Улвий Бунёдзода (1969-1990)

Улвий Юсуф ўғли Бунёдзода (Ülvi Yusif oğlu Bünyadzadə) 1969 йил 23 сентябрда туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1987 йилда Озарбайжон Хорижий тиллар институтининг инглиз тили факультетига ўқишга кирган. У 1990 йил 20 январь тунида — Озарбайжондаги миллий озодлик ҳаракатини бостариш учун кирган собиқ Совет армиясига норозилик билдириб кўчага чиққан инсонлар сафида ҳалок бўлган.
Улвий Бунёдзодадан 200 дан ошиқ шеър, бир поэма, бир қисса, бир неча ҳикоя, уч пьеса, кўплаб мақолалар, инглиз тилидан қилинган таржималар мерос бўлиб қолди.

* * *

Мен ёнганим ўтда бир кун
Сен ҳам тушасан, ёнасан.
Айланиб бир оқ каптарга,
Келиб елкамга қўнасан.

Ёшлик эди бошда тожим,
Энди оппоқ бўлди сочим.
Сен, эй, кўзлари қийғочим,
Қўлимга қўйган хиносан.

Дедим: «Гулим, кетма зинҳор,
Бахтим, ётма, бўлгин бадор,
Будунёдан кетишим бор»,
Нега сен йиғлаб ёнасан?

Бу савдода жўшди қоним,
Юракда қайнар армоним.
Сен ўзгага эмас, жоним,
Бир Улвийга жононасан.

ХОТИРАЛАР

Шаби ҳижрон етган сари
Қочиб бўзлар хотиралар.
Висол умри битган сари
Яхлаб-музлар хотиралар.

Умрнинг гўзал онидан,
Ҳаётнинг қийлу қолидан,
Ёрнинг ҳажру висолидан
Нел ар сўзлар хотиралар.

Қайтар хаёл илк йилларга,
Илҳом берар кўнгилларга.
Узун-узун бу йўлларга
Солур излар хотиралар.

ЧЕКАР

Титраган дудоғинг шеърлар истайди,
Таманнонгга боқиб ой ҳасад чекар.
Кўзларингдан ҳасад чекади юлдуз,
Қошларингга боқиб ёй ҳасад чекар.

Гинали кўзларинг шундоқ боқурким…
Сени ўкситганни андоқ ёқурким…
Сочларинг елкангда тел-тел оқурким…
Шалолалар қуриб, сой ҳасад чекар.

Қалбимда бир гўзал шеърлар пайдоким —
Айтай, юракларинг гул очсин токим.
Сен ўзинг шундоқ бир шеъри танҳоким,
Шоирлар ҳолига вой, ҳасад чекар.

Усмон Қўчқор таржималари