Какимбек Салиқов (1932-2013)

Какимбек Салиқов (Кәкімбек Салықов) Кўкчатов вилоятидаги Володар туманида дунёга келган. 1953 йили Москвадаги Рангли металлар институтини битирган. Болаликдан шеърлар машқ қила бошлаган. 60-йиллардан буён матбуотда асарлари чоп этилади.
Унинг “Сир” (1970), “Жез кийик” (1973), “Нурли айём” (1976), “Шудрингли кунлар” (1981), “Тафаккур сири” (1980), “Чин юракдан” (1981) номли шеърий мажмуалари нашр этилган.
Шоир ҳукуматнинг бир қатор орден ва нишонлари билан тақдирланган.

ШАФҚАТ ҲАМШИРАСИ

Нохос
моҳир мерган
отган ўқ мисол
Хасталик
тиғ урди
нақ юрагимга.
Итдай азоб чекдим,
бечора, беҳол,
Ажал қулоқ солди
пок тилагимга —
Ўлмадим…
Аммоки, оғриқ,
жонгир дард,
Ночорлик дам-бадам сўрди
қонимни.
Ҳамшира
бошимга эгилди
бир пайт,
Ширин сўзлар айтди,
тинчитди мени…
Яна
дил уйимга
қайтди орзулар,
Қайтди
Ишқ,
Умидлар,
Эътиқод,
Имон.
Манглайим силаган
у тафтли қўллар,
Очиғини айтсам,
дўстларим,
ҳамон
Кўнглимни илитиб турибди
муқим.
Кечами,
Кундузми,
Етмай имдодга,
Малҳамга зориқиб,
дард чекса руҳим,
Ўша ҳамширани
оларман ёдга…
Инсон бор,
хасталик
баъзан берар панд,
Аммо ҳаммавақт ҳам,
қалтис фурсатда,
Ҳамширалар йўқлаб,
худди жигарбанд,
Дардимизга
даво топар,
албатта…
Яна
дард кунжида
қолса жисму жон,
Кечами,
Кундузми,
Етмай имдодга,
Ёрим эслагандай,
мен у маҳзун он,
Шафқат ҳамширасин
оламан ёдга.

Тоҳир Қаҳҳор таржимаси.

ДИЛИМ ТИТРАБ КЕТАР…

Кўнглимга яқиндир кузак дамлари,
Унинг бағри тўла шукуқ ва ашъор,
Унда мужассамдир тароват бари,
Унда саховатнинг нашидаси бор.

Ҳаволари сарин — толиқмас юрак.
Ўтган кунларимга ясайман якун.
Учиб келаётган қушларга қараб,
Қўшиқларим ато этаман мамнун.

Кузнинг рухсорига ахтариб ташбеҳ,
Сатрлар битаман сержилва, теран.
Узилган баргларга кўзим тушса лек,
Дилим титраб кетар бехосдан, бирдан…

КЎПРИКЛАР

Айрилиқ. Ғуссалар. Ташвиш-ғам.
Ва лекин тоабад,
Муқаррар
Йўллар боғлангандир кўприклар билан,
Кўприк-ла боғлиқдир юраклар.

Кўприклар қурдик биз кўркам, муқташам,
Туташтириб не-не соҳил-сарҳадни.
Бизлар мамлакатлар аро мустаҳкам
Ишонч кўприкларин ўрнатдик.

Йил сайин кўрк очиб борар она ер,
Наслимиз лойиқдир ҳамду санога.
Уларнинг толеи бутун, нақд бўлур,
Кўприк қуражаклар улар самога.

Уфқларда оташ ловиллаб у кез,
Кўрган-билганимиз бўлганда кулфат.
Портлатиб кетгандик кўприкларни биз,
Лекин улар тағин тикладилар қад.

Қундузлар қорайиб,
Кечалар милт-милт
Чорлайдилар улар дўстдек вафодор.
Фақат юракларнинг орасидаги
Кўприкларни қайта тикламоқ душвор.

* * *

Баҳор эпкинлари эсдилар эрта,
Лекин эримасдан ялтирар музлар.
Ажабсиниб боқар қайинлар менга,
Ажабсинганидек овулда қизлар…

“Уйланди! Ёр топди олис шаҳардан!” —
Уни таъна билан этарлар мулзам.
Менинг кўнглим ўсар бу гап-сўзлардан,
Ажаб, эсларкан у мени ҳали ҳам.

* * *

Ўз баҳорим этгай сарафроз,
Ҳар ён йўлим бурмасман ҳаргиз.
Бошланса-да умримизда ёз,
Эндигина қирқцан ошдик биз.

Ўтар экан йиллар қўйнидан,
Юз тутмаймиз биз йўқлик сари,
Зеро бу кун она бўлишган
Сенга синфдош қизларнинг бари.

Ўзгаларнинг баҳорига мен
Соя солмам, ўзни тутиб ёш.
Мен ҳар қачон ўз авлодимнинг
Тақдирига қолгум тақдирдош.

ОҚ ТУРНАЛАР

Ўхшаб бамисоли садаф маржонга,
Жимирлаб кўринар кўкда турналар,
Улар сингиб борар мовий осмонга,
Улар олисларга йўл олар.

Балки у кўринган турналар эмас,
Эшилган арқоғдир нилуфарлардан?
Балки улар овул қизлари — қушмас,
Оқариб, олислаб борарлар бу дам?

Хайрлашар улар дашт билан ғамгин,
Гарчи ўзларини тутарлар қувноқ.
Уларнинг шаън, ёрқин парвозини жим
Кузатар безовта юрагим шу чоқ.

* * *

Куйидай қайтган қушларнинг
Мунглими менинг бу куйим,
Юрагим туюб хуморлик
Ўйланиб гоҳ-гоҳ… қолгум жим.

Тўкилса янгроқ куй билан
Тил битиб, сўйлаб ҳисларинг.
Кўз олдимга менинг ушбу дам
Келар болалик кезларим.

Билдирар гоҳо шаън товуш
Армонли, мунгли тилакни.
Оппоқ қанотин қоқци қуш
Уйғотиб ўйчан юракни.

Муҳаббат, умид, ҳаяжон
Тўкилса уйғун, топишиб,
Ожизлик, кураш ва исён
Жонимда кезгай олишиб.

Маломат, ҳасрат ва ўкинч
Ўзини четга олмасин.
Оққушим, учсанг баланд уч,
Армонинг ичда қолмасин.

Дўмбирам, янгра безавол,
Икковимиз олис кетармиз.
Бир куни ҳориб, эҳтимол
Манзилимизга етармиз.

Мирпўлат Мирзо таржималари