Самад Вурғун (1906-1956)

Самад Вурғун (тахаллуси; асл исм-шарифи Самад Юсуф ўғли Векилов – Səməd Vurğun) (1906.12.5, Юхари Салахли қишлоғи — 1956.27.5, Боку) — озарбайжон шоири, драматург ва жамоат арбоби. Озарбайжон халқ шоири (1955), Озарбайжонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1943). Озарбайжон Фанлар академияси академиги. (1945).
Ижоди 1924 йилдан бошланган. Самад Вурғун ижодининг дастлабки даврида озарбайжон шеъриятига кириб келаётган формализм кўринишларига қарши курашган. «Шоирнинг қасами» (1930), «Фонар» (1932) шеърий тўпламлари, «26» (1935), «Басти» (1937), «Толистон» (1938) ва «Муған» (1940) достонларида 30-йиллардаги меҳнат ва кураш романтикаси ўз ифодасини топган. Самад Вурғуннинг шу даврдаги ижодида «Воқиф» шеърий драмаси (1937) алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, унда 18-асрда яшаган озарбайжон шоири Воқифнинг машаққатли ҳаёти ва ижодий фаолияти катта маҳорат билан тасвирланган.
«Фарҳод ва Ширин» драмаси (1941) Низомийнинг «Хусрав ва Ширин» достони асосида ёзилган. У «Ханлар» (1939) шеърий драмаси, «Она сўзи» (1941), «Ойгун» (1951), «Негр сўзлайди» (1948) достонлари ҳамда «Ёндирилган китоблар» (1947) шеърий туркуми муаллифи.
Инсонпарварлик, ватанпарварлик ва байналмилаллик Самад Вурғун ижодининг ғоявий асосларини ташкил этади. Самад Вурғун озарбайжон шеъриятида замонавий тил ва услубнинг шаклланишига катта ҳисса қўшган. Низомий Ганжавий, Алишер Навоий, Ш. Руставелли, А. С. Пушкин, Т. Шевченко, М. Горький асарларини озарбайжон тилига таржима қилган. Унинг бир қанча шеър ва достонлари ўзбек тилида нашр этилган.

ОЗАРБАЙЖОН

Кўп ўтганман бу тоғлардан,
Турна кўзли булоқлардан,
Эшитганман узоқлардан
Жимжит оққан Оразларни,
Синаганман дўсту ёрни…

Эл биларки, сен манимсан,
Юртим, элим, масканимсан,
Онам – туғма Ватанимсан!
Айриларми кўнгил жондан,
Озарбайжон, Озарбайжон!

Мен ўғлингман, сен бир она,
Ўғлингманки, мен парвона,
Олис-яқин, ҳар томона –
Кўп учсам-да ошёнимсан,
Элим, куним, маконимсан.

Йўлим сендан йироқ тушса,
Ўртамизга фироқ тушса,
Ажабмас сочга оқ тушса,
Бўғар ойлар, йиллар мени,
Айб этмасин эллар мени.

Тоғларингнинг боши қордир,
Қоплаган оқ булутлардир,
Буюк бир ўтмишинг бордир,
Минг-мингдадир сенинг ёшинг,
Неларни кўрмади бошинг!

Тушдинг сен ёвуз тилларга,
Ёмон ой, ёмон йилларга,
Насллардан-наслларга
Ўтган бир шуҳратинг бордир,
Ўғил-қизлар бахтиёрдир…

Қарайман кенг андизларга,
Шаҳло кўзли қундузларга,
Қора холли оқ юзларга –
Кўнгил истар: ёзсин ғазал,
Яшараман ёзсам ҳар гал…

Бир ёнингда Хазар ётар.
Яшилбош сухсурлар юзар,
Хаёлим айланар, кезар –
Муғон, Элдор… Озар юрти…
Манзил узоқ – умр-чи, ярти!

Қатор тоғлар, кенг даралар,
Кўнгил очар манзаралар,
Жайрон сакрар, пода маърар,
Қанча кўп ўтлоғинг сенинг,
Чаманинг, яйлоғинг сенинг!

Ўтинг тоғу гулистондан,
Астрадан, Ланкарондан,
Африкадан, Ҳиндистондан
Бизга меҳмон бўлар қушлар,
Зулмдан озод, кўнгли хушлар…

Бутоғини ёзиб ҳар ён,
Сап-сарғайиб пишар лимон.
Тоғларда оқ қор ҳар қачон,
Тоғларимиз пўлат қўрғони,
Ўта олмас ёвуз душман.

Ланкарондир бир гулистон,
Қизларимиз кўркам, хандон.
Чойни қуйиб узат, жонон –
Ўзгага очмас дилини,
Онамнинг дилбар келини!

Зар бошоқлар нону чўрак,
Оқ пахтамиз чечак-чечак,
Узумзорда шарбат чак-чак –
Сахарларда е беармон,
Белингга ҳам бўлур дармон.

Қазахда мин саман отга,
Ёлларига ёта-ёта.
От кўпикка бота-бота
Кенг яйловлар 6елига чиқ!
Кавказ тоғ, Кўк кўлига чиқ!

Эй озод кун, озод инсон,
Тўйгунча ич бу баҳордан.
Бизнинг гулдор шолчалардан
Ёз, чинорнинг кўлкасига!
Олқиш қуёш ўлкасига,

Кўнглим ўтар Қорабоғдан,
Гоҳ у тоғдан, гоҳ бу тоғдан,
Оқшом пайти кўп узоқдан –
Кўкка учсин бахт овози,
Қорабоғнинг жаранг сози.

Юрт! Минг йиллар қўшиғисан,
Гўзалларнинг бешигисан,
Бахшиларнинг маъшуғисан,
Ўзинг қуёш қучоғисан,
Шеъру санъат ўчоғисан!

Ўлмас кўнгил, ўлмас асар,
Низомийлар, Фузулийлар,
Қўлинг қалам, сийнанг дафтар
Айтгил, дилда ниманг бордир,
Айтилган сўз ёдигордир.

Қани, бизнинг Бокуга боқ!
Соҳилларда нурли чироқ,
Гудоклари ҳайқирароқ –
Наъра солар бўз чўлларга,
Нур сочар дарё, кўлларга.

Нозланади ел эсарак,
Соҳилларда керинг кўкрак.
Бизнинг Боку – бизнинг юрак,
Ёруғлиқда қудрат сўзи,
Саҳарларнинг ҳулкар кўзи.

Гўзал Ватан! У кунки сан
Ол байроқли ёруғ тонгдан
Илҳом олдинг… Туғилдим ман,
Кулар тупроқ, кулар инсон,
Кекса Шарққа дарвозасан.

ОНА ҲАЙКАЛИ

Мармар обидалар, қуйма ҳайкаллар
Безакдир ҳар улуғ, кичик шаҳарга.
Оҳ, хаёлчан бошлар, ижодкор қўллар!
Сиз қанот боғлайсиз тушунчаларга…

Ўйлаб боқ: тошлардан, бўз қоялардан
Сурат яратади бир ҳайкалтарош,
Гўё нафас олар тирик бир инсон,
Яшайди юз минглаб асрга сирдош.

Бўронлар, тўфонлар ўтар бошидан,
Неча юз қиш, неча минг баҳор,
Парча ғишт қўзғалмас негиз тошидан,
Порлар манглайида ўлмас ифтихор.

Яшайди санъаткор, яшайди санъат —
Наслдан-наслларга беради салом.
Оҳ, она табиат, она табиат!
Энг буюк авлодинг инсондир мудом!

Миртемир таржимаси

* * *

Агар сендан тонар бўлсам насибим оҳу зор ўлсин,
Баҳорим қишга айлансин, чечаксиз бир диёр ўлсин.
Чаманзорим, боғим-боғчам тўкилсин, бори хор ўлсин,
Мазорим ўт олиб ёнсин, бу ишқим ошкор ўлсин.

Қўй эй булбул! Тин, эй довул, ки хоҳиш истироҳатдир,
Бу ерларда илинжим йўқ, юпанчим бир саёҳатдир.
Ўлим, эйвоҳ, бу неъматдир, бу бир шонли саодатдир,
Агар бевақт ўлар эрсам, рақибим бахтиёр ўлсин.

Фалакдан интиқом истар жўшиб руҳимда бўронлар,
На инсофни, на виждонни билар, ё раб, бу инсонлар.
Ёз, эй Вурғун, яна жўшсин бугун оламда тўфонлар,
Йиқилсин меҳвари олам, у тубдан тору мор ўлсин!..

ЎЙЛАР

Гоҳ-гоҳида овчи кўнглим тоғлардан ошиб,
Олис кетиб, узоқ-узоқ йўллар кезади.
Сокин ўтган куним билан у видолашиб,
Наъра тортиб, сурон солиб чўллар кезади.

Бир қушчанинг учишидан, билсангиз агар,
Нелар туяр бу шоирнинг сайёр юраги?
Инсоф билан айтилганда, бир жонли асар –
Яшил ўрмон, кўм-кўк дала, оҳу ҳуркаги…

Лочин учар уясидан шиддатли, тезкор,
Кўҳна тоғлар кифтин кўкка тираб туради.
Ким яшамас ўз қалбининг азмига ҳамкор,
Ким оламнинг ўсишига бефарқ юради?

Бу дунёнинг харитаси бир рангда эмас,
Азал бошдан ҳар сувратнинг ўз жилваси бор.
Кекса эман юз йил яшаб, чарчадим демас,
Йиқилса ҳам илдизи-ла қулар шиддаткор.

У ўлмайди, ўларми ҳеч оламда виқор?
Замон ўтар, ниҳол ўсар, битар қасрлар.
Бир қўлида ёз қуёши, бирида баҳор,
Қанча байрам қаршилайди бизнинг насллар.

Гоҳи очиб қучоғимни, бир шамолсимон,
Карвон бўлиб элдан-элга кўчгим келади.
Юрагимда бир дунёнинг кучи бегумон,
Денгизлардан, уммонлардан кечгим келади.

Қоя мисол тўлқинларнинг метин сафлари
Шиддат билан кўкрагимга сола бошлар чанг.
Енгармиди иродамни тўлқин дафлари,
Ким истамас қилишни, эҳ, пўртана-ла жанг?!

Гоҳи палла, сокин оққан ариқ ёнида,
Ўйга толиб, дардлашаман бу юрак билан.
Орзуларим мисли дарё оқар қонимда,
Кимнинг қалби урмас ахир минг тилак билан?!

Истардимки, олис йўлда сувга зор турган
Бир кимсанинг қаршисида булоқ бўлолсам;
Бир маслакли дўстларимнинг дунёда кўрган
Ташвишига, қувончига ўртоқ бўлолсам…

Истардимки, қанотини ёзганда ҳижрон
Қовуштирсам айри тушган дўст қўлларини.
Соғинишган севишганлар кўришган замон,
Шеърга солсам бу висолнинг шан йўлларини.

Бир чумчуқнинг уясини учирса шамол,
Тумшуғимда хас-чўп йиғиб ин қуриб берсам.
Чағаларга ҳадя этсам дуркунлик, камол
Ва учирма қилиш учун шохларга терсам…

Истардимки, дуч келганим у етим гўдак
Ота десин, ҳам яйрасин мени кўрганда.
Ким истамас йиқилганга бўлувни тиргак,
Ким қувонмас биров кўмак бериб турганда?..

Кўз олдимдан дунё ўтар варақма-варақ,
Мен орзулар оламига шўнғиб кетурман.
Зиёратгоҳ эшигида тургандек бу чоғ,
Милтиқ тутган аскар каби сукут этурман.

Гоҳо эса, Ер остида қўлимда чироқ,
Шахталарда чўкич уриб, маъдан қазурман.
Сочи оппоқ ҳакамларга айланиб мен гоҳ,
Ватанимнинг ёвларига ўлим ёзурман.

Бурғу қуриб, нефть чиқарган қаҳрамонларнинг
Болтасидек қояларни уриб ёргим бор.
Ер остига Ер устидан мард инсонларнинг
Олқишини, саломини ташиб боргим бор.

Соч ёйганда далаларга баҳор қуёши,
Ер юмшатиб, уруғ танлаб, сепсам дейман дон.
Қари ҳўкиз ҳолдан тойса, айланса боши,
Тортсам, дейман ўзим шунда омочни чаққон.

Шудгорларни ювиш учун отланганда сел,
Тўсиқ бўлиб, шиддатини кеса олсайдим;
Саратонда олов пуркаб ёнганида чўл,
Навбаҳорнинг насимидек эса олсайдим…

Истардимки, келажакка бўлиб бир ёдгор,
На шуҳратим, на ҳайкалим, на отим қолсин.
Курашларда зафар топган мард қаҳрамонлар
Сирасида асарларим, авлодим қолсин.

Дейдиларки, совир эмиш бир куни офтоб,
Ўйлагунча у заволни, етгунча у дам,
Бу дунёга неча минг йил келаркин шитоб,
Чўзсам эди кураш билан умрни мен ҳам.

Ўз қўлимда инжу мисол ипга тизардим
Ойларини, йилларини абадиятнинг.
Самовотда қуёш билан бирга кезардим,
Ер юзида бўлар эдим кўрки хилқатнинг.

Истардимки, қутлуғ кунлар чўлда, чаманда
Юракларга оҳанг солган най бўла олсам;
Мен ўзимни бу дунёда, дунёни менда
Идрок этиб, маъно тўла май бўла олсам…

Бир орзунинг мевасидир ҳар кичик асар,
Ўйланаман, тилга келур қалбимдан бир сас,
Дейди: шоир, жуда соз-ку бу ширин ўйлар,
Лекин Борлиқ бир юракка, афсуски, сиғмас.

Озарбайжон тилидан Раззоқ Абдурашид таржимаси

АЙТИШУВ

1955 йил халқ шоири Самад Вурғун
билан Ошиқ Шамширнинг айтишуви

Ошиқ Шамшир, Дили боғни кезганда,
Какликли даштлардан хабар ол мани.
Жайрон булоғингдан қизлар ичганда,
Соз тутиб, сўз қўшиб ёдга сол мани.

ОШИҚ ШАМШИР:
Қўчқорни қулатар азиз бошинг бор,
Бизни эл танийди, кўча боғ сани.
Ёнар йўлимизда санъат чироғинг,
Билурмиз шеърингда бир маёқ сани.

САМАД ВУРҒУН:
Йўл юриб, мўл юриб, сас сол тоғларга,
Гўзаллар ўйлади тўй-яйловларда,
Маним бу дардима кенг ўтлоқларда,
Сийнама ўқ отди бу малак мани.

ОШИҚ ШАМШИР:
Азалдан бошингдан жам бўлиб камол,
Сани ўғлим дея севар эл маҳтал,
Озод ўлкамизда ҳам кулиб замон,
Кўнглимиз истаюр бир сабоқ сани.

САМАД ВУРҒУН:
О, жайрон боқишли боқди узоқдан,
Жонимни ўтларга ёқди узоқдан,
Юз йилда товланиб, ўтса у ёқдан,
Унутмас оламда аҳли хол мани.

ОШИҚ ШАМШИР:
Сан комил шарафсан, кўз истагисан,
Фаҳму фаросатнинг ўз истагисан.
Буюк санъаткорсан, сўз истагисан,
Дарёсан, орзулар- минг булоқ сани.

САМАД ВУРҒУН:
Келмишам, кезмоққа сизнинг боғлара,
Боқди бу кенгликка, тўйгунча бари,
Шоирнинг бу ерга тушди кўзлари,
Гўзал қаршилади хуш иқбол мани.

ОШИҚ ШАМШИР:
Кунба-кун гул очур Воқифнинг боғи,
Бу кўп шоирларнинг она тупроғи,
Самодин маскани, шеърлар ўчоғи,
Камола етириб о, қозоқ сани.

САМАД ВУРҒУН:
Бахт мани бу ерга қўноқ айлади,
Кетарман, ёмондир айрилиқ дарди.
Дема, Самад Вурғун келар-кетарда,
Унутмас бу лаҳза, бу маҳал мани.

ОШИҚ ШАМШИР:
Шарширла асрасин қолди, о, ёдгор,
Унутмас на қадар, жонида сан бор,
Сандан дарс олмоққа диёрма-диёр,
Кезарман элимда шамчироқ сани.

ХОВАРГА

Ширин сўз айтарим, инжима мендан,
Ёр-ёрдан айрилмас, булбул чамандан.
Демагин, оқ тушди, сочимга шу дам,
Юрак алдамайди, юрагим сенсан.

Мен қул бўлмайдирман, шуҳратга, отга,
Сансиз яшолмасман биг-минг бўлса-да,
Манинг бу дунёда малагим сансан.

Кўнгил ҳеч тўярми сендек гўзалдан,
Сен бўлдинг қисматим ҳукми азалдан.
Соғ бўлсин хайирлик, иши назардан,
Муқаддас амалим, тилагим сенсан.

Юсуфни, Воқифни кўрдим бор бўлсин!
Ойбаниз ҳаммадан бахтиёр бўлсин!
Юз йилда Вурғунга Ховар бор бўлсин!
Энг азиз сирдошим, ёрдамчим сенсан!

Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси