Улвий Бунёдзода (1969-1990)

Улвий Юсуф ўғли Бунёдзода (Ülvi Yusif oğlu Bünyadzadə) 1969 йил 23 сентябрда туғилган. Ўрта мактабни тугатгач, 1987 йилда Озарбайжон Хорижий тиллар институтининг инглиз тили факультетига ўқишга кирган. У 1990 йил 20 январь тунида — Озарбайжондаги миллий озодлик ҳаракатини бостариш учун кирган собиқ Совет армиясига норозилик билдириб кўчага чиққан инсонлар сафида ҳалок бўлган.
Улвий Бунёдзодадан 200 дан ошиқ шеър, бир поэма, бир қисса, бир неча ҳикоя, уч пьеса, кўплаб мақолалар, инглиз тилидан қилинган таржималар мерос бўлиб қолди.

* * *

Мен ёнганим ўтда бир кун
Сен ҳам тушасан, ёнасан.
Айланиб бир оқ каптарга,
Келиб елкамга қўнасан.

Ёшлик эди бошда тожим,
Энди оппоқ бўлди сочим.
Сен, эй, кўзлари қийғочим,
Қўлимга қўйган хиносан.

Дедим: “Гулим, кетма зинҳор,
Бахтим, ётма, бўлгин бадор,
Будунёдан кетишим бор”,
Нега сен йиғлаб ёнасан?

Бу савдода жўшди қоним,
Юракда қайнар армоним.
Сен ўзгага эмас, жоним,
Бир Улвийга жононасан.

ХОТИРАЛАР

Шаби ҳижрон етган сари
Қочиб бўзлар хотиралар.
Висол умри битган сари
Яхлаб-музлар хотиралар.

Умрнинг гўзал онидан,
Ҳаётнинг қийлу қолидан,
Ёрнинг ҳажру висолидан
Нел ар сўзлар хотиралар.

Қайтар хаёл илк йилларга,
Илҳом берар кўнгилларга.
Узун-узун бу йўлларга
Солур излар хотиралар.

ЧЕКАР

Титраган дудоғинг шеърлар истайди,
Таманнонгга боқиб ой ҳасад чекар.
Кўзларингдан ҳасад чекади юлдуз,
Қошларингга боқиб ёй ҳасад чекар.

Гинали кўзларинг шундоқ боқурким…
Сени ўкситганни андоқ ёқурким…
Сочларинг елкангда тел-тел оқурким…
Шалолалар қуриб, сой ҳасад чекар.

Қалбимда бир гўзал шеърлар пайдоким —
Айтай, юракларинг гул очсин токим.
Сен ўзинг шундоқ бир шеъри танҳоким,
Шоирлар ҳолига вой, ҳасад чекар.

Усмон Қўчқор таржимаси

АЛАМЛИ ҚЎШИҚ

“Висолнинг нақадар оз эди умри,
Кетаман, алвидо,
гўзал, алвидо. ”
Қайтишим, бу сўнгги сўз айтмоқ учун,
Биздан қолган жуфт из, хуш қол, алвидо!

Бу жойни гулбаҳор чоғлар кечардик,
Ранггин чечаклардан йўлга сочардик,
Чашмадан ҳовучлаб ҳаёт ичардик,
Биз кетгач музлаган зилол, алвидо!

Улвий яшар, фақат сизга ошиқар,
Соф юракка, биллур сўзга ошиқар,
Кўзларингдек гўзал кўзга ошиқар,
Севаман, эй гўзал хаёл, алвидо!

* * *

Узоқдан боқаман сенга сўзсиз, жим,
Гўзаллик – сирлидир, сен ҳам сирлисан.
Кўзларинг дилимдан шеърлар тилайди,
Сен ўзинг ҳаётим энг соф шеърисан.

Бунчалар гўзаллик қайдан яралган,
Бунинг жавобини билсайдим, кошки.
Соғинган бошимни тиззангга қўйиб,
Кўзларинга боқиб ўлсайдим, кошки…

У маҳзун, у маюс, у шахло кўзлар,
Унга ҳайф шуҳратим, шарафим, шоним.
Кел, ишон, азизим бу сўзларимга,
Сенга шеър яралгай севгимдан, жоним.

* * *

Юрагим севмайди, истамас сени,
Гуноҳинг кўзимда кўрма деб ёлғиз.
Ҳар онда қаршимга чиққанда, мени,
Измимни оларсан ўзингга, ойқиз!

Юрагим хоҳламас, кўзим кўрганин,
Боқма, бунча ишқни кўзимдан олиб.
Балки, мен севардим, эй гўзал сени,
Сайёд кўзларингга дилим овланиб.

КEРАКЛИК

Ошиқ умри тез ўтар,
Ўлиб, кечганни тани.
Дўстини душманидан,
Айро қучганни тани.

Йўқликнинг орасидан,
Кўнгилнинг ноласидан,
Муҳаббат бодасидан,
Шароб ичганни тани.

Боқиб ўнгу сўлларга,
Қўлин тутмай қўлларга,
Улвий, ярим йўлларда,
Сендан кечганни тани.
1984

* * *

Ёндим, қай маҳаллар бир кун,
Сен ҳам ҳали ёнасан…

Интилиб бахт каби ғаминг дорига,
Ҳасратинг кўзимни ёшга тўлдириб,
Оқади бирма-бир яноқларимга.

Кетиб бўлгандирсан, йўқдир гумоним,
Бир оз кулдим, бироз кўзёш… қара ман.
Қанчалик қочмагин,
Яқинлашамиз,
Келолмасанг, айтгин, ўзим бораман.

ХОТИРАЛАР

Алам-ҳижрон етишолмас,
Ундан қочар хотиралар.
Висол умри узайса, бил,
Ошиб, тошар хотиралар.

Умринг гўзал бир онидан,
Ҳаётнинг ғам-хаёлидан,
Ҳижрон дами висолидан,
Не исташар хотиралар.

Қайтар хаёл ул йилларга,
Илҳом берар кўнгилларга,
Ўтмишлардан бу кунларга,
Йўллар очар хотиралар.

Дилафрўз Акрам қизи таржимаси