Қачай Кўчарли (1936)

Ширинов Қачай Фармон ўғли (Qaçay Köçərli) 1936 йилда Тартар туманининг Кўчарли қишлоғида туғилган. Ўрта мактабни тугатиб, армия сафида хизмат қилган, кейин нефт конида оператор, чилангар бўлиб ишлаган.
1966 йилда Политехника институтини, 1976 йилда университетнинг филология факултетини сиртдан битирган. Техника мактабида механик, мудир муовини, Озарбайжон телерадиосида муҳаррир, Бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишлаган.
Илк шеъри 1960 йилда «Боку» газетасида чоп этилган. Ўндан ортиқ китоблар муаллифи. Ёзувчилар уюшмасининг аъзоси.

САРОЙЛАРДА ПАРИСИ БОР

Нечун, билмам, бу дунёнинг
Тўғридан кўп эгриси бор.
Ҳар замон сон-саноқда йўқ
Очкўз тулки, бўриси бор.

Ердан чиқар ҳар инжуси,
Ерга кирар зар, инжуси,
Кўчаларда тиланчиси,
Саройларда париси бор.

Бойларга бахт, олтин берар,
Йўқсиллари тошин терар,
Севинчлари қисқа бўлар,
Дард, қайғунинг бариси бор.

Дунё яралгандан бери
Майдонда найранг ҳунари,
Тоғни ютган учарлари,
Оч юрган ёш-қариси бор.

Кўрмоқ учун кўз яралмиш,
Сўрмоқ учун сўз яралмиш,
Ақллилар оз яралмиш,
Ақлсизнинг суруси бор.

ҚАРИЛИК МУЛКИ

Кириб келдим қариликнинг мулкига,
Улуғ тангрим, нелар бормиш бу ерда,
Ўтли қуёш ўт пуркайди ҳар тонгда,
Осмонидан ёққан қормиш бу ерда.

Кўнглим сиқар ҳар бир кундуз, ҳар кеча,
Жон оғритар ҳар бир йўлу ҳар кўча,
Юракка ғам илдиз отар гизлича,
Кенг дунёси ёмон тормиш бу ерда.

Кеча-кундуз ёлғизликка емдирман,
Нолам бору ўзим йўқман, олдим тан;
Йўқдир бирор ингроғимни эшитган,
Менга ўхшаб барча кармиш бу ерда.

Ҳолсизману бироқ ҳолим сўрган йўқ,
Қайтиб чиқмас кўксимга ҳар кирган ўқ,
Ҳамма қарар, фақат мени кўрган йўқ,
Менга ўхшаб ҳамма кўрмиш бу ерда.

Мени бўғар уйимдаги деворлар,
Ҳар деворда бир ваҳима, қўрқув бор.
Бир тобутдир ғира-шира бу ғубор,
Шу ўз уйим менга гўрмиш бу ерда.

ҒАРИБЛИК

Уфқларга бу оқшом
Яна чўкар ғариблик,
Ёмғир бўлиб ёғилар,
Кўз ёш тўкар ғариблик.

Илоҳий бу дунёда
Бу оқшом, кўр, нелар бор;
Ғарибларча сайрайди
Ғариб дарахтда қушлар.

Сой оқар ғариб-ғариб,
Бу ғариб тун ҳам ўтгай.
Қайдан келди ғариблик
Мен туғилган бу юртга?

Кўкда кўк юзи ғариб,
Ерда ерюзи ғариб.
Бу дунёнинг ўзида
Дунёнинг ўзи ғариб.

Ой ҳам кўзимда ғариб,
Руҳим, сўзим-да ғариб,
Нечун ахир бу оқшом
Ўзим ўзимда ғариб?..

Оҳ, юрагим сиқилар
Ғарибликнинг ичинда.
Бу оқшом ҳеч бўлмишман
Мен ҳечликнинг ичинда.

Оқшом қани? Айтинглар,
Қайга кетмиш бу замон?
Бўлмиш энди ғариблик
Бўш дунёга ҳукмрон.

Уфқларга ғариблик
Чўкиб борар бу оқшом,
Бу ғариблик ичинда
Ўзимни йўқотмишам…

Тоҳир Қаҳҳор таржималари