири. У таниқли шоир, драматург, публицист. Озарбойжон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси (1970).
“Йўлдан телеграммалар”, “Мен шу ердаман”, “Олис, яшил орол”, “Куннинг бахти”, “Гурзачўл ёзувлари” номли китоблари нашр қилинган.

* * *

Қушлар соат-ла эмас,
Соат-ла эмас, нур-ла бошлашар сайрашни.
Ёзда тез, қишда кеч.
Шоирлар соат-ла эмас,
Дард-ла бошлашар сайрашни
Ёзда ҳам, қишда ҳам.
Юрак соат-ла ҳам,
Нур-ла ҳам, дард-ла ҳам сайрар.
Сайрар нурда ҳам
Қоронғуликда ҳам.
Ёзда, қишда.
Ёзда қиш бўлганда ҳам ,
Қишда ёз бўлганда ҳам.

* * *

Мозоримга
на қабр тоши қўйинг,
на ҳайкал.
Бир жуфт пояфзал қўйинг
оёқяланг
кийиб кетсин…

МАМОНТ

Йирик,
Мовий мамонт эдим
Ер юзининг Муз даврида.
У вақт
На Гўрўғли бор эди,
На Мери Пикфорд,
На Ломбаранский,
На Ҳеҳрих Форд.
У вақт ўнг йўқ эди,
Сўл йўқ эди.
Светафорли йўл йўқ эди.
Муз…
Денгиз…
Яна муз…
Совуқ эди.
Йирик,
Мовий Мамонт эдим.
Энди…Фортепиано муаллимиман.

* * *

Мен ўлган кун
Бир шамол эсажак
Кўчаларда
Ва ҳилпирар
Ипда осилиб қуриган
бир сариқ чечакли гўдак кўйлаги,
Мотам байроғидек ҳилпирар
Гўдак кўйлаги
мен ўлган кун.

* * *

Нелар қилмади Инсон
Бир хотин учун:
Халқлар,тиллар,
Қабилалар,ўлкалар,
Сарҳадлар ошиб
Мухорибани қўйди
Уларнинг мудофаасига.
Бу бир хотин учун
Кетган урушда ютганимиз –
Шеър
Ва яна
Мусиқа бўлди.

* * *

Мактуб ёзсанг,
на бу ерга ёз,на боққа.
Дўлдан сўнгра тоғ ўтларининг
атрига тўлмиш
бир уйқунинг ичидаман,
уйқумга ёз
мактуб ёзсанг.

* * *

Ер юзида агар бир хотин бор бўлса
муҳаббар бор ер юзида.
Ер юзида бир гўдак бор бўлса –
авлод бор ер юзида.
Ер юзида
бир дарахт бор бўлса –
кўлка бор ер юзида.
Ер юзида
агар бир парча ер бўлса –
Ватан бор ер юзида.

* * *

Бир гўзал аёлнинг
Ёнидан ўтдим.
Тўхтамадим.
Бир гўзал нағма айтарди,
Тўхтамадим.
Бир гўзал дунёнинг
Ичидан кетардим.
Тўхтамадим…

Рауф Парфи таржималари

* * *

Энди арздан, энди доддан
Бош олиб қочмоқ вақтидир.
Очилмаган эшикларин
Кенг қилиб очмоқ вақтидир.

Энди ҳар сас, ҳар бир куйдан
Сукутга кетмоқ вақтидир,
Миллат, давлат зирвасидан
Инсонга етмоқ вақтидир.

На дуо-ю, на-да қаргииш,
На назир демак вақтидир.
Бу дунё сукут ичра,
Оллоҳга кўмак вақтидир.

* Зирва – чўққи

* * *

Салом, ота, салом.
Биламан, сен
орқамдасан.

Мозорингдан бор-йўғи эллик-олтмиш
қадам масофада туриб
троллейбусни кутаман, ота.
Троллейбусга миниб,
сенинг ёнингга
келишга қадар
яшамоққа кетаман, ота.
Умр, шу эканми, ота?

Келди…
Салом, троллейбус,
алвидо, ота…

* * *

Сен маним
асл онамсан, Озодлик,
ман сенинг
эшигинг олдида турган ёт боланг.

Сен энг сўнгги умидим қолдирган
оқ байроқсан, Озодлик,
мен сени
силкиган шамол.

* * *

Туғулдим 1939-да,
1937-да тутилдим.
48-да бувим ўлди,
умримда илк дафъа
мурда узра йиғладим.

Балиқлар сақладим
аквариумда.

Очиқ қолди деразам
бир қиш кечаси.
Ўлди балиқлар…

Энди 1965-нинг
январ кечасидир.
Сезяпсанми,яшамоқ истайман.

* * *

Қўлимни узатдим
севинчлар томон,
кўрдимки, йўқ,
ўртамизда тўғлар турарди.

Отамни чақирдим,
кўмакка келсин,
кўрдимки, йўқ,
ўртамизда қабр турарди.

Юзимни бурдим сўнг
Аллоҳ тарафга,
кўрдимки, йўқ,
ўртамизда ҳаёт турарди.

* * *

Мен ўлган кун
бир шамол эсажак кўчаларда.
Ва силкитажак
чақалоқнинг
арқонга осиғли,қуриган,
сариқ гулли кўйлакларини.

Мотам байроғидек силкинажак
гўдак кўйлаклари
мен ўлган кун…

* * *

Аллоҳим,
Ётоғим на ўнгида,
На сўлида
На бир гўзал қўлида
Ётмоқ истамайман.

Аллоҳим,
На мажнунтол кўлкасида,
На дунёнинг энг озод ўлкасида
Ётмоқ истамайман.

Аллоҳим,
Тор бир чуқур ичинда,
Қоронғу нам ичинда
Ёруғ бир ғам ичинда
Оғриқсиз
Бир оз ётмоқ истайман…

2014

* * *

Киминг бор, Улуғ Тангри,
Мендан бўлак бу дунёда?
Кимим бор сендан бошқа
Бу оламда маним?
Сен тоқ, мен ёлғиз,
Улуғ Тангри…

АНОРГА

Ичимга муҳаббат ёзар,
Ичимга ҳасрат ёзар,
Ёзар,ёзар ёзар ҳаёт.
Қуёшли кундузлар,
Кўкси мусаффо дала-тузлар,
Кеча ёлғиз зулмат,
Кундуз каби ойдин излар,
Ёзилар ичимга,
Ичимда қолар.

Севганлариму
Севмаганларим
Ёзилар ичимга,
Қолар ичимнинг
Қалин сабр дафтарларида…

Дўстим,
Мен ўлгандан сўнгра
Босарсан бу магнитафоним
Овоз чиқарар тугмасини,
Бир дафъа эшитарсан
Ортиқ чидолмаган
Қалбимнинг сасини…

*Анор — атоқли озарбайжон адиби

ЎРХОН ВАЛИГА

Ҳаммомчининг
тўнғич қизи гўзалдир,
Башмоқчининг
Кичик қизи гўзалдир.
Сартарошнинг
ўртанчаси гўзалдир…
Каттасининг кўзлари,
кичигининг сўзлари,
ўртанчасин тизлари гўзалдир.

* Ўрхон Вали – машҳур турк шоири

* * *

Шамолли кузак куни
Ташландиқ боғ уйининг
Эшигидек
Очилар, ёпилар
Юрагим.

Бармоғим-ла
Кунларимнинг шаклин чизаман
Дунёнинг деразасин
Чанг босган ойнасида
Ай Аллоҳ
Ҳеч бўлмаса
Бошим сақла!

* * *

Чағалай, ахтар мени,
Бу ердан обкет мени,
Ўлим кўксим пайпаслар,
Қўрқаман, очар мени.

Ичим қора кечадир,
Тор пиёда кўчадир.
Чағалай, денгиз узра
Айтгин, соат нечадир?

* * *

Бу куз фасли бошланди,
Бошлади ёмғирларда…
Ўликларим,
Тирикларим яшар ичимда,
Хотиралар сайр этар кечамда
Ёлғизлигим оқ отда танҳо
Ёнар
Сўнар
Ўтар умрим…
Экспресслар тўхтамайдиган
Кичик бекатлар ёлғиз…

* * *

Бу дунёнинг сўз-суҳбати
иккиюзли ҳақиқати
келиб қулоғимни тўлдирар.
Бу дунё шеър ёзмоққа
менга бугун монеъ бўлар…

* * *

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида туман, тоғ.
Қайси қўлим ғурбатдадир,
Қайси ўлик, қайси соғ?

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида сой оқар.
Қайси қўлим оқар сувда,
Қайси соҳилдан боқар?

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида ёғар қор.
Қайси қўлим иссиқ кундек,
Қайси муздек жафокор?

Сўл қўлиму ўнг қўлимнинг
Орасида эшик бор.
Қайси қўлим тақиллатар,
Қайси очишга тайёр?

* * *

Мозоримга
на қабртоши қўйинг.
на ҳайкал.
Бир жуфт пойабзал қўйинг,
оёқяланг
кийиб кетсин…

* * *

Чарх уради даврада
Коинот,
Қуёш,
Инсон,
Дорга осиғ кийимлар
Чарли Чаплин ҳассаси
Чарх урар, чарх урар даврада.
Сурнай, балабон саси,
Давранинг мусиқаси
Кучаяр ниҳоятда.
Аммо биз яна қайта
Чарх урамиз даврада.

* * *

Мени унут, унут,
хотираларим
бир юк бўлди умримга.
Ёлғизликда қолган
сасим,
ростим, ёлғоним,
ўзимга керак кўпроқ.
Сендан кўпроқ
ўзимга керакдир
сенсиз қолмоғим…

* * *

Унутма,
бу кеча кириб келса юм кўзларингни,
кўрпа билан бошингни ёпсанг,
зил қоронғига ботасан
ва ўша пайт
бир оний зулматда ёдлагин мени.
Ўша пайт зулматда кўражаксан
озгина бўлса-да
кўзларимдан ёруғ тушар устингга.

Хуршид Даврон таржималари

* * *

Ҳамма деразалар юмилган кўздир,
Бу уйлар,
Кўчалар бариси сўздир…
Кўкси қон булутдан ёққан ёғишлар,
Бегуноҳ умрини сенга бағишлар.
Балки биздан нари бўлар шу бугун,
Хаёлда суйишлар, туғма қарғишлар.
Ва қушлар
Қолади қафасда уйғоқ,
Илоҳим, соғ бўл!
О, яна чарчадим, о, яна титроқ…

* * *

Бу йўлнинг сўнгги,
Ё ўлимдир, ё озодлик.
Балки илк озодлик,
Илк ўлимдир эҳтимол,
Бу йўлнинг сўнгги.
Озодликда ўлим йўлидир,
Сўнгсиз бир йўл.
Ўлимсиз озодликдир.

Хосият Рустамова таржималари

* * *

Менинг манзилим –
чексизлик.
Замон.
Макон.
Кеча,
бу кун
ва тонг.
Кўринган,
кўринмаган.
Эшитилган,
эшитилмаган
Фазо.
Қуёш системаси.
Ер курраси.
Замин.
Бироз Европа.
Бироз Осиё.
Буюк ўлка.
Она юртим
Озарбайжон.
Баку.
Сокин бир кўча.
Уй тўртинчи манзил ўттиз етти.
Хона.
Учбурчак стол.
Қоғоз- қалам.
Шеърлар…

* * *

Сўнгги тундир бугун, яна
Сабоҳ-да сўнгги саҳар,
Сўнг ел тўлур сўнг елканда,
Қайиқ сузар саросар…

Энг охирги оғочдир бу,
Эсар энг сўнгги шамол.
Боғлар энг сўнгги манзилни
Яна энг сўнгги само…

Ҳозир сўнгги кўча бўйлаб
Ёғар сўнгги қадамлар,
Яна эврилар тутунга
Сўнгги сарсон одамлар…

Туғилар энг сўнгги инсон,
Энг сўнгги инсон ўлур,
Яна сўнгги бор йиғлаган
Сўнгги бор кулган бўлур…

Ханжар кўтарма қўлингга,
Душманингни кўрсанг гар!
Сўнгги тундир бугун яна,
Сабоҳ ҳам сўнгги саҳар…

* * *

Ўлимимга бироз қолмиш,
Тарагайман сочларимни,
Тоза, оқ кўйлак кияман,
Ўлимимга бироз қолмиш.

Ўлимимга бироз қолмиш,
Кўк юзи мовий бўлажак,
Булутлар кўпик-кўпик.

Мактуб ёзажакман сенга.
Севардим, севаман, севарман
Дейман,
Ўлимимга бироз қолмиш,
Ўлимимга бироз қолмиш…

* * *

Бугун булутлар
сийнада қолмиш сўз каби
ва бу сўз рангиндадир
бугун ҳар ён.
Жавобсиз қолган
саволларнинг мозоридир
бошқа инсон…

* * *

Бир йил ўтар…
Мен оддий
ўн беш вагонлик
«Москва- Баку» поездига миниб,
жанубга кетурман.
Изламайдир мени
Москвада бир кас шунчаки,
ёд этмайдир мени
Москвада бир сас шунчаки.
Мен эса
Бакуга олиб борурман
бу ётоқхонанинг сариқ эшигини,
кўчаларнинг ёмонини, яхшисини.
Сенинг табассуминг-ла тўлган
тор хонамнинг ҳавосини,
Баку орзуларимнинг Москвасини…

Рафиқ Сайдулло таржимаси

* * *

Бевақт ўлсам,
кўп яшади, денг.

Бевақт ўлди, денглар,
кексайиб ўлсам.

Бир йил ухлаб, ўлсам,
ғафлатдан ўлди, денг.

Узоқ кечган ҳасталикдан кейин ўлди, денглар,
ғафлатдан ўлсам…

1962

* * *

Қуёшни жимирлатиб-жимирлатиб
арава ўтди.
Ўнг ёнида — денгиз,
чапида — қалбим,
Яна бир арава ўтди умримдан…

Илиқ, кулранг деворда
дераза ўчди.
Ўнг ёнида — бошқа девор,
чапида — қалбим,
Яна бир дераза ўчди умримдан…

Қўлимни кўйлак осилган кандирга узатдим,
Узилиб ҳовлига тушди у кандир.
Ўнг ёнида — тупроқ,
чапида — қалбим,
Яна бир кандир узилди умримдан…

Тўртинчи бармоқда никоҳ узуги
порлади, сўнди.
Ўнг ёнида — бошқа узук,
чапида — қалбим,
Яна бир узук порлаб, сўнди умримдан…

Ўзлигимга келдим ундан-бундан айрилиб.
Шеър ёздиму отдим чеккага.
Ўнг ёнида — умидларим,
чапида — қалбим.
Яна бир шеърни чеккага отдим умримдан…

1963

* * *

Тушди кўйлагинг деб у кун мажлисга
Ижтимоий фикр, давлат, келажак.
У кун ўтгач бирдан бўш қолди ичим
Қароқчилар урган кўҳна уй каби.

Энди Шуваландан ўтган йўлларнинг
Ҳаммаси бирлашиб январга дўнар.
Бефасл йилларга кетадир энди,
Июнсиз, июлсиз, августсиз умр.

Кимга сўз айтайин, кимга ёлворай,
Энди Шуваландан Бузовнагача?
Сўзлаш мумкин бўлган ўша кунлардан
Беш-олти сўз қолди, икки-уч кўйлак.

Кераксиз нарсалар улоқтирилган,
Боғлар орасининг тор йўлкасига,
Дунё қулоқ солар бу ёз кечаси
Бебахт қўшнимизнинг томорқасига.

Биламан, бу кеча не бўлганда ҳам
Тушларимга яна отам киражак,
Юлдузлар жимирлар юрт осмонида
Ўлган балиқларнинг чиранишидек…

1964

* * *

Эшитяпсанми?
Бироқ қандай эшитарсан…
Икки йил-у
етти ойнинг айрилиғи-ла
ёпилганку қулоқларимиз,
Устига-устак бу ёмғир…
Бу ёмғирда ҳатто бутун ҳайвонот
одам каби кўрпа-тўшакка
кирмоқ истайди.

Кўряпсанми?
Бироқ қандай қўрадирсан…
Тугамаган ҳали ҳам
орамиздан ўтаётган поезд вагонлари.
Устига-устак бу ёмғир…
Бу ёмғирда ваҳимадан
титраб-титраб маҳзун инграйди
Қобустон қояларин ҳўкизлари ҳам.

Эшитяпсанми?
Бироқ қандай эшитарсан…
Икки йил-у
етти ойнинг айрилиғи-ла
ёпилганку қулоқларимиз,
Устига-устак бу ёмғир…

1964

* * *

Ассалому алайкум!
Учратганим қоронғуликда,
йўлдан адашиб ҳар дақиқа,
яна сенга келганим, аёл!
Улкан,
беҳис соатинг
кундузлар юзига соя солганда
кутолганим лол.
Соя аёл!
Соя одам!
Эсингдами?
Эсингдами мен қўлларин сиққан кечанинг исми?
Бағрингга отилмоқ ҳаваси,
такси
ва коняк уфурган инсон нафаси?

1965

* * *

Денгиздан айрилган қуруқ қоя жим,
Қадим хотирадек эгмиш бошини,
Айролик йилларинг энди санар ким,
Ким билар андуҳинг асл ёшини?

Балки ер остига қочган Ҳазардан,
Ер юзида қолган тош издир қоя?
Эҳтимол, долғалар қўпмиш ичиндан,
Бир парча қуриган денгиздир қоя…

Тошма-тош йиқилиб олган йиллар ҳун,
Балки, улуғ ёшга етган бу қоя,
Гулшандан қушларни ҳайдай деб бир кун,
Тошга айланади улкан бу қоя…

1965

* * *

Севгилим,
мен ўлганда,
бир бурчакда жим, писиб,
сўйла, йиғлагаймисан?

Кимнингдир кулбасида
бир томча ёшга дўниб
тушаманми кўзингдан?

Йиғла, қурбоним, йиғла,
Йиғла, ҳайроним, йиғла…

Уйда меҳмон бўлса, чиқ,
кўча, бурчакда йиғла.
Кутгил, кирганида кеч,
ётгил, тўшакда йиғла.

Қулоқ солма оламнинг
Сўзига, топма чора.
Айт, Воқиф ўлмасайди,
ноҳақ кетди бечора…

Севгилим,
мен ўлганда,
Сенга сўроқ келганда,
Душман кўзи кулганда –
Йиғла, тўкилмай, йиғла,
Йиғла, ўкинмай, йиғла,
Йиғла, мен ўлай, йиғла…

* * *

Сўнгги тундир бугун яна,
Тонг яна сўнгги саҳар.
Сўнгги ел насиб елканга,
Кемага сўнгги сафар…

Энг охирги дарахтдир бу,
Эсар охирги сабо.
Ёпган энг охирги йўлни,
Яна охирги само.

Сўнгги кўчанинг юзига
Ёғар сўнгги қадамлар.
Яна қайтажак изига
Бугун сўнгги одамлар.

Туғилар энг сўнгги инсон,
Энг сўнгги инсон ўлар.
Яна сўнгги бор йиғлаган
Сўнгги бор кулган бўлар.

1963

* * *

Мен тез келдим,
билки, сендан тез.
Сенсизландим.
Сенсиз
бироз сайр қилдим.
Самода
булут кўзлади.
Кўзларимни излади.
Билолмайман ҳеч
бу кўзлар кимними?
Балки, сеникидир,
эҳтимол, менинг…

* * *

Долғаланган сочларинг
валсга ўхшайди, эй қиз.
Ҳар толаси яйрарди, кесилар
ўйнар сўнгра.
Менинг сочларим қора,
менинг сочларим қалин,
беоҳанг сочларим,
худди “Етим Сегоҳ” кабидир.

* * *

Бечораю оч ва саргардон
кезади ўрмонда аждарҳо.
Ўрмон бор — минг шукр,
Заҳмат бор — минг шукр,
Тишлари униққан аждарҳо —
Ишқ ҳам бор — минг шукр.

Бечораю оч ва саргардон
кезади ўрмонда аждарҳо.
Ўрмон бор — таланган,
Заҳмат бор — танланган,
Тишлар бор — чархланган!
Бордир бахти ҳам..

Бечораю оч ва саргардон
кезади ўрмонда аждарҳо…

1963

Озарбойжончадан Раҳмат Бобожон ўгирмаси