Наби Хазрий (Nəbi Xəzri; ҳақиқий исми — Наби Алекпер ўғли Бобоев, 1924, Боку — 2007, Боку) — озарбойжон шоири, носир, драматург, публицист, таржимон. Озарбойжон халқ шоири (1984). СССР давлат мукофоти лауреати (1973). Ҳизмат кўрсатган санъат арбоби (1979).
Озарбойжон радио қўмитасида диктор, «Ватан йўлида», «Адабиёт ва инжа санъат» газеталарида адабий ходим, Ёзувчилар уюшмаси котиби, Озарбойжон Давлат телерадио қўмитаси раиси, Маданият вазири ўринбосари, Чет мамлакатлар билан дўстлик жамиятининг раиси, «Озарбойжон дунёси» байналмилал алоқалар марказининг президенти бўлиб ишлаган.
Асарлари кўпгина хорижий тилларга таржима этилиб, чоп қилинган. 34 дан ортиқ китоби нашр этилган.
КУЗ
Ҳазин куй таралар боғу роғлардан,
Ёдимга яқину йироқлар тушар.
Гўёки япроқлар ўнгу сўллардан
Қаноти қайрилган қуш каби учар.
Элларга жар солар куз фаслин саси,
Соғиниш – уйғонган тилаклардадир.
Меҳрибон баҳорнинг илиқ нафаси
Ҳамон юракларда, юраклардадир…
Боғларда мавжланиб оққан ўйноқ сув,
Оппоқ булутлардан тиниқ ранг олмиш.
Олис уфқларда янграган туйғу,
Соғинчли қалбларга лахча чўғ солмиш.
Сўлу ўнг титрайди кўзим ўнгида,
Ер қалбин сезгандай бўлади кўнгил.
Дейман кафтим узра япроқ қўнгандап.
Табиат елкамга ташламоқда қўл.
Тонг нури тўлғонар уфқ бағрида,
Далалар сарғайиб оғир тин олар.
Сўлиш бор не учун гуллар тарҳида…
Қайда насиб этгай энди висоллар.
Ҳой булут, қирларга ошиқмагил, кел,
Шундай ҳам шарқираб оқаётир Қур.
Ошиқма даралар бағрига шўх ел,
Унда сукут сақлар чинор бир умр.
Боқ, маним қалбимда не тилагим бор:
Адирлар бағрига чиқа олсайдим.
Эй қадди букик тол, титраган чинор,
Сизга ҳамдард, сирдош бўлиб қолсайдим.
Кўксига сиғмайди дала нафаси,
Тоғ-тоғ пахта унинг муддаосидир…
Қатордан айрилган турнанинг саси –
Баҳор соғинчидир, акс-садосидир.
Қалбим қанотланиб учмоқ истайди,
Менга бағрин очмиш боғу бўстонлар.
Гулу япроқларни қучмоқ истайди,
Баҳор адосиман, азиз инсонлар!
Рамз Бобожон таржимаси
ҚУЁШ ҚЎШНИЛИГИДА
Қовушиб тоғларнинг шамолларига,
Қояга қалқмоққа ярашлик яхши.
Минг дафъа чўққига қараш ўрнига,
Бир йўла чўққидан қарашлик яхши.
Яхшидир сайр этиб
Оламни бутун,
Қуёш қўшнисиман, деб ҳаволанмоқ,
Тоғларни енггандек расо ва дуркун,
Янги чўққиларнинг ишқида ёнмоқ.
Яхшидир бургутдек қанот ёйганда,
Қалбинг юлдузлар-ла топиша қолса.
Оёғинг остидан сал муз тойганда,
Биров билагингга ёпиша қолса.
Қоядан-қояга арқон отасан,
Юрагу қулоғинг сасда, садода.
Алвон чаманларда чарчаб ётасан,
Ой ҳам қўриқчидай ёруғ самода.
Кетасан,
Ёрасан бўз туманларни,
Селлар айқирса-да, тез сойлар каби,
Унда мовий-мовий муз довонлари
Порласин оқ мармар саройлар каби.
Ўзинг тоғлар узра,
Тоғлар сийнангда,
Сўнгсиз денгиз сенга бир қатра келсин
Ёз куни
Чўққидан ерга инганда,
Сендан туман атри,
Қор атри келсин.
ЮКСАКЛИК ИШҚИ
Сен қуёш —
мен сендан
баҳраманд ойинг.
Сен товуш —
мен эса
акси садойинг!
Чўққисан —
чўққига қалққан сўқмоқман.
Тоққа ошмоқдаман,
тоққа муштоқман.
ДЕНГИЗ, САМО, МУҲАББАТ
Шу денгизни ҳадя этаман сенга…
Мен шундоқ дегандим, кулимсаб эдинг,
Кўкларнинг шафағи тушиб юзингга:
— Мен бўлса… самони бераман,— дединг.
Айрилиқ ғариба тортиқлар олиб,
Осмон ишқинг каби менга азиздир.
Айрилдик денгизу мавжлари қолиб,
Қандоқ элтоласан?.. Денгиз — денгиздир.
Сенга мен денгизни бердимки ҳадя,
Келган соҳилингга келарсан тағин.
Мени кўрмаганда: «У — шу-да!» дея,
Мен билан ўзлашиб, куларсан тағин.
Агар кўришмасак, доғ қолур ёмон,
Дедим, неча дафъа мен шундоқ дедим.
Денгиз соҳилига қайтиш-ку осон,
Кўкда соҳил борми, кетмоқчи эдим?
Ўйладимки, бошга тушгач бу ҳижрон,
Сен менинг ишқимга чироқ бўлгансан.
Наҳот кўкни бердинг шу важдан, жонон,
То мендан кўк қадар узоқ бўлгайсан?
Мен бир денгизманки, ишқим саҳардир,
Ўйлаганим сенсан, азизим, такрор.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Қалбинг соҳилига етиб борсин, ёр!
Асил муҳаббат-ку буюк ҳунардир,
Жўшар уммондайин орзулар қатор.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Унда тўфон ҳам бор, гирдибод ҳам бор.
Денгизман, ишқимдан қочмоқ хатардир,
Мен-ку ўтоламан чўлу чаманни.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Кеча ҳам, кундуз ҳам топажак сени.
Истасанг тушингга кираман сенинг,
Кирарман денгиз каби.
Юзингга инжулар чиларман сенинг,
Чиларман денгиз каби.
Йўлингга шафақлар сепарман ҳадеб,
Сепарман денгиз каби.
Истасанг юзингдан ўпарман ҳадеб,
Ўпарман денгиз каби.
Номингни қалбимнинг соҳилларига
Йўнарман денгиз каби.
Севаман дейқолсанг бир оқшом менга,
Тинарман денгиз каби.
Дунёда сокитлик изламадим мен,
Қуёш каби порла,
саҳар каби кел.
Кўклардек тушимда келмак истасанг,
Сен ойли, юлдузли кўклар каби кел.
Отла қучоғидан сур тўфонларнинг,
Кузатай оқшомдан — саҳаргача тек.
Отла оқ йўлида каҳкашонларнинг,
Порласин ҳар юлдуз хотиралардек.
Кел қиш кечасида,
ёз саҳарида —
Денгиз-ку кўк билан ҳамиша дамсоз!
Сўнгсиз коинотнинг уфқларида
Сен кўриш вақтини чақмоқлар-ла ёз!
Сен сўзла,
қўшиқдек мен қулоқ солай,
Ишқимда, дилимда ҳамиша борсан.
Дунёда то кўк бор — мен сен-ла қолай,
Денгиз тургунича сен менга ёрсан.
ЎЗГА СОҲИЛЛАРНИНГ АЙНИ ТЎЛҚИНИ
Умрнинг ҳар йили
Бир уммон дедим.
Нега аюрдилар бу йиллар бизни?
Сен шошилсанг,
Мен ҳам кечикмасайдим,
Балки айирмасдилар соҳиллар бизни.
Яқин бир севгининг бу олис уни
Юракка чақмоқдек ўт қўйиб ўтар.
Ўзга соҳилларнинг айни тўлқини
Қалбимизни эзиб ва ўйиб ўтар.
Кеча ширин-ширин
Сайр этар ой сени, каҳкашон сени.
Мен саҳар елига: «Жим!» деганимда,
Кимдир уйғотади бегумон сени.
Қўшалоқ ўтасиз…
Яқин келмайман.
Мен йўқман…Ёнингда у тайёр ҳар дам,
Кўзимни кўгариб қарай олмайман,
У эса, истаса кўтарар қўл ҳам.
Ўтасан, қуш бўлиб — қанот боғлайман,
Аммо, юксалмоққа
Уфқ тор, етмас.
Сени малакларга малак чоғлайман,
У бўлса,
Қонуний хотин санар, бас!
Кўз соларман ҳайрон ҳар кўрган узоқ,
Ё тинар ер билан самода бирга?
Бирга тепишмаган юраклар, қандоқ,
Кўрайлик, йўл юрар дунёда бирга?
Кечикмиш орзулар ошиб-тошганда,
Қарайман,
Кўнглимдан ол қонлар оқар…
Қонунсиз бир никоҳ қонунлашганда,
Қонуний муҳаббат
Чеккадан боқар…
Миртемир таржимаси
ПАРВОЗ ИСТАГИ
Йиллар ўтаётир. Орзулар — бунёд.
Не-не ватанларга йўлим тушмади!
Лекин бир истакни қалбим айлар ёд:
Кўп бўлди, тушимда ҳеч ҳам учмадим.
Уйқулар… Рўёлар… Энди чикора?
Етиб кўзларингни юмдингми, тамом:
Парвоз этажаксан, пастда — сайёра.
Оҳ қандай учардим, юксаклик томон!
Уйқулар… Рўёлар… Чорлар юксакка…
Сирли ҳаёт кирар тушимга аста.
Гоҳо бургут мисол учардим кўкка,
Ястаниб ётарди ўрмонлар пастда.
Ҳайбатли куч ҳисси қамрайди мени,
Кузга алмашади бир зумда кўклам.
Томоша этаркан юлдуз мавжини
Совуқ Ой сатҳига қўяман қадам.
Мен парвоз истайман… Бамисоли қуш,
Ёздан баҳор сари қилсайдим парвоз!
Майлийди, бир марта, бўлса ҳамки туш,
Қайтсам, болалигим айласам эъзоз.
Қани қанот беринг, кўрсатинг аён,
Қаёнга учайин? Учмоғим тайин!
Тушимга беркинган болалик томон
Ақалли бир марта учиб етайин.
Муҳаммад Али таржимаси
СОКИН САТРЛАР
Инсонлар севилар,
Севар дунёда,
Умидлар умр-чун
мағрур қанотдир.
Севги гарчи кичик
қалбга сиғса-да,
Чексизлиги унинг
Бир коинотдир.
Унинг уфқлари
Билмагай поён,
Унинг орзулари
кўнгил боридир.
Дилбар, нурга тўла
кўзларинг, инон
Ушбу коинотнинг
Юлдузларидир.
Юрак-ла боғланган
Сўқмоқда, изда,
Хаёллар гирдобга
олади ёлғиз,
Ҳар тоза туйғуни
Ўз қалбимизда
Янги сайёрадай кашф
этурмиз биз.
Интилиб умид-ла
Йўл оча-оча,
Кўзлаймиз энг нурли
Сабоҳимизни.
Дунёнинг муҳаббат саройида то,
Толе ўзи ўқир никоҳимизни…
Олар оғушига
Баҳор-ёз мени,
Сенинг ишқинг қалбни
қанотлантирар.
Тропик иссиқ ҳам ёндирмас мени,
Совуқ лоқайдлигинг
Гоҳо ёндирар.
Орзумиз туғилар
Ойдин саҳарда,
Туғёнлари унинг дарёча
бўлар.
Бизнинг висолимиз
дақиқалару
Ҳижронимиз эса
Дунёча бўлар.
Сен қуёш,
Мен эса боши қорли тоғ.
Сенсиз айланурман жонсиз бир музга.
Гарчи биз бир-бирдан
Бўлсак ҳам йироқ,
Бегона эмасмиз биз бир-биримизга.
Кўришдик,
тўлқинлар қўзғолди бирдан…
Тингладинг,
Меҳр-ла мен ҳам боқдим жим.
Дедимки, бахтлиман,
Чунки сен билан,
Ягона кўчадан ташлайман
одим.
Йил ўтди,
Тўлқинлар қўзғолди
тағин…
Сенсиз ўтган ҳар кун
Йилдир мен учун.
Дейманки бахтлиман,
Чунки сен билан
Битта шаҳар ичра
яшайман бугун.
Йил ўтар,
Тўлқинлар қўзғолар
шўх-шаън…
Ишқинг мени этар мангуга асир.
Дейманки бахтлиман,
Чунки сен билан
Ягона заминда туғилдим ахир.
Носир Муҳаммад таржимаси
ҚОЯ УСТИДА ЭМАН
Тоғ бошида виқор-ла турибди эман,
Ёриб чиқибди-я, қоя тошини.
Пойидан аримас эрта-кеч туман,
Кўкда булутларга урар бошини.
Унинг уруғини қайсидир бир кун
Бургут олиб келиб бу ерга «эккан».
У ҳаёт ошиғи, ҳаётга мафтун,
Тошлар ичра қанча ётибди экан?
Фақат табиатга ёз келганда, у
Уйғонган уйқудан тоғлар-ла бирга.
Жарликдан юксалган тош маконда у
Ўсибди қояда баҳор-ла бирга.
Майли бориб уни яқиндан кўрай,
Гувоҳи неча ёз ва неча қишдир.
Ҳикматдир: шу митти бир уруғ ҳай-ҳай,
Буюк бир қояни парчаламишдир!
Ўсган муҳаббат-ла, қуёшга қараб,
Бошидан ҳеч қачон аримаган нур.
Қутирса-да, шамол, бўрон ёвсираб,
Қояда улғайиб қилмокда ҳузур.
Бугун гуллаб турар тип-тик қояда
Унинг тоғ юраги, унинг тоғ ишқи.
Не билан мезонни топган дунёда,
Ҳаётга муҳаббат — яшамоқ ишқи?!
ГУВОҲ
Улар учрашдилар… Ойдин тун эди,
Йигит шивирлади: «Севаман», деди.
— Аҳдидан қайтганнинг кўзи ўйилсин!
— Майли, севгимизга ой гувоҳ бўлсин…
Улар ажрашдилар… Ойдин тун эди.
Йигит бошқасига: «севаман”, деди.
Ой булут ортига аста беркинди,
Қўрқди яна гувоҳ бўлишдан энди.
ВАТАН ВА ҒУРБАТ
Кўнгил айрилмайди ўз баҳоридан,
Илҳом баҳоридан, сўз баҳоридан.
Шубҳасиз ватаннинг битта қиш куни
Яхшидир ғурбатнинг юз баҳоридан.
Файзи Шоҳисмоил таржимаси
ЭЪТИРОФ
– Севмадим дунёда олтин-кумушни,
Дедимки, виқорим – эътиборимдир.
Гўзал севгилимнинг ширин кулиши
Маним давлатимдир, маним боримдир.
Севмадим дунёда шону шуҳратни,
Уларни ҳаётда афсона сондим.
Боқ, қанча деганим бору давлатни
Ўз юрак қоним-ла ўзим қозондим.
Кезарман, изларман сирдошларимни,
Умримнинг баҳори каби ахтариб.
Истаса севгилим кўз ёшларимни
Тизарман бўйнига мисли марварид.
Зоҳид қулоқ оссин бир яхши-яхши,
Севги севинчимдир, севги ғамимдир.
Бир шаҳло кўзлининг ўтли боқиши
Маним жаннатимдир, жаҳаннамимдир.
Улкан бир тоғманки, боши қорлиман,
Дема, чўққимдаги у туман надир?
Бутун борлилардан яна борлиман,
Давлатим – муҳаббат, борим – севгидир.
ФУЗУЛИЙ ИЛА СУҲБАТ
Танҳо ўтирмишдим не вақтдан бери,
Ўйлардим, сўнмишдир илҳомнинг ўти.
Сокин юрагимнинг депсинишлари
Яна аҳён-аҳён бузар сукутни.
Йўл олиб сийнамдан минг бир сўз кечар,
Фақат уни шеърга лойиқ кўрмасман.
Кўзимдан ям-яшил дарё-дуз кечар,
Неча чечак териб гултож ўрмасман.
Тингладим қушларнинг таронасини,
Гулшанда шаббода бир майин эсди.
Эшитдим кимсанинг оёқ сасини,
Гўё илиқ бир қўл сочимда кезди.
Меҳрибон боқишлар булоқдек эрур,
Қуюқ қошлар эса бургут қаноти.
Нуроний юзинда ҳикматнинг нури –
Танидим, танидим буюк устодни.
У деди: “Кўраман, қачонлардан сан
Қоғозлар ичида оввора, сарсон.
У надир, шеърларми ёзганинг дерман,
Сен ҳам шоирмисан, навқирон ўғлон?”
Боқдилар кўзларим тубига шоир,
Сўзладим аста мен, юрагимда ғам:
– Шоир дегандики, ахир не шоир,
Минг шеър ёзганнинг бири-да мен ҳам.
– Балли, мен биламан шоирлик надир,
Кимдир тўғри ёзар, ким эса ёлғон.
Сўнг сўзни халқ айтар, вақт кўрсатур,
Шоир аталмайди ҳар бир шеър ёзғон.
Кимки ўз элининг дардини билди,
Эл унинг умрини узайтажакдир.
Кимки ўз эли-ла йиғлади, кулди,
Эл уни қалбида яшатажакдир.
Бу тупроқдан айри тушибдир кўнгил,
Шоирнинг юраги илҳомсиз бўлмас…
Шеър айта олмадим роса тўрт юз йил,
Юрагим тўладир, мен айтай, сен ёз.
Мендан узоқ бўлди туққан Ватаним,
Тошини лаъл билдим, тупроғини дур.
Дема, мисраларим дардлидир маним,
Юрак кулмаганда шеър-да кулмаюр.
…У деди, сирлашди… Туташди қошлар…
У деди, у боқди, мен эса ёздим.
У деди, эриди чўққиларда қор…
У деди, кун чиқди…
Мен эса ёздим…
ҚИЗ ҚАЛЪАСИ
Йиллар кечди еллар каби бош устидан,
Неча дафъа ёғин ёғди, бўлди бўрон.
Отдинг қачон юзингдаги ниқобни сан,
Жамолингни еллар кўриб бўлди ҳайрон.
Асрларнинг мағрур саси, Қиз қалъаси,
Эй гўзаллик нишонаси, Қиз қалъаси.
Ул Ҳазардин еллар эсар сарин-сарин,
Еллар дема, асрларнинг саволидир.
Бу кун учиб унга қўнган оқ гўгарчин
Шундай билки, ел қизининг хаёлидир.
Еру кўкнинг кўзи сенда, Қиз қалъаси,
Тарихларнинг сўзи сенда, Қиз қалъаси.
Сўлмас асти асл ишқнинг таровати,
Келар дўстлар қучоқ очиб, юзи кулар.
Фақат сендан ўрганмоқ-чун садоқатни
Бу кун бунда учрашади севгилилар.
Севги қадар навқиронсан, Қиз қалъаси,
Сен на қадар меҳрибонсан, Қиз қалъаси!
ДЕНГИЗ, КЎК, МУҲАББАТ
1
– Ҳа, денгизни ҳадя қиламан сенга…
Мен дедим, сен боқдинг, сен кулумсадинг.
Осмоннинг шафағи тушди юзингга.
– Мен эса… осмонни бераман, – дединг…
Айрилдик
Ғариба ҳадялар ила,
Осмон ишқим каби менга азиздир.
Айрилдик денгиз-ла, оқ тўлқинлари-ла,
Қандай олиб боргунг?.. Денгиз – денгиздир.
Денгизни қилдим мен сен учун ҳадя,
Келган соҳилингга келасан яна.
Мени кўрмаганда – у маним – дея,
Маним-ла сирлашиб куласан яна.
Агар кўришмасак бизга доғ ўлар,
Дедим. Неча дафъа шундай дедим мен.
Денгиз соҳилига қайтмоқ бўлар,
Осмонинг соҳили борми, келдим мен?!
Тушундим, айрилиқ келгандан бери,
Сен менинг ишқимга чироқ бўласан.
Шунинг-чун бердингми менга кўкларни,
Мендан осмон қадар йироқ бўласан?!
2
Мен бир денгизманки, ишқим саҳардир,
Сени тушунаман, азизим, яна.
Менинг долғаларим хотиралардир,
Кўк етсин қалбимнинг
соҳилларига.
Асл муҳаббатки, буюк ҳунардир,
Жўшар уммон каби тоза орзулар.
Менинг долғаларим
хотиралардир,
Унда тўфон-да бор, гирдибод-да бор.
Денгизман, ишқимдан қочмоқ хатардир,
Мен-ку кезолгайман чўлу чаманни.
Менинг долғаларим
хотиралардир,
Кеча-да, кундуз-да топажак сани.
3
Истасанг, уйқунгга келарман сенинг,
келарман денгиз каби.
Юзингга инжулар сочарман сенинг,
сочарман денгиз каби.
Йўлингга шафақлар сепарман ҳар дам,
сепарман денгиз каби,
Истасанг, юзингдан ўпарман ҳар дам,
ўпарман денгиз каби.
Исмингни қалбимнинг соҳилларига
ёзарман денгиз каби,
“Севмайман” – сўйласанг бир оқшом менга,
тинарман денгиз каби,
тинарман денгиз каби…
4
Мен сенга сокинлик тиламадим ҳеч,
Қуёш каби порла,
саҳар каби кел.
Осмондек уйқумга келмоқ истасанг,
Сен ойли, юлдузли кўклар каби кел.
Номини атагил ҳур тўфонларни,
Мен боққан оқшому саҳарлар кабир.
Атагил оқ йўлли каҳкашонларни,
Порласин ҳар юлдуз хотира каби.
Келгин қиш кечаси,
ёз саҳарида –
Денгизни осмондан айириб бўлмас!
Сўнгсиз коинотнинг уфқларида
Учрашиш вақтини чақмоқлар-ла ёз!
Мен керак нағмадек
Сени тинглайман,
Сен менинг ишқим-ла, юрагим-ласан.
На қадар осмон бор, ман санинг-ламан,
На қадар денгиз бор, сан маним-ласан.
Озарбайжончадан Гулбаҳор Саид Ғани таржимаси
* * *
Истасам тушингга кираман сени,
Кираман денгиз каби.
Юзингга инжулар сочаман сени,
Сочаман денгиз каби.
Йўлингга шафақлар сепаман ҳар дам,
Сепаман денгиз каби.
Истасанг юзингдан ўпаман ҳардам,
Ўпаман денгиз каби.
Исмингни қалбимнинг соҳилларига
Ёзаман денгиз каби.
Сўйласанг бир оқшом севаман дея
Чанқадим денгиз каби,
Чанқайман денгиз каби.
* * *
Дунёда ҳаловат истамадим мен
Қуёш каби порла
Саҳар каби кел.
Шамолдек руҳима келмоқ истасанг
Сен ойли, юлдузли еллар каби кел.
Саҳро қучоғинда чанг тўфонлари
Мен боқдим оқшомдан саҳарлар каби.
Саҳро оқ йўлинг-ла каҳкашонларин
Порласин ҳар юлдуз хотира каби.
Кел, қиш кечасинда,
Ёзнинг тонгида,
Денгизни шамолдан айириб бўлмас.
Сўнгсиз коинотнинг уфқларида
Сен висол вақтини чақмоқлар-ла ёз.
Билсанг, тингловчиман, сени тинглайман,
Сен менинг ишқимда, юрагимдасан,
Шу қадар еллар бор, мен сеникиман,
Шу қадар денгиз бор, сен меникисан.
Озарбaйжoн тилидан Ўктамой таржимаси
МАНИМ ЮРАГИМ
Ҳар кузак дардимни айтиб пичирлаб,
Тўкилур оғочдан сарсари япроқ.
Тунлар у ҳасратнинг сарсари қувлаб,
Маним юрагимдир, маним юрагим.
Муҳаббат сўнгсиздир, умрдир қисқа,
Нетарди, садоқат абадий қолса!
Кимнинг юрагида армон уфурса,
Маним юрагимдир, маним юрагим.
Юзларда, кўзларда севги оҳи-нур,
Муҳаббат юракдан-юракка қўнур,
Гўзаллар кўзида у оташ, у нур,
Маним юрагимдир, маним юрагим.
Булоқман сувимдан тўйгунча ичинг,
Чаманман, меҳрибон-меҳрибон кечинг!
Минг чачак ичидан бир лола узинг –
Маним юрагимдир, маним юрагим.
Шоирнинг қалбида минг бир тилак бор,
Гулсават ясашга гул бор, чечак бор.
На қадар дунёда севган юрак бор,
Маним юрагимдир, маним юрагим.
НЕГА КЕЛМАЙСАН?
Боғларни сўлдириб, тўкиб баргини,
Яна ерга солиб япроқларини,
Сўлдириб у қизил яноқларини,
Қиш бўлиб бостириб нега келмайсан?
Исмингдаги хоним-хатини манга,
Бермадинг ўз шоҳлик тахтини манга,
Қўймадинг гул-чечак вақтини манга,
Қиш бўлиб устимга нега келмайсан?
Ҳасратингда куйдим илк баҳорингга,
Энди келиб мани ёдга солдими,
Сўзингнинг олови ўзгаларингга,
Сочингнинг қирови манга қолдими?
Қиш бўлиб устимга нега келмайсан?
Гўзаллик-найладинг у бахшишини,
Келмайсан, бошқага бахш этдинг уни?
Билмадинг толенинг айланишини,
Қайтара билмадим, на билдинг буни?
Билмадинг ман бир оз юраги каврак,
Аёллар баҳсида мутеман, лолман.
Билмадинг ҳасратинг мани еб ташлар,
Билмадинг санингчун кесилган йўлман.
Киш бўлиб бостириб нега келмайсан? . .
Йиғлаган ҳиссимни совутмадимми,
Инжиқ юрагимни овутмадимми? . .
Такаббурли хоним, о нозли хоним,
Йўқ, йўқ, ёлворишдан сақлагил оллоҳ.
Бу ёзиқ боқишдан сақлагил оллоҳ.
Дил яхши, бу дилни бир пандни сақла,
Тилингни олдида у қандни сақла.
Кучинг бор-кечани қайтар, сўроқла,
Қиш бўлиб бостириб нега келмайсан? . .
Не дединг? . . Оҳ, бу на ёғдули сўздир!
Бир деган, кўзингда бу на турондир…
Оҳ, манинг юрагим на икки юзли,
Виқоримни қандай ерга урганди!-
Бажара олмадим, ўзимга, ҳайф!
Қиш бўлиб устимга нега келмайсан…
* * *
Боққанда кўзимга у қиз, у офат,
Кўзимни тиндирган лол боқишидир.
Келур хижолатлар, кетур жасорат,
Балки бу кўришдан ҳаёл яхшидир!
Аммо, уни бир он кўрмас бўлсам гар,
Сўнар кўзларим ҳам қораяр жаҳон.
Яна бир оғриқлар чиқар юракдан,
Дейман: кел, азизим, кел қаердасан!
Сўрарар, нимадан бу оғриқларингиз,
Нега изтироблар ичида юрак?
Ишқимнинг султони – у гўзал қизни,
Ҳам кўрмак истайман, ҳам кўрмайман бас!
Озарбойжончадан Дилбар Ҳайдарова таржимаси