Охундов Мирза Фатали (Mirzə Fətəli Axundov) [1812.30.6, Шеки (ҳоз. Нуха) – 1878.26.2, Тифлис] — озарбайжон ёзувчиси, маърифатпарвари ва файласуф. «Пушкин ўлимига шарқ достони» (1837) асари А.С.Пушкинга бағишланган. «Пушкиннинг ўлими Россияда Лермонтовни, Кавказда Охундовни уйғотди» деган ибора шу асардан кейин пайдо бўлган.
Охундов, асосан, драматургия соҳасида катта ютуқларга эришган. 1851 йил «Ҳикояти Мулла Иброҳим Халил кимёгар», «Наботот ҳакими мусье Жордан ва сеҳргар дарвеш Мастали шоҳ ҳикояти» комедиясини ёзган. «Саргузашти вазири хони Ланкарон» (1851), «Ҳикояти хирси қулдурбосон», «Хожа қора» (1852), «Мурофия вакилларининг ҳикояти» (1856) комедияларида 19-аср 1-ярми озарбайжон халқи ҳаёти акс этган.
Шарқ адабиётларида Охундовни «Шарқ Мольери», «Озарбайжон генийси» деб аташган. «Алданган юддузлар» киссаси (1857) билан озарбайжон реалистик насрига асос солган. Асарда ижтимоий тузум ва ҳоким билан халқ оммаси ўртасидаги кескин қарама-қаршиликлар тасвирланган.
Охундов араб алифбосини ислоҳ қилишга бағишланган «Араб, форс, турк тилларининг ёзувлари учун янги алифбо» (1857) асарининг муаллифи.
Охундов фалсафа ва бошқа фанларни диндан ажратиш, табиат сирларини ўрганишга, маърифатни эгаллашга чақирган. Унинг фалсафий қарашлари «Инглиз файласуфи Юмга жавоб» (1870) асарида ифодаланган. Асар бирмунча ўзгартирилиб, «Ҳиндистон шаҳзодаси Камолуддавланинг Эрон шаҳзодаси Жалолуддавлага ёзган хати ва Жалолуддавланинг жавоби» фалсафий рисоласига илова қилинган.
А. С. ПУШКИН ВАФОТИГА
Кўзларимга уйқу келмай ухламадим кечаси,
Дилга дедим:—Эй сирларнинг жавоҳир хазинаси!
Нима бўлди, гулзорингда булбулларинг сайрашмас?
Нима бўлди, сўз тўтиси оғиз очмас бир нафас?
Не сабабдан тўсилгандир шеъриятнинг йўллари?
Нега энди юрмай қолди хаёлингнинг чопари?
Баҳор келди. Томоша қил: кўкаламзор қизлари
Ясанишгаб, балқиб турар жамоллари — юзлари.
Бинафшазор яшнамоқда ирмоқ бўйи чаманда,
Гулнинг олов ғунчалари кулимсайди гулшанда,
Безанган чўл келинига тутайин деб тўёва,
Тоғ тўплабди этагига чечаклардан дурдона.
Дарахтларнинг подшоҳи бошга қўйиб зумрад тож,
Боғ саҳнида мағрур турар, фуқароси гул — оғоч.
Нилуфар ҳам савсанларнинг бошлиқлари кўтаргай
Шохларининг соғлиғига лола жомда шудринг — май.
Чаманларнинг дастурхонин ёсуманлар тузаган,
Хумор наргис унга боқса, кўзи қамашар экан.
Боғ сайрида кезганларга «Меҳмон, хуш кебсан!» дея,
Булбул этар чимдимида гул баргини ҳадя.
Гулистонга сув сепай деб қовуштирган булут қўл,
Шабадалар гулшанларга гулоб атрин пуркар мўл.
Тонгда майин овоз билан қушлар бўлиб нағмасоз,
Чақирар:—Эй кўкат қизи, бошинг кўтар, қил пардоз!
Бу бозорга келганлардан ҳунарсизи йўқ асти,
Ҳар ким бирон мато қўйган, йўқса бунга келмасди.
Бири дилбар ҳусни билан ишва қилар, ноз айлар,
Бири эса ўз ишқини оламга овоз айлар.
Ёппасига тўй-томоша, барчаси ҳам қувноқ, шод,
Бу чоғ ҳамма «хайр» дейди қайғуларга умрбод…
Сен-чи, эй дил суюнишдан, шодликлардан йироқсан,
Наҳот, жимлик уйқусидан уйғонмабсан шу чоғ сан?
На кўнгилда ҳавасинг бор, на бошингда ишқ-савдо.
Наҳот дебсан шеъриятга, шуҳратларга «алвидо»?
Сен эмасми, тиркай десанг назминг аро дурдона,
Тафаккурнинг денгизига чўмар экан мардона —
Инжулардан шеърлар тизиб зийнат яратган,
Бу совғани минглаб маъно қизларига таратган!
Нега ҳозир паришонсан, айт-чи, нима дардинг бор?
Нега бугун ғамзадасан, нега маълул ва абгор?
Кўнгил менга жавоб берди: «Эй ёлғизлик сирдошим,
Қўйгин мени ўз ҳолимга! Ўз кулфатим — ўз бошим!
Агар мен ҳам чамандаги келинчаклар сингари
Билмасамки, баҳордан сўнг эсар хазон еллари —
Агар учсам жангда шуҳрат топмоқлик чуввосига,
Тил қиличин қуршатардим сўзлар чавандозига.
Лекин менга аниқ бўлди: замона бевафодир,
Оқибати пуч экандир, иши жабру жафодир.
Ахир тузоқ хатарини кўра туриб билган қуш,
Бир дон учун домга тушса, унда борми ақлу ҳуш?
Бу дунёда дабдаба-ю, шуҳрат деган ҳой-ҳавас
Баланд гумбаз бўшлиғида ноғорадай гап, холос,
Қўйгин бошқа хаёлларни, мен-ку яхши биламан:
Аксий фалак ҳунар аҳлин сийламоқда не билан.
Наҳотки, сен эшитмабсан, эй дунёдан бехабар,
Пушкин номли у зотники, шоирларга бош раҳбар?!
У Пушкинки, унинг сўзга оро бериш санъатин
Ҳар бурчакда юзлаб садо олқишларди куну тун,
У Пушкинки, қаламининг остида оқ қоғози
Мисраларнинг сиёҳидан қораймоққа шод — рози.
Товус каби шўх хаёли кезганида хиромон,
Сўзларидан минг-минг нақш бўлган эди намоён.
Ломоносов жило берди шеъриятнинг уйига,
Пушкин эса ўша уйга бўлиб қолди чин эга.
Гарчи кириб фатҳ айлади Державин сўз диёрин,
Пушкин олди ўша мулкка султонлик ихтиёрин.
Маърифатнинг шаробидан Карамзин жом тўлатди,
Бу лим тўлган май косасин Пушкин ичиб бўшатди.
Николайнинг донғи кетса Чинга, Татаристонга,
Пушкиннинг чин фазилати машҳур бўлди жаҳонга.
Шарқ аҳлига ой ўроғи бўлганидай хуш ирим,
Пушкин қўли Шимол кўкин рамзи эди бежирим.
Бундай зийрак, ақли расо ўғилни ҳақиқатан
Туққан эмас тўртта она ҳануз етти отадан.
Энди эшит ва ажаблан: шунча ота ва она —
Унга бағритошлик қилди уялмай, разилона…
Унинг танин мўлжал қилди улар ўлим ўқига,
Кесишди жон томирини, афсус, инсоф йўқ экан!..
Буюрдилар: юзи қора булутдан дўл тўкилди,
Унинг ҳаёт дарахтидан мевалар мўл тўкилди.
Ажалнинг тунд ели унинг руҳ чироғин сўндирди,
Вужудининг ётоғига қора зулмат қўндирди.
Унинг ниҳол қоматини бу гулистон саҳнидан
Кекса боғбон кесиб олди теша билан дафъатан.
Маъноларнинг хазинаси у бошкоса, замона —
Гардишидан энди бўлди илонларга ин-хона.
Таъб булбулин сайратувчи ғунча қалби чириган,
Энди қаранг, бу тупроқдан бош чиқарди хор-тикан.
Баданининг уясидан учиб кетди руҳ қуши,
Ғамга ботди бу ватаннинг хоҳ қариси, хоҳ ёши.
Рус тупроғи аза тутиб марсияда бўзлайди,
«Хароб бўлдинг паст қотилнинг дастидан!» деб сўзлайди.
Шум тақдирдан, шу жодугар кампир деган балодан,
Эсиз, сенинг тилсимларинг бўлмади балогардон.
Олис кетдинг дунёдаги ёронлардан абадий,
Осмонда ёрлақасин сени тангри раҳмати!
Боқчасарой фонтанида бир жуфт гулинг атрини
Баҳордаги шаббодалар элтиб ўпар қабрингни.
Сенинг шеъринг инъомига бу мўйсафид Кавказ ҳам
Сабуҳийнинг* байти билан тутмоқда чуқур мотам!..
1837
___________
* Сабуҳий — М. Ф. Охундовнинг шеърда қўллаган тахаллуси.
САЙИД АЛАМДОР САЛЁНИЙ ҲАҚИДА ҲИКОЯТ
(Қисқартиб олинди)
Салёнда борди бир Сайид аламдор,
Туғ тутиб бўлмишди муҳтарам, донгдор.
Муҳаррам ойида кўтариб байроқ,
Кишилар устида ўйнатиб ҳар чоғ,
Дерди у: назиринг бордир, эй одам,
Ўйнамас йўқса бош узра бу алам.
Айтгин-чи, назирни бермас қай инсон?
Узрга ўрни йўқ бунга ҳеч қачон.
Ҳар кимса чиқариб ёндан бир манот,
Дерди, эй Сайид, ол, бас бўл, кетгил бот!
Назирни бермоқлик элга бож эди,
Лекин Сайид кўзи доим оч эди.
Ёлғончи бойимас, доим ранж тортар,
Бўлса-да фаранги, немис ё татар.
Узилмай қарз-қурздан Сайид бечора,
Оқибат тонарди, йўқ ўзга чора.
Аттордан қарз бўлди Сайид ўн туман,
Муҳлати етгач у тонди дафъатан.
Аттор ҳам чақирди қози ёнига,
На қилсин, оташлар солди жонига.
Деди: «Эй қози, адл бирла дод айла,
Пайғамбар, имомлар руҳин ёд айла!
Сайидга. яхшилик мен бисёр этдим,
Билдимки, тўғридир «Лиман ахсантум!»*
Олган ўн туманни айлайди инкор,
Унда на шарм бор ва на ҳаё бор!»
Қози деди: «Сайид, жавоб бер, қани?
Айбсиз ким бадном айлар кимсани?»
Сайид деди: «Қози, азиз, муҳтарам,
Мени фосид ишда кўрдингми бир дам?»
Қози фаросатли ва одил эди,
Сайиднинг додини бермоқчи бўлди.
Деди: «Кўп кўрганман, савол не ҳожат,
Сендан жавоб кутар киши бу соат».
Сайид деди: «Бу сўзни айтдим мен қачон?»
Қози деди: «Гапиргил тап тортмасдан сан!
Хотинингни қўйгач сен маҳрин бермай,
Ёнимга гселмаган эдингми атай?
Гап-сўзни қўяйлик, оғойи киром,
Қисқа қил, бу гаплар этмасми мулзам?»
Сайид деди: «Сўзумни яхши ҳам кесдинг,
Нима айб қилибман, сен нима сездинг?»
Қози деди: «Айбинг кўп, нечун унутдинг,
Мени сен гўдак-ла қилурмисан тенг?
Бир кун мирзо Раҳим сени, эй маҳдум,
Бунда келтирганди, қандай унутгум!
Жанжалларинг боғ эди, қисқа бўлсин гап,
Боғ уига ҳал бўлди, сен қолдинг қараб».
Сайид деди: «Яна сен кўрдинг қандай ҳол?»
Қози деди: «Бас қил, жим бўлгил дарҳол!
Келгандинг сен қамиш даъвоси ила,
Арзи ҳол қилишиб кемачи била.
Келгандинг бу ерга, эй бешарм киши!
Мулла Акбар билар бу фосид ишинг».
Сайид деди: «Эй қрзи, ушбу гап етар,
Шариат паноҳдир, кўп келсам нетар.
Умримда дедимми ҳаргиз мен ёлғон?
Мана мен, гувоҳдир ўртада қуръон».
Қози деди: «Сайид, қизишма, сабр эт,
Сўзингдан юзларинг бўлгуси шувит.
Ўжарлик қилмагил, даркорми қасам?
Ёлғончи эрурсан, шоҳиддир олам.
Ёлғонни сўзловчи сўзлар оҳиста,
Ё пинҳон, яширин ва ёки аста.
Ямламай ютасан ёлғонни ҳар дам,
Бу хилда ёлғонни билмайди курд ҳам.
Дегайсан, эй золим, элга сен ошкор:
Бу байроқ ҳар ишдан бўлгай хабардор.
Ёлғондан эмасми бу сўз, ноинсоф?
Бас қил, садоқатдан ортиқ урма лоф».
Сайид ғамгин бўлиб бош солди қуйи,
Жим қолди оқибат, мот бўлган куйи.
Ҳолига ниҳоят раҳм этди қози,
Даъвогар атторга деди: «Бўл рози,
Даъводан воз кечгил, айлагил эҳсон,
Сайидга бағишла, у кўп нотавон».
Қози сўэин аттор айлади қабул,
Силкиди шул замон ўз пулидан қўл.
Ушбу ҳол Сайидни хуррам этмишди,
Хусусан, муҳаррам ойи етмишди.
Бошқа бир пешаси йўқ эди зинҳор,
Ёлғонни сўқишга тушди у такрор.
Сайид бўлган одам ёлғончи бўлур,
Фақат ёлғончимас, тиланчи бўлур.
Чунки йўқ унда ҳеч каобдан аломат,
Кўрсатур турфа хил «жашфу каромат».
Бири дер, эл аро соҳиб нафаоман,
Дуойим мустажоб кўп забардастман.
Бири дер, қошимга келса ногирон,
Топади шифосин, бўлур соғ-омон.
Ёлғон-ла кечади доим кунлари,
Тубанлик ишлари ҳижратдан бери.
Сайид бўлма, жоним, бўлма текинхўр,
Халқимиз наздида бўлгил сен манзур.
* * *
Ахтармоқ бўлдим мен шон-шуҳрат ва ном,
Жаннат ҳурларидан кечдим батамом.
Не учун ҳар куни ўқурсан оят?
Жаннатнинг ҳуридан чиқмагай ҳожат.
Бу бўлар-бўлмасга бермадим кўнгил,
Намоз-у рўзадан юз бурдим буткул.
Маърифат олами сари одим бос!
Сен учун ҳурлардан бу минг бора соз.
У бўлса оқиллар руҳин лаззати,
Бу бўлар жоҳиллар нафсин иззати.
Зоҳиджон Обидов таржимаси
__________
* Лиман ахсантум — кимга яхшилик қилдинг?