Маммад Исмоил (1964)

Маммад Исмоил (Məmməd İsmayıl) 1964 йилда Озарбайжон Давлат университетини, 1975 йилда Москвада Олий Адабиёт курсини тамомлаган. 1998 йилда филология фанлари номзоди бўлган.
Қазах туманлараро “Қалбият байроғи” газетасида мусаҳҳиҳ, Озарбайжон Телерадио қўмитасида муҳаррир, бўлим мудири, “Адабиёт ва инжасанъат” газетасида мухбир, “Озарбайжонфильм” киностудияси илмий-оммабоп фильмлар студиясида бош муҳаррир, Тенчлик” журнали бош муҳаррири, Озарбайжон Телерадиоэшитгиришлар ширкатининг раиси бўлиб ишлаган. Ҳозирги вақтда Туркиянинг Чаноққалъа университетида ўқитувчилик қилмоқда.
14 ёшидан бошлаб бадиий ижод билан шуғулланади. Озарбайжон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаларининг аъзоси. Озарбайжон, рус, турк, қозоқ ва бошқа тилларда ўттиздан ортиқбадиий ва илмий китоблари нашр этилган.
Маммад Исмоил ўтган асрнинг 70—80-йилларида ўз шеърияти билан озарбайжон халқининг миллий мустақиллиги учун қаттиқ курашган шоирлардан биридир.

КИМНИ ГЕЛЛАЯПСАН?

Ҳеч англаб етмадик сен қандай сирсан,
Ишчисан, деҳқонсан, яна нозирсан.
Кимнинг улушига нозир-ҳозирсан,
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

Қулоқлар лиммо-лим тўлди ёлғонга,
Уятми — берганга? Уят — олганга!
Қандай едирасан барин болангга,
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

Ўрганган нафсингни каттароқ очма.
Тупроқнинг тагини устига сочма.
Сенга саволим кўп, тўхтаб тур, қочма,
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

Калисо, мачитдан келмас бу садо,
Бу эл ҳам бизники эмасмиди ё?
Тилларинг бамисли булбули гўё,
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

Бизларни сотган ким, сотилганлар ким?
Тош отган, тош бўлиб отилганлар ким?
Қашшоқ ким ва бойлик орттирганлар ким?
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

Қўл қўлни мойласа кулгили эмас,
Афтидан ҳар мато улгилик эмас,
Сен айтгандай дунё тулкилик эмас,
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

Очдингми очилмас сирни сен ўзинг,
Қайга бошлаяпсан ерни сен ўзинг,
Ебтўймас юҳонинг қорнисан ўзинг,
Кимни алдаяпсан, э золим ўғли?

На тилни, на ҳақни ўртоқ биласан,
Яқин манзилни ҳам узоқ қиласан,
Халқ сени англаса, қандоқ қиласан?
Кимни геллаяпсан, э золим ўғли?

БУ ХАЛҚ ҚАРС УРИШНИ ЎРГАНАР ҲАЛИ

Келажак шеърхони! Тушун бу вақтни…
Қишлоқда ўтказмас қўшин бу вақтни.
Эшикни қор босмиш , қишнинг бу вақти,
Ҳозир иш вақти…
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Оёққа қалқмоқни кўпдан унутган,
Мазани, чақмоқни кўпдан унутган,
Тонгларга боқмоқни кўпдан унутган, —
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Бошининг устида ҳақ дуоси йўқ,
Тўйда рақс, азада дийдиёси йўқ,
Балки миллат бўлмоқ алифбоси йўқ,—
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Тушмиш орқасига савлатли ўтмиш,
Навбатини сотмиш, навбати — ўтмиш,
Кўвони талатган, асоси битмиш,—
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Бугунги ишини сўнгга қўйган халқ,
Ғазаб қиличини қинга қўйган халқ,
Қон оққан қўлига хина қўйган халқ, —
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Сандиғи очилган, ипаги — қўлда,
Тилинган териси, суяги — қўлда,
Қўлдадир, дирижёр чўпчаси — қўлда…
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Балки ғазабига, кинига чалар,
Юзсиз, шарафсизнинг шаънига чалар,
Билувчи йўқ, қайси кунига чалар, —
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

Ўз мағзин тепганнинг тепкисини чал,
Пулларин тортиб ол, эшигини чал,
Шоир, сен ўз еринг чапагини чал,—
Бу халқ қарс уришни ўрганар ҳали.

МЕН ШОИР ЭМАСМАН…

Бу халқ етти ёқдан завола келди,
Мен халқнинг сўзамол тили бўлмадим.
Бу халқнинг бошига минг бало келди,
Мен фақат тўзидим, дали бўлмадим,
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Не ҳолга солдилар тупроқни, тошни,
Ёвлашди амири, фуқаролари,
Қанча бой берилди неча халқ боши,
Не ақли ўткиру не яктолари…
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Ёзганларим бари — қалампир, қўрқма,
Ўлим эди умрим сўнгидаги ғам.
Сен гулу булбулни кўзимга суқма,
Мен гулдан, булбулдан шеър ёза олмам,
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Жигари уйида жигар ғарибдир,
Сўзимдан куч олмас етим-есирлар.
Эйвоҳки, Аллоҳ ҳам юз ўгирибдир,
Қачондан бери ҳеч очилмас сирлар…
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Дилимдан чиққан сўз жилвагар эмас,
Ким ҳам ошиқ бўлар қора қошимга.
Ҳар оти Муҳаммад — пайғамбар эмас,
Отимга алданиб боқманг бошимга…
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Ватан тилка-тилка бўлиниб ётса,
Ўтган умринг нуқул қарзларга ботса,
Иймонинг уйқуда, қалб тўла гумон,
Даранинг аҳмоғи, чўлнинг телбаси,
Юртнинг қўрқоққина гунг талабаси,
Бир чумчуқ боламан, не десанг шуман, —
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Уйидан ҳайдалган чоллар — кўчада,
Бўш қолган юртларда увлашар итлар…
Шоир Қорабоғда, шоир Гўйжада,
Эл учун бермоқда жонин шаҳидлар…
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Ким очди? Очилган бу қандай бозор?
Ким қолди, ким олди, сотди, не билай?
Ҳамманинг жонини қонатди озор,
Мукофотни олган зотми, не билай?
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Қисматим илоҳий нурдан демади,
Нафсим қайғиларнинг талаб майдони.
Эл мени ўзига қурбон демади,
Йўлимни кўзламас Ҳалаб майдони,—
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Арзон қайғиларга қоришди бошим,
Камфурсат бахтимнинг қулоғи карми?
Мен шоир эмасман, отман, қардошим,
Мен шоир эмасман, отман, жигарим.

Миразиз Аъзам таржимаси