Михаэл Крюгер (1943)

Таниқли немис адиби, шоири ва таржимони Михаэл Крюгер (Michael Krüger) 1943 йилнинг 9 декабрида Виттгендорф шаҳарчасида туғилган. Болалиги Берлинда ўтган. Узоқ йиллар нашриётларда ишлаган. 1972 йилда унинг шеърлари илк маротиба эълон қилинган. Бугунга келиб у кўплаб адабий мукофотлар соҳибидир.
Михаэл Крюгер Тошкентга ташриф буюриб, Гёте марказида ўз мухлислари билан учрашув ўтказган ва мазкур шеърлар шу муносабат билан таржима қилинган.

Wettervorhersage

Irgendwann wird der Schnee
sich auflösen in der Schmelze
und zum Gießbach werden,
der die dunklen Flüsse aufhellt
auf ihrem bewachten Weg
zum Meer. Irgendwann
werden die Wolken hochgehen
und die Bühne freigeben
für die bittenden Augen.
Irgendwann werden wir wieder
im Freien sitzen
an den frisch gebeizten Tischen
und die Bücher lesen,
die im Winterschlaf lagen.
Also komm bitte bald,
denn so wie es aussieht,
wird es irgendwann wieder
schneien.

ОБ-ҲАВО МАЪЛУМОТИ

Эрта-индин ёғар оппоқ қор —
Кейин эса қуёшда эриб,
Жилғаларга айланиб аста,
Қора дарёларга қўшилиб, пастга-
Денгиз томон чопар шиддаткор.
Эрта- индин кетар булутлар
Ва интизор кўзлар ўнгида
Пайдо бўлар тип -тиниқ осмон.
Эрта- индин сен билан бирга
Жилғаларнинг қўшиғин тинглаб,
Ярақлаган осмон остида
Яп -янги бўялган гўзал хонтахта
Атрофида ўтириб сокин
Қиш бўйи жимгина ухлаган
Китобларни олиб ўқиймиз.
Шундай экан ,тезроқ кел,
Шошиб келгин ёнимга —
Оппоқ қорлар эримай сени кутиб турибди,
Оқ булутлар кетмасдан сени кутиб турибди…

Die Schluessel

Beim Aufräumen des Schuppens
fand ich ein Kästchen alter Schlüssel,
schweres Gerät mit schönen assyrischen Bärten.
Jeder träumte von einer anderen Tür
in einem andern Jahrhundert,
von Duellen und fetten Würsten.
Einer paßte in ein liebesmüdes Herz.
Sie konnten Bismarck gekannt haben
oder Fontane oder ein Fräulein
in einem Roman, der nicht gut ausging.
Da sie kein Schloß mehr nehmen wollte,
legte ich sie vorsichtig zurück.
Das Haus atmete erleichtert auf.

КАЛИТ

Эски уй чордоғидан
Топиб олдим Аш — Шура
Шоҳлари соқолини
Эслатадиган кўҳна калитлар шодасини.
Қўлга олибон сездим:
Калитларнинг ҳар бири
Ниманидир очмоқни орзу қилар.
Бири янги асрнинг эшигин очмоқ истар,
Бири чарчоқ юракнинг эшигини очмоқчи.
Улар балки Бисмаркни,
Балки Фонтанени ҳам билишар,
Балки якуни фожиали
Эски роман қатида
Яшаган соҳибжамол хонимни ҳам танишар.
Аммо,улар тушмагач янги уй эшигига —
Илгакка осиб қўйдим —
Уйим ҳам ўша заҳот хотиржам нафас олди.

Хуршид Даврон таржималари